Home / АЛЛОМАЛАР / СЎҒДЛИК МУҲАДДИСЛАР ТАРИХИ

СЎҒДЛИК МУҲАДДИСЛАР ТАРИХИ

Ҳижрий илк асрлар (милодий VII аср)дан бошлаб Мовароуннаҳр, айниқса кўҳна Самарқанд ҳудудидан кўплаб олимлар етишиб чиқиб, ўлкада ислом динининг кенг ёйилиши билан бир қаторда ҳадис, фиқҳ, тафсир ва ақида каби исломий илмлар ривожига ҳисса қўшган. Қуйида ҳудуд тарихи, ислом динининг кириб келиши ва унинг Бунжикат, Маймурғ, Варағсар, Вазор, Ёркас, Бурнамаз, Кабузанжикас каби шаҳар ва қишлоқларидан етишиб чиққан муҳаддис олимлар ҳақида сўз юритамиз.

Араб манбаларида Сумрон [13:246] кўринишида зикр этилган Самарқанд шаҳри Зарафшон (Сўғд) дарёсининг жанубий қисмидан етти километр узоқликда жойлашган аҳоли истиқомат қилган эски ҳудуддир [51:2626-2627]. Самарқанднинг ички шаҳри девор билан ўралганидек, ташқи томони ҳам девор билан ўралган эди. Шаҳарнинг ташқи девори ўн икки фарсах узунликда бўлган. Деворнинг ички томонида боғлар, экин ерлари ва тегирмонлар мавжуд бўлган. Ташқи деворнинг ўн икки эшиги бўлиб, ҳар бир эшик оралиғи бир фарсах эди. Шаҳарни ҳужумдан ҳимоя қилиш учун деворлар тепасида минора ва қалъалар мавжуд бўлган. Ташқи деворнинг ўн иккита дарвозаси ҳам темирдан қилинган [20:621]. Дарё бўйида ва кенг шаҳар ўртасида ички шаҳар мавжуд эди [26:279]. Ўрта асрлардаги Самарқанд шаҳри ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш мумкин эмас. Аммо бугунги кунда қабул қилинган маълумотлар ҳақиқат бўлса, бу шаҳар замонавий Самарқанд шимолидаги Афросиёб деб номланган харобага тўғри келади [7:90]. Ушбу ички шаҳар тўрт эшикли девор билан ўралган. Шарқ томонидаги дарвоза Хитой дарвозаси деб аталади ва ер сатҳидан юқорида жойлашган. Хитой дарвозасига кўп босқичли зинапоя орқали борилади, юқоридан эса Сўғд водийси кўриниб туради. Ғарбий томонда Навбаҳор дарвозаси баланд жойда жойлашган. Шимол томонда Бухоро дарвозаси, жанубда Қиш дарвозаси жойлашган [18:492].

Самарқанд аҳолиси ҳақидаги маълумотга кўра, Чингизхон босқинидан олдин шаҳарда юз мингга яқин оила яшаган. Агар бу воқеадан кўп йиллар олдин шаҳар Хоразмшоҳ томонидан ёқиб юборилгани ва вайрон этилганини эътиборга олсак, Самарқанд Сомонийлар даврида беш юз мингдан ортиқ аҳолига эга бўлганини тахмин қилиш мумкин [7]. Шаҳарнинг сувга эҳтиёжи оқар сувнинг қўрғошиндан ясалган канал орқали шаҳарга кириши билан қопланган. Ушбу канал бўйлаб ердан баландликда бир камар қурилган. Заргарлик дўкони ёнида дўкон ўртасида тошдан ясалган омбор мавжуд бўлган. Омборда мискарлар бозоридан бошлаб Қиш дарвозасидан шаҳарга киргунга қадар сув оқиб ўтади [18]. Шаҳар ичидаги катта канал исломдан олдинги даврда мавжуд бўлган эски канал бўлиб, сув улар ўртасидан оқиб ўтган ва шаҳарнинг энг сўлим жойи бўлган “Раъсут тоқ” мавзесини ҳам сув билан таъминлаган [21:317]. Бу катта каналдан ажралиб чиққан кичик ирмоқлар шаҳар кўчалари ёнидаги уйларнинг кўпига етиб борган. Натижада кўплаб хонадонда мунтазам оқиб ўтган сув мавжуд бўлган. Шаҳар кўча ва бозорларининг ёғоч дарвоза билан бекитилиши ва кўпгина уйлардаги боғларнинг жозибали яшиллиги ушбу сув натижаси эди [14:248].

Самарқанд номининг манбалари ҳақида турли ривоятлар мавжуд. Манбаларда энг кўп тилга олинган ривоятларга кўра, Яман вилоятида буюк давлат тузган Ҳимярийлар қироли Самир ўн беш минг кишилик армияси билан Ироққа, кейин Хитойга йўл олган. Сўғд вилоятига келганида, у ҳозирги Самарқанд деб номланган шаҳарга келди, шаҳар аҳолиси унга қаршилик кўрсатиб, Самирга жуда кўп қийинчилик туғдирган. Шу сабабли у одамларнинг аксариятини қирғин қилиб, шаҳарни вайрон қилган. Шу сабабли, бу шаҳарни Самир вайрон қилган, харобага айлантирган ер маъносида Самиркент деб номланган. Кейинчалик араблар бу ерни фатҳ этиб, Самарқанд деб номлаган [20:621]. Бартольд Яман қиролларининг Самарқандга келишини афсонанинг бир парчаси сифатида қабул қилган [7:91-92].

Самарқанд вилояти таркибига ўн икки рустоқ (ҳудуд) кирган. Олтитаси – Бунжикат (Панжикент), Варағсар (Варагсер), Маймурғ, Санжар-Фарғон, Дарғом, Абгор, Зарафшон (Сўғд) дарёсининг жанубида, қолган олтитаси Ёркас, Бузмажон, Бурнамаз, Кабузанжикас, Вазор ва Марзбон шимолида жойлашган. Маймурғ, Кабузанжикас ва Абгор каби баъзи ҳудудлар исломдан олдинги даврда ҳукмрон хонадон вакиллари томонидан бошқарилган [8].

 

Ҳудудга ислом динининг кириб келиши

Сўғд номи араб тилидаги манбаларда икки хил кўринишда берилади. Бири “син” ҳарфи билан “سغد”, иккинчиси “сод” ҳарфи билан “صغد” шаклида келади. Ёқут Ҳамавий бу шаҳар ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Иккита Сўғд мавжуд. Бири Бухоронинг Сўғди, иккинчиси Самарқанд Сўғди. Сўғд – суви сероб, дарахтлари ям-яшил бўлиб, унда турли сайроқи қушлар ва беш кунлик масофага чўзилган жаннатмакон боғлар бор. Дарахтзор кўплигидан унинг аксарият жойига қуёш нури тушмайди, дарахтлар орасидан шаҳар кўринмай туради. Сўғд Бухоро ва Самарқанд орасида бўлиб, унда кўплаб қишлоқлар жойлашган. Маркази – Самарқанд шаҳри. Абу Абдуллоҳ Мақдисий Сўғддаги ўн иккита кўркам жойни санаб ўтган. Улардан олтитаси – Амударё жанубида жойлашган. Улар Панжикент, Варағсар, Маймурғ, Саҳарқаър, Дарғом ва Авфар. Қолган олтитаси шимолий томонда жойлашган. Улар Боргат, Варимад, Бурможар, Кабузанжикас (Кабуданжакат), Вазор ва Мирзабон. Унинг Кошония, Иштихон, Дабусия, Кеш, Насаф ва Кирмония номли шаҳарлари бор. Баъзилар Бухорони ҳам Сўғд деб билади ва Жайҳуннинг бошланиш жойидан Бухорогача бўлган ерларни Сўғд деб тушунади. Бу нотўғри, Сўғд аслида водий номи” [13:222-223,409]. Қутайба ибн Муслим Сўғднинг кўркам ва гўзал манзарасига маҳлиё бўлиб қолгани ҳақида манбаларда таъкидланади [17:1247]. Кейинчалик Сўғд “Амирул мўъминин бўстони” [17:1302] деган номга ҳам сазовор бўлган. Тарихий манбаларда Сўғд номи асосан Самарқандга нисбатан қўлланган. Бу икки атама бир-бирининг ўрнида ҳам қўлланган [27].

Самарқандга ҳадис илмининг кириб келиши ислом динининг бу минтақада тарқалиши билан боғлиқ, албатта. Муҳаддислар ислом маърифатининг Самарқандда ривожланишига катта ҳисса қўшган [28:48].

Самарқанд илмий муҳити тарихи билан шуғулланган Абу Ҳафс Насафий (1068-1142) “Китобул қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд уламолари тўғрисида қанддек ширин китоб”) асарида [4:622] Мовароуннаҳрга биринчилардан бўлиб кирган мусулмонлар ривоят қилган бир қатор ҳадисларни келтирган. Самарқандда илк даврда араб саркардалари марфуъ ҳадислар, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтган сўзлардан кўра кўпроқ саҳоба, тобеин, халифа ва ҳокимлар айтганларини хабар сифатида ривоят қилади. Баъзан тарихий шахслар сўзлари ҳикматли мақоллар сифатида ривоят қилинади. Бу эса ислом динининг вақт ўтгани сайин маҳаллий халқлар ҳаётига янада чуқур кириб борганини кўрсатади. Заиф ва ишончсиз ҳадисларни танқид қилиш билан бирга, саҳиҳларини тўпламга жамлаш жараёни ҳам бошланиб кетди. Бу борада олимлар турли йўналишларда иш олиб борди. Қуйида Самарқанднинг турли ҳудудларидан етишиб чиқиб, Мовароуннаҳр ҳадис илми ривожига ҳисса қўшган олимлар ҳақида сўз юритилади.

Панжикент (Бунжикат, Бунжикас) – Амударё жанубида жойлашган шаҳар бўлиб, Истахрий матнларида – بنجيكث نحٮكت ٮٮحٮكث ٮحيكٮ ٮٮحكت بيجكت يحكت кўринишларида ҳам келган. Бухоро дарёси, яъни Зарафшон бўйидаги шаҳар [15:113]. Бу шаҳар Муғ тоғидан топилган сўғд ҳужжатларида pncyknδh шаклида [46:221], XVI аср ҳужжатларида Панжикат پنجيكث шаклида қайд этилган [34:397]. Ҳозир ҳам бу шаҳар Панжикент деб аталади [25:91]. Илк ўрта асрларда бу ерда йирик шаҳар бўлиб, унинг харобалари катта майдонни эгаллаган. Археологлар бу ерда деворларига рангли суратлар чизилган катта ибодатхона, ҳашаматли қасрлар ва маҳаллаларнинг қолдиқларини ковлаб топган [16].

Ж.Крамерс матнида мазкур ном Бумижкат بومجكث шаклида берилган [12:503], лекин бу Бухоронинг эски номидир. М. де Гуйе танқидий матнида – Бунжикат بونجكث [2:379] ва Бунжикас بنجكث [26:49]. Бунжикат номи суғдча βwnh– “тешик” сўзи ва -с суффиксидан ясалган бўлиши мумкин [25:96]. X асрда бу шаҳарда Ушрусана амири қароргоҳи бўлган [15:115]. Бу шаҳар ҳозирги Ўратепа ўрнида жойлашган бўлиши мумкин [9:191]. Бошқа фикрга кўра, у Ўратепа дарёси ҳавзасидаги Шаҳристон қишлоғи ва унинг атрофларида жойлашган бўлиб, уч қисмдан иборат, унинг харобалари Қалъаи Қаҳқаҳа деб аталади. Куҳандиз Қалъаи Қаҳқаҳа II, шаҳристон Қалъаи Қаҳқаҳа I, рабод эса Шаҳристон қишлоғининг ўзидаги харобалар ўрнида жойлашган [32].

“Бунжийкас” (баъзи манбаларда Бунжикат)дан ясалган нисба бўлиб, Самарқанддаги қишлоқлардан бирининг номи. Абу Муслим Мўмин ибн Абдуллоҳ ибн Юнус Бунжикасий (Бунжикатий) шу қишлоққа нисбат берилган муҳаддис ва ровий бўлиб, манбаларда Муҳаммад ибн Наср Батухийдан [6:60] ҳадис ривоят қилгани келтирилган.

Уструшона воҳаси пойтахти Бунжикат – Самарқанддан олти фарсах (36-48 км) масофада жойлашган. Бунжикатдан ярим фарсах масофадаги Сангзор дарёси ва шаҳарнинг ҳозирги даврдаги ўрни эса Жиззах вилоятининг Бахмал тумани деб белгиланган.

Мазкур шаҳарга нисбат берилган муҳаддис олимлардан бири – Усмон ибн Яҳё ибн Муҳаммад Ҳажжож Бунжикатий Самарқандий бўлиб, X аср охири XI аср бошида яшаб ижод қилган. Бунжикатда туғилган. Сўнг илм олиш мақсадида Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда муқим яшаб қолади. Усмон ибн Яҳё Бунжикатий илм-маърифат йўлида жуда кўп Шарқ мамлакатларига боради. Хусусан, 426/1035 йил Масжидул Ҳаромда жума куни кечқурун ҳадисларни шайх фақиҳ Абулқосим Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ҳадис ривоят қилгани ҳақида маълумот бор. Мавжуд манбаларда Усмон ибн Яҳё Бунжикатийнинг таваллуд топган ва вафот этган йили ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Усмон ибн Яҳё Бунжикатий 426/1035 йили Масжидул Ҳаромда ҳадис ривоят қилганидан хулоса қилсак, унинг вафот санасини 426/1035 йилдан кейин десак бўлади [6:59].

Маймурғ (مايمرغ) – Истахрий матнларида – ماٮمرح , ماى مرع, ما يفرٮح , شمرغ каби шакллари ҳам учрайди. Самарқанддан жануби-шарқда жойлашган Маймурғ номли рустоқ. Самарқанддан икки ёки уч фарсах масофада жойлашган [40:136]. Бу рустоқ номи авест. Māyа – “шодлик”, “яхшилик” ва суғд. mrγw – “ўрмон”, “ўтлоқ” сўзларидан ясалган [25:141].

Маймурғ (مايمرع) – бу жой Бухоро ва Насаф орасидаги йўлда жойлашган кичик шаҳарча бўлган [12:517].

“Маймурғ” (баъзи манбаларда Моямарғ)дан ясалган нисба бўлиб, Нахшаб томондан Бухорога кетиш йўлидаги қишлоқлардан бири “Маймурғ” деб номланган. Шунингдек, Самарқанд шаҳри атрофидаги бир қишлоқ ҳам “Маймурғ” номи билан аталган.

Бу ҳудуддан ҳам кўплаб муҳаддис олимлар етишиб чиққан, жумладан:

Абу Наср Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан ибн Исо Маймурғий (243/857-304/916 й.) солиҳ, тўғри сўз, кўп ҳадис ривоят қилган муҳаддис бўлган.  Абу Амр Муҳаммад ибн Собир, Абу Саъид Халил ибн Аҳмад, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил ва Бухоро қозиси Абу Аҳмад Ҳакимдан таълим олган. Алломадан эса, Абу Бакр ибн Исҳоқ Калобозий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Баладий ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Абу Наср Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан ибн Исо Маймурғийнинг вафот этган йили борасидаги маълумотларда ихтилоф бор. Жумладан, Шамсиддин Заҳабийнинг ёзишича, аллома тўқсон йил умр кўрган. У 243/ 857 йили таваллуд топган, 304/916 йили вафот этган [49].

Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғий (ваф. 396/1006) ўз даврининг машҳур фақиҳ ва воизларидан бири бўлган. Бухорога бориб, у ердаги устозлардан таълим олган. Кўплаб муҳаддис ва ровийлардан ҳадислар ривоят қилган. Ўз навбатида, Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғийдан ҳам кўплаб алломалар ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, жияни – шогирди Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий усул фиқҳ илмида машҳур олим ва муҳаддис бўлиб, амакиси Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғийдан ҳадис илмини ўзлаштириб, бир қанча ҳадис ривоят қилган.

Манбаларда қайд этилишича, аллома 396/1006 йил, робиул аввал ойининг аввалги ўн кунлигида, декабрь ойи бошларида Бухорода вафот этган. Маймурғ қишлоғига олиб келиб, дафн этилган [43].

Абу Мушҳид Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Маймурғий Насафий (ваф. 535/1141) зоҳид, солиҳ, вазмин пурвиқор киши бўлиб, аҳли илмлардан бўлган. Халқ орасида солиҳ кишилардан деб юритилиб, ҳадис илми борасида ишончли кишилардан бўлган. Бухорода истиқомат қилган. Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Паздавий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Мансур Насафий, Абу Ато ибн Аҳмад Ҳаравий каби алломалардан ҳадис ривоят қилишга рухсат олган. У 535/ 1141 йили вафот этган [44:118].

Абулмуайяд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Наср ибн Мусо ибн Аҳмад Маймурғий Насафий (442/1050 йили туғилган) муҳаддис, олим, имом, фозил киши бўлган. Ҳижоз ва бошқа шаҳарларга бориб, у ердаги алломалардан ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Нажмиддин Умар Насафийнинг ёзишича, аллома 442/1050 йили “Маймурғ” қишлоғида таваллуд топган. Манбаларда Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарийдан (ваф. 642/1244) таълим олгани ҳақида маълумот келтирилган [23:24].

Абулаббос Фазл ибн Наср Маймурғий Самарқанднинг “Маймурғ” қишлоғида таваллуд топган Аббос ибн Абдуллоҳ Самарқандийдан ҳадис ривоят қилган. Ўз навбатида, алломадан фақиҳ Бакр ибн Муҳаммад ибн Аҳмад каби алломалар ҳадис ривоят қилган [41].

Фахриддин Муҳаммад ибн Илёс Маймурғий ўз замонасининг машҳур фақиҳларидан бири бўлган. Аллома Кардарийнинг шогирди бўлиб, “Ал-Ҳидоя” асарини ривоят қилган. Ҳусайн ибн Али ибн Ҳужжож ибн Али, Ҳисомуддин Сиғноқийлардан таҳсил олган. “Фахриддин” – “Дин фахри” унвонини олган [24].

Самарқанднинг Варағсар ҳудудига нисбат берилган олим – Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад Варағсарий бўлиб, тарихчи олим Самъоний у ҳақда: “Варағсар – Самарқанддан тўрт фарсах (27-28 км.) узоқликдаги қишлоқ. Хожа Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад Варағсарий бу нисбат билан машҳур обид ва зоҳид киши бўлиб, Самарқанддан беш фарсах узоқликда Варағсар работининг хўжайини бўлган. Чиройли ёдгорлик мерос қолган. Муҳаддислар ундан ҳадис ривоят қилган. 230/844 йил, рабиул аввал ойида вафот этгани” ҳақидаги маълумотни келтирган.

Истахрий “Ер сурати китоби” асарининг “Самарқанд ариқлари” бобида келтирган маълумотларга кўра, Варағсар сўғдча сўз бўлиб, “тўғон боши” деган маънони англатади. Бу ер дарё сувини ариқларга тақсимланиш жойи, арабча таржимаси “Раъc ас-Сакр” ёки “Раъc ас-Садд” бўлиб, XI асрда Самарқандда Сиқоя боши (туркийча “тўғон боши”) бўлган. “Сув тоғлар орасидаги [ўша ноҳия]дан оқиб чиқиб, Бунжикатга (بنجيكث), кейин эса “Тўғон боши” маъносини англатадиган Варағсар (ورغسر) номли бир ерга етиб боради. Бу ердан Самарқанд ариқлари ажралиб чиқади ва водийнинг ғарбий қисмида Самарқанд томондаги рустоқлар уларга бевосита туташади.

Водийнинг шарқий қисмидаги ариқлар [эса] Варағсар қаршисидаги Ғубор номли ердан бошланади, чунки айнан шу ерда тоғлар айрилиб, экин экиш ва ариқ ўтказиш мумкин бўлган ерлар бошланади. Варағсардан Наҳр Барш, Наҳр Бормиш ва Наҳр Башмин [номли] ариқлар бошланади” [19:57,204-205].

Варағсарда узумзор ва боғлар бўлиб, уларнинг эгалари хирож [тўлови]дан озод этилган, бунинг эвазига эса уларга шу тўғонларни тузатиб туриш [вазифаси] юклатилган [19:60].

Варағсар (ҳозирги Работхўжа)да жойлашган катта зиёратгоҳ “Хожа Абу Закариё Варағсарий” номи билан аталади. Мазкур зиёратгоҳ Ургут тумани Работхўжа қишлоғи, ҳозирги Зарафшон дарёсининг ирмоқларга бўлиниш жойи (тўғон боши)даги ҳудудда жойлашган бўлиб, X асрларга қадар Работхўжа – Варағсар номи билан аталган.

Таниқли олим Н.Бегалиев академик В.В.Бартольд берган маълумотга асосланиб,   Хожа Абу Закариё Варағсарийни “844 йилда вафот этганини” [31:76-77] қайд қилган. “Қандия” асари муаллифи Хожа Абу Закариёни “Хожа Зикриё Исфароний”, деб келтириб, унинг қабрини “Самарқанд дарёси ёқасида, шаҳардан беш фарсах йўлда” [3:92] жойлашганини айтиб ўтган.

Хожа Абу Закариё Варағсарий қабр тошида: “… шайх, зоҳид, муттақий имом Абу Закариё ибн Яҳё Варағсарий, 230/844 йил рабиул аввал ойида вафот этгани” [50:73-75] қайд этилган. Бундан маълум бўладики, Работ хўжа отанинг асл исми Хожа Абу Закариё, отасининг исми Яҳё, бобосининг исми эса Муҳаммад экани, Варағсарий шу ерда яшаганидан далолат қилса, у киши устози каби муҳаддислардан бири саналиб, обиду зоҳидлик даражасига етган машҳур алломалардан бўлгани аён бўлади.

Ш.Камолиддинов келтирган маълумотга кўра, бу ҳудуддаги энг қадимги қайроқ тошлар самарқандлик шайх Абу Закариё ибн Яҳё Варағсарий (ваф. 230/844) ва ўзгандлик шайх Абу Зиёд ибн Исмоил (ваф. 230/844) га тегишли [22:134]. Аммо бу қайроқ тошлар ҳам XI асрда, қабрларга қайроқ тошлар қўйиш оммавий тарқалганидан кейин қўйилган бўлиши ҳам мумкин [29:8-10].

Работхўжа қишлоғидаги Хожа Абу Закариё Варағсарий қабри устига қачонлардир қурилган мақбара, вақт ўтиши билан бузилиб, ўз ҳолатини батамом йўқотгач, 1970, 1995, 1997 йилларда (эски мақбара ғиштларидан фойдаланган ҳолда) мақбара бино қилинган [5]. Мазкур мақбара ўртаси катта гумбазли, ўнг ва чап-ён томонлари кичик гумбазли тарзда бунёд этилган. Мақбаранинг уч (шарқ, жануб ва шимол) томонидан кириш эшиклари қўйилган. Асосий кириш эшиги шарқ томонда бўлиб, дастлаб мақбара ўртасидаги катта гумбазли хонага кирилади. Ушбу хона кўринишидан намоз ўқишга мўлжалланган, унинг чап томонининг ғарби (қибласи)да Хожа Абу Закариё Варағсарий қабри жойлашган. Ундан шарқ томонда биринчиси хотини, иккинчиси қизи ва охиргиси номаълум киши қабри ўрин олган.

Маймурғ таркибида бўлган Варағсарга араб қўшинлари бир неча бор юриш қилган [47]. Зарафшон дарёси шимолида жойлашган Ёркас (Яркат) (ياركث) – Истахрий матнларида – ٮاركٮ واركب باركٮ шаклларида ҳам учрайди.

Ушрусана чегарасидаги рустоқ [26:279]. Ушрусанада ҳам шу номли қишлоқ бўлган [1:469]. Агар бу ном Боркат (Аборкат) номининг ўзгарган шакли бўлмаса, унда туркий jar – “жар” сўзидан ясалган бўлиши мумкин [11:238]. Шарқий Туркистонда ҳам шу номли шаҳар бўлиб, ҳозир у Ёркент деб аталади.

Ёркасий – “Ёркас”дан ясалган нисба бўлиб, Самарқанд шимолида жойлашган қишлоқлардан бирининг номи. Бу ҳудуддан ҳам кўплаб муҳаддис олимлар етишиб чиққан.

Абу Муҳаммад Абдулмулк ибн Ҳусайн ибн Аби Аҳмад Матуий Саҳҳок Ёркасий Уструшонанинг “Ёркас” қишлоғида таваллуд топган, кейинчалик Самарқанднинг “Нуқадул айн” маҳалласига кўчиб келиб, шу ерда муқим яшаган. Абдулмулк ибн Ҳусайн Ёркасий ҳадисларни Тоҳир ибн Муҳаммад Надарий ва Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Тархон воситасида Муҳаммад ибн Моҳондан ривоят қилган. Абдулмулк ибн Ҳусайн Ёркасийдан эса Абулфатҳ Муборак ибн Исмоил Термизий ривоят қилган. Манбаларда Абдулмулк ибн Ҳусайн Ёркасийнинг таваллуд топган ёки вафот этган санаси ҳақида бирор маълумот келтирилмаган [6:69].

Абулфазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Фазл Ёркасий Ҳусайн ибн Кошафурийдан ҳадис ривоят қилган. Алломадан Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий ривоят қилган [6:71].

Имрон Ибн Мусо Ёркасий ҳадисларни Абу Ружо Барбарий воситасида Абдусамад ибн Муъқилдан ривоят қилган. Ўз навбатида, Исо ибн Ҳусайн Касбавий Имрон Ибн Мусо Ёркасийдан ривоят қилган [6:71].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Жаъфар ибн Али ибн Аҳмад Ёркасий (1055-1126) Уструшонанинг “Ёркас” қишлоғида таваллуд топган бўлиб, кейинчалик Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда муқим яшайди. Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий аллома ҳақида шундай дейди: “Дўстимиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Ёркасийнинг отаси Самарқандда яшаб, қози имом Муҳаммад ибн Аҳмад Хаффофдан фиқҳ илмидан таълим олган”. Муҳаммад ибн Ҳасан Ёркасий ҳадисларни Абу Бакр ибн Ҳамза Мадиний воситасида қози Абу Али Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Жаъфар Фақоийдан эшитиб, ёзиб олган. 520/1126 йили вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган [6:87].

Бурнамаз – Истахрий матнларида – ڡرٮمد , ٮورميد , قورعد , موٮمرد , ڡورٮمد каби шаклларда учрайди. Ибн Ҳавқалда Фурнамад فورنمذ [19:63]. “Ф” ва “Б” ҳарфларининг алмашувига қараганда) бу рустоқнинг асл номи Пурнамад бўлса керак. Самарқанддан 2 фарсах масофада Ушрусана томонда Бурнамаз بورنمذ номли қишлоқ ва туман жойлашган [35:33]. Бу рустоқ ҳозирги Жиззахнинг жануби-шарқидан оқиб ўтувчи Равотсой ҳавзасида жойлашган. Бу ердаги энг катта қишлоқ Паймарт деб аталади. Эҳтимол унинг номи қадимги Бурнамад номининг бузилган шаклидир [10:149-152]. Бу рустоқда оқар сув бўлмаган, унинг аҳолиси фақат ёмғир суви ва булоқлардан фойдаланган [33:40,85].

“Бурнамаз” (баъзи манбаларда Бурнамад)дан ясалган нисба бўлиб, Уструшонанинг Самарқанд яқинидаги қишлоқларидан бири. Бурнамаднинг луғавий маъноси “буғланиш” сўзини англатади.

Абдураҳмон ибн Маоз ибн Ҳусайн Бурнамазий ҳадисларни Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Абдуллоҳ Абдий ва Абу Усмон Салим Балхий воситасида Абу Маъшар Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилган. Абдураҳмон ибн Маоз ибн Ҳусайн Бурнамазийдан ҳадисларни ўғли Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Маоз ибн Ҳусайн Бурнамазий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Комил Самарқандий ривоят қилган. Абдураҳмон ибн Маоз Бурнамазда ҳадис айтган [6:71].

Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Маоз ибн Ҳусайн Бурнамазий (ваф. 899) етук муҳаддис олим бўлиб, унинг ҳадис илми борасидаги шаклланишида оилавий муҳитнинг аҳамияти катта бўлган. Зеро, унинг илк устози ҳам ўз отаси муҳаддис Абдураҳмон ибн Маоз бўлган. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Бурнамазий ҳадисларни отасидан ривоят қилган. Али ибн Нўъмон Кабузанжакасий Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Бурнамазийдан ривоят қилган [6:72].

Кабузанжкат كبوذنجكث – Истахрийнинг матнида كٮحوٮحكث шакли мавжуд. Самарқанддан 2 фарсах масофада жойлашган шаҳарча [36:345].

Кабузанжикасий – “Кабузанжикас”дан ясалган нисба бўлиб, Самарқанддан икки фарсах узоқликда жойлашган шаҳар.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Наср ибн Анбар ибн Жарир ибн Муҳаммад ибн Шаҳуя Заббий Кабузанжикасий (ваф. 315/927) Самарқанддан икки фарсах узоқликда жойлашган Кабузанжикас шаҳрига Марвдан келган муҳаддис олим. Сиқа [45] ровий бўлиб, кўплаб ҳадис ривоят қилган. Аҳмад ибн Наср Атакий, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий, Саид ибн Ҳошим Коғазий, Абу Довуд Сулаймон ибн Мабад Синжий, Али ибн Ҳашрам Мабирсамий ва Али ибн Назр Марвазийлардан ҳадис тинглаган, сабоқ олган. Ўз навбатида, бир қанча олимлар ундан ҳадис ривоят қилган. 315/927 йилда вафот этган [37:28].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Нуъмон ибн Саҳл Кабузанжикасий (ваф.377/987) Самарқанддан икки фарсах узоқликда жойлашган Кабузанжикасга мансуб муҳаддис олим. Кабузанжикас шаҳри волийсининг махсус котиб (“Аминул ҳуккам”)лигини қилган. Устозлари орасида отаси, Иброҳим ибн Ҳамдавайҳ (Ҳамдуя) Иштихоний ва бошқа муҳаддислар ўрин олган. Абу Саид Абдураҳмон ибн Муҳаммад Идрисий каби олимларга устозлик қилган. 377/987 йилда туғилиб ўсган Кабузанжикасда вафот этган [38].

Фотима бинти Али ибн Нуъмон Кабузанжикасий (ваф.380/990) Самарқанддан икки фарсах узоқликдаги Кабузанжикасга мансуб ҳадис олими. Муҳаддис Абу Бакр Муҳаммад ибн Алининг синглиси. Устозлари орасида отаси ва Назр ибн Расул Яздодий каби олимлар ўрин олган. Абу Саид Идрисийга устозлик қилган. 380/990 йилда вафот этган [42].

Вазорий – “Вазор”дан ясалган нисба бўлиб, Самарқанд шимолида жойлашган қишлоқлардан бирининг номи. Бу ҳудуддан ҳам кўплаб муҳаддис олимлар етишиб чиққан.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Солиҳ Хатиб Самарқандий Вазорий (ваф. 1110) “Вазор” қишлоғининг хатиби бўлиб, 480-487/1087-1094 йиллар орасида туғилган. Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Мансур ибн Ҳабиб ва бошқа уламолардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса бошқалар ривоят қилган. Умар Насафий аллома ҳақида бундай дейди: “У менинг қўшним эди. Менинг имло мажлисларимга келиб турар эди. 503/1110 йил Самарқандда “Бароат” кечаси вафот этди. Санкдиза қабристонига дафн этилди”. Ўғли Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Абдуллоҳ Хатиб Вазорий ҳам солиҳ шайх ва хулқи чиройли киши бўлган [48].

Абу Мазоҳим Сиба ибн Назр ибн Масъада ибн Бужайр ибн Назр ибн Ҳабиб Бакрий Вазорий (ваф. 269/882) Самарқанддан 4 фарсах узоқликда жойлашган Вазор қишлоғига нисбат берилган муҳаддис олим. Али ибн Абдуллоҳ Маданий ва Яҳё ибн Маъинлардан таълим олган. Абу Исо Термизий, Муҳаммад ибн Исҳоқ Ҳофиз Самарқандий, Ҳасан ибн Али Назр Тусий, Муҳаммад ибн Мунзир Ҳаравий ва бошқа олимларга устозлик қилган. 269/882 йилда вафот этган ва Вазор қишлоғига дафн этилган [39].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Сиба ибн Назр ибн Масада Вазорий (ваф.290/903) Cамарқанддан тўрт фарсах узоқликда жойлашган Вазор қишлоғига нисбат берилган. Устозлари орасида отаси Абу Мазоҳим Сиба ибн Назр, Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад ибн Асад, Абдуллоҳ ибн Абдураҳим Самарқандий ва бошқа муҳаддис олимлар ўрин олган. 290/903 йилда вафот этган [37:581-582].

Абул Ҳасан Али ибн Умар Тақий ибн Кулсум ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Вазорий Самарқанддан тўрт фарсах узоқликдаги Вазор қишлоғига мансуб муҳаддис олим Салмон ибн Аҳвас Дабусий ва Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий каби олимлардан ҳадис тинглаган, сабоқ олган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Умар Вазорий Муаддиб, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шоҳин Форисий ва кўплаб бошқа олимларга устозлик қилган [37:581]. Устози Исо Термизийнинг 279/892 йилда вафот этгани [30] ҳисобга олинса, III/VIII аср охирларида яшаганини тахмин қилиш мумкин.

Тадқиқот давомида ҳижрий илк уч асрда Сўғд воҳасидан етишиб чиқиб, ҳадис илми шаклланиши ва ривожланишига ҳисса қўшган йигирма икки нафар муҳаддис тарихи ўрганилди. Уларнинг тарихига оид нодир қўлёзма асар ва қайроқтошлар аниқланди. Муҳаддисларнинг Бунжикатий, Ёркасий, Бурнамазий, Вазорий, Кабузанжикасий каби нисбалар билан келгани, Сўғд ҳудудида шу ном билан аталувчи шаҳар ёки мавзелар мавжуд бўлганини кўрсатади.

Геосиёсий жиҳатдан жанубни шимол билан, шарқни ғарб билан боғловчи асосий марказлардан бири саналгани сабабли Сўғд ҳудуди илм-фан тараққий этишида муҳим ўрин тутган. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг илк асрлардан бошлаб ислом илмлари ривожланиши аҳоли саводхонлиги ислом кириб келишига қадар ҳам юқори бўлганидан далолат беради.

Сўғдлик муҳаддислар – воҳанинг нафақат маънавий-маданий тараққиёти учун, балки ижтимоий-сиёсий соҳаларида ҳам муҳим ўрин тутганини Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад Варағсарий, Абу Наср Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан ибн Исо Маймурғий, Муҳаммад ибн Абу Абдуллоҳ Маймурғий, Усмон ибн Яҳё ибн Муҳаммад Ҳажжож Бунжикатий Самарқандий каби олимлар ҳаёти мисолида кўриш мумкин.

Ҳижрий илк уч асрда Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳадис илмининг ривожланиш жараёнини ўргансак, биринчи аср минтақанинг фатҳи ва тобеинлар авлодидан бошланган ҳадис илмининг минтақага келиши асридир. Иккинчи асрда эса Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида муҳаддислар етишиб чиқиши ва бошқа илмий марказлардан ўлкага ҳадис олимлари келган асрдир. Мовароуннаҳрда, айниқса Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳадис илмининг энг муҳим ривожланиш босқичини кўрсатган аср учинчи аср бўлди. Бухоро ва самарқандлик муҳаддисларнинг жинс жиҳатидан тарқалиши ўрганилганда, улар орасида Фотима бинти Али ибн Нўъмон Кабузанжикасий (ваф. 380/990) номли бир аёл ровий ҳам бўлгани кўзга ташланади.

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида фақатгина ҳадис илми эмас, балки тафсир, калом ва фиқҳ илмлари ҳам кенг ривожланган. Бу илмларнинг энг кўзга кўринган намояндалари ҳам ушбу ўлкадан етишиб чиққан. Ушбу соҳага оид энг қимматли асарлар ҳам шу ерда ёзилган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Abd al-Karim al-Sam‘ani. The Kitab al-Ansab / Reproduced facsimile from the manuscript of British Museum with an introduction of by D.S.Margoliouth. – Leiden-London, 1912. Ж. XIII.
  2. Abu’l-Kasim Ibn Haukal. Viae et regna, Descriptio ditionis Moslemicae / Ed. M.J. de Goeje. – Bibliotheca Geographorum Arabicorum, pars 2. – Lugduni Batavorum: E.J.Brill, 1873.
  3. Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий ас-Самарқандий. Ал-қанд фи тарихи Самарқанд (Қандия). Тадқиқот, таржима, сўзбоши, изоҳ ва луғатлар муаллифи К. Каттаев. – Самарқанд: Сўғдиёна, 1994.
  4. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий. ал-Қанд фи зикр уламо Самарқанд / Назар Муҳаммад Форёбий таҳрири остида. – Саудия Арабистони: Мактабатул кавсар, 1991.
  5. Амонов М. Хожа Абу Закариё Варағсарий зиёратгоҳи. https://www.bukhari.uz/?p=6950 Респондентлар: Работхўжа маҳалласи истиқомат қилувчи Раҳмат бобо Турсунов ва Фармон бобо Худойберди ўғли (79 ёшда).
  6. Атаев М. Жиззах алломалари.
  7. Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия // Бартольд В.В. Сочинения. Т. I. – М.: Восточная литература, 1963.
  8. Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия // Бартольд В.В. Сочинения. Т. I. – М.: Восточная литература, 1963. – Б. 97-98; Ибн Хавқал. Суратул арз. Крамер-Йоханнес Хейнд таҳқиқи. – Лейден, 1938. 498-500; Истахрий, Абу Исҳоқ. Масоликул мамолик. – Байрут: Дорус садр, 2004. – Б. 321-323.
  9. Беленицкий А.М., Бентович И.Б., Большаков О.Г. Средневековый город Средней Азии. – Ленинград: Наука ЛО, 1973.
  10. Грицина А.А. Уструшанские были. – Т.: 2000.
  11. Древнетюркский словарь. – Ленинград: Наука ЛО, 1969.
  12. Ibn Haukal. Opus geographicum. Liber imagines terrae. Bibliotheca geographorum arabicorum. J.H. Kramers. – 8 Vol., – V. II. – Lugduni Batavorum: Brill, 1967.
  13. Ёқут ал-Ҳамавий. Муъжам ал-Булдон. Ж.3. – Байрут: Дар Байрут, 1984.
  14. Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Аҳмад Ножи Жамолий нашри. – Қоҳира, 1906. Ж. III.
  15. Hudud al-‘Alam, the Regions of the World / A Persian geography / Translated and explained by V. Minorsky. – London, 1970.
  16. Живопись древнего Пенджикента. – Москва: Изд-во АН СССР, 1954.
  17. Ибн Жарир Табарий. Тарихут Табарий. – Ар-Риёд: Байтул афкоруд давлийя, 2005.
  18. Ибн Хавқал. Суратул арз. Крамер-Йоханнес Хейнд таҳқиқи. – Лейден, 1938.
  19. Ибн Ҳавқал. Китоб сурат ал-ард (Ернинг сурати китоби). Араб тилидан таржима, изоҳлар муаллифи Ш.С. Камолиддин. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2011.
  20. Ибнул Фақиҳ, Абу Абдуллоҳ. Китобул булдон. Юсуф Ҳовий таҳқиқи. – Байрут, 1996.
  21. Истахрий, Абу Исҳоқ. Масоликул мамолик. – Байрут: Дорус садр, 2004.
  22. Камолиддин Ш.С. Предания о ранних походах арабов в Фергану (Сафид Булан).
  23. Қураший. Жавоҳирул музийя. Ж.2.
  24. Қураший. Жавоҳирул музийя. Ж.2. – Б. 213; Усул фахри-л-ислом 5/14.
  25. Лурье П.Б. Историко-лингвистический анализ согдской топонимии. Дисс.канд.филол.н. – Санкт-Петербург: ЛО ИВ РАН, 2004. – Б. 91.
  26. Мақдисий, Абу Абдуллоҳ. Аҳсанут тақосим фи маърифатил ақолийм. Муҳаммад Амин Данновий таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 2002.
  27. Маллабоев А. Ўзбекистонга ислом динининг кириб келиши ва унинг илк таълимотлари. https://e-tarix.uz/vatan-tarixi/1079-ozbekistonga-islom.html
  28. Марказий Осиё маданияти ва санъати: Илм-фан // Мозийдан таралган зиё. – Т.: Шарқ, 1998.
  29. Массон М.Е. Среднеазиатские намогильные кайраки // ЭВ, вып. 11. М.; Л.: Изд-во АН СССР, 1956.
  30. Миззий. Таҳзибул камол. Ж. XXVI. – Б. 252; Заҳабий, Шамсуддин. Сияру аъламин нубала. Шуайб Арнавут таҳқиқи. – Байрут: Муассасатур рисала, 1990. Ж. XIII. – Б. 277.
  31. Н.Бегалиев. Самарқанд топонимияси. СамДЧТИ. – Самарқанд. 2011.
  32. Негматов Н.Н. Усрушана в древности и раннем средневековье // Труды Института истории, археологии и этнографии АН ТаджССР. Т. 55. – Сталинабад: Изд-во АН ТаджССР, 1957. – Б. 30-31, 84; Негматов Н.Н., Хмельницкий С.Г. Средневековый Шахристан (Материальная культура Уструшаны). Вып. 1. – Душанбе, 1966. – Б. 191-196.
  33. Негматов Н.Н. Усрушана в древности и раннем средневековье // Труды Института истории, археологии и этнографии АН ТаджССР. Т. 55. – Сталинабад: Изд-во АН ТаджССР, 1957.
  34. Самаркандские документы XV-XVI вв. о владениях Ходжи Ахрара в Средней Азии и Афганистане / Факсимиле, критический текст, перевод, введение, примечания и указатели О.Д. Чехович. – Москва: Наука, 1974.
  35. Самъоний, 1980, II: 328; V.
  36. Самъоний, 1980, X.
  37. Самъоний Абу Саъд. ал-Ансоб. Абдуллоҳ Умар Барудий таҳқиқи. – Байрут: Дорул жаннон, 1988. Ж. V.
  38. Самъоний Абу Саъд. ал-Ансоб. Абдуллоҳ Умар Барудий таҳқиқи. – Байрут: Дорул жаннон, 1988. Ж. V. – Б. 28; Ибнул Асир. Лубоб. Ж. III. – Б. 27; Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Аҳмад Ножи Жамолий нашри. – Қоҳира, 1906. Ж. IV. – Б. 435.
  39. Самъоний Абу Саъд. ал-Ансоб. Абдуллоҳ Умар Барудий таҳқиқи. – Байрут: Дорул жаннон, 1988. Ж. V. – Б. 581; Насафий. ал-Қанд. – Б. 115-116; Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Аҳмад Ножи Жамолий нашри. – Қоҳира, 1906. Ж. V. – Б. 369.
  40. Самъоний. ал-Ансоб. – Байрут: Муҳаммад Амин Димаж, 1980. Ж. IX.
  41. Самъоний. Ал-ансоб. Ж. 5. – Б. 185; Китоб уламо ван нужум. – Б. 60; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Б. 326.
  42. Самъоний. Ал-ансоб. Ж. V. – Б. 28; Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Аҳмад Ножи Жамолий нашри. – Қоҳира, 1906. – Б. 435.
  43. Самъоний. Ал-ансоб. Ж.11. – Б. 331; Қураший. Жавоҳирул музийя. Ж.1. – Б. 246.
  44. Самъоний. Ат-тахбир фил муъжамил кабир. Ж.1.
  45. Сиқа – ишончли (адолати ва зеҳни юқори даражада бўлган ровий).
  46. Смирнова О.И. Карта верховьев Зеравшана первой четверти VIII века // Страны и народы Востока, вып. 2. География, этнография, история. – Москва, 1961.
  47. Табари. История ат-Табари. Избранные отрывки. Перевод с арабского В.И. Беляева. Дополнения к переводу О.Г. Болшакова и А.Б. Халидомирова. – Т.: 1987. – Б.135.; Бартольд В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия. Соч. Т.I. – М.: Восточная литература, 1963. – Б.249.
  48. Шамсиддин Заҳабий. Сияру аъламин нубала. – Ж. 19. – Б. 369; Самъоний. Ал-ансоб. Ж. 5. – Б. 582.
  49. Шамсиддин Заҳабий. Тарихул ислам. Ж.29. – Б. 398; Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж.5. – Б. 50; Калободий. Баҳрул фавоид би маънал ахёр 1/1; Самъоний. Ал-ансоб. Ж.5. – Б.184.
  50. Эпитафии мусульманских ученых Самарканда (X-XIV века). Введение, подготовка к изданию оригинальных текстов, переводы, комментарии: Б.М. Бабаджанов, Л.Н.Додхудоева, А.К.Муминов, У.Рудольф. – Стамбул, 2019. – С. 73-75.
  51. Şemsettin Sami. Kamus el-Alam. Ж. VI.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари, PhD,
катта илмий ходим

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …