Home / МАҚОЛАЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИЛК ТОШБОСМА КИТОБЛАРНИНГ НАШР БЎЛИШ ТАРИХИДАН (XIX АСР ОХИРИ – XX АСР БОШЛАРИ)

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИЛК ТОШБОСМА КИТОБЛАРНИНГ НАШР БЎЛИШ ТАРИХИДАН (XIX АСР ОХИРИ – XX АСР БОШЛАРИ)

XIX аср иккинчи яримида Чор Россиясининг Марказий Осиёни истило қилиши бу ҳудуддаги мусулмон жамиятининг рус ва у орқали Ғарб маданияти билан тўқнашувига олиб келди. Бу жамиятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий асосларини кескин ўзгартириши табиий эди.

Тошбосма китоблар ёрдамида Туркистон ҳудудида чоп этилган илк манбаларни аниқлаш ва улар ёрдамида Россия империясининг маданий ва диний сиёсатини тадқиқ этиш мумкин.

Бу йўналишда бир неча тадқиқотлар олиб борилган. Хронологик тартибда оладиган бўлсак, Марказий Осиёда миллий китобатчилик тарихи билан биринчи бўлиб шуғулланган олимлардан бири Ҳусайн Шамсдир. У ўзбек тилида “Матбаачилик ва унинг қисқача тарихи” [7] рисоласини ёзган.

Шунингдек, А.Б.Язбедев Хива тошбосмаси ҳақида маълумот берувчи бир неча монографиялар муаллифидир. Олим фақат Хива хонлигига оид асарлар билан чекланган. Уларнинг мавзулари манбашунослик эмас, балки санъатшунослик жиҳатидан ўрганилган [14;15;16;17]. Бу йўналишда Р.Маҳмудова [4], М.Рустамов [5], ва Р.Холматовнинг [6] ҳам мақола ва тезислари эълон қилинган. Улар илмий-маърифий жамоатчилик ва кенг китобхонлар оммасининг мазкур давр ҳақида янгича тасаввур ҳосил қилишига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Г.Н.Чабров [8;9;10] ва О.П.Шеглованинг [11] тадқиқотларида ушбу мавзуга қисман қўл урилган.

Тошбосма асарлар Ғарбда ҳам ўрганилган, ҳатто бир қатор каталоглар нашр этилган. Масалан, Эдвардснинг [1] инглизча, Г.Щеглованинг [12] русча, Хонбобо Мушорнинг[19] форсча тадқиқотлари шулар жумласидандир.

Лекин ҳануз кенг қамровли, умумлаштирувчи тадқиқот ўтказилгани йўқ. Ушбу мақола ана шу илмий эҳтиёж тақозоси туфайли вужудга келди.

Тадқиқот объекти ва предмети сифатида мазкур давр китобат тарихини ўрганиш учун XIX аср охири – XX аср бошларида Марказий Осиёда илк бор нашр қилинган тошбосма китоблар танланди.

Марказий Осиёда китоб нашр қилишнинг тошбосма усули танланишининг ўз сабаблари бор. Гап шундаки, одатда ҳар қандай жамиятда китобат иши билан боғлиқ бўлган жараёнларга янгиликлар бирданига кириб келавермайди. Ҳар қандай цивилизацияда китобат шакллари ва усулларининг алмашиши оғир кечади. Марказий Осиё ва унга қўшни минтақаларда китоб чоп қилиш Ғарб мамлакатларига нисбатан тарихан кеч пайдо бўлгани бунга яққол мисолдир. Бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари мавжуд эди. Аввало, икки минг йиллик давр мобайнида танҳо ҳукмронлик қилган нусха кўчириш, яъни қўлёзма усулини, иккинчидан, хаттотлик санъати ҳунармандликининг кучли анъаналарга асосланганини айтиб ўтиш лозим. Жамиятнинг технологик янгиликлардан ҳадиксираши, техник тафаккур даражаси ва ижтимоий онг шакллари ҳам шундай омиллардан эди. Шунингдек,  дин пешволарининг фан ва техникага оид илғор кашфиётларга кескин салбий муносабати сабаб бўлган.

Шарқ ва Ғарб маданиятлари чорраҳасида жойлашган Туркия мисолида бу янгилик қачон ва қандай пайдо бўлганини кўриб чиқайлик.

Истанбулда дастлабки европача босмахона 1494 йили очилган. XVI асрда арман, XVII аср бошларида эса грек босмахоналари пайдо бўлган. XVIII асрларда Усмонийлар халифалиги (1299/1300-1922) ҳудудида европаликлар, арман ва грек жамоаларининг ўнлаб босмахоналари фаолият юритган. Аммо туркча ва бошқа шарқий тилларда китоб нашр этиш давлат томонидан тақиқланган эди. 1727 йил 5 июлда Султон Аҳмад IIIнинг (1703-1730) китоб нашр қилишни жорий этиш тўғрисидаги фармонидан кейингина турк матбаачиси Иброҳим Мутафарриқ (1674-1746) ўша йилнинг декабръ ойида Истанбулда дастлабки турк босмахонасини очишга муваффақ бўлади. Унинг биринчи босма китоби “Арабча-туркча луғат” эди.

Истанбулда илк чоп этилган миллий асар Абу Наср Жавҳарий қаламига мансуб асар – “Сиҳҳоҳ”нинг 1729 йилдаги туркча таржимаси эди.

Бир аср ўтиб, Фатҳ Алишоҳ (1797-1834) даврида, 1825 йили Эроннинг Табриз шаҳрида миллий тошбосма ишга тушди ва унда “Тарихи Аббосий” нашр этилди [10]. Аслида бу ерда матбаачилик Сафавийлар даврида (1502-1736 йиллар) бошланган. Биринчи матбаа ускуналари XVII асрнинг биринчи ярмида Италиядан келтирилган. Китобшуносларнинг маълумотларига кўра, ўша даврда Эронда араб, форс ва арман тилларида китоблар нашр этилган. Биринчисига католиклар оқимидан бўлган кармелитлар, иккинчисига арманлар асос солган.

Кармелитлар роҳиби Тадеуш[1] 1618 йил сафавий шоҳ Аббос Iнинг (1587-1628) Қазвиндаги қароргоҳида меҳмон бўлиб, араб имлосида ишлайдиган матбаа анжомларини кўрсатади. Ҳукмдор унга Исфаҳон шаҳрида босмахона очишни топширади.

Араб ва форс тилларида китоблар нашр қилиш баҳонасида насроний китоблар чоп этиб, миссионерликни ривожлантиришни кўзлаган Тадеуш Аббос Iнинг рухсати билан Ватиканга матбаа ускуналарини сўраб хат ёзади ва 1629 йилнинг январь ойида улар Римдан Исфаҳонга келтирилади [2].

Эронда ташкил топган иккинчи босмахона арманларники эди. Уни Исфаҳон яқинидаги Жулфа деган қишлоқда Якобян исмли киши очган. Асли савдогар бўлган бу одам Истанбулда яшайдиган дўсти Абгар Токатеси билан матбаачиликни ўрганиш учун Европага кетади. Эронга қайтиб келгандан кейин ўнга яқин ходим ёрдамида босмахона ишини йўлга қўяди. У кетма-кет иккита асарни, яъни “Кароматли Павелнинг йўриқномалари” (1641) ва “Диний айтимлар” (1642) китобларини арман тилида нашр этгани маълум. Лекин Тавротни чоп қилмоқчи бўлганида ҳокимият томонидан матбааси ёпилади. Арман китобшуноси Р.А.Ишханян Жулфадаги матбаа ҳақида ёзар экан, ўз даврининг билимли кишиларидан бўлган Хачатур Кессераци унинг “руҳлантирувчиси ва йўлбошчиси” эканини қайд қилади [3].

Умуман, Эронда XIX асрдан бошлаб Табриз, Теҳрон каби  шаҳарларда давлатга қарашли ва хусусий матбаа уйлари ташкил этила бошлаган. 1880- йилларга келиб, Табризда 10 га яқин. Теҳронда ундан ҳам кўп босмахона фаолият юритган.

Ҳиндистонда илк тошбосма китоблар 1556 йилдан, у ҳам бўлса, португаллар томонидан лотин тилида нашр этила бошлаган. Форс тилидаги илк китоб – “Иншои Хирқарний” 1781 йилда чиққан. 1788 йилда Хотифийнинг “Лайли ва Мажнун”, 1788 йилда Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, асарлари, 1792 йилда эса Ҳофиз Шерозийнинг “Девон”и  нашр этилган. Умуман, Ҳиндистонда миллий матбаачилик ривожланиши XIX асрнинг 30-йилларидан кейинги даврга тўғри келади. 1830 йилда Конипур шаҳрида, 1831 йилда Лакнау шаҳрида илк тошбосма китоблар чоп этилган [13:232].

Мисрда матбаа иши 1798-1801 йилларда бошланган. Муҳаммад ‘Али (1806-1849) ҳукмронлиги даврида, 1815 йили Мусабикий номли киши нашр ишларини ўрганиш учун Италияга юборилади. У тўрт йилдан кейин келади ва 1820 йилда биринчи миллий матбаа уйини – “Ҳукумат матбааси”ни ташкил этади [13: 239-240].

Россияда илк нашр Пётр I (1682-1725) даврида юз берган. 1711 йили унинг 34 саҳифалик “Манифест” асари чоп этилади. Бу асар орадан 11 йил вақт ўтиб, 1722 йили араб тилида Астраханда босилган. 1728 йилда Фанлар академиясида, 1755 йилдан эса Москва университетида араб ёзувидаги китоблар нашр этиш йўлга қўйилган. Екатерина IIнинг кўрсатмасига биноан, 1787 йилда Санкт-Петербургдаги “Осиё матбааси”да Қуръони карим илк бор Туркиядан келтирилган асл нусха асосида нашр этилган. Кейин 1787-1798 йилларда олти марта қайта босмада чиқарилган [13:250-253].

Қозон шаҳри Россиянинг XIX асрдаги маданий ва илмий жиҳатдан энг ривожланган марказларидан бўлган. Бу ердаги шарқ матбаачилиги Санкт-Петербург ва Москвани ҳам ортда қолдириб кетган. Ушбу шаҳарда китоблар асосан туркийда, шунингдек, арабий ва форсийда чоп этилишининг ривожланишига иккита сабабни кўрсатиш мумкин. Биринчидан, Қозон шаҳри XIX асрнинг биринчи ярмида рус шарқшунослик илмининг асосий марказларидан бири эди. 1804 йилдаёқ шарқ тилларини ўргатадиган университетлар очилган (у 1854 йилгача Қозонда фаолият юритиб, кейин Санкт-Петебургга кўчирилган). Иккинчидан, Қозон XVIII асрнинг бошидан XIX асрнинг 20-йиллари охиригача Россияда шарқ матбааси ривожига катта ҳисса қўшган татарлар шаҳри эди. Туркияни истисно қилганда, туркий халқлар орасида татарлар элида XIX асрда бутун умрини матбаачилик ва китоб савдосига бағишлаган одамлар кўп бўлган. Марказий Осиёда бундай одамлар XIX асрнинг иккинчи ярмида, яъни матбаачилик пайдо бўлгандан кейин фаолият юрита бошлаган.

Қўшни мамлакатларда матбаачилик анча аввал бошланган. Лекин Марказий Осиёга дастлабки матбаалар кириб келиши бевосита мусулмон мамлакатлар эмас, балки мустамлака давлат ёрдамида амалга ошди. Кейинчалик татарлар унинг ривожланишига ҳисса қўшган. Қозонда чоп этилган тафсир ва ислом тарихига оид асарлар, шариат қонунчилигига доир китоблар, тиббиёт, адабиёт ва мантиққа тегишли арабча, форсча ва туркий халқлар тилида чоп этилган нашрлар бутун туркий халқлар орасига тезликда тарқаб кетарди. Бу ерда илк бор 1807 йили “Осиё” матбаасида “Сайфи мулук” асари чоп этилган бўлса, 1839 йилда машҳур “Қиссаи Юсуф” нашр қилинган.

Марказий Осиёда китоб нашрига салбий муносабат йўқ эмасди, албатта. Лекин инсон табиатидаги янгиликка интилувчанлик сабаб кишиларда китоб чоп қилишга бўлган қизиқиш ортаверди. Бир вақтнинг ўзида қўлёзма, босма ва тошбосма китобларнинг параллель ривожланиши Туркистонда, хусусан, Хоразмда китобчилик тараққиётининг характерли хусусияти ҳисобланади. Ҳарф терилмайдиган, полиграфик терминологияси бўйича ясси чоп этиш  (литография) – матннинг олдидан қоғоз варағига битилган ва тош шаклга тескариси туширилган аксдан нусха кўчириш усули қўлланган. У Марказий Осиё шаҳарларида кенг ёйилган. Хива хонлигида чоп қилишнинг айнан шу усули танланиши ва мустаҳкам ўрин олишининг асосий сабабларидан бир шуки, китоб нашр қилиш жараёнида хаттот меҳнатидан ажралмас таркибий қисм сифатида фойдаланилган. Лекин бу қўлёзма бобидаги кўп минг йиллик анъаналарини тўхтатиб қўймаган. Аксинча, китоб фондини кўпайтиришда хаттотлар хизматидан фойдаланилган. Бу кўп асрлик қўлёзма китоблар орасидан матн жиҳатидан тўла, сифатлиларни қайта нусха кўчириш учун танлаб олишга ёрдам берарди. Хаттотларнинг маҳорат ва қобилиятини тўлароқ ишга солиш учун янги имкониятлар очарди. Шу боис Хивада тошбосма қадим анъаналарга қўшилиб кетди.

Яна бир бошқа сабаб шу эдики, тошбосма китоб босиш усули ҳарф териш усули (типография)дан фарқли ўлароқ, ҳарф терувчилар, муҳаррирлар, корректорлар иши билан боғлиқ кўплаб серташвиш жараёнларни талаб қилмасди. Ҳарф териш ва чоп этиш дастгоҳлари, қимматбаҳо ва камёб арабча босма ҳарф (шрифт)лар учун ҳам сарф-харажатлардан халос этарди. Энг аҳамиятли томони шунда эдики, хусусий тадбиркорлик учун ҳам тошбосма усули арзон тушар эди. Ҳар ҳолда, ўша даврда Марказий Осиёдаги уч хонликда иқтисод анча орқада бўлганини ёддан чиқармаслик керак.

Тошбосма усулининг пайдо бўлиши ва ривожланиши бутун Марказий Осиё маданий тараққиётида муҳим босқич бўлди. У тарихий аҳамият касб этиб, китоб чоп қилиш фаоллашганидан дарак берарди. Илгари машҳур бўлган тарих, фалсафа, луғатшуносликка оид илмий асарлар мумтоз адабиёт намояндалари асарларининг қўлёзмалари тошбосма усули учун биринчи навбатдаги манба вазифасини ўтади ва китобхонларнинг катта қисмига етиб борди. Шу нашрлар туфайли бугун биз қўлёзмалари сақланиб қолмаган ёки камёб асарлар тўғрисидаги маълумотларга эгамиз.

Ўзбек миллий нашр ишида тошбосма усули мустаҳкам ўрин олиши ва ривожланишининг яна бир муҳим омили шуки, турли мактаб ва оқимлари бўлган хаттотлик санъати, кўп миқдордаги муқовасозлик устахоналари мавжуд эканига, уларда ўртача ҳақ эвазига моҳир хаттотлар исталган қўлёзмани қайта кўчириб бериши мумкин бўлганига қарамай, қўлёзмачилик халқнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини қондира олмас эди. Ўша даврда кўпгина мусулмон ўлкаларида тошбосма матбаа мавжуд бўлиб, Марказий Осиёга уларда чоп қилинган анча арзон китоблар келарди. Туркия, Эрон ва Татаристонда нашр этилган асарлар туркистонлик маърифатпарварларнинг кўзларини қиздирар эди. Бундан ташқари, Хива хонлигида китобхонлик маданияти жуда ривожланган, мактаб ва мадрасалар кўп бўлиб, бу ҳам китобга эҳтиёжни оширарди.

Хуллас, Марказий Осиёда тошбосма матбаа пайдо бўлгандан кейин ношир ва китобфурушлар талабдан келиб чиққан холда, ўзининг фан ва адабиёт тарихидан хабардорлиги, хаттотлар маҳорати, Шарқ халқлари китоб фондлари хазинасига асосланиб, турли мавзуларда китоблар чиқаришга киришиб кетган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Edwards E.E. A Catalogue of Persian Printed Books in the British Museum. L., 1922.
  2. Floor W.M. The first printing-press in Iran//ZDMG. 1980. Bd.130. 2 –P. 370.
  3. Ишханян Р. А. Книгопечатание в Армении. XVI-XVII вв. М:, – 1964. – C. 127.
  4. Махмудова Р. Литографированные произведения и их значение в истории узбекской литературы (конец XIX – начало XX.). – Т.: 1971
  5. Рустамов М.И. История книг и книжного дела в Средней Азии (вторая половина XIX –первая четверть XX в.в. Автореферат. дисс. – Т.,1968.
  6. Холматов. Р. «Из истории узбекской старопечатной арабографичной книги и книжной культуры в городах Ферганской долины. (1867-1917)» автореферат. дисс. – Т.,1986.
  7. Ҳусайн Шамс. Матбаачилик ва унинг қисқача тарихи. – Самарқанд. УзГИЗ. – 1930. –Б.56.
  8. Чабров Г.Н. К изучению Среднеазиатского книжного переплета // Народы Азии и Африки. Изд. Академия Наук СССР. – М., 1965. – С.136-141. (ИВАН).
  9. Чабров Г.Н. Книгопечатание в Средней Азии второй половины XIX в. – В. кн.: 400 лет русского книгопечатание (Т.1). М., 1964. – Б.458-462.
  10. Чабров. Г. Н. У истоков узбекской полиграфии. Книга. Исследования и материалы. Сборник IV. Изд. Всесоюзной книжной палаты. – М., – 1961. – С.317.
  11. Щеглова О.П. Иранская литографированная книга. –М. Наука. –1979. – С.254.
  12. Щеглова О.П. Каталог литографированных книг на персидском языке в собрании Ленинградского отделения Института востоковедения АН СССР. – М.: Наука. 1975. I-II том.
  13. Язбердиев А. Гундогар метбечилиги ва коне туркмен басма китоплары. – Ашгабат, 2002. – Б.232.
  14. Язбердиев Алмаз. Книжное дело в древней Средней Азии (1995).
  15. Язбердиев Алмаз. Из истории библиографирования национальной печати народов Средней Азии второй половины XIX и первой четверти XX века. 1974.
  16. Язбердиев Алмаз. Издательское дело в доре­волюционном Туркменистане (1993).,
  17. Язбердиев Алмаз. Старопечатные Туркменские книги. (проблемы собрания, библиографирования и изучения). – М.: Ориент –пресс. 2001. – С.168.
  18. Язбердиев Алмаз. Туркменская книга на арабской графике. (1981 на турк. Язык.).
  19. فهرست كتابهاى جابى فارسى، كرد آورند خانبابا مشار، جلد اول (الف-ت)، جلد دوم (ث-ز)، تهران، 1341-1350-
[1] Эронда “Авлиё Тадеуш ибодатхонаси” деб аталадиган черков ҳозиргача сақланиб қолган.
Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор
Мавлуда Каримова, 
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …