Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси катта ўрин тутган. Айниқса, тафсир, ҳадис, ақида, тасаввуф ва фиқҳ каби исломий илмлар тараққиётида Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шош, Марғилон каби қадимий шаҳарларда фаолият юритган олимлар илмий мероси алоҳида аҳамиятга эга. Қадим Термиздан етишиб чиққан Ҳаким Термизий (820-932) ҳам ана шундай олимлардан биридир. Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир бўлиб, “Абу Абдуллоҳ” куняси, “Ҳаким” (донишманд, ҳикмат соҳиби) унвони ва “Термизий” нисбаси билан машҳур бўлган. Аллома исломий фанларга оид кўплаб китоб муаллифидир. Унинг тафсир, ҳадис шарҳи, тасаввуф, фиқҳ илмларига оид асарлари ушбу фанлар бўйича ёзилган энг қадимги ва мўътабар манбалардан саналади. Шунга қарамай, кўпчилик уни тасаввуф олими сифатида таниган. У Термиз шаҳрида таваллуд топиб, илк таълимни отаси – даврининг таниқли муҳаддис ва фақиҳи Али ибн Ҳасан Термизийдан олган. Отаси вафот этгач, Термиздаги етакчи олимлар қўлида таҳсил олган. Сўнг йирик исломий марказ бўлган шаҳарларга сафар қилиб, у ерлардаги йирик муҳаддислардан ҳадис эшитган.

Алломага тасаввуф олими сифатида қараш натижасида унинг исломий фанлар бўйича мартабаси, айниқса, ҳадис илмидаги даражасига шубҳа билан қараш ҳоллари учрайди. Жумладан, муаррих Камолиддин ибн Адим шундай олимлардандир. Унинг фикри кўплаб олимлар томонидан таҳлил қилиниб, унга муносиб жавоб берилган. Жумладан, йирик муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний “Лисон ал-мийзон” китобида уни тўлиқ нақл қилган: “Биз зикр этганимиз Ҳаким Термизий ҳадис аҳлидан эмас. Унинг ҳадис ривояти ҳам йўқ. Мен уни ривоят илми ва ҳадислар маъносини чуқур англаш (дироят) илмини билади деб ўйламайман…”. Иқтибосни таҳлил қилган Ибн Ҳажар Асқалоний унга муносабат билдириб: “Қасамки, Ибн Адим бу сўзида муболаға қилиб юборди. Буни Ибн Адим ҳам қайсидир имомдан нақл этгани юзасидан илмий омонат ўлароқ бу жойда зикр этдим. Йўқса, бу гапни тилга олмас эдим”, дейди [1: 5,308]. Бундан кўринадики, Ибн Ҳажар Асқалоний Ибн Адимнинг сўзини қабул қилмаган. Қолаверса, илмий доираларда катта  олимлар ҳақида бунга ўхшаш фикрни айтиш тўғри эмас демоқчи бўлган.

Суриялик профессор С.Заккор буни инкор этиб: “Камолиддин ибн Адимдек олимнинг Ҳаким Термизий ҳақидаги бу гапи қаршисида киши ўйга толади. Ибн Адим етук тарихчи олим бўлса, Ҳаким Термизий ҳақида бу гапларни қандай айтиши мумкин?! Йўқ, булар Ибн Адим номидан тўқилган ёлғон бўлса керак. Буни айрим тарихчиларнинг маълумоти ҳам қувватлайди. Унга кўра, Ибн Адим “Буғятут-талаб фи тарихи Ҳалаб” номли тарих китобини ниҳоясига етказа олмаган. Ундан китобнинг қораламаси қолган холос” [7: 12,64]. С.Заккорнинг фикрини китобида келтирган доктор Аҳмад Абдураҳим Сойиҳ унга ҳамфикр эканини таъкидлаб, қораламани нашрга тайёрлаш жараёнида унга айрим асоссиз маълумотлар, жумладан, Ҳаким Термизий ҳақидаги гап ҳам киритиб юборилган бўлиши мумкин эканига ишора қилган [3: 188]. Демак, бу танқид асосли эмас, балки асл манбаси ноаниқ ва уйдирма гап бўлиши мумкин. Қолаверса, бундай фикр билан Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмидаги даражаси тушиб қолмайди.

Ҳаким Термизий мартабасини англаш учун унинг асарлари ҳақида маълумотга эга бўлиши керак. Аллома асарларининг аниқ сони бугунга қадар бирор манбада келтирилмаган. Чунки тарихий манбаларда бу борада турли фикрлар мавжуд. Бу кўрсаткичлар унинг 30 тадан 400 тагача китоб ва рисола таълиф этганига ишора қилади. Жумладан, доктор Али Муҳаммад Бижовий ундан ўттизга яқин рисола ва китоб қолганини айтган [4: 12]. Мисрлик профессор Муҳаммад Жуюший (ваф. 2006) Ҳаким Термизийдан 60 дан зиёд китоб ва катта-кичик ҳажмдаги 200 дан ортиқ рисола қолганини айтган. Шунингдек, у алломанинг 68 та асари номини санаб, баъзилари йўқолгани, айримлари Ҳаким Термизийга тегишли эмаслигини таъкидлаган. Сўнг унинг қўлёзма фондларида сақланаётган қўлёзма китобларидан 50 тасига илмий тавсиф ёзган. Шунингдек, у Ҳаким Термизий илмий меросини мазмунига кўра, тафсир, ҳадис, ақида ва калом илми, фиқҳ, тилшунослик, шариат аҳкомлари фалсафаси ёки шариат мақсадлари, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар каби фанларга таснифлаш мумкин эканини айтган (6: 53-159). Бу эса, Ҳаким Термизийнинг қомусий аллома эканини кўрсатади. Таъкидлаш керакки, бу асарлар тўлиқ ҳадис тўплами бўлмаса-да, Ҳаким Термизий уларнинг барча мавзуларида ҳадис келтирган. Улар орасида “Наводир ал-усул фи маърифати аҳодис ар-Расул”, “ал-Манҳийёт”, “ар-Радду алал-муаттила” каби асарларини тўлиқ ҳадис китоблари деб баҳолаш мумкин. Шунингдек, “ал-Амсол мин ал-Китоб вас-сунна” асари ҳам тафсир ва ҳадис илмига оид мумтоз манба ҳисобланади.  “Ал-Манҳийёт” тўпламида шариатда таъқиқланган амалларга оид ҳадислар  жамланган. “Ар-Радду алал-муаттила” асари мўътазила оқимининг муаттила фирқасига раддия маъносида ёзилган. Бу фирқа Аллоҳ таолонинг азалий олий сифатларини инкор этиш билан машҳур. Ҳаким Термизий уларга Аллоҳ таолонинг қадим сифатлари собит эканига далил бўлган ҳадисларни жамлаб, унда аҳли суннани қувватлаган. Доктор Муҳаммад Жуюший ҳам бу асарлар ҳақида тўхталиб, бу ҳақда фикр-мулоҳазаларини баён қилган [6: 176-178].

“Ал-Амсол минал Китоб вас-сунна” асарини нафақат ҳадислар шарҳи бўйича, балки тафсир илмида ҳам ўзига хос йўналишга асос солган муҳим манба сифатида баҳолаш мумкин. Муаллиф унда Қуръон оятлари ва ҳадислардаги панду насиҳат ва ибратли ҳикматлар акс этган зарбулмасаллардан бир нечтасини  келтириб, уларнинг замиридаги ҳақиқатларни содда ва равон услубда баён қилган. Асар уч қисмдан иборат бўлиб, 1-2 қисмида Қуръон ва ҳадисдаги масаллар, 3 қисмида эса, ҳукамоларнинг масалга айланиб кетган ҳикматли сўзлари баён этилган. Оятлар қисмида 29 та масал 36 та оят мисолида ифода этилган. Суннатлар қисмида эса, масаллар экс этган 32 та ҳадис келтирилган.  Ҳукамолар масалларини шарҳлашда ҳам ҳадислардан унумли фойдаланган муаллиф ушбу бобда 52 та ҳадис келтирган. Асарда умумий 74 та ҳадис қўлланган. Шунга кўра, доктор Муҳаммад Жуюший бу китобни Ҳаким Термизийнинг ҳадислар шарҳига бағишланган асарлари қаторида санаб ўтган [6: 176].

Бу асарнинг илк йиғма-қиёсий матни 1975 йилда доктор Али Муҳаммад Бижовий томонидан нашр этилган. 1987 йилда эса, доктор Саййид Жумайлий таҳрири билан чоп этилган. 2002 йилда Солим Мустафо Бадрий, 2007 йилда шайх Аҳмад Абдул-Ол Таҳтовий томонидан асарнинг шарҳ ва илмий таҳқиқ экани даъво қилинган замонавий нашрлари тайёрланган. Шунингдек, доктор Аҳмад Сойиҳнинг тадқиқ ва таҳрири билан ҳам чоп этилган. Огоҳлантириб ўтиш керакки, сўнги учала нашрни умуман илмий таҳрир ва шарҳ деб баҳолаб бўлмайди. Уларда бирорта шарҳ бўлмаганидан ташқари, ҳатто асар номини хато ёзган ўринлари ҳам учрайди. Марокашлик доктор Холид Заҳрий шу маънода ушбу учала “академик” нашрларни салбий баҳолаган [8: 85-88]. Асарни 2023 йили Б.Аъзамов ва А.Муратов тўлиқ таржима қилди.

Ҳаким Термизийнинг ҳадис шарҳига оид шоҳ асари “Наводир ал-усул фи маърифат аҳодис ар-Расул” экани шубҳасиз. Асарнинг дунё бўйлаб қўлёзма нусхалари тарқалгани, замонасининг илмий доираларида эътироф этилгани, машҳур муфассир ва муҳаддислар ундан истифода олгани ва бошқалар бунга далилдир. Жумладан, 2008 йилда Исмоил Иброҳим Мутавалли Аваз унинг икки жилдли замонавий нашрини, 2010 йилда термизийшунос олим Тавфиқ Маҳмуд Такла етти жилдли илмий-танқидий матнни тайёрлаган. Шунингдек, 2015 йили Доктор Нуриддин Шукрий ибн Али ал-Бурдурий асарнинг олтита қўлёзмаси асосида беш жилдли илмий-танқидий матнни, 2020 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари “Наводир ал-усул” ва “ал-Масоил” асарларини тўрт жилдли илмий-танқидий матнини  нашр қилган. 2021 йилда эса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015) роҳимаҳуллоҳ томонидан асарнинг “Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидаги Нодир асллар” деган ном билан амалга оширилган мухтасар таржимаси нашр этилди. Таржимон ҳаётлигида якунланган ушбу таржима унинг вафотидан олти йил ўтгач илм аҳли қўлига етди.

Асарнинг халқаро миқёсда кенг ўрганилиб, илмий-танқидий матнлари ва таржималари нашр этилиши унинг илмий қиймати юқори эканини кўрсатади.

Ҳаким Термизийнинг муҳаддислар орасида тутган ўрни ва “Наводир ал-усул” китоби мазмуни, уни ҳадис манбалари орасидаги даражасига тўхталган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қуйидагича ёзади: “Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ўз даврида ҳадис илмини яхши ўзлаштирган олимлардан бўлганини у кишининг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганган барча олимлар алоҳида таъкидлайди. У киши Хуросон машойихларининг энг улуғларидандир. Ҳадисларини отаси, Қутайба ибн Саъийд, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий, Яъқуб Даврақий, Али ибн Ҳажар Саъжий, Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий, Утба ибн Абдуллоҳ Марвазий, Яҳё ибн Мусо, Ибод ибн Яъқуб Равожаний, Исо ибн Аҳмад Асқалоний Балхий, Суфён ибн Вакийъ ва бошқалардан ривоят қилган. … Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу улуғ асарини ҳадисларнинг шарҳи бўйича энг қадимги асарлардан десак, муболаға қилмаган бўламиз. …Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу китоби қадимда ҳам машҳур бўлган. Катта уламолар ҳам бу китобдан ўз асарларида иқтибослар келтирганлар [10: 29-53]. Бу сатрлар муаллифи Ҳаким Термизийга ҳадис илми бўйича билдирилган эътирозларни кескин рад қилиб, алломанинг  замондош ва кейинги асрлардаги олимлар назарида юксак қадр-қийматга эга бўлганини таъкидламоқда.

Маҳаллий олимларимиздан И.Усмоновнинг “Наводир ал-усул” асари ҳақидаги фикри ҳам Ҳаким Термизий ҳадис ва тасаввуф илмлари билимдони бўлгани ва асарларида бу уйғунликни татбиқ этганини кўрсатади: “… Ҳаким Термизий ушбу асарида фақат ҳадисларни жамлаш билан чекланмай, ҳар бир ҳадисни муфассал шарҳлаб, унинг ботиний ва зоҳирий маъноларини, ҳикматини кўрсатиб, ҳадиснинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама таҳлил қилади ҳамда ҳадиснинг асл мағзига етиб боришга, уни тўлиқ идрок этишга ҳаракат қилади. Унинг ҳар бир шарҳида тасаввуфий талқин сезилиб туради. Асарда ҳадисларни инсон маънавий-руҳий ва маиший ҳаётида қандай татбиқ қилиш мумкинлиги кўрсатиб берилган” [11: 6].

Ҳаким Термизийга билдирилган танқидларга муқобил равишда унинг машҳур муҳаддис устозлардан таълим олганига ҳам эътибор қаратиш керак. Зеро, устознинг илмий салоҳияти шогирд камолотида катта аҳамият касб этади. Шу маънода алломанинг айрим устозлари ва уларнинг ҳадис илмида тутган ўрин ва мартабаларига қисқача тўхталиб ўтиш муҳимдир.

Аввало, Ҳаким Термизий илм аҳли ва зиёлилар хонадонида таваллуд топган. Отаси Али ибн Ҳасан Термизий унинг илк устозидир. Али ибн Ҳасан  муҳаддис ва ўз даврининг кўзга кўринган фақиҳи бўлиб, кўплаб шаҳарларга илмий сафар қилган. Машҳур муаррих Хатиб Бағдодий унинг Бағдод шаҳрига бориб, у ерда ҳадис ривоят қилгани ҳақида ёзган [2:11,373]. Онаси ва она томонидан бобоси ҳам ҳадис ровийларидан бўлган. Зеро, у “Ар-радду ала-л-муаттила” ва “Наводир ал-усул” асарларида иккита ҳадисни онаси Умму Оишадан, у эса, отаси Саҳлдан ривоят қилган. У онасини “Умму Оиша бинт Саҳл ибн Солим” шаклида зикр қилган [5: 68-99]. Бу ҳолат унинг оилавий илмий силсила ва ҳадис мактаби муҳити таъсирида ёшликдан илмга муҳаббат қўйганини кўрсатади.

Ҳаким Термизийнинг устозлари қай даражадаги муҳаддислар бўлганини билиш учун мусталаҳул-ҳадис илмидаги айрим истилоҳларга тўхталиб ўтиш керак. Унга кўра, муҳаддислар зобти (зеҳни, ҳифзи), ахлоқи ва дин-диёнати, илмий салоҳиятига кўра, олти даражага ажратилади. Ҳар бир даражанинг ўзига хос лақаб – унвони бўлиб, энг юқори поғонани “амирул-муъминин фил-ҳадис” (ҳадис илмида мўминларнинг амири, энг етакчи муҳаддис) илмий унвонига эга муҳаддислар эгаллайди. Суфён Саврий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий ва Имом Муслим каби буюк муҳаддислар шу қаторда саналади [12: 1,3-4]. Яна ушбу фанда “Сиҳоҳи ситта” (Олти ишончли тўплам) деган атама ҳам бўлиб, аҳли сунна ва жамоа олимлари уни фақат саҳиҳ ҳадислар тўпланган олтита китобга нисбатан ишлатади. Улар Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, Имом Муслимнинг “Саҳиҳи Муслим”, Имом Насоийнинг “Сунани Насоий”, Имом Абу Довуднинг “Сунани Абу Довуд”, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий”, Имом Ибн Можанинг “Сунани Ибн Можа” ҳадислар тўпламидир [13: 153].

Шу ўринда Ҳаким Термизийнинг устозларига эътибор қилинса, улар қаторида Хуросоннинг йирик муҳаддиси, “амирул-муъминин фил-ҳадис” даражасидаги Қутайба ибн Саъидни, шунингдек, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ва Суфён ибн Вакиъ каби ўз даврининг пешқадам муҳаддисларини кўриш мумкин. Бу олимлар ушбу “Олти ишончли тўплам” мусаннифларига устоз бўлган. Улардан Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Исо Термизий каби буюк муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Ҳаким Термизий ҳам сафар қилиб, бевосита ушбу зотларнинг ҳадис ҳалқаларида иштирок этиб, улардан эшитган ҳадисларини ривоят қилган. Бу эса, Ҳаким Термизийнинг ушбу муҳаддислар билан устози бир экани, у нафақат тасаввуф илми назариётчиси, балки ҳадис илмида ҳам етук аллома эканини кўрсатади. Зеро, Ҳаким Термизий асарларида ўз санади билан ривоят қилган ҳадисларни кўплаб муҳаддислар ўзининг “саҳиҳ”, “сунан” ва “муснад” туркумидаги китобларида ривоят қилган. Бундан Ҳаким Термизий ривоят қилган ҳадислар ишончли эканини англаш мумкин.

Қолаверса, буюк олимлар таржимаи ҳолига бағишланган манбаларда унинг оддий ровий эмас, балки ҳофиз даражасидаги муҳаддис экани машҳур олимлар томонидан эътироф этилган. Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмидаги даражасини идрок этиш учун, аввало, ҳадис илмлари фанидаги “ҳофиз” деган илмий унвон мазмунини билиб олиш лозим. Имом Заҳабий ушбу даража соҳиби “муснид” ва “муҳаддис” деб аталувчи ҳадисни санади билан ривоят қилиб, уларнинг маъноси ва ровийлари ҳақида илмга эга бўлган муҳаддислардан юқори туришини баён этган [12: 1,3-4]. Маълумки, Имом Заҳабий муҳаддислар даражаcини олтига тақсимлаб, қандай сифатга эга муҳаддис қайси даражада саналишини баён этган. Бу тақсимотга ҳадис илми олимлари рози бўлиб, ҳадис илмида ровийлар даражаси ўша тақсимот асосида аниқланади. Ушбу тақсимотнинг муассиси бўлган Имом Заҳабий (мил. 1274-1348) Ҳаким Термизий ҳақида “Тазкират ал-ҳуффоз” асарида “У зоҳид имом, ҳофиз, муаззин, кўплаб китоб тасниф этган”, деб эътироф этган [12: 2,645]. Имом Заҳабийдек, умумэътироф этилган олим бирор алломанинг илмий салоҳияти ҳақида сўз юритганда унга тамаллуқ қилиши ёки унинг даражасини сохтакорлик билан бўрттириб ёзиши мумкин эмас. У каби олимлар ҳар бир ёзган нарсасига Қиёмат кунида жавоб беришини англаган ҳолда қалам тебратиши шубҳасиз. Шунга кўра, Имом Заҳабийнинг Ҳаким Термизийга берган бу таърифи шаръий омонат юзасидан берилган баҳодир. Шунингдек, “ҳадис илмида мўминлар амири” даражасидаги машҳур муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний (мил. 1371-1448): “У зот мусулмонларнинг имомларидан бири, усулуддин ва ҳадислар маъноларига оид катта китоблар мусаннифи, буюк олимлар билан ҳамсуҳбат бўлган”, деб ёзган [1: 5,308]. Абу Нуъайм Исфаҳоний (мил. 947-1038), Абу Абдураҳмон Суламий (мил. 936-1021), Тожуддин Субкий (мил. 1327-1370) каби олимлар ҳам ўз асарларида унинг Хуросон ва Ироқдаги муҳаддислардан кўплаб ҳадис эшитиб ёзгани, ҳадис ривояти билан шуғулланган йирик муҳаддис экани, фойдали китоб ва рисолалар таълиф этгани ва бошқалар ҳақида маълумот берган [6: 175].

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ҳаким Термизий барча исломий илмлар бўйича қомусий олимдир. Хусусан, унинг ҳадис илмидаги ўрни беқиёс бўлиб, ушбу фанга оид асарлари жаҳон олимлари қизиқиб ўрганадиган классик манбалар қаторидан ўрин олган. Зеро, Ҳаким Термизий ҳам Имом Бухорий ва Имом Абу Исо Термизий таълим олган етакчи олим ва муҳаддислар ҳузурида ҳадис эшитиб, ёзиб олган. Шунингдек, уларни шогирдларига ўз санади билан ривоят қилган ва китобларига киритган. Юқоридаги маълумотларга кўра, Ҳаким Термизий тасаввуф назариётчиси бўлиши билан бирга, Мовароуннаҳр муҳаддиси ҳам бўлган. Шунингдек, у ривоят қилган ҳадисларини ишончли ҳадислар сирасига киради деб ҳисоблаш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. Лисон ал-мийзон. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1998.
  2. Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатиб Бағдодий. Тариху Бағдод. – Бағдод: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2001.
  3. Доктор Аҳмад Абдураҳим Сойиҳ. Ал-Ҳаким ат-Термизий ва назарийятуҳу фис-сулук. – Қоҳира: Мактабату-с-сақофатид-диния, 2006.
  4. Доктор Али Муҳаммад Бижовий тадқиқоти. Ҳаким Термизийнинг “Ал-Амсол минал Китоб вас-сунна” асарининг кириш қисми. – Қоҳира: Мактабату Дар ат-турос, 1975.
  5. Доктор Жўрабек ибн Омон тадқиқоти. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Китобу тафсир ал-Қуръон ал-мусамма Баҳр ат-тафсир. – Истанбул: Дар ал-кутуб ал-арабия, 2023.
  6. Доктор Муҳаммад Иброҳим Жуюший. Ал-Ҳаким ат-Термизий: дироса ли осориҳи ва афкориҳи. – Қоҳира: Дар ан-наҳда ал-арабия, 1980.
  7. Доктор Суҳайл Заккор. Ибн ал-Адим муарриху Ҳалаб ва билоди-ш-Шом. “Наҳжул-ислом” илмий журнали. – Сурия: Визоратул-авқоф, 1982. 12-сон. – Б. 64.
  8. Доктор Холид Заҳрий. Ҳакиму Хуросон ва анисуз-замон. – Работ: Дор ал-Амон, 2013.
  9. Мустафо Абдулқодир Ато таҳқиқи. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул фи маърифати аҳоидсир ар-расул. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1992.
  10. Таржимон: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидаги Нодир асллар. – Тошкент: Hilol-Nashr, 2021.
  11.  Таржимон: Иброҳим Усмонов. Ҳаким Термизий асарларидан сайланма. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2017.
  12. Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1998.
  13. Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда таҳқиқи. Шайх Тоҳир Жазоирий. Тавжийҳун-назар ила усулил-асар. – Ҳалаб: Мактабатул матбуотил исломия, 2010.
БАҲОДИРЖОН АЪЗАМОВ,
ЎзХИА таянч докторанти,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …