Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Навоий асарлари қўлёзмаларига азалдан талаб катта

Навоий асарлари қўлёзмаларига азалдан талаб катта

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия ва АҚШдан олимлар иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, филология фанлари доктори Афтондил Эркиновнинг “Алишер Навоий қўлёзмалари: XV-XIX асрлар мавзусидаги маърузаси тингланди.

Олим даставвал Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига қисқача тўхталди. Шоир ва давлат арбоби 10-12 ёшидан ғазаллар битгани, аксари туркийда бўлган 30 дан ортиқ асар ёзгани, кўплаб шаҳарларда бўлгани, Ҳусайн Бойқаро билан болаликдан дўст тутиниб, улғайганидан кейин унинг саройида садоқат билан хизмат қилгани таъкидланди.

Туркий адабиётнинг улкан намояндаси бўлган, ҳамма даврларда ғазал мулкининг султони деб улуғланган, хамсанависликда “Низомий панжасига панжа урмоқ”қа журъат қила олган Ҳазрат Навоий умрининг сўнгги ўттиз йилида йирик ҳажмли муҳим лирик ва эпик, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарлар ёзган. Унинг олти достони 60 минг мисрадан иборат. “Хазоинул маоний” (“Маънолар хазинаси”) номли тўртта девони 50 минг мисрани ташкил қилади.

Олим Навоий асарларининг қўлёзмалари бўйича алоҳида маълумот берди. Таъкидланганидек, шоир асарлари акс этган қўлёзмалар туркий дунёда кенг тарқалган. Уларни кўчирган хаттотлар ҳақида ҳам алоҳида рисола чоп этилган. Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Шарқ қўлёзмалари марказида Навоий “Хамса”сининг XV-XX асрларда кўчирилган 180 та қўлёзма нусхаси сақланади. Беш аср давомида Навоий асарларининг юзлаб нусхалари кўчирилган. 1879-1917 йиллар оралиғининг ўзида шоир асарлари Ўрта Осиёда тошбосма усулида 100 марта босилган. Бу рақамлар ҳар қандай ижодкор учун жуда юқори кўрсаткичдир.

Маърузачи тилга олинган рақамлар фақат Ўрта Осиёга тааллуқли экани, Навоий асарлари Кавказда ҳам машҳурлиги ва пухта ўрганилганини қайд этди. Олимларнинг фикрича, шоир асарлари қўлёзмалари камида 1000 нусхада кўчирилган, тахминий-қиёсий фаразларга кўра эса, уларнинг сони 3500 га етади.

Профессор А.Эркинов Навоий асарлари қўлёзмаларини кўчирган хаттотлар, шоир ҳаётлигида битилган қўлёзмалар тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашиб, бу нусхаларнинг айримларини намойиш этди.

Якунда маърузачи Алишер Навоий асарларининг жаҳон қўлёзмалари каталогини яратиш борасида бошланган амалий ишларни жадаллаштириш заруратини қайд қилди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …