Home / МАҚОЛАЛАР / АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МЕРОСИ 

АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МЕРОСИ 

Ҳозирги кунда ислом дини ва ҳанафий мазҳабининг асл моҳиятини тушуниб етиш уламолар қолдирган илмий меросга боғлиқ. Бу йўлда юртимиздан чиққан буюк алломалар асарларини ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, балки ўзга ислом ўлкаларидан етишиб уламолар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Хусусан, бу борада ҳинд уламолари қолдирган илмий меросни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки Ҳиндистонда ислом динининг кенг ёйилишига юртимиздан етишиб чиққан уламоларнинг катта ҳиссаси бор. Шу сабабли ҳам у ерда мусулмонларнинг кўпчилигини ҳанафийлар ташкил этади ва ислом олийгоҳларида Бухоро мадраса таълим тизими давом етиб келмоқда. Натижада ҳинд юртидан муфассир, муҳаддис, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи, шунингдек фиқҳ, усул, мантиқ уламолари етишиб чиқди. Улар қолдирган “Фатово Ҳиндия”, “Эълаус сунан” каби асарлар ниҳоятда машҳур бўлди. Шундай алломалардан бири Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий бўлиб, унинг ёзган асарларини ўрганиш муҳим саналади.

Аллома 120 га яқин китоб ёзган бўлса, уларнинг 50 дан зиёди фиқҳ йўналишига бағишланган. Бу рисолалар турли фиқҳий масалалар, уларнинг фатволари, салаф ва мутааххир уламоларнинг кучли фикр ва далилларини ўз ичига олган.

  1. Окомун нафоиси фи адоил азкори билисанил фориси (Форс тилида зикр қилишга доир нозик масалалар).

Маълумки, ажам (араб бўлмаган) диёрларида форс тили араб тилидан кейинги муҳим тил бўлган. Бизларгача етиб келган шариат манбаларинг аксарияти араб тилида ёзилган. Шундай бўлса-да, форс тилида ёзилган манбалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шу сабабли халқимизда ибодатдаги зикрларни форс тилида айтиш урф бўлган. Бу рисола форс тилида ёзилган. Унда ислом динига оид асосий китобларда учрамайдиган форс тилидаги ибодатга тааллуқли фиқҳий ҳукмлар жамланган. Аллома намозга оид, яъни азон, унга жавоб қайтариш, иқомат, намозни бошлашдаги ният, такбир таҳрима (намозга киришиш такбири), қироат, ташаҳҳуд, қунут дуоси, намоздан кейинги дуо, саждаи тиловат, жума хутбаси каби зикрларнинг қандай ҳолатда форс тилида айтиш жоиз ва қайси вазиятда жоиз эмаслигини баён қилган. Масалан, Қуръони каримдан бир сурани форс тилида ўрганган киши уммий (саводсиз) дейиладими ёки йўқми?, Имом жаноза намозидаги дуони форс тилида айтиши мумкин ёки йўқ? каби масалаларни қамраб олган. Бундан ташқари, форс тилида ёзилган Қуръонни ушлаш, жонлиқ сўйилишида басмалани форсча айтиш, ҳаж, имон ва бошқа ислом рукнларида форс тилининг қўлланиши ҳақидаги масалаларни киритган. Лакнавий томонидан бу масалалар далилларни келтириш билан баъзида қисқа, баъзида кенг баён қилинган.

Алломанинг сўзларига кўра, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги зикрларнинг форсча айтилишини араб тилида айтишга қодир бўлган кишига ҳам рухсат берган. Аммо икки шогирди Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад буни фақат араб тилида мутлақо сўзлаша олмайдиган кишигагина рухсат берган. Мутааххир уламолар қабул қилган сўз ҳам мана шудир. 

Аллома бу масалалар юзасидан фатво беришда саҳиҳ ҳадис тўпламлари ва ҳанафий мазҳабида мўътабар саналган “Дуррул мухтор”, “Ҳидоя”, “Мужаммиъ”, “Баззозийя”, “Муҳит”, “Захира”, “Қозихон” ва бошқа шу каби манбалардан фойдаланган.  

  1. Иҳкамул қантарати фи аҳкамил басмалати (Басмаланинг[1] ҳукмларидаги воситани мустаҳкамлаш).

Аллома бу рисолада басмалага оид ҳукмларни жамлаб, Фотиҳа сурасидаги басмала каби хилофли масалаларни ёритиб берган. Абдулҳай Лакнавий бу рисола ҳақида қуйидагиларни айтган: “Унда басмалага оид турли хил масалаларни жамладим. Ҳукмларни мустаҳкамлаш мақсадида, бошқа фойдали масалаларни ҳам далиллари билан киритдим”.

Рисола икки бобдан иборат бўлиб, биринчи боб басмаладаги ихтилофли масалалар ҳақидадир. Унда басмалага оид тўққиз хил ҳолат айтилиб, бу борада ҳар бир мазҳабнинг далили келтирилган. Жумладан, ҳанафий уламолари далилини қувватлаб, қуйидагича нақл қилган: “Басмала алоҳида бир оят бўлиб, фотиҳадан ҳам ва бошқа суралардан ҳам эмас. У сураларни бошлаш ва уларнинг ўртасини ажратиб туриш учун қўлланилади”. Қолаверса, “Басмала фотиҳа сурасидан бир оят”, “Ҳар бир суранинг биринчи ояти”, “У алоҳида бир оят эмас”,  дегувчиларга қарши бирма-бир далилларни айтиб ўтган.

Кейин басмалани суралардан бир жуз эканини инкор қилувчи уламоларнинг фикрларини Набий соллаллалоҳу алайҳи васаллам ҳадислари билан исботлаб берган.

Аллома биринчи бобни қуйидагича якунлаган: “Аммо мутааххир уламолардан “Басмала Фотиҳа ва ҳар бир сурадан бир жуз” дегувчилардан кўра, “У Қуръондан бир оят” деганларнинг далили қувватлидир. Шу сабабли кўпчилик уламолар “У Қуръондан бир оят, сурадан эмас” деган фикрга тўхтади. Буни англа!”.

Иккинчи бобда басмалага оид ҳукмлар баён қилинган. Масалан, ҳожатхонага киришдан олдин, истинжо вақти, таҳоратни бошлаш, Қуръон ўқишда басмала айтилиши, бир ишни бошлашда басмалани жаҳр ёки махфий айтиш, намозда басмаланинг айтилиш ўрни, таровеҳ намозида ихлос сурасини уч марта такрор ўқиш макруҳлиги, қунут ва ташаҳҳудни бошлашда басмалани айтмаслик, жунуб кишининг басмалани фақат бирор ишни бошлаш ёки шукр қилиш учун айтиши жоизлиги, “Басмала Қуръондан оят эмас” деган кишининг кофир бўлмаслиги ва ҳаказолар ҳақидаги масаларни қамраб олган.

  1. Иқоматул ҳужжати ала аннал иксора фит тааббуди лайса бибидъатин (Кўп ибодат қилиш бидъат эмаслигига ҳужжат келтириш).

Бу рисоланинг ёзилишига сабаб аллома бир кишининг: “Ибодат қилишга тиришиш, кечани ухламасдан ибодат билан бедор ўтказиш, намознинг бир ракатида Қуръонни хатм қилиш, бир неча юз ракат нафл намоз ўқиш ва шунга ўхшаш ибодатларни бидъатга чиқараётганини  эшитиб қолади. Унинг шубҳаларини бартараф этиб, раддия берди. Аммо бу фитна омма ва хоснинг ўртасида ёйилиб бўлган эди. Улар бор овози билан: “Ибодатда риёзатни кўпайтириш ҳақида: “У қабиҳ бидъатдир. Бу ишлар салаф ва халаф уламоларнинг обрўйига путур етказади”, деб” мужтаҳид уламолардан нақл келтиришар эди. Абдулҳай Лакнавий бу масаладаги ўрта йўлни очиқ баён қилиб, уларга қаттиқ раддия берган.  

Аллома бу рисола орқали кечаси билан намоз ўқиш, бир кунда Қуръонни ўқиб тугатиш ва шунга ўхшаш тиришқоқлик ва риёзат билан қилинадиган ибодатлар бидъат эмаслигини асослаб берган. Бу ибодатлар шариатда ман қилинмагани, балки унга тарғиб қилинадиган чиройли иш эканини таъкидлаган. Лекин қуйидагиларни шарт қилиб қўйган:

  1. Бу ибодатларда малолланмаслик. Чунки у ибодатдаги лаззат ва қалб ҳузурини кетказади.
  2. Нафсига машаққатни юкламаслик.
  3. Нафл ибодатлардан кўра аҳамиятли ишларни ўтказиб юбормаслик.
  4. Аҳли оила ҳаққига ўхшаш шариат буюрган ҳақларга тажовуз қилмаслик.
  5. Шариат рухсат берган ишни бекорга чиқармаслик.
  6. Шариат вожиб қилмаган ишни ўзига вожиб қилиш ва шариат ҳаром қилмаган нарсани ўзига ҳаром қилмаслик.
  7. Ибодат арконларини тўла-тўкис бажариш.
  8. Фарз ибодатларида давомли бўлиш. Уларнинг вақтини узрсиз ўтказиб юбормаслик.
  9. Кишининг ибодатдаги ғайрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар қилган ибодатларини кам санашга сабаб бўлмаслиги.
  10. Имамул каломи фимо ятаъаллақу билқироати холфал имами (Имомнинг орқасида қироат қилишга тааллуқли бўлган фатвонинг сараси).

Муқтадининг (намозда имомга эргашган киши) имом орқасида фотиҳа сурасини ўқиши ёки ўқимаслиги ҳанафийлар ва аҳли ҳадис ўртасидаги тортишувли масалалардан бири ҳисобланади. Бу масалани Абдулҳай Лакнавий қуйидагича баён қилган: “Мен бу баҳсли масалада ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун кўплаб манбаларга мурожаат қилдим. Натижада, бу масалада ҳақиқатни тан олмасдан ўз фикрида маҳкам туриб олган ва талашиб тортишадиганлардан юз ўгирдим. Чунки улар ҳақиқатни кўрмайдиган ва эшитмайдиган кишилар тоифасидан эди. Ваҳоланки, мен ҳар бир баҳсда ўрта йўлни тутардим. Лекин улар на қулоқ солишар, на диққат-эътиборини бу масалага қаратарди. Шу сабабдан    холис ниятли бир тоифа мендан бу масала ҳақида бир рисола ёзишимни талаб қилди. Мен уларнинг талабини рад этишга бирор узр тополмадим. Эътиборимни уларнинг мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратдим”.

Бу рисола уч бобдан иборат. Биринчи бобда бу масала юзасидан саҳоба ва улардан кейинги уламолар томонидан билдирилган ихтилофли фикрлар келтирилган. Шу билан бирга, ҳар бир фикр билдирувчининг далили ва мазҳаблар ўртасидаги усул ва фуруъ қоидаларини айтиб ўтган. Аллома бу далилларга ўз эътирозини билдирган ўринлар ҳам бор. Иккинчи бобда тўртала мазҳаб соҳибларининг Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсдан иборат далилларини келтирган. Аллома учинчи бобда далилларнинг энг кучлиларини баён қилган. Бу борада қуйидаги сўзларни айтган: “Имомнинг орқасида қироат қилиш масаласи ҳақида келган далилларнинг барчаси суянадиган санади бор ҳадислардир. Аммо “Имомнинг орқасида Фотиҳани қироат қилганнинг намози бузилади” деган масалага бирорта санади ишончли саҳиҳ ҳадис топмадим. Чунки ҳамма макруҳ ёки бидъат ҳам намозни ботил қилмайди”.

Алломанинг “Туҳфатул ахёр фи иҳяи суннати саййидил аброр” (“Аброрлар саййидининг суннатини тирилтиришда ахёрлар туҳфаси”), “Туҳфатут талаба фи таҳқиқи масҳур рақаба” (“Бўйинга масиҳ тортиш ҳақида”), “Туҳфатул нубалау фи жамаъатин нисаи” (“Аёллар жамоати ҳақида машҳур фатволар”), “Ат-таҳқиқул ажибу фит тасвиби” (“Тасвиб[2]даги ажойиб ҳақиқатлар”), “Сабоҳатул фикри фил жаҳри биззикри” (“Зикрни жаҳр қилишдаги афзал фикр”) каби фиқҳга оид рисолалари  бор. Уларда ҳам ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикр ва мулоҳазалари ёритилиб, уларнинг афзаллик жиҳатлари исботлаб берилган.

Ўтган уламолар илмий меросидан хабардор бўлиш бизга ҳанафий мазҳабини чуқур ўрганиш билан бирга ақидавий, ижтимоий, ахлоқий, ҳуқуқий масалаларни ўрганишга ҳам ёрдам беради. Булар бугунги авлодга ибрат ва ўрнак бўлади, тўғри йўлдан адашмаслик учун пойдевор вазифасини ўтайди. Аксинча, ислом умматининг баъзи илмлардан бехабар қолиши ёки кам қисми билан чекланиши мусулмонлар аҳволининг ёмонлашишига, низоларнинг кўпайишига, хусуматчилар ўртасида жанжал келиб чиқишига сабаб бўлади. Абдулҳай Лакнавий қисқа умри давомида қолдирган бой илмий мероси юртимизда ҳанафийлик мазҳабини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда бирламчи манба бўлиб хизмат қилади.

[1] Басмала – Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
[2] Муаззиннинг азондан кейин масжид ҳужраларидаги кишиларни намозга чорлови.
Отабек Бахриев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …