Маълумки, советлар ҳукмронлиги даврида барча йўналишлар қатори, диний соҳада ҳам мустамлакачилик сиёсати амалга оширилди. Диний қадриятларимизни тақиқлаш, ўрганишни чеклаш, алломаларимиз илмий меросини халқимиздан яшириш ва бошқалар шулар жумласидандир. Натижада, буюк алломаларимизнинг кўплаб нодир асарлари йўқотилди, муқаддас қадамжолар оёқ ости қилинди, тарихий бинолар, қабристонлар бузиб ташланди. Бундай ҳолат халқимиз маънавий ҳаётида оғриқли из қолдирди.
Совет ҳукмронлиги даврида ҳукумат томонидан амалга оширилган динга қарши сиёсат туфайли диний муассасалар, хусусан, масжидлар сони йилдан йилга камайиб борган. Жумладан, 1917 йилда собиқ Россия империяси ҳудудида масжидлар сони 25 мингтани ташкил этган бўлса, 1970 йилга келиб, бу давлатнинг вориси ҳисобланган Совет Иттифоқида уларнинг сони 500 тага тушиб қолган эди [2:176]. 1980-йиллар охирига келиб, Совет Иттифоқининг деярли 45-50 миллион аҳолиси ўзини мусулмон ҳисоблаган бўлса, улар ибодат қилаётган масжидлар сони юқорида келтирилган рақамдан ошмади. Бу даврда расман рўйхатга олинган масжид ва мадрасалар ташқарисида диний фаолият билан шуғулланиш ман этилди [5].
Бу даврда совет ҳукумати халқаро майдондаги айрим жиҳатлардан кўз юма олмас эди. Хусусан, Вьетнам уруши, Яқин Шарқдаги можаролар, кучайиб бораётган совуқ уруш шароитида ислом дунёси мамлакатларининг хайрихоҳлигига эришиш лозим эди. Шу мақсадда, ички сиёсатда ҳам дин борасида айрим тадбирларни амалга оширишга мажбур бўлди. Имом Бухорийнинг 1974 йилда 1200 йиллигининг нишонланиши шу мақсадда қўйилган қадамлардан бири эди. Бу амалда халқаро аҳамиятга эга воқеа бўлди. Шу йили 20-23 август кунлари ўтказилган «Имом ал-Бухорий ва бугунги кун» мавзусидаги илмий конференция мазкур байрамнинг якуни бўлди. Унда барча Диний бошқармалар ва юзга яқин масжид вакиллари иштирок этди. Конференцияда собиқ Иттифоқнинг кўзга кўринган диний арбоблари билан бир қаторда Осиё, Африка ва Европанинг 27 та давлатидан 60 дан ортиқ йирик илоҳиётчи олимлар ва дин арбоблари, шунингдек, Бутунжаҳон Ислом Лигаси вакиллари қатнашди [1:80].
Собиқ Иттифоқда 1985 йилдан совет жамиятини янгилаш борасида чуқур ислоҳотлар бошланди. Бу даврда ҳуқуқий давлат қуриш, янгича сиёсий фикрлаш, социализмнинг янгича қиёфаси каби масалалар билан бир қаторда, давлат ва дин муносабатларини яхшилаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Бу ишлар натижасида 1989 йил май ойида КПСС Марказий Қўмитасининг Идеология комиссияси мажлисида «Виждон эркинлиги тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. 1988 йилда Русда христианлик жорий этилганининг 1000 йиллигини нишонлаш нафақат христиан черкови учун, балки мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу давлат ва дин муносабатларида юз бераётган ижобий ўзгаришлардан далолат эди [1:83].
Бундай ўзгаришлар тезда Ўрта Осиё республикаларига ҳам етиб келди. Хусусан, 1988-1989 йилларда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида масжидлар очилди, 1930-1950 йилларда тортиб олинган қатор мақбара ва масжидлар диндорларга қайтариб берилди. Ҳукуматнинг махсус қарори билан Қуръони каримнинг нодир нусхаси – Мусҳафи Усмон мусулмонларга қайтариб берилди. Бундан ташқари, «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали олти тилда (ўзбек, араб, форс, дарий, инглиз ва француз тилларида) чиқарила бошлади. Шу билан бирга, тақвим (ой календари), диний брошюра ва плакатлар ҳам чоп этиш йўлга қўйилди. Буюк муҳаддис Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллигига бағишлаб, диний бошқарма томонидан «Саҳиҳул Бухорий», «Сулосиёт ал-Бухорий», «Ал-адаб ал-муфрад» каби асарлари чоп этилди. Шунингдек, Имом Термизийнинг 1200 йиллигига бағишлаб, беш жилдлик асарлар тўплами нашр қилинди [1:84].
Бу даврда маҳаллий кадрлар юртимизда диний қадриятларни асраб-авайлаш борасида жонбозлик кўрсатди. Мана шундай шахслардан бири Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, собиқ муфтий Зиёвуддинхон Эшон Бобохон ўғли эди. Унинг ташаббуси билан 1971 йил 1 ноябрда «Олий диний мадраса» ташкил этилди ва «Намозгоҳ» масжидида фаолият юритди. Юқорида айтилганидек, 1974 йилда Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллик юбилейининг кенг нишонланиши муносабати билан ушбу билим даргоҳига буюк ватандошимизнинг номи берилиб, олий маҳад, яъни Тошкент ислом институти деб юритила бошланди [8]. Ушбу таълим даргоҳи собиқ Иттифоқда ягона эди. Шу сабабли, бу ерга СССРнинг бошқа мусулмон ўлкаларидан ҳам талабалар таҳсил олган. Яратганни инкор этувчи тузум шароитида олий диний билим юртини очиш катта жасорат талаб қилар эди. Шу сабабли, Тошкент ислом институти юқорида айтилганидек, собиқ Иттифоқда ягона бўлиб, Кавказорти, Шимолий Кавказ, СССРнинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармаларининг бўлажак кадрлари ҳам шу ерда таҳсил олган. Аммо таҳсил олувчилар сони кам бўлиб, бу ўз навбатида, диний соҳага ихтисослашмаган олий ўқув юртлари билан солиштирганда катта фарқни ташкил қилар эди. Бу ҳолат эса диний соҳа фаолиятини чеклар эди. Хусусан, 1980 йил ҳолатига кўра, олий маҳадда 30 киши таълим олганини кўриш мумкин [1:103].
Шу ўринда, бу даврда буюк алломалар абадий қўним топган жойларнинг харобага айлантирилган тўғрисида ҳам айтиб ўтиш жоиз. Маълумки, Имом Бухорий дафн этилган жойда (ҳозирги Пайариқ тумани, Хартанг қишлоғи) XVI асрда кичиккина мақбара тикланган, ёнига масжид қурилиб, ҳовлисига бир неча туп чинор экилган эди. Совет ҳукмронлиги даврида эса, Алломанинг нафақат илмий меросини ўрганиш ишларига эътибор берилмади, балки унинг қабри жойлашган ҳудуд харобазорга айлантирилди. Бундай ҳолатдан нафақат юртимиз мусулмонлари, балки айрим нуфузли хорижий меҳмонлар ҳам норози бўлган эди. Ливаннинг таниқли жамоат арбобларидан бири Шайх Наим ал-Жисрнинг 1956 йилдаги Совет Иттифоқига ташрифи бу фикримизни исботлайди. Халқаро майдонда ўзига тарафдорлар йиғиш билан машғул бўлган совет ҳукумати мусулмон мамлакатлари билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Бундан асосий кўзланган мақсад, бу мамлакатларни унинг геосиёсий рақиби АҚШ томонига оғиб кетишнинг олдини олиш эди. Шу билан бирга, бу икки буюк давлатни ушбу давлатларнинг табиий захиралари ҳам қизиқтирар эди.
Шу мақсадда совет ҳукумати мусулмон мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш пайига тушади. Бунинг учун биринчи бўлиб, советларга хайрихоҳ Ливан мамлакати танлаб олинади. Ливаннинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари мамлакатга таклиф қилинади ва ўзини диний соҳада очиқ мамлакат сифатида кўрсатишга уринади. Аммо совет ҳукуматининг бундай ишлари ўзи кутган натижани бермайди. Юқорида исми келтирилган Ливанлик йирик жамоат арбоби Шайх Надим ал-Жиср бошлиқ меҳмонлар Совет Иттифоқига ташриф буюргач, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш истагини билдиради. Табиийки, бу вақтда Аллома қабри хароб аҳволда бўлиб, унинг атрофи пахтазорга айлантирилган, ёнидаги масжидда эса кимёвий ўғитлар сақланар эди. Шу билан бирга, совет расмийларининг ҳеч бири Имом Бухорий қабри қаерда экани тўғрисида маълумотга эга эмас эди.
Тезкорлик билан амалга оширилган суриштирувлар натижасида Аллома қабри Самарқанд вилоятининг Хартанг қишлоғида экани маълум бўлади. Совет махсус хизматлари ливанлик муфтийни атай поездга чиқаради. Чунки меҳмон Тошкентга етиб келгунича мақбарани бироз яхшилаш ва масжидни таъмирлаш кўзда тутилади. Бу пайтда атрофдаги қишлоқ аҳли бу ишга имкон қадар ёрдам беради. Улар мақбара ва масжид атрофини чиқинди уюмлардан тозалаш учун уч-тўрт кун тинмай ишлайди [9].
Шайх Надим ал-Жиср саҳар вақти Хартангга келади. Машинадан тушиб, Имом Бухорий мақбараси томон юра бошлайди. Ногаҳон, кузатиб келган ва пешвоз чиққанлар ўртасида ўтириб олади. Ҳамма уни ҳайрон кузатиб турарди. У Қуръон тиловат қила бошлайди. Шу ҳолда пешингача ўтиради. Юмиб олган кўзларидан тўхтовсиз ёш оқади. Ниҳоят, у тиловатни тўхтатади. Ўрнидан туриб, ёнидагилардан: «Энг каттангиз қайсингиз? Мен Республика Президенти билан учрашишни хоҳлайман», дейди. Меҳмонни Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг ўша пайтдаги раиси қабул қилади. Учрашувда ливанлик муфтий Имом Бухорий мақбараси ва атрофидаги тупроғининг вазнига тенг оғирликда олтин бериб, сотиб олиш истагини билдиради. Президиум раиси унга бу ёдгорлик Имом Бухорийнинг юксак мақомига мос равишда қайта қурилишини айтади [3:24-25]. Шайх Надим ал-Жисрийнинг сафари шундай тушкун кайфиятда ниҳоясига етади. Меҳмон ўз юртига қайтиб кетгач, у ерда узоқ йиллар муфтий лавозимида фаолият юритади. Аммо унинг бу масалани бирор жойда кўтаргани тўғрисида маълумот мавжуд эмас.
Бу даврда Совет Иттифоқига ташриф буюрган мусулмон мамлакатлари етакчилари ҳам Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш истагини билдиради. Бунда 1956 йилда Индонезия Президенти генерал Сукарнонинг ташрифи муҳим аҳамиятга эга. Совет Иттифоқига ташриф давомида меҳмон давлат президенти Самарқанддаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилади [4]. Шу ўринда айтиш мумкинки, Президент Сукарно улуғ аллома қабрини зиёрат қилиш орқали Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги зиёрат туризмига асос солган шахс сифатида тарихга кирди. У Ўзбекистонга сафари сўнгида ўзбек халқини «Кўзга узоқ, қалбга яқин» маъносидаги индонез мақоли орқали таърифлаган эди [6].
Совет ҳукмронлиги даврида нафақат Имом Бухорий абадий қўним топган маскан, балки бошқа улуғ алломалар ётган жойлар ҳам харобазорга айлантирилди ёки бузиб ташланди. Имом Мотуридий Шайх Абу Наср Марғиноний қабри ҳам шулар жумласидандир. Ушбу икки аллома қабри рус босқини ва совет тузуми даврида унутилди ва топталди. Бу қабрлар жойлашган Чокардиза қабристонининг катта қисми 1947 йилда аҳолига берилади. Аслида Чокардиза қабристонининг бу ҳолати Бухоро амири Насрулло даврида бошланган эди. У 1840 йиллар атрофида исломни қабул қилган ва халқ орасида «чала» деган ном олган Самарқанддаги яҳудийларга ушбу қабристоннинг бир чеккасини ажратиб, алоҳида яҳудий маҳалласи ва қабристонини барпо этишга рухсат берган эди. Бундай калтабинлик оқибатида қанчадан қанча азиз уламолар хоки яҳудийлар тиклаган ҳовли жойлар остида қолиб кетади. Ҳатто, ўша пайтда айрим ҳовлиларнинг саҳни жуда машҳур уламоларнинг қабртошлари билан ёпилган. 1878 йилда аллақачон ўз аҳдидан қайтган яҳудийлар Чокардизада девор тиклаб, ўз қабристонини алоҳида қилиб олади. Бу ерда улар синагога ҳам тиклайди [7]. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Чокардиза қабристони ислом оламида Макка ва Мадинадан сўнг улуғ уламолар дафн этилган учинчи мўътабар жой сифатида тан олинади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, совет ҳукмронлиги йилларида Ўзбекистонда диний қадриятларимизга қарши кураш олиб борилди. Бу ҳолат турли кўринишларда рўй берди. Алломалар асарларини йўқ қилиш, улар қўним топган масканларни харобага айлантириш ёки бузиб ташлаш, диний таълимни чеклаш ва бошқалар шулар жумласидандир. Шунингдек, бундай ишларни амалга ошириш учун турли йилларда тегишли қарорлар эълон қилинди. Ҳукумат томонидан тазйиқ ва сиқувларга қарамасдан, юртимизнинг асл фарзандлари нафақат диний қадриятларимизни сақлаб қолишга интилди, балки уни ривожлантириш чораларини кўрди. Совет ҳукумати даҳрийлик сиёсатини ташқи сиёсий ҳолатига қараб ўзгартириб турди. Мусулмон мамлакатларига ўзини диний сиёсатда очиқ кўрсатишга уриниши ортидан айрим чекловларни юмшатишга мажбур бўлди. Аммо шундай бўлса-да, бундай тазйиқ ва чекловлар Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгунга қадар у ёки бу тарзда давом этди.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Ғафуров У. Ўзбекистонда ислом таълими тизими: шонли тарих, истибдод зулмидан омон қолиш ва нурли истиқбол. Монография. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи, 2023.
- Зиёева Д. Туркистонда миллий-озодлик ҳаракати (Мустабид тузумга қарши 1916 йил ва 1918-1924 йиллардаги халқ курашлари тарихшунослиги). – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2000.
- Имом Бухорийга ҳурмат: истиқлолгача, истиқлолдан сўнг. Ҳидоят журнали, 2011 йил 8 сон.
- http://old.muslim.uz/index.php…
- https://bestpublication.org/in…
- https://islom.uz/maqola/11525
- https://kh-davron.uz/ijod/maqo…
- https://oliymahad.uz/institut-…
- https://ziyouz.com/books/jurna…