Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШ ВА ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН БИЛИМЛАР(3-қисм)

ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШ ВА ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН БИЛИМЛАР(3-қисм)

Маълумки, ҳадис илми Аллоҳ ҳузуридаги илмларнинг энг буюгидир. Исломнинг илк даврлариданоқ уни ўрганишга қизиқиш кучли бўлган. Бизнинг юртимизда ҳам ислом кириб келиши билан ҳадисларга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳадис илмидан таълим олиш ва таълим бериш кучли рағбатлантирилган. Шу сабабли юртимиздан кўплаб муҳаддис уламолар етишиб чиққан. Аммо улар ҳадислардан ҳукм чиқармаган. Ҳадислардан ҳукм олиш калом ва фиқҳ илми уламолари эътиборига ҳавола қилинган. Чунки мустақил равишда ижтиҳод қилиб, ҳадислардан ҳукм чиқариш ва уларни амалиётга татбиқ этиш, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кишидан бир қанча илмни талаб қилади. Қуйида бу илмлар рўйхатини давом эттирамиз. Киши ҳадисдан ҳукм чиқариш учун яна қуйидаги билимларни ўзлаштириши зарур:

  1. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва тарихини билиш. Ҳадиснинг айтилиш сабаби, зоҳирий маъноси ва мақсадини яхши тушуниб етиш, ундаги ҳукмнинг хос ёки умумга оидлигини ажратиб олиш уни тўғри талқин қилиш учун зарурий омиллардан ҳисобланади. Баъзи ҳадисларнинг айтилиш сабаби ва ўзига хос мақсади бор. Айримларида муайян бир шахс, замон, макон ва шарт-шароитга оид муаммолар айтилади.
  2. Ҳадис санадининг муттасил (узлуксиз) ёки мунқатиъ (узилган) эканини билиш. Ровийлар занжирида узилиш бўлган, санади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормаган ҳеч бир хабар қабул қилинмаган. Силсиладаги барча ровийлар ишончли экани аниқланганда ҳам бу ўша ҳадиснинг саҳиҳ эканини билдирмайди. Санаднинг муттасиллиги ва бирорта ҳам ровий тушиб қолмагани ҳам исботланиши лозим. Қайсидир ўринда ровийнинг тушиб қолгани аниқланса, ҳадис ишончсиз ҳисобланади. Санаднинг узлуксизлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳадис эшитганини даъво қилган киши билан кўришган-кўришмаганини аниқлаш лозим. Ҳадис илми уламолари бундай қийин ва нозик ишни юксак даражада, аниқлик билан адо этган. Ҳар бир ровийнинг ишончлиги ва хотирасини таҳлил қилиш билан бирга, унинг устозлари ва талабаларини ҳам ўрганган.

Мухтасар айтганда, ровийларни танқидий нуқтаи назардан ўрганишда муҳим саналган бундай текширув занжирнинг узлуксиз ёки бунинг акси эканини аниқлаш билан боғлиқ. Дейлик, ровий ҳадисни унга ҳавола қилган кишидан бевосита эшитмагани аниқланса, бундай хабар “мунқатиъ” (узилган) саналади ва ишончли ҳисобланмайди.

  1. Ҳадиснинг саҳиҳ ё заифлигини билиш.
  2. Ҳадиснинг мақбул ё мардуд эканини аниқлай олиш.
  3. Мақбул саҳиҳ ҳадиснинг маъмулун биҳ ё ғайри маъмулин биҳ эканини билиш.
  4. Мақбул саҳиҳ ҳадиснинг муҳкам ё муташобиҳлигини аниқлай олиш.
  5. Мақбул саҳиҳ ҳадиснинг хос ё оммага тааллуқли эканини билиш.
  6. Ҳадиснинг зоҳирий ва ботиний маъноларини англаш.
  7. Ҳадиснинг мусулмонлар учун долзарб ё аксинча эканини билиш.
  8. Ҳадиснинг ақидавий, фиқҳий, ижтимоий аҳамиятини англаб етиш.
  9. Ҳадис асосида чиқарилган фатво тўртта машҳур мазҳабнинг бирортасига хилоф бўлмаслиги.
  10. Яшаб турган жойида урф бўлган мазҳабга зид фатво бермаслик.
  11. Ҳадис асосида чиқарилган фатво мусулмонлар орасида тушунмовчилик келтириб чиқариб, тафриқага сабаб бўлмаслиги.
  12. Ҳадис асосида чиқарилган ҳукм ислом динининг беш мақсадига – жон, дин, насаб, оила, мол-мулк ва обрў ҳимоясига мувофиқ келиши.
  13. Ҳукм ё фатво ташвиш келтирмаслиги, боши берк йўлга киритиб қўймаслиги. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилган:

(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун нозил қилмадик”[1].

  1. Ҳукм ё фатводан мақсад мусулмонларни қийнаётган масала ечимини топиб, ундан халос этишга хизмат қилиши.

(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”[2].

  1. Маҳаллий уламолар ҳадисдан ҳукм чиқариб, фатво берувчи кишининг олимлигини эътироф этиши. Диний масалалар ечимини уммат уламолари эътироф этган таниқли олимлардан олиш талаби исломнинг илк даврларидан жорий этилган бўлиб, ҳозиргача амал қилиб келинмоқда. Тарихга назар солсак, ҳатто Имом Бухорийдек муҳаддислар ҳам имтиҳон қилинган. Аммо динига эътиборсиз, масала ечимини кимдан олаётганига аҳамият бермайдиган айрим мусулмонлар ижтимоий тармоқда ўзи бирор марта юзлашмаган, уламолар эътироф этмаган кишиларга суяниб қолаётгани афсусланарли ҳолатдир.

Албатта, ҳукм ва фатво учун қўйиладиган талабларнинг ҳаммасини келтириш катта ҳажмли иш бўлиб, уни яна давом эттириш мумкин. Аммо юқорида келтирилган маълумотларнинг ўзи ҳам ҳадислардан ҳукм чиқариш ва татбиқ этиш осон эмас эканини англаб етишга кифоя қилади. Бунда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Муқаддас динимизга оид масалалар ечими, фатво ва ҳукмларни ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил кимсалардан эмас, аксинча, халқимиз ҳурматига сазовор бўлган уламолар, имом-хатиблар ва диний арбоблардан олиш энг тўғри йўлдир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, диний илмни эгалламасдан Қуръон ва ҳадисдан баҳс қилиш жоиз эмас. Илмсиз равишда ҳадислардан  бу ҳалол ё ҳаром, бу кофир ёки гуноҳкор деб ўзбошимчалик билан хулоса чиқариш кичик хатонинг катта офатга айланиб кетишига олиб келади.

[1] Тоҳа сураси, 2-оят.
[2] Анбиё сураси, 107-оят.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …