Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШ ВА ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН БИЛИМЛАР(2-қисм)

ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШ ВА ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН БИЛИМЛАР(2-қисм)

Ҳадисларидан ҳукм олиш ва ҳаётга татбиқ жуда дақиқ ва масъулиятли иш бўлгани сабабли  кенг қамровли билим ва улкан салоҳият талаб қилади. Бунинг учун биринчи навбатда мусталаҳул ҳадис илмини мукаммал билиш зарур. Шу орқали ҳадиснинг мақбул ё мардуд, саҳиҳ ё заиф, мансух ё носих, маъмулун биҳ (амал қилинадиган, ҳаётга татбиқ этса бўладиган) ёки ғайри маъмулин биҳ (амал қилинмайдиган), хос ёки оммага тааллуқли экани аниқланади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний: “Мусталаҳ илмини билмасдан ҳадис айтадиган кишини минбардан уриб туширинг!” деган.

Шунингдек, ҳадисдан ҳукм олиб, ҳаётга татбиқ этиш учун қуйидагилар керак:

  1. Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш. Тафсир илмини билиш. Бир неча тафсир ва таъвилларни, уларнинг услубларини ўрганиш.

Ҳадисдан ҳукм чиқаришда оятларнинг нозил бўлиш сабаби, муҳкам ва муташобиҳ, носих ва мансухларини билиш зарур. Шунда ҳукм Қуръони каримга зид бўлмайди.

  1. Усулил фиқҳни мукаммал билиш. Бу билан шаръий ҳукм қайси манбалардан, нима асосда, қайси йўл билан чиқарилиши маълум бўлади.

“Усулул фиқҳ илми ислом шариатининг устуни, ислом умматининг фахри, фақат бу умматга хос бўлган хусусиятдир. Ислом уламолари унга катта эътибор қаратган, зеро, ушбу илм ҳавойи нафсга эргашиш ва ижтиҳоддаги тойилишдан асровчи йўлдир ва у шаръий ҳукмларни истинбот қилишга олиб боради”[1].

  1. Мустаҳкам хотира, кўп ҳадисларни турли туруқлари билан ёддан билиш ва устоз ижозаси. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан: “Юз минг ҳадисни ёд билган одам фатво берса бўладими”, деб сўраганларида, “Йўқ” деб жавоб берган. Сўровчилар ёдланиши лозим ҳадисларнинг сонини юз мингдан ошириб бораверган, Имом Аҳмад: “Йўқ,” деяверган. Беш юз мингга етганда, “Умид қиламан”, деган.
  2. Санад илмини, саҳоба ва ровийларнинг насаби, тарихи ва устозларини яхши билиш. Бунда биринчидан, ровийнинг тўғрисўзлиги, иккинчидан, қувваи ҳофизаси ўрганилади. Бунинг учун “Илмур рижол” деб номланган алоҳида илм ишлаб чиқилган. “Рижол” сўзи луғатда “кишилар” маъносини билдиради. Ҳадис истилоҳида эса ҳадис ровийларига нисбатан ишлатилади. Яъни ҳадис ривоят қиладиган кишилар ҳолати ва хабарлари ҳақидаги ривоятларни текшириш илмур рижолдир. Ҳадис илми билан шуғулланувчилар ҳам “рижол” дейилади. Бу илм билан шуғулланганлар ровийлар ҳаёти ва шахсиятини ҳар томонлама ўрганган. Муҳаддис ровий яшайдиган жойга бориб, қўшниларидан, хеш-ақрабоси ва ёр-биродарларидан сўраб-суриштириб, ишончли экани аён бўлганидан кейин у ривоят қилган ҳадисни олган.
  3. Жарҳ ва таъдил илмини билиш. Бу – ровийлар ҳақида салбий ёки ижобий фикр билдириш илми. Уларнинг айбу нуқсонлари, адолати ва ишончлилиги каби сифатларига қараб ҳадисларнинг саҳиҳ ё заифлиги, қабул қилиш мумкинлиги ёки рад этиш лозимлиги аниқланади. Ровийларнинг аҳволи ҳақидаги асарлар “Жарҳ ва таъдил” (الجرح والتعديل – ҳадисшунослик фанининг ровийлар ривоятини қабул қилиш ёки рад этилишини ўрганувчи тармоғи) деб аталади.

(давоми бор)

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Усулул фиқҳ”. “Ҳилол Нашр” нашриёти. Тошкент 2019. – Б. 24.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …