Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА САВДО-СОТИҚ ВА ТИЖОРАТ ОДОБИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА САВДО-СОТИҚ ВА ТИЖОРАТ ОДОБИ

Имом Бухорийнинг шоҳ асаридан ҳаётнинг барча жабҳаларига доир ҳадисларни топиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари – чуқур маънога эга бўлган тавсия ва қайтариқлар фақат ҳалоллик ва адолат тантанасига хизмат қилади. Уларни ўқиш-ўрганиш орқали киши одобнинг оддий, лекин ўзи билмаган, аниқроғи, бу хусусда ўйлаб кўрмаган қоидаларини билиб олади.

Хусусан, кундалик ҳаётнинг ажралмас қисми бўлган савдо-сотиқ ва тижоратда ҳам нозик жиҳатлар бўларканки, улардан бехабар киши билмасдан кимнингдир дилини оғритиб қўйиши, адолатсизлик қилиши, ҳатто жамиятга зарар етказиши мумкин экан. Бировнинг ҳаққига тажовуз қилиш, албатта, зулм бўлади. Лекин гап шундаки, бунинг зулм эканини ҳамма ҳам вақтида англай олмайди.

Қуйида “Саҳиҳул Бухорий”дан бир неча дурдона ривоят воситасида яққол адолатсизлик бўлган, лекин кўпчилик эътибор бермайдиган ҳолат ва вазиятлар кўриб чиқилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо молларини (эгалари бозорга етиб келмасидан) тўсиб чиқишдан қайтардилар”[1].

Ислом бозорга сотиш учун мол олиб келганларни у ерга киритмасдан, қўлидагини улгуржи сотиб олишдан қайтаради. Бундан кўзланган мақсад молнинг одамларга арзон етиб боришини таъминлаш ва келтирувчининг бозордаги нарх-навони билмай, алданиб қолишига йўл қўймасликдир. Натижада пулдорлар молни арзон-гаров харид қилиб, кейин одамларга истаган нархда сотишининг олди олинади. Ахир, олибсотарлар арзон мол илинжида келтирувчиларнинг йўлини тўсиб, ҳали бозорга етиб келмасидан тўхтатиб, бозордаги нарх-навони билмай турганидан фойдаланиб, қўлидагини улгуржи сотиб олишга ҳаракат қилади. Оқибатда мол эгаси зарар кўради.

Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

Афсуски, ўша даврлардаги бу иллат унгача ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Дейлик, картошка етиштириш учун деҳқон бир неча ой вақт сарфлайди, тер тўкиб меҳнат қилади – ерга уруғ қадайди, ўғит беради, чопиқ қилади, ўтайди, суғоради, ҳосилни авайлаб йиғиб-териб олади. Шундан кейин яна машаққат билан бозорга олиб боради. Лекин бозор дарвозасига етмасидан йўлини ҳар турли “савдогарлар” тўсиб олади. Молини ерга уради, ўзи хоҳлаганидек сота олмаслигини бот-бот “тушунтиради”, пировардида содда деҳқондан ташаккур ҳам эшитиб, арзон-гаров сотиб олади ва устига яна шунча нарх юклаб, растага қўяди. Оқибатда деҳқон бир неча ойлик меҳнати учун бир сўм даромад олса, бу “тужжор” шунинг баробари ё ортиқроғини бир неча соатда топади.

Бу ўринда деҳқонга нисбатан адолатсизликдан бошқа муаммо ҳам бор. Ҳосил эгаси уни бир сўмдан сотишни ният қилиб келган бўлса, “тужжор” икки ҳисса ё ортиқроқ нархда сотади. Бу эса, ўртага бир очкўз қўшилгани учун бозорга келган ҳамма харидорлар молни қимматроқ харид қилишига олиб келади. Яъни, бир тамагир туфайли бутун халқ зарар кўради.

Бу вазият чуқурроқ таҳлил қилинса, олибсотарларнинг хатти-ҳаракатлари ижтимоий ва иқтисодий нуқтаи назардан давлат, жамият ва аҳоли манфаатларига зид экани яққол кўринади – молнинг қимматлиги харидорга ёқмайди, у давлатни айблайди, жамоатчилик орасида ҳар турли гап-сўзлар кўпаяди, оқибатда ижтимоий муҳит бузилади. Ҳаммаси “тужжор” ўз манфаатини кўзлаб қилган ишнинг оқибати.

Деҳқон бир киши эмаслигини, олибсотарлик билан биттагина одам шуғулланмаслигини инобатга олсак, савдо молларини тўсиб чиқиш давлат ва жамиятга, аҳолига қанчалар катта зарар етказишини тасаввур қилишнинг ўзи ақлни шоширади.

Кейинги ҳадис одил савдо ҳақида бўлиб, одамларни баъзан атай, баъзан билмасдан адолатсизлик йўлига кириб қолишдан қайтаради.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмайди. Савдо моли бозорга туширилмагунча уни тўсиб чиқманг”, дедилар”[2].

Бир киши савдо қилаётган нарсанинг нарх-навосига, сотилиш жараёнига, харидорларнинг эътиборига халал бермаслик – аслида савдо одобининг оддий қоидаси. Лекин ҳамма замонларда бўлган ҳақиқат шуки, кимнингдир савдоси қизигани бошқа бировнинг ғашини келтиради, ҳасадини ўт олдиради. Ўшанинг даромадли тижоратини тўхтатиш ё унга “етиб олиш” учун айни шу молни ён-атрофда сота бошлайди. Шу қилмиши билан уни рақиб санамайдиган ва ҳатто “рақиблиги”ни билмайдиган одамдан ўзиб кетишга, унга зиён етказишга уринади.

Барака – Аллоҳдан. Бу ҳақиқатни билганлар, ғайрлик қилмайди. Лекин кимнидир касодга учратиш, даромадини кесиш, бозордаги ўрнини эгаллаш учун унинг савдоси устига савдо қилишни одат қилганлар бундан бехабар. Шуни уддабурролик билиб, ноҳақ йўлни тутганлар ўзининг чакана фойдаси учун ўзгаларга улгуржи моддий ва руҳий зулм етказади, адолатсизлик қилади, ҳасади эса, сўниш ўрнига ортиб бораверади ва янги васвасаларга солади.

Яна бир ҳадис кўчмас мулк савдосидаги ўзига хос одоб ҳақида.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимланмаган ҳар бир мол учун шуфъани жорий қилдилар. Ҳудудлар тайин қилиниб, кўчалар белгилангач, шуфъа йўқдир”[3].

Шуфъа – имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи. Кўчмас мулкда шерик ё ҳиссадор бўлганлардан бири ўз улушини сотадиган бўлса, уни сотиб олишга энг биринчи ҳақдор ўшанинг шериги бўлади. Унинг рухсатисиз бошқага сотиш мумкин эмас. Сотиб юборган бўлса, шериги савдони бузишга ҳақлидир. Мана шу имтиёз “шуфъа” дейилади.

Жобир ибн Абдуллоҳ аниқ тақсим қилинган, ҳар кимнинг улуши тайин бўлган бўлган ҳолларда шуфъа жорий қилинмаслигини айтяпти. Ҳанафий мазҳабида ён қўшнига ҳам шуфъа имтиёзи берилади.

Бу ҳадис ҳам савдодаги ҳалоллик, ҳам ижтимоий ҳаётда адолат сақлашга хизмат қилади.

Бир қарашда, инсон ўз мулкини сотишда, хусусан, кўчмас мулкини савдога қўйишда ўзгаларнинг хоҳиш-ихтиёридан холидек бўлади. Аслида эса, шериклик бор жойда пайчининг кўнглини ҳисобга олиш энг катта одоб ва адолатдир.

Бу ўринда бир мулкни шериклик асосида олганларни қўя турамиз. Ака-ука, опа-сингил ё бошқа қариндошлик муносабатларида юзага келадиган вазиятлар доим долзарб масала бўлган. Ота вафот этса, ака-ука ҳовлини рамзий равишда тенг бўлиб, улардан бири уни сотишни ният қилса, албатта, аввал ҳамқорин бўлганидан (бир онадан туғилган жигари саналмиш ака-укаси, опа-синглисидан) сўраши адолатданми?! Шундай.

Қўшнининг ҳақлари ҳақидаги кўплаб ҳадислар ҳамсияга ҳам шуфъа имтиёзини беради. Фарзандларини уйлаб, ҳовлисини кенгайтирмоқчи бўлганлар бор, масалан. Бу ниятдаги одамлар иложи бўлса, фарзанди девор-дармиён қўшни бўлишини қанчалар қаттиқ хоҳлайди! Мана шундай вазиятда уйини сотмоқчи бўлган киши аввал ана ўша қўшниси билан маслаҳатлашиши кони фойдадир. Аввало, уйи бегонага кетмагани учун кўч-кўронини шартта олиб кетиш ташвишидан холи бўлади, бутунлай кўчиб кетганидан кейин кўнгли тусаган пайти келиб, болалик чоғларини эслайди, қўшнисига (хўжалик, қурилиш, коммуникация, таъмир, полиз ишлари ва бошқалар бўйича) қаерда нималар борлигини айтиб туради.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимланмаган ҳар бир мол учун шуфъани жорий қиляптилар. Эҳтимол, қариндошларидан бири қўшни уйга кўчиб ўтган-у янги уй солиб, ҳовлисини кенгайтириш учун жой ахтараётгандир. Яна бир эҳтимол, хеш-ақрабосидан бири унга яқин жойдан ҳовли олишни кўзлаб юргандир. Ҳар ҳолда, сотишдан аввал уларнинг олдидан бирров ўтиб қўйиш одамни мана шу эҳтимоллар туфайли безовта бўлишдан халос қилади.

Кейинги ҳадисни келтиришдан мақсад ҳозирги савдо-тижорат муносабатларида аввал қўлланган ва маъқул кўрилган усуллардан бирини қайд этишдан иборат.

Абдуллоҳ ибн Абу Мужолид айтади:

“Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан салам савдоси ҳақида сўраган эдим, “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар даврларида буғдой, арпа, майиз ва хурмо бўйича салам савдо қилар эдик”, деди.

Ибн Абзодан ҳам сўраган эдим, у ҳам шундай деди”[4].

Абу Бахтарий Тоий айтади:

“Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан хурмонинг салам савдоси ҳақида сўрадим. У: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то ейилмагунча ва тортилмагунча сотишдан қайтарганлар”, деди”[5].

Салам – пулни олдиндан бериб, молни кейинроқ олиш шарти билан қилинган савдо. Насиянинг тескариси. Мол олиниб, тўлови кейинга қолдирилмайди-да, пул аввалроқ берилиб, белгиланган муддат етганда, товар олинади. Бу ҳозирги “фьючерс” шартномасига тўғри келади.

Бугунги кунда буғдойдан ташқари, пахта, пилла, нефть ва газ сингари товарлар, умуман, хомашё фақат фьючерс шартномалари асосида сотилмоқда. Бу – тўғри. Чунки, маркетология шуни тақозо қилади. Харидор қачон ва қанча олишини била туриб, шунга яраша ҳаракат қилган олам куйиб қолмайди.

Бир йили пиёз қиммат бўлиб кетиши, кейин картошканинг нархи ошиб кетиши ҳамма деҳқонларни бир томонга йўналтириб қўяди. Оқибатда кўпчилик шу полиз маҳсулотини экади ва товар ҳаддан ташқари кўпайиб, нархи тушиб кетади. Бу “куйиш”дан ташқари катта уволга ҳам олиб келади.

Аксинча, бозорнинг тенденциясини билган одам шунга қараб иш тутади. Керакли экинни керакли миқдорда экади. Бу ўринда бугун фермерлар уюшмаси, савдо-саноат палатаси каби ташкилотларнинг тузилишидан ҳам ана ўша мақсадлар – иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик, тўкин-сочинлик, инфляция ирғишларига йўл қўймаслик кабилар кўзда тутилган.

Иккинчи ҳадисдаги “ейилмагунча” сўзида истеъмол қилса бўладиган ҳолга келган – пишиб етилган хурмо назарда тутилган. Яъни, мева ейиладиган даражага келгандагина унинг савдоси ҳақида гап очиш мумкин. Чунки, орада қурғоқчилик, касал тушиши, ҳавонинг кескин ўзгариши каби омиллар бўлади.

Қўл билан ушлаб, таъмини татиб кўриб, савдога тайёр эканига амин бўлиб, шундан кейингина сотилган мева баракалидир. Етилмаган ҳосил учун пул олиб қўйиб, кейин харидор билан узундан узоқ баҳсга киришиб, вақт ва асабни бой бериб, ортиқча харажатга тушиб, сарсон бўлгандан кўра, тайёрини йиғиштириб олиб, таъмини кўрсатиб, ҳажмини ҳисоблаб сотган маъқулдир. Бунда икки томонда ҳам эътирозга ўрин қолмайди – ҳосил эгаси молини бехижолат тавсия қилади, харидор нима олаётганини билиб туради.

Демак, саламнинг ҳам ўзига хос талаб ва тартиблари бор экан.

Савдонинг ҳозир “фьючерс” деб аталаётган бу турига тааллуқли шартларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср аввал айтиб кетганлар.

Бир мақолада ҳадисларда баён этилган оддий, аммо ҳамма ҳам ўйлаб кўрмайдиган масалаларни буткул қамраб олишнинг имкони йўқ, албатта. Савдо-сотиқ ва тижоратга оид ҳадисларнинг соҳалари кўп бўлиб, қамрови жуда кенг. Шу боис сўзни мухтасар қилиб, барчага савдо ва тижоратда одиллик тамойилларига риоя этишни тилаймиз.

Бараканинг негизи шундадир!

[1] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 3-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. Б. – 149.
[2] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 3-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. Б. – 157.
[3] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 3-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. Б. – 185.
[4] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 3-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. Б. – 207.
[5] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 3-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. Б. – 209.
Анвар БАБАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …