Ҳаким Термизий (ваф. 932 й.) ўз асарларида ислом ҳуқуқига оид кўплаб масалаларни ёритган. Анъанавий фиқҳ масалаларини уларнинг маънавий жиҳатларига урғу берган ҳолда талқин қилиш Ҳаким Термизийнинг ўзига хос услуби ҳисобланади. Бу каби услубни унинг “Баён ал-фарқ”, “Наводир ал-усул”, “Ал-Акёс вал муғтаррун” каби асарларида учратиш мумкин. Ҳаким Термизийнинг ҳуқуққа оид яна бир муҳим асари – “Ал-Ҳуқуқ” бўлиб, ҳозирга қадар қўлёзма ҳолатдадир. Унинг ягона деб ҳисобланган нусхаси Туркиянинг Исмоил Соиб кутубхонасида сақланади. Қўлёзма ҳижрий 543/1148 йилда кўчириб тугатилган [2:271]. Мазкур тўпламда Ҳаким Термизий қаламига мансуб 11 асар жамланган. Улар қуйидагилардир: “Китоб ар-риёда”, “Баён ал-илм”, “Масоил фин нийя ва ғойриҳа”, “Жаваб китаб минар Рай”, “Ал-Акёс вал муғтаррун”, “Ажвибатал масоил”, “Фил Фарқ байнал оёт вал каромот”, “Китаб ал-ҳуқуқ”, “Бадъ аш-шаън”, “Фи Масоил ат-таъбир”, “Манозил қосидин илаллоҳ”. “Ал-Ҳуқуқ” асари қўлёзма тўплами орасида 177 б – 209 б варақларда жойлашган [3:44]. Мазкур асарда Яратувчи, Унинг Пайғамбари, ота-она, қариндошлар ва ҳаёт давомида рўбарў бўладиган жамиятнинг бошқа аъзоларига оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар қамраб олинган [1:90-91]. Шунингдек, ҳайвонларга оид алоҳида бир боб ҳам асардан ўрин олган. Асарда муаллиф инсон ҳаётида дуч келадиган диний, ижтимоий, сиёсий, шахсий, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни жамиятдаги 16 тоифа ва ҳайвонот оламига нисбатан очиб беради. Термизий боб номларини аташда “марофиқ” (фойдалар, яхшиликлар) сўзини ишлатади: “Марофиқ ар-Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам”, “Марофиқ ас-султон” ва шу каби уламо, муаззин, имом, ота-она, фарзанд, эр-хотин, қариндош, қўшни, хизматкор, юк ташувчи ҳайвон, табиб, ғассол, ҳарбий, муҳтасиб ва ўқитувчиларга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни зикр этади. Ҳар бир боб аввалида ўша тоифаларнинг жамиятга келтирадиган фойдаси зикр этилади. Далил сифатида мавзуга оид оят, ҳадис ва саҳобийлар асарлари келтирилади. Улар асосида инсоннинг кимлар олдида қандай мажбурияти бор экани, улар нимадан келиб чиқиши ва қандай қилиб аъло тарзда бажарилиши муҳокама қилинади. Ҳаким Термизий бу масалаларни ёритишда фиқҳ ва одоб-ахлоқ меъёрларини уйғун ҳолда тақдим этади.
Асар “Аллоҳ раҳматига олсин, Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизийнинг “Ҳуқуқ” китоби, Аллоҳнинг номи билан, Роббим Раҳматингдан куч оламан” сарлавҳаси билан бошланади. Сўнг Термизийга хос қисқа ҳамд келтирилади: “Алҳамду лиллаҳи Роббил аъаламийн валиййул ҳамди ва аҳлиҳи, аммо баъд… Биз бандаликни икки кўринишда топдик, бири – амр (буюрилган) ва наҳй (қайтарилган)ларни қарор топтириш, иккинчиси – ҳақдорларга шукр келтириш” [4:177б-178а]. Шундан сўнг, шукрга оид Қуръон оятлари келтирилади. Яратганга шукр келтириш, Унинг буйруғига асосан, ота-она, қариндош, етим, мискин, қўшни, мусофир ва қўл остидаги ходимларга яхшилик қилиш билан бўлиши таъкидланади. Мана шунда банда ўз зиммасидаги ҳақлардан бирини адо этган ҳисобланади.
“Марофиқ ар-Расул” бобида Аллоҳ Пайғамбар (а.с.) орқали бандани ҳидоятга йўллагани, унинг жони, моли ва шарафини сақлагани учун “Унинг ҳаққидир”, деб у Зотнинг ҳаққини адо этиш йўллари кўрсатилади, яъни салавот айтиш, Унинг қабри олдида овоз кўтармаслик, авлодлари ва арабларни эъзозлаш ва бошқалар [4:178а-179а]. “Марофиқ ас-султон” бобида султоннинг жамият моддий ва маънавий ҳаётидаги тартибни сақлашдаги ўрни, кези келганда жазо бериши ёки марҳамат кўрсатиши каби фаолияти учун шукрона келтириш йўллари баён қилинади: унга қулоқ солиш, итоат ва эҳтиром кўрсатиш, орқасидан ёмон отлиқ қилмаслик, ўзининг қилган дуолари билан уни ҳам сийлаш, керак вақтда ёрдам ва насиҳат бериш, шафқат ва турли вазиятлар учун салоҳият тилаб дуо қилиш, адолатга тарғиб қилиш ва бошқалар [4:179а-181а]. “Марофиқ ал-уламо” бобида уламолар умматнинг ҳидоят пешволари экани, Пайғамбар ўринбосари, умматга нисбатан фарзандларини тарбиялаётган оналар мақомида эканини айтиб, уларнинг ҳақлари қуйидагича адо этилишини баён қилади: “Уни исми билан чақирмаслик, ходими сингари унга таъзим билан қараш, ўзингга ҳам, унга ҳам тегишли бўлмаган масалани сўрамаслик, ғазаблантирмаслик, гап қайтармаслик, сўзини бўлмаслик, олдида товушни пасайтириш, унинг ҳузурида бекорчи сўзлар айтмаслик, хато ва камчиликларида айбламаслик, шаънига тегмаслик, динини сақлаш, маиший ишлари ва муаммоларида дастак бўлиш, ўзига раво кўрган нарсани унга ҳам раво кўриш” [4:181 а-182 б] ва бошқалар.
“Марофиқ ал-муаззинин” бобида муаззинлар масъулияти, уларга аталган мукофот ва хизматининг аҳамияти ёритилиб, ҳаққи қуйидагича адо этилиши айтилади: “ҳурмат кўрсатиш, азонига жавоб айтиш, вақтидан кечикса, уни кутиб туриш ва босим ўтказмаслик, масжидда уни куттириб ушлаб қолмаслик, иқоматни айтгунга қадар азон ва иқомат ўртасида намозини ўқиб олгунча кутиб туриш, унга масжидни тоза ушлаш, тартибини сақлашда кўмак бериш ва бошқалар. Зеро, у сенинг динингни сақлашда иштирок этади” [4:182б-184а]. “Имомларнинг яхшиликлари (фойдалари)” бобида Пайғамбар (а.с.) нинг имомларга рушд, адолат ва истиқомат сўраб қилган дуолари шарофати билан шу хислатларга эга имомлар намозда олдинга ўтса, ҳар бир инсоннинг намози 25 марта кўпаяди. Унинг сендаги ҳақлари: ҳурмат қилишинг, чўзиб юборгани ёки қисқа ўқигани учун тергамаслигинг, қўшниларингдан ҳам уни устун кўришинг, барча намозхон ва муаззин имом таҳорат қилаётган бўлса, уни кутиб туриши” [4:184а] ва бошқалар.
“Ота-она фойдалари ва уларнинг ҳуқуқлари” номли бобда онанинг фарзанд туғиш ва оёққа турғизишдаги фидойилиги, отанинг қишу ёзда оила нафақаси учун тер тўкиши, тарбия ва таълиминг билан шуғулланиши ва бошқа сенга яхшиликларини қайд этиб, уларнинг ҳақларини баён қилади: “уларни ўзингдан афзал билишинг, ўзингдан аввал едиришинг ва кийинтиришинг, ҳамма ишингни улар билан мувофиқлаштиришинг, уларнинг ишини эъзозлашинг, ҳар куни эрталаб саломлашишинг, аҳволини, муаммоларини, эҳтиёжини суриштиришинг, товушингни уларга кўтармаслигинг, уларнинг ҳузурида азият етказувчи сўз айтмаслигинг, кундузи орқасида юриб, кечаси эса олдига ўтиб йўл кўрсатиб кетишинг, эҳтиёжи учун молингдан бемалол фойдаланиши тадбирини қилишинг, вафотидан кейин ҳақига истиғфор айтишинг, қилган яхши амалларингдан уларга насиба бағишлашинг, ўрнига ҳаж қилишинг, қарзларини узишинг, қариндошларини зиёрат қилишинг, яна ҳақларидан: уларга ўқрайиб қарамаслигинг, сўзини бўлмаслигинг, улар турганда ўтириб олмаслигинг, уларни кўрганда ўрнингдан туришинг, ётоқларида ётмаслигинг, хурсандчилик ва қайғуларига шерик бўлишинг, бой бўлсанг, ҳайит кунлари уларнинг номидан садақа қилишинг, қурбонлик қилишинг, яна ҳақларидан – ўзингдан ҳам уларнинг ҳақларига риоя қилишинг, агар турмуш қурган бўлсанг, кўнглида рашк қўзғамаслик учун аёлингга қиладиган яхшилигингни яширишинг, онангни ҳар вақт аёлингдан устун кўришинг ва у билан кўпроқ маслаҳатлашишинг, ҳар бир ишингни ота-онанг изни ва маслаҳати, табаррук дуолари билан қилишинг, ҳаж ва жиҳодга уларнинг изни билан чиқишинг, яна ҳақларидан – агар сени чақиришса, зудлик билан ҳар қандай юмушни ташлаб етиб боришинг, вафотидан кейин эса қабрларини зиёрат қилишинг. Ҳадисда келтирилишича, ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилса, мағфират қилинади ва яхшилардан ёзилади” [4:184а-189б].
“Фарзанд яхшиликлари (фойдалари)” бобида фарзанд балоғатга етгунга қадар ундан жаннат ҳиди келиши, катта бўлганда кўмакчи, ота-онаси вафотидан кейин уларнинг исмини олиб юриши, яхшилик қилса, уларга ҳам савоби бориши, васият ва келишувларни адо этиши айтилади. Унинг ҳаққи эса: “нафақа қилишинг, яхши исм қўйишинг, одоб беришинг, унинг исмини куня қилишинг, таҳқирламаслигинг, фазилатли ахлоқ билан тарбиялашинг, одамларнинг қўлларидаги нарсадан беҳожат қилишинг, кийинишини яхшилашинг, ўзингдаги парҳезкорликни унда ҳам тарбиялашинг, унинг Қуръон тиловатига эътибор қилишинг, бой бўлсанг балоғатга етганда ҳажга юборишинг, уйлантиришинг, унга фарзанд тилаб дуо қилишинг, ҳеч қачон қарғамаслигинг, зеро бу нарса уни ҳалок қилади”[4:189б-190а].
“Эр-хотин яхшиликлари (фойдалари)” бобида эр ва аёлнинг бир-биридан оладиган манфаат ва яхшиликлари зикр қилинади: “сакинат, ўзаро ёрдам, ҳамкорликдаги маиший ҳаёт, фарзанд тарбияси, эрнинг оиладаги вазифалари ва аёлнинг вазифалари, аёлнинг уйидаги вазифаларини ўз ўрнига қўйиши эркакларнинг жиҳодига тенг экани, агар аёл тақинчоқ, бўёқ, хушбўйлик, мисвок, соч ва кокил парвариши, бадан тозалиги ва шу кабиларни эри учун қилса, вожиб ҳаққини адо этган бўлиши. Эрнинг мажбуриятлари эса –нафақа, маскан таъминоти, аёлни ҳимоя қилиш, аёли учун безаниши, ҳамма ўз ёшига муносиб равишда ўзига қараб юриши, ёшларнинг безаниши ёши катталарникидан фарқ қилиши”, каби масалалар баён этилган.
Мазкур бобда Ҳаким Термизий ўз даврида пайдо бўлган “мутазоҳҳид” (сохта зоҳид)лар тоифасининг никоҳ масаласидаги нотўғри қарашларини ислоҳ қилади: “Бу масалада жоҳил мутазоҳҳидлар тоифаси адашиб қолди. Бу масалаларни (оила қуриш) соқит қилиш зоҳидлик, деб ўйлади. Улар ҳақларни зое қилиб бўлди. Билмайдики, зоҳидлик қалбда, нафсда эса рағбат бўлади. Нафсга ёрдам берсанг, рағбат ўлади ва зоҳидлик зоҳир бўлади. Зоҳидликнинг маъноси – нарсалардан мустақил бўлишингдир. Луғатда “заҳийд”, яъни “кам нарса” дейилади. Бу заиф жоҳиллар зийнатлардан холи, чунки уларда шаҳватини мағлуб қиладиган қуввати йўқ. Бирларини кўрасан: кир бўлиб кетган халиқон кийиб олган, ифлослигидан бадбўй ҳид таралади, оиласи билан ҳам шу ҳолатда яшаб келади, ўзи беодоб ва ахлоқсиз, мана шу ҳолатига ром бўлган. Булар нафрат уйғотадиган шахслардир. Яна айтадиларки, “зийнатланиб олган одамлар Аллоҳнинг яратганига рози бўлмай, Аллоҳ яратган нарсага ўзгартириш киритяпти”, деб “Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар” (Нисо, 119) оятини далил келтиради. Бу шайтоннинг адаштиришидир. Зеро, бу Аллоҳнинг яратганларини ўзгартириш эмас, балки Аллоҳ инсон учун яратган зийнат ва тақинчоқлар билан безанишдир. Аллоҳ таоло айтади: “У янги гўшт (балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйсундириб қўйган Зотдир” (Наҳл сураси 14-оят).
Бу тақинчоқлар тилла, кумуш ва марваридлардан бўлади, уларни Аллоҳ ким учун яратди, чорваларгами ёки одамийларгами? …. Зийнат – ташқи кўринишни безашдир, мисоли: соч, зулф ва кокилларни парваришлаш, сурма суриш, пардоз қилиш, тақинчоқлар тақиш, мисоли: билакузук, узук, шода, зирак, оёқ ҳалқаси ва кийимлар…
Агар зийнатланиш зое қилинса, аёлларнинг нафси оч бўла боради, кўзлари ва кокиллари кўримсиз бўлиб кетади, кафтлари бўзаради, оқибатда безанишдан чиқиб қолади” [4:191а-197б].
“Қариндошларнинг фойдалари ва уларнинг ҳақлари” бобида насаб қариндошлар ўртасидаги яқинлик, ҳамкорлик ва елкадошлик асосига таяниши, бегона киши ҳам муаммоларингда ёрдам бериши, аммо ҳақиқий муаммолар келганда, сендан четланиши, қариндошда эса томиридаги қон жунбишга келиб, бундай қилишга йўл қўймаслиги, сени муҳофаза қилиши, бегона эса ҳимоя қилмаслиги, чунки унинг қонида қариндошларинг қонидаги тафт йўқ, бинобарин, силаи раҳм орқали юзага келган меҳрибончилик қонда яширингани баён қилинади. Қариндош ҳақлари – зиёрат қилишинг, имконинг, тоқатинг ва яқинлигинг даражасида риштани боғлаб туришингдир. Пайғамбар (а.с.) қариндошлар билан алоқани ақалли “салом” бериш билан ушлаб туринг, деб марҳамат қилганлар[4:197а-198а].
“Қўшниларнинг яхшилик ва фойдалари” бобида қўшни фалокат келганда кечаю-кундуз энг тезкор ёрдамчи экани, қариндошдан олдин ёрдам қўлини чўзиши, ундан маиший нарсалар, уй анжомлари олиб туришинг ёритилади: қозон, товоқ, қоп, болта, тарози, нон, хамир каби. “Зеро, инсон эҳтиёжлар оламида яшайди, жаннатдагина одамлар бир-биридан беҳожат бўлади. Бу дунёда эса одамларнинг иши бир-бирига тушади, умумий фойдаланиш нарсаларига энг ҳақлиси қўшнидир, бир-биридан нарса олиб туради. Уйларида фойдаланиладиган анжомлар, идиш, кўрпа-тўшак, чорва, таом, яна ўрталарида қўшничиликдаги бериладиган нарсалар, ўзаро совға, қарз олди-бердиси каби ўзаро муносабатлар инсоннинг умри давомида қўшнилар орасида муомалада бўлади. Бунинг ҳаққи ўзига муносиб тарзда вожиб бўлади.
Қўшнининг сендаги ҳаққи – унга азият етказмаслигинг, сендан зулм кўрмаслиги. Аҳли тафсирга кўра, қўшнинг сендан олиши мумкин бўлган ёрдамнинг аввали –закот ва охиргиси болтадир. Яна ҳақларидан – қўшнинг йўқлигида унинг нарсаларига қараб туришинг, мусибатларда ёрдам кўрсатишинг, унга офият ва тинчлик сўраб дуо қилишинг, қайтиб келганида зиёрат қилишинг ва саломлашишинг, яна ҳақларидан ундан зулмни аритишда ва енгишда ёрдам беришинг, қозонингдаги қовурилаётган гўшт ҳиди билан унга азият етказмаслигинг, токи унга ҳам сузиб чиқармагунингча, сенинг уйингга чиқиб турадиган болаларидан уларнинг иштаҳасини қўзғайдиган, лекин ота-онаси олиб бера олмайдиган нарсаларни беркитиб туришинг, токи ота-онаси бундан азият чекмасин, агар болалар билиб қолса, имконинг етганча уларга ҳам улашишинг. Қўшнининг ҳақларидан – унинг уйидан ошириб уй қурмаслигинг, шу туфайли қишда қуёш тушиши ва ёзда шамол айланишини тўсмаслигинг, ўзингга яхши кўрган нарсани унга ҳам раво кўришинг, шу хусусият асосида қўшни билан муомала қилиб, у билан барча муносабатларингда ўзингга яхши кўрган муомалани қила олсанг, ўзингга берилиши яхши кўрган нарсангни унга тақдим қилсанг, у ҳолда сендаги илм очилибди, йўлинг кенгайибди, энди шуни мустаҳкам тут. Зеро Аллоҳ таоло бандаларини қўшниларига яхшилик қилишга чақирган: “Қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)”(Нисо сураси 36-оят). Ҳадисларда Пайғамбар (а.с.) Жаброил менга қўшничилик ҳаққи борасида шу даражада кўп кўрсатма бердики, мен қўшни ҳам мерос олса керак, деб ўйлаб қолдим”, деб марҳамат қилганлар [4:198а-199б].
“Хизматкорларнинг фойдалари” бобида хизматкорларнинг қишин-ёзин уйингдаги хизматингни бажариши, уй юмушларида ёрдам бериши, оғирингни енгил қилиши ва бошқалар баён этилган. “Ходим ва хизматчиларнинг ҳақлари: тоқати етмайдиган вазифани юкламаслик, тунда ухлаш вақти бўлганда ишлатмаслик, одамлар ётадиган вақтгача уни ишлатиш мумкин, ҳақларидан яна ўзинг ейдиган таомдан едиришинг ва ўзинг киядигандан кийдиришинг, агар таоминг нозик таъбларнинг таоми бўлса, унда унга хизматчилар таомини бериб, ёнига иштаҳасини сўндирадиган миқдорда ўз таомингдан ҳам қўшишинг, агар кийинишингда дидинг нозик бўлса, у ҳолда унга хизматчиларнинг дағал, пишиқ, арзон нархли кийимидан олиб бер, ёнига дам оладиган кунлари: байрам (ҳайит), жума ва бошқаларда кийиб ўзини хурсанд қиладиган юмшоқ пўрим кийимлардан қўшиб бер. Яна ҳақларидан – вояга етган хизматкорларни уйлантириш ва турмушга бериш. Ибн Муборак (Марвазий) Аллоҳ уни раҳмат қилсин, ҳеч қачон хизматкорларига “буни қил, буни бажар”, демаган экан. Зеро, буни золимларнинг буйруқларига ўхшатган экан. Шунинг учун “Буни қилишни нима деб ўйлайсан? Буни бажаришни қандай кўрасан?”, дер экан. Ҳақларидан яна – хизматкорни ўз ота-онасидан, фарзандидан ажратмаслигинг, таҳорат, намоз, Қуръон ўқишни ўргатишинг ҳамда тоқатинг даражасида мулойимлик билан тўғри йўлга солишинг. Зеро, хизматкор хўжайини худди ўз оиласи каби уларнинг юриш-туришига ҳам масъул бўлади, яъни ҳисоб-китоб қилинади”[4:199 б-201 б].
“Чорва ва уловларнинг фойдалари” бобида уловларнинг юк ташиш, сафарга бориш, машаққатни енгиллаштиришдаги фойдаси билан бирга, гўшти, сути, териси ва жунидан инсон фойдаланиши баён қилинади. “Уларга ҳам инсонга таъсир қиладиган очлик, ташналик, иссиқ, совуқ, азият, машаққат ва оғир меҳнат таъсир кўрсатади. Уларнинг келтирадиган фойдаси учун шукронасини келтириш зиммангда бўлади. Унинг шукронаси эса емишини бериш, суғориш, меҳнатдан кейин дам олдириш, тоқатидан ортиқ юк ортмаслик, эгар ости яра бўлса азият етказмайдиган қилиб эгар-жабдуқларни тўғрилаш, туёқларини қирқиш, парвариш қилиш, сафарда бўшаниб олиши учун тўхтаб туриш ва ҳатто юкларини тушириб қўйиш, чарчоғини кетказиш учун сийпалаш, юрганда юмшоқ ва текис йўл танлаш, юриш қийин жойларда устидан тушиш, орқасидан итариш ёки жиловидан тортиш, узоқ туриладиган жойда уловни курси қилиб олмаслик ва бошқалар. Бу ҳайвонлар муҳтож нарсаларини ифода этолмайди ва у билан ўзини таъминлай олмайди. Кимки, уларнинг хизматидан фойдаланса-ю, ҳожатини адо этмаса, шукронасини келтирмаган бўлади, Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида хусумат қилинади.
Уларнинг ҳуқуқларидан – урмаслик, илло мажбурий ўринларда: тўғри йўлдан тортиб кетаверса, қайсарлик қилаверса, ҳуркаверса, юк ортишга яқинлаштирмасагина мумкин. Аммо бошқа ҳолатда урмасин. Соғин ҳайвон бўлса, соғиш учун куч ишлатмасин, боласи бўлса, унга насибасини қолдирсин. Боласига раҳм кўрсатсин ва онасидан ажратмасин. Агар сўймоқчи бўлса, пичоқни кўзига кўрсатмай чархлаб олсин.
Бу чорва, ердаги бошқа ҳайвонлар, денгиз мавжудотлари, учиб юрган қушлар ҳаммаси Аллоҳнинг яратганлари, барчаси ҳайвонот олами. Аллоҳ таоло уларни сенга фойдаси тегиши учун яратди, сени уларга ноҳақ азият етказишга ҳаққинг йўқ. Агар ўзингни шундай тутсанг, зулм кўрсатган, шукрона келтирмаган, неъматга нонкўрлик қилган бўласан” [4:201б-204а].
“Табибларнинг фойдалари” бобида табибларнинг бандаларга тегадиган манфаатлари баён қилинади. Хусусан, “улар инсон руҳиятини яхшилаб, синовларга сабрли бўлишга ёрдам беради. Яна фойдаларидан, улар инсон баданидаги иллатларни даволайди, баданинг соғаяди, кайфиятинг кўтарилади, иштаҳанг очилади, ҳаётингдан завқланасан, улар Роббинг ибодатига шай бўлишинг учун кучга киргизади. Шу хизмати туфайли уларга нисбатан сенга мажбурият вожиб бўлади. Табибнинг ҳақларидан – агар унинг тиб илмига ишонсанг, сенга муолажа қилаётганда айтганларига хилоф иш қилмаслигинг. Агар сени даволаш учун ўралиб ётишни буюрса, итоат қилиб ўралиб ол, токи унга яхши-ёмон гап тегмасин. Бўлмаса, у одамларга муомаласини ёмон қилади, фасод иш катталашиб кетади. Чунки у сени нигоҳи билан кўрикдан ўтказди, илми билан даволади, сен эса дориларни вақтида ичмадинг ёки кўпайтириб юбординг ёхуд камайтирдинг, буюрганидек ўраниб олмадинг, у эса сени даволаш учун нима буюрганини эслаб қолган бўлади. Сен эса унинг айтганини қилмай, ишини йўққа чиқардинг ва шаънига ёмон гап келтирдинг. Унинг ҳақларидан: унга итоат қилишинг, айтганидек бажаришинг, хизматини тақдирлашинг, агар унинг қўлида шифо топсанг, буни унинг ўзидан ҳам одамлардан ҳам беркитмаслигинг, одамларга танитишинг, токи бу ишинг берган шифоси учун Аллоҳга шукрона ва табибга миннатдорчилик бўлади. Қайси бир жойда табиблар масаласида муаммо бўлса, ўша юртда касали бор хонадонга зарар етади, аҳолисига кўп ғам-ташвиш тушади, аҳволи танг бўлади. Табибларга бу илм берилган, уларнинг фойдаси намоён бўлган, одамларнинг иши эса фақат бунга шукр келтириш, шукроналари эса юқорида зикр қилинган ҳуқуқларни адо этиш билан бўлади” [4:204а-205а].
“Ғассолларнинг фойдалари” номли бобда ғассолларнинг аҳамияти, касб қийинчилиги, ғассол маййитни дафнга тайёрлаб, амалга ошираётган иши маййит эгаларига мадад бўлиши каби фойдалари баён қилинади. “Ғассолларнинг ҳақлари: уларни ҳурмат қилишинг, эъзозлашинг, маййитни кўмишга тааллуқли барча нарсани келтириб қўйишинг, иссиқ ва совуқ сув, ишқор, ип, кафан, идишлар муҳайё қилиш, йиғи-сиғи товушларини унга эшиттирмаслик тадбирини кўришинг, бу каби йиғилар билан юрагини сиқмаслик, бу нарсалар билан уни машғул қилмаслик, унга Аллоҳдан мадад тилаб дуо қилиш” [4:205а-206а].
“Ҳарбийлар фойдалари” бобида ватан ҳимояси йўлида чегара сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбийлар – ғозий ва муробитлар фаолияти кўрилади. “Муробитлар – бу номни оила аҳли, фарзандлари, яқинлари, уй-жойи, барча қулайлик шароитларидан ўзини боғлагани – тийилгани (ар. робата – боғламоқ) учун олган. У Аллоҳга қурбатни афзал кўрган. Ҳарбийнинг сендаги ҳақлари – унга эҳтиром кўрсатишинг, шаънини кўтаришинг, молинг, тананг ва тилинг билан ёрдам кўрсатишинг, унинг ишини чиройли кўрсатишинг, унга Аллоҳдан сабот ва олий мукофот тилашинг, одамларни ҳам уни ҳурмат қилишга, танишига ундашинг, йўқлигида уйида қолган молини муҳофаза қилишинг, аҳлига яхшилик билан муомала қилишинг, муаммоларида имконинг даражасида мадад бўлишинг, уларнинг ҳаққига дуо қилишинг. Агар ҳарбий қайтиб келса, унинг зиёратига чиқишинг ҳамда унга барака ва қабул тилаб дуо қилишинг. Агар уни ҳарбий хизматга кузатаётган бўлсанг ҳам уни дуо билан кузатишинг. Зеро, бу каби ишлар унинг фаолиятига ёрдам ва мадад бўлади” [4:206а-207б].
“Муҳтасиблар фойдалари” бобида уларнинг кўприк ва работларни таъмирлаш, йўл солиш, ўз маҳалласидаги муаммоларини ҳал қилиш, масжид ва мақбараларни бутлаш, ўт ўчириш, тўғон ёрилса, сув йўлини ёпиш, маҳаллада содир бўлган жиноятларни суриштириш каби ишларни амалга оширишдаги жонбозлиги баён қилинади. Бу ишлар учун ҳақлар вожибдир. Вақф омонатлари, мусулмонлар ишлари, етимлар моли уларнинг қўлига топширилган. Агар бу табақа йўқ бўлиб қолса, ислом ва унинг аҳлига кўп зиён етади, катта ишлар зое бўлади. Бирор бошқа табақа вакиллари улар ўрнини боса олмайди, изидан юра олмайди. Бу иш фақат улар билангина амалга ошади. Гўёки, улар шу иш учун яратилган. Уларнинг фойдаси ҳаммага етади. Муҳтасиб ҳақлари эса – эҳтиром қилишинг, шаънини кўтаришинг, уларнинг меҳнатини чиройли қилиб кўрсатишинг, шу ишларга тарғиб қилишинг, эъзозлашинг, оммадан афзал кўришинг, уларга мадад, ёрдам ва тавфиқ сўраб дуо қилишинг, ўзинг ва молинг билан тасалли беришинг, токи улар бундан куч олади ва фаолиятида қуввати зиёда бўлади” [4:207б-208а].
Асарнинг энг сўнгги – “Муаллимнинг фойдалари” бобида ўқитувчиларнинг фарзандни ўқиш, ёзиш, савод чиқариш, одоб ва тарбия беришдаги аҳамияти баён қилинади. “Унинг ҳақлари: тилинг билан унга миннатдорчилик билдиришинг, у ҳақда яхши мақтовлар айтишинг, (керак бўлса) пойабзалини кўтариб юришинг, сенинг фарзандинг билан шуғулланган кунлари учун унга моддий ёрдам қилишинг, токи ўзини шу вазифага тўлиқ бағишласин. Олдингилар шундай қилган, олдиндан таълимни тугатадиган болага вазифа тайёрлаб қўйган, бола таълимни тугатиб, нима билан шуғулланишини олдиндан билган. Ҳақларидан яна у билан келишилган маблағни кечиктирмаслигинг, пайшанба-жума, ҳайит, Наврўз ва Меҳржон байрами кунлари туҳфа бериб туришингдир” [4:208а-209б]. Боб якунида фарзандга таълим-тарбия бераётган муаллимдан моддий ёрдамни ушлаб қолган киши, золим, ҳақларни яширган ва Аллоҳ неъматларини инкор қилган ҳолида Аллоҳга рўбарў бўлиши айтилади.
Ҳаким Термизий “Ал-Ҳуқуқ” асарида танлаб олган тоифалар жамиятда ижтимоий юкни тортадиган куч эканини кўриш мумкин. Булар жамият диққат марказида турадиган қатлам бўлиб, ижтимоий барқарорликни таъминлашда бевосита ва билвосита таъсири бор. Мазкур тоифаларни шартли 3 гуруҳга ажратиш мумкин: бошқарув – Пайғамбар (а.с.), султон, ҳарбий ва муҳтасиблар, касб вакиллари – уламо, имом, муаззин, табиб, ғассол ва ўқитувчилар, ижтимоий алоқалар – ота-она, фарзанд, эр-хотин, қариндош, қўшни ва хизматкорлар.
Асарда айнан шу тоифалар ҳуқуқи ҳақида баён қилиниши, жамиятда уларга эътиборни ўз ўрнига қўйиш заруриятидан келиб чиқади. Юқорида қайд қилинган тоифаларнинг барчаси жамият ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Барчасининг кўлами, таъсир доираси ва фаолият йўналиши ҳар хил бўлса-да, аммо жамият равнақи, барқарорлиги, маънавий камолоти ва ижтимоий муносабатларида ҳар бири муайян аҳамият касб этади. Асарда ижтимоий ҳуқуққа уйғун ҳолда диний, шахсий ва сиёсий ҳуқуқ кўринишларини кузатиш мумкин. Масалан, Пайғамбар (а.с.), имом ва муаззинларга оид жамият мажбуриятлари диний ҳуқуқ билан боғлиқ бўлса, подшоҳ, ҳарбий ва муҳтасиблар билан боғлиқ муносабатларда сиёсий ҳуқуқ элементлари кўзга ташланади. Ота-она, фарзанд, эр-хотин, қариндош, қўшни, хизматкор, табиб, ғассол ва ўқитувчиларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларда эса шахсий ҳуқуққа оид намуналарни кўриш мумкин. Ҳаким Термизий ота-она, фарзанд, эр-хотин, қариндош, қўшни ва хизматкорларга оид шахсий ҳуқуқларни ижтимоий ҳимоя ҳуқуқи билан ҳамоҳанг тарзда баён қилади. Қулдорлик жамиятида хизматкор – қуллар ҳуқуқи алоҳида ажратиб кўрсатилиши, хўжайин мажбуриятларининг батафсил ёритиб берилиши ҳам алоҳида эътиборни тортади. Муаллиф мазкур ҳуқуқ ва мажбуриятларни ислом дини манбалари асосида ёритиб беради. Ҳар бир бобда мавзуга алоқадор Қуръон оятлари, ҳадислар ва саҳобийлар сўзларидан далилларни кўплаб келтиради. Асарда ҳар бир тоифанинг ҳуқуқлари аралаш тарзда, яъни фарз, вожиб, суннат ва мандуб категориясига тегишли ҳақ-ҳуқуқлар яхлит ҳолда ажратилмай келтирилган. Аксарият қайд этилган ҳуқуқларни мустаҳаб категориясига киритиш мумкин. Ушбу ҳуқуқлар ижтимоий одоб тушунчаси билан ҳам уйғундир. Ҳаким Термизийнинг ҳайвонлар ҳуқуқларига оид фикри ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асарда ҳайвонлар ҳуқуқи ва уларга нисбатан эгасининг мажбуриятлари ҳам айнан ислом таълимотларига асосланган ҳолда шаклланган. Ҳаким Термизий юқорида санаб ўтилган ҳуқуқларни яхлит, бир-бирини тўлдирган ҳолда тасвирлаган. Мазкур асарда мақосид аш-шарианинг 5 тамойили: дин, жон, ақл, насл ва мол муҳофазаси масаласи тарқоқ ҳолда келтирилганини кўриш мумкин.Термизий гарчи фиқҳдаги мақосид аш-шариа йўналишига асос солган бўлса-да, унинг даврида бу тамойиллар ҳали алоҳида ажралиб турадиган хусусият касб этмагани намоён бўлади.
Асарнинг эр-хотинлик фойдалари масаласига бағишланган бобида Ҳаким Термизий ўз давридаги “мутазоҳҳид” (сохта зоҳид)лар тоифасини танқид қилиб ўтади. Уларнинг никоҳ қурмаслик ҳақидаги қарашини ислоҳ қилиш билан бирга, ушбу тоифа мисолида шахснинг жамиятда юриш-туриш, ташқи кўриниш этикаси масалаларини ҳам муолажа қилади. Уларни жамиятдаги барқарорликка салбий таъсиридан огоҳлантиради. Асарда диний айёмлар билан ёнма-ён Наврўз ва Меҳржон байрамига эътибор қилиниши, ўша вақтда ҳам бу байрамлар аҳоли ўртасида нишонланганини билдиради. Эътиборли жиҳати шундаки, булар исломий байрамлар билан бирга зикр этилиб, уларга нисбатан ижобий муносабат билдирилган, ҳатто бу кунлари совға бериш ҳақида фикр келтирилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу асарни жамиятдаги қатламлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш, ижтимоий барқарорлик ва ҳимояни таъминлашга қаратилган, шунингдек, ўз даври учун илғор, ижтимоий ҳуқуқ жанрида ёзилган илк китоблардан бири, деб баҳолаш мумкин.
-
Жуюший М. Ал-Ҳаким ат-Термизий: диросатун ли осориҳи ва афкариҳи. – Қоҳира: Дор ан-наҳда ал-арабийя, 1980.
-
Заҳрий Х. Ҳаким Хуросон ва анис аз-замон. – Работ: Дор ал-омон, 2013.
-
Radtke B. Al-Hakim at-Tirmidi. – Freiburg: Klaus Schwarz Verlag, 1980.
-
Ҳаким Термизий. Ал-Ҳуқуқ. Исмоил Соиб фонди қўлёзмаси, инв. № 1575.