Home / АЛЛОМАЛАР / БУЮК ФАҚИҲ, БЕНАЗИР ОЛИМ ВА МАШҲУР МУФАССИР

БУЮК ФАҚИҲ, БЕНАЗИР ОЛИМ ВА МАШҲУР МУФАССИР

Ўзбекистон қадимдан буюк мутафаккирлари билан жаҳонга машҳурдир. Юртимиздан етишиб чиққан олимлар дунё тамаддунига беназир ҳисса қўшган. Бунинг натижасида ўрта асрларда уйғониш даври, яъни Шарқ Ренессанси вужудга келган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, деб таъкидлади.

Кўҳна Шарқ, хусусан, юртимиз буюк мутафаккирлари ва алломалари амалга оширган улкан кашфиётлари туфайли шуҳрат қозонган. Уларнинг илм ва кашфиётлари, маънавий ва маданий мероси ҳозирга қадар ўз аҳамиятини сақлаб қолган. Ана шундай алломалардан бири Абу Лайс Самарқандийдир.

Машҳур фақиҳ ва мутакаллим олимнинг тўлиқ исми – Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий бўлиб, у “Абу Лайс” куняси билан машҳур бўлган. “Абу Лайс”, яъни шернинг отаси [4:741] куняси билан машҳур бўлишига сабаб сифатида шердек баҳодир, жасур, довюрак, шижоатли бўлгани келтирилади [2:766].

Алломанинг туғилган йили аниқ эмас. Шу боис унинг “Уюн ал-масоил” асарини таҳқиқ қилган Саййид Муҳаммад Муҳанний олимнинг таваллуд санаси ҳақида аниқ маълумот келтирмаган [5:7].

Туркияда чоп этилган ислом энциклопедиясида ҳам Абу Лайс Самарқандийнинг таваллуд санаси келтирилмаган [8:473].  Интернет сайтларида олимнинг туғилган йили аниқ кўрсатилмасдан, фақатгина X асрда таваллуд топгани келтирилади.

Лекин айрим тадқиқотчилар Абу Лайс Самарқандийнинг 298/911 йили Самарқандда туғилиб, 375/985 йил шу ерда вафот этгани, олим умри давомида тафсир, фиқҳ, усул (дин асослари), ақида, зуҳд бўйича илмий фаолият юритиб, кўплаб асар ёзганини қайд этади [1:6-7].

Бошқа тарихчилар эса у киши, тахминан, 301–310 ҳижрий йиллар оралиғида таваллуд топганини айтади. Абу Лайс Самарқандийнинг таваллуд санаси аниқ эмаслигига асосий сабаб сифатида ўша даврда одамларнинг дунёга келиш санасини аниқ қайд этиш урф бўлмаган.

Алломанинг туғилган санаси аниқ бўлмагани каби, вафоти тўғрисида ҳам маълумотлар турлича. Довудий ўзининг “Тобақотул муфассирийн” асарида Абу Лайс Самарқандий 393 ҳижрий йилнинг 11 жумодул аввал тунида вафот этган деган [6:515]. “Табақотус санийя фи тарожим ал-ҳанафийя” асарида эса 383 йилнинг 3 санасида дейилган. “Тожут тарожим”да эса 375 ҳижрий йил қайд этилган.

“Жаваҳир ал-мазия”да 373 йилнинг 3 куни дейилган. “Кашфуз зунун”да Ҳожи Халифа Абу Лайс 376 ёки 383 ёки 393 ҳижрий йилларнинг бирида вафот этганини айтади… “Тарих ат-турос ал-аробий”да унинг вафоти 373 йил экани, 375 ва 393 деган сўзлар ҳам борлиги келтирилади [8:43].

“Ал-ансоб” асари муаллифи Абу Саид Абдулкарим Самъо­ний (1113–1167) аллома ҳақида биринчи бўлиб маълумот берган. Унинг ёзишича, “Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Тузий Абу Ҳанифа мазҳабидаги фақиҳлардан ҳисобланган. Баҳс-мунозарада машҳур бўлган. Самарқандда яшаган ва шу ерда вафот этган. Устози Абу Иброҳим Термизий бўлиб, ундан ҳадис ривоят қилган. Шогирди Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Саид Самарқандий Навоий бўлган”.

Аллома ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида кўплаб олимлар ўз асарларида маълумот берган [9:544].

Абу Лайс Самарқандий ёзган асарлар Андалусиядан Индонезиягача кенг тарқалиб, асрлар давомида мўмин-мусулмонларнинг тафсир, ақида, ҳадис, фиқҳ борасидаги илмининг янада юксалишига, энг муҳими, ҳанафий мазҳабининг кенг тарқалишига хизмат қилган.

Абу Лайс Самарқандий дастлабки билимни отаси Муҳаммад ибн Иброҳим Тузийдан ўрганади. Муҳаммад ибн Иброҳим Тузий замонасининг фақиҳ уламоларидан бўлган.

Абу Лайс Самарқандийнинг барча устозлари ҳанафий мазҳаби уламолари бўлиб, кўпчилигининг силсиласи Имоми Аъзам Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифа (699–767), Абу Юсуф (731–798) ва Муҳаммад ибн Ҳасанга (749–805) бориб тақалади.

Аллома кўплаб асарлар ёзган. Хусусан, тафсир борасида “Баҳр ал-улум” (Илмлар денгизи) номли уч жилдли китоб ёзган. Фиқҳ борасида “Хизонат ал-фиқҳ” (Фиқҳ хазинаси) “Уюн ал-масоил”, (Масалалар сарчашмаси), “Муқаддима Абу Лайс фис-солат”, (Намоз муқаддимаси), “Ан-навозил фил фатово” (Фатволар ҳақида китоб), “Таъсис ан-назоир ал-фиқҳия”, “Ал-Мабсут фи фуруъил фиқҳ ал-ҳанафий”, “Ан-Наводир ал-муқаййида” (Фиқҳнинг нозик масалалари ҳақида), “Шарҳ ал-жомиъ ал-кабир” ва “Шарҳ ал-жомеъ ас-сағир”. (Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний китобларига шарҳ ёзган), “Муқаддима фи баёни ал-кабоир вас-сағоир”, “Фатово Абу Лайс” каби асарларни ёзган.

Ақоид борасида ҳам “Китоб мухталиф ар-ривоя” (Турли ривоятлар ҳақида китоб), “Китоб баён ақоид ал-усул” (Дин асослари қоидалари баёни китоби), “Китоб асрор ал-ваҳий” (Ваҳий сирлари китоби) каби асарларни таълиф этган.

Олимнинг 30 га яқин асари бизгача етиб келган.

Юқорида келтирилган маълумотлардан маълум бўладики, Абу Лайс Самарқандий тафсир, ҳадис, ақида, тиббиёт, фалсафа ва тарих соҳаларидан кўра кўпроқ ислом ҳуқуқшунослигига оид асарлар ёзган.

Алломанинг фиқҳга оид 11 та асари бор. Шу боис Абу Лайс Самарқандий номига “Ал-фақиҳ”, яъни тенги йўқ фақиҳ лақаби қўшиб айтилади. Лақабдаги “ал” артикли унинг фиқҳ борасида замондошларидан ҳеч ким тенглаша олмайдиган даражага эришганига далолат қилади.

Абу Лайс Самарқандийнинг биз ўрганаётган “Уюн ал-масоил” асари ислом ҳуқуқшунослигида ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган муҳим манба бўлиб, 230 саҳифадан иборат. Асарда ислом шариатининг асосий арконлари, ҳукмлар, қоидалар, муомалалар баён этилган.

Барча фиқҳ китобларида бўлгани каби аллома Абу Лайс Самарқандай ҳам “Уюнул масоил” асарини таҳорат боби билан бошлаб, намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ, савдо, қасам, каффорат ва муомалалар бобларини ҳам келтиради.

Бу асарнинг аҳамияти шундаки, унда ислом ҳуқуқшунослигига оид мавзулар аниқ, лўнда ва тушунарли тарзда келтирилган. Шу билан бирга, асарда ҳар бир мавзу бўйича Мовароуннаҳрга хос фатволар ҳам баён этилган. Бу эса, асарнинг қийматини янада оширган.

Айни пайтда ушбу асар ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

“Уюнул масоил” асари ўзбек тилига таржима қилингач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари ўқувчилари учун муҳим қўлланма ва дарслик бўлиши мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдуллаев А. Абу Лайс Самарқандий. – Т.: ТИУ, 2011. – Б.6-7.
  2. Ан-Наъйм. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003, –Б.766.
  3. Зириклий Х. Ал-аълом. Ж. 8. – Байрут: Дорул-илм ли-л-малайин, 2002. – Б.27.
  4. Маълуф Л. Ал-Мунжид фил луға. – Байрут: Дорул машриқ, 1986. – Б.741.
  5. Самарқандий Абу Лайс. Уюнул масоил. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1998. – Б.7.
  6. Самъоний А. Ал-ансоб. – Байрут. Дору-л-фикр, 1998. – Б.515.
  7. Уватов У. Ўзбекистон – буюк алломалар юрти / Абул Лайс Самарқандий. – Т.: Маънавият, 2010 – Б.79-80.
  8. Халифа Ҳ. Кашф аз-зунун. Ан асом ал-кутуб ва ал-фунун: – Истанбул: 1360-62/1941-43.
  9. Қураший А. Ал-Жаваҳир ал-мазийя фи тобақот ал-ҳанафийя. – Ҳиндистон: Даирот ал-маориф ан-низомия. Ж. 3. –Б.544.
  10. İslam ansiklopedisi. – İstanbul: 1988. Cilt 36. –S.473.
  11. Sezgin F. GAS, I. –S.445–450.
  12. https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat- mirziyoevning-oliy-mazhlisga- murozhaatnomasi_198650.
  13. https://ru.wikipedia.org/wiki.
  14. https://ar.wikipedia.org/wiki.
ТОЛИБЖОН НИЗОМОВ,
ЎзХИА таянч докторанти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …