Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ РАЙҲОН БEРУНИЙ АСАРЛАРИДА ЭЪТИҚОД МАСАЛАСИ

АБУ РАЙҲОН БEРУНИЙ АСАРЛАРИДА ЭЪТИҚОД МАСАЛАСИ

Буюк қомусий олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний (970-1048) илк мусулмон уйғониш даврининг энг машҳур намояндасидир. Берунийнинг туғилиб ўсган даври айни Мовароуннаҳр ва Хоразмда ислом дини кенг тарқалиб, маҳаллий аҳоли янги илоҳий динни тўлиқ англаб етган пайтга тўғри келди. Аллома ўша давр Хоразмнинг марказ шаҳарларидан бири Кот шаҳрида ҳижрий 362 йил зулҳижжа ойида (973 йил сентябрь) таваллуд топди ва дастлабки сабоқни она шаҳрида олди[9]. Унинг оиласи ва илк таълими ҳақида манбаларда маълумот жуда кам. Беруний ўз асарида ёзишича, отаси унинг ёшлигидаёқ вафот этган, онаси эса ўтин сотиб кун кечирган. Яъни ёш Беруний ўз даврининг ночор оиласида ҳаёт кечирган.

Беруний ўсмирлик йилларида ўша даврнинг энг машҳур олимларидан африғийлар саройида хизмат қилган Абу Наср ибн Ироқ[1] назарига тушади. Абу Наср ибн Ироқ Хоразм ўлкаси бўйлаб салоҳиятли ёшларни топиб, уларга ҳомийлик қилишни йўлга қўйган эди. Мансур ибн Ироқ ўша давр Хоразм ўлкаси ҳукмрон сулоласи «ироқийлар» яъни африғийлар сулоласидан бўлиб, у салоҳиятли ўсмир Берунийни ўз қарамоғига олади. Бу, албатта, Берунийнинг илм олиши ва етук олим бўлиб етишишида катта муваффақият бўлди. Беруний асарларида ҳеч кимга нисбатан ишлатмаган «Устоз» атамасини айнан Абу Наср ибн Ироққа нисбатан ишлатган[1:182]. Шунингдек, ундан Птолемей астрономияси ва Евклид геометрияси бўйича илм олганини айтиб ўтади. 

Аллома ўз асарларидан бирида айнан ёшлик даврини хотирлаган. Унда Беруний ўзининг илмга ҳарис эканини қуйидагича ифодалайди: «Мен болалик чоғимданоқ,  – ёшим ва шароитимга қараб, имкон қадар кўпроқ билим олишга интилдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган қасабага бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил дон, уруғ, мева ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатар эдим ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўярдим»[2]. Шундан маълум бўладики, Беруний ана шу қўшнисидан юнон ҳамда сурёний тилидан бошланғич билимни олган. Беруний яна бир асарида форс ва араб тилларини ўргангани, улардан юқори даражага етганини таъкидлаган. Бундан келиб чиқиб, Беруний Хоразм туркларидан бўлган деган хулосага келиш мумкин. Берунийнинг она тили хоразмча бўлиб, илмий луғатга эга бўлмаган  тил эди. Шунинг учун у араб ва форс тилларини пухта ўрганган. Шунингдек, бу тиллардаги луғатдан фойдаланиш учун юнон, сурия ва иброний тилларини етарли даражада билган. Беруний кейинчалик Ҳиндистонга сафари давомида санскрит тилини ҳам ўрганишга киришган. Унинг бу тилдаги билими шу даражага етадики, ҳиндистонлик олимлар ёрдамида ҳинд илмий асарларини араб тилига ўгирган. Аллома араб тилини ҳам мукаммал билган, бу тилда шеър ёза олган ва рисолаларида мумтоз асарлардан иқтибос келтириш имконига эга бўлган[5].

995 йилда Маъмунийлар томонидан Кот шаҳри эгалланди ва ҳокимият улар қўлига ўтди. Шу билан марказ ҳам Кот шаҳридан Гурганжга кўчди. Бу воқеа Берунийни она шаҳрини тарк этишига сабаб бўлди. Берунийнинг Кот шаҳрини тарк этгач қаерга кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ бўлса-да, маълум вақт Рай шаҳрида йўқсилликда яшагани ҳақида айрим маълумотлар учрайди[6].

997 йилда Беруний Кот шаҳрига қайтиб келади. Айнан шу йил май ойида Беруний ўз даврининг энг йирик математик ва астрономи Абул Вафо ал-Бузжоний[2] билан бирга ой тутилишини кузатгани маълумдир. Шу йилнинг ўзида Беруний Сомонийлар ҳукмдори Мансур II (997 – 999) саройида бўлиб, унинг ҳомийлигида ҳам ижод қилган. Шунинг учун ҳам, кейинроқ ёзилган бир шеърида Сомоний ҳукмдорини ўз ҳомийси сифатида тарифлайди[7:2334].

998 йилда эса Зиёрийлар (928-1042) сулоласидан Журжон ҳокими  Шамсулмаолий Қобус ибн Вашмгир саройига таклиф этилади. Унга атаб Беруний 1000 йилда энг нодир асари «Осар ал-Боқия анъил қурун ал-халия»ни шу ерда ёзиб тугатади[7]. Асарнинг бир неча ўринларида Беруний ўз ҳомийси Қобусни бир неча лақаб билан зикр этади. «Осар ул-боқия» – қадимги Хоразм халқлари, яҳудий, насроний, мажусий ва мусулмонларнинг урф-одат, анъана, байрам, тақвим, дин ва бошқалар ҳақида қимматли маълумот жамланган асар эди. 27 ёшли йигитнинг закосидан ҳайратда қолган Шамсулмаолий (Қобус ибн Вашмгир) унга вазирлик рутбасини таклиф қилади. Беруний ўта юксак одоб билан шоҳ таклифини рад этиб, Гурганжга боришга рухсат сўрайди. Шу билан бирга, Беруний айнан Журжондалигида илк марта ер кенглигининг биринчи ўлчамларини аниқлашга ҳаракат қилган [4].

1009 йилда Абул Ҳасан Али бин Маъмуннинг таклифига биноан Беруний Журжонни тарк этиб, Хоразмга, маъмунийлар саройига қайтади [7:324]. Хоразмга қайтиш Беруний ва унинг илмий изланишлари учун анчайин сермаҳсул бўлди. У Гурганжда ўн беш йилга яқин яшади ва илмий изланишлар ва астрономик тадқиқотлар олиб борди, бир қатор асарлар ёзишга киришди.

1017 йилда Мамунийлар саройида бошланган келишмовчилик охир оқибат Мамуннинг ўлдирилиши билан тугади. Бундан хабар топган Султон Маҳмуд Ғазнидан қўшин билан Балхга, у ердан Хоразмга йўл олади. Хоразмни забт этгач, барча айбдорларни тутиб жазолайди. Мамлакатга Амир Олтинтошни волий этиб тайинлаб, йиллик ўлпон белгилайди. Бир қанча кишилар, хусусан, олимлар устози Абдуссамад Аввал ал-Ҳакимни қарматий ва кофирликда айблаб, ўлимга буюради. Шубҳа сиртмоғи бўйнига тушганлар орасида Абу Райҳон Беруний ҳам бор эди. Айтишларича, султон уни ҳам қатлга буюрмоқчи бўлади, лекин бир аъён «Абу Райҳон деганлари юлдузшуносликда ўз замонининг пешвоси, подшоҳларнинг ундай кишиларга эҳтиёжи зўр бўлади», деб уни қутқариб қолади. Ҳибсга олинган лашкарбошилар ва уларнинг бола-чақаси, уста ҳунармандлар билан бирга «Дор ул-ҳикма» олимлари ҳам Ғазнага йўл олади[3].

Шу даврдан Берунийнинг Ғазнадаги ҳаёти бошланади. Бу давр ҳам анчайин сермаҳсул бўлиб, у Султон Маҳмуднинг Ҳиндистонга юришларида шахсан қатнашади ва Ҳинд ўлкасини ўрганишга киришади. Санскрит тилини ўрганган олим бу ўлка урф-одатлари, аҳолиси, маданияти, дини ҳақида энг нодир асарларидан бири «Китаб таҳқиқ ма лил Ҳинд»ни ёзади.

Абу Райҳон Беруний ислом дини моҳиятини тўла англаб етган, унинг арконларини адо этган чин мусулмон олими эди. Буни Берунийнинг асарларига ёзган муқаддимасидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, олим «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарини қуйидагича бошлайди:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Зид ва ўхшашлардан олий Аллоҳга ҳамд бўлсин! Махлуқотларнинг энг яхшиси Муҳаммад Мустафога ва у зотнинг ҳидояту ҳақнинг имомлари бўлган аҳли‑оиласига салавот бўлсин!

Аллоҳ таолонинг халойиқ манфаатлари борасидаги нозик тадбирларидан ва барча яратмишларига бўлган улуғвор неъматларидан бири шуки, Ўз оламида ҳеч бир замонни одил раҳбардан ҳоли қилмайди. Кулфатларда, нохуш ҳодисаларда, бало‑офатлар етганда пушт‑паноҳ тутишлари, ишлар чалкашганда мурожаат қилишлари учун уни (одил раҳбарни) халқлар учун омонлик манбаи қилиб қўяди. Унинг (яъни одил подшоҳнинг) истинботи (ижтиҳод ила хулоса олиши) билан оламнинг низоми оёқда туради, тутқичлари бардавом бўлади. Одил раҳбарга суянишлари уларга (одамларга) фарз қилинган бўлиб, бу билан охират савобига ҳам эришилади ва бу Аллоҳ субҳонаҳуга итоат, Унинг Расулига итоатдан ҳисобланади. Бу эса ҳақ ва адолатли  Зотнинг сўзига кўра бўлиб, Унинг сўзи узил‑кесил ҳал қилувчидир:

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Унинг Расулига итоат қилинг ва ўзларингиздан бўлган иш бошиларга ҳам» (Нисо сураси, 59‑оят)»[1:2].

Шубҳасиз, Беруний эътиқоди мустаҳкам мусулмон эди. Унинг иқлим, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги масофани ўлчаш, қуёш, ой ва юлдузлар ҳаракатига доир ҳисоблари Ер юзининг исталган нуқтасидан туриб Каъбани топишга қаратилган эди. Бу эса ўз навбатида мусулмонлар учун энг зарурий масала бўлиб, кундалик ижро этиладиган ибодатларнинг шартларидан бири эди.  Рубъи маскуннинг деярли барча ҳудудларидан Ҳижозга бориш йўлларини аниқлади, бироқ ўзига Каъба зиёрати насиб этмади. Қибла томонни аниқлаш бўйича амалга оширган ишлари, албатта, чин мусулмоннинг илмий изланишлари эди.

Беруний ислом илоҳиётида сунний исломнинг Ашъария мазҳаби тарафдори эди. Шу билан бирга, у мотуридий мазҳаби олимлари билан яқиндан алоқада бўлган. Бироқ у мўътазилий илоҳиётчиларни, хусусан, Ал-Жоҳизни[3] қаттиқ танқид қилган. Шунингдек, Муҳаммад ибн Закариё ар-Розийнинг масиҳийликка хайрихоҳлигини ҳам танқид қилган[6]. Дарҳақиқат, Беруний суннийлик йўналишидаги мусулмон бўлган. Ақидада Имом Ашъарий[4] мазҳабида бўлиб, керак бўлса ақидада адашган мусулмонларни асарларида танқид қилган, уларни мусулмонларга фойда эмас, балки зарар келтираётганликда айблаган. Имом Ашъарийнинг соф ислом ақидаси сақланиб қолишида ва турли ботил таълимотларнинг йўқ бўлиб кетишидаги хизмати ниҳоятда катта эди. Шунинг учун гарчи ислом оламида кўплаб уламолар Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида бўлса-да, ақидавий қарашлари «Ашъария» номи билан алоҳида эътироф этилган. Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарийларнинг таълимотлари ўртасида фақатгина жузъий фарқлар бўлган ва улар асосан бир-бирини тўлдирган. Шунинг учун ҳам ушбу икки таълимот ислом илоҳиётида тўғри таълимот сифатида эътироф этилган.

Абу Райҳон Беруний ўз даврида ҳам ҳозир ҳам баъзилар томонидан шиаликда айблаб келинади. Бунга асосий сабаб қилиб унинг шиалик тарафдори бўлган Журжон ҳокими Шамсулмаолий Қобус ибн Вашмгир саройида бир неча йил хизмат қилгани ва унга атаб асар ёзгани келтирилади. Лекин шуни унутмаслик керакки, Беруний айнан Қобус ибн Вашмгир учун ёзган асари «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»нинг бирон ўрнида шиалик аломати, яъни Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг авлодлари ҳақида, шунингдек, рошид халифаларга нисбатан номақбул фикрларни келтирмаган. Маълумки, шиалик йўналиши ўз анъаналарига эга бўлиб, бу йўналишдаги муаллифлар асарларида улардан фойдаланган. Аммо Берунийнинг ҳеч қайси асарида биз шиаликка мойилликни учратмаймиз.

Ўз навбатида, Берунийнинг шиаликнинг исмоилия[5] мазҳабига муносабати «Оқ кийимлилар ва қарматийлар ҳақида» рисоласида батафсил баён этилган бўлиши мумкин. Афсуски, у бизгача етиб келмаган. Бироқ «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарининг «Пайғамбарлик даъво қилган кишилар ва уларнинг алданган умматлари – уларга оламлар Эгасининг лаънати бўлсин – тарихлари устида сўз» қисмидаги қарматийлар[6] боби унинг эътиқодини аниқ намоён қилади. Шунингдек, Беруний ушбу бобни ёзар экан ўз позициясидан туриб, ҳаққоний фактга асосланган ҳолда сохта пайғамбарларни қоралайди. Асарнинг ана шу қисми Берунийнинг соф ислом ақидасида бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.

Беруний бу қисмда ислом кириб келгунича Мовароуннаҳр ва Хуросонда тарқалган монийлик ва маздакийлик, уларнинг бузуқ ғоялари, бу сохта таълимотларнинг асосчилари ҳақида турли манбалар орқали батафсил маълумот беради. Хусусан, монийлик ҳақида ёзаркан, Моний ўзини Инжилда зикр этилган охирги замон пайғамбари Фуроқлит деб номлаганини, ўзининг бузуқ ғояларига одамларни ишонтирганини ва охир-оқибат шоҳ Баҳром ибн Ҳурмуз[7] томонидан ушланиб, териси шилиб ўлдирилганини ҳам баён қилади[1:242].

Ислом дини кириб келишидан олдинги ёлғон пайғамбарлар ва уларнинг бузуқ ғоялари ҳақидаги маълумотлардан сўнг Беруний Ислом даврида ёлғондан пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайламат ал-Каззоб, Баҳофарид, Ҳошим Ибн Ҳакимнинг сохта даъватлари ва уларга аҳолининг ишониши ҳақида ёзади.

Беруний ўз асарида Ҳошим ибн Ҳаким ва унинг тарафдорларини кофирликда айблайди. Ҳошим ибн Ҳаким вафотидан кейин ҳам унинг тарафдорлари Мовароуннаҳрда қолганини, улар шаклан ислом динида бўлса-да, аслида Ҳошим ибн Ҳакимнинг динида эканини айтиб ўтади. Айнан Муқанна ва унинг тарафдорлари ҳақидаги хабарларни форс тилидан таржима қилиб, «Оқ кийимлилар ва қарматийлар хабарлари ҳақида» номли китобга жамлаганини ҳам баён этган[1:247].

«Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида Беруний қарматия тоифасига ҳам тўхталиб, улар томонидан Маккада қилинган хунрезликлар, ҳожиларга ҳужум, «Ҳажар ал-асвад»ни ўғирлаб кетиши ҳақида маълумот келтирган. Шунингдек, уларнинг ақидаси ботил экани ва соф ислом дини таълимотига тўғри келмаслигини ҳам айтиб ўтган[1:248]. Беруний адашган қарматийлар бошлиғи Ибн Абу Закариё ва унинг ножоиз ишларига тўхталар экан, улар Ибн Абу Закариёдан олдин ботинийя ақидасига эътиқод қилгани ва шиаликка мансуб бўлганини зикр этади. Шундан аниқ бўладики, Беруний шиаликка қарши бўлган. Шунингдек, шиалик йўналишларидан ҳисобланган қарматий ва ботинийларнинг бузуқ ақидаларини танқид қилган сунний мусулмон бўлган, деб хулоса қилиш мумкин.

Абу Райҳон Беруний Ҳиндистон тарихига оид «Фи таҳқиқи ма лил‑Ҳинд» асарида қаерда Аллоҳ таолони зикр қилса, албатта «субҳонаҳу ва таоло»ни, пайғамбарларни эслаганда «алайҳис салом»ни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни зикр қилганда «саллоҳу алайҳи» ёки «соллаллоҳу алайҳи ва саллам»ни қолдирмай келтириб ўтади.[8] Бу ҳам Берунийнинг имон қуввати ва соф ақидасидан дарак.

Айтишларича, Шамсулаимма Абдулазиз Ҳалвоний ўз даврида Бухоро қозиси бўлиб, Берунийнинг илм йўлидаги айрим уринишларини ҳимоя қилиш учун унинг ишларини ёқлаб, алоҳида фатво ҳам чиқарган. Бундан кўринадики, Берунийнинг илмий изланишлари доимо ислом дини аҳкомларига мувофиқ бўлган. Унинг тадқиқотлари ва асарларида ислом дини аҳкомларига зид ҳаракат бўлмаган.

Улуғ фақиҳлардан Абулҳасан Али ибн Исо Валволажий айтади: «Абу Райҳонни кўргани кирдим. У жон талвасасида, нафаси изтиробда, қалби сиқилган эди. Ўша ҳолатда: «Бир куни менга фосид бобонинг (она тарафдан бобо) меросдаги улуши ҳақида нима деган эдинг?», деди. Мен унга ичим оғриб: «Шу ҳолатда‑я?», дедим. У  менга: «Ҳой сен! Дунё билан ушбу масалани билиб хайрлашишим уни билмай дунёни тарк этишимдан яхшироқ эмасми?», деди. Мен унга ўша масалани қайта айтиб бердим, у ёдлаб олди ва ўргатишни ваъда қилган масаласини менга ўргатди. Унинг ҳузуридан чиқдим. Йўлга тушганимдаёқ қичқириқ овози эшитилди»[7:2331]. Яъни Беруний вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Ўлим олдидан ҳам диннинг асосий масалаларидан бўлган фароиз(мерос) илмининг бир масаласини ўрганишга ҳарис мусулмон камдан кам топилади, Абу Райҳон Беруний ана шундай илмга муштоқ мусулмон эди.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ислом дунёвий илмларининг энг юқори чўққисида мутафаккир ва олим Беруний туради. Унинг ўрганмаган, қизиқмаган ва интилмаган соҳаси йўқ эди. Барча илмлар бўйича олим –  полимат бўлиб етишди. Буларга Берунийнинг бирор нарсани билишга иштиёқи, қизиқувчанлиги билан бирга, албатта соф эътиқоди ҳам сабаб бўлди.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абу Райҳон Беруний. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар». – Т.: Фан, 1986. – Б. 488.
2. Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. 4-том. «Фармакогнозия». – Т.: Фан, 1973. – Б. 139.
3. Абул Фазл ал-Байҳақий. Тарихи Байҳақий. – Қоҳира, 1956. – Б. 734.
4. Emine Sonnur Özcan, Bilgi Büyücüsü Bîrûnî, Ötüken Neşriyat, İstanbul 2007, s.22.
5. Жон Фрили.  Шарқдан Зиё, Ўрта Асрлар Ислом илм-фанининг замонавий дунё шаклланишидаги ўрни.
6. Villiam Montgomeri Wat .”Beruniy va g‘ayriislomiy dinlar tadqiqi” 46-bet.
7. Yâkut el-Hamevî, İrşâdu’l-Erîb ilâ Ma‘rifeti’l-Edîb, Dâru’l-Garbi’l-İslâmî. – Beyrut, 1993. С.6. – S.312.
8. ابو الريحان البيروني تحقيق ما للهند من مقولة مقبولة في العقل أو مرذولة. حيدراباد. ١٩٥٨. ٦٤٧.  ص
9. تونس. 182 ص. الدر الثمين في أسماء المصنفين ابن ساعي
 
[1] Абу Мансур Ибн Ироқ — Африғий хоразмшоҳлар оиласига мансуб бўлган. Х аср охирида Қиётда (ҳозирги Беруний шаҳри) яшаб ижод қилган. Хоразмшоҳ Маъмун академиясининг асосчиларидан бири Абу Наср Мансур ибн Ироқ Абу Райҳон Берунийга ўша замонларда ҳам мураббий, ҳам устозлик қилган. Ибн Ироқ ёш даҳо шогирдига керакли барча билимларни бериб, ўзининг бир нечта рисоласини ҳам Абу Райҳон Берунийга бағишлайди.
[2] Абул Вафо ал-Бузжоний – (940-998) Хуросоннинг Бузжон вилоятида туғилган. Ўз даврининг етук астроном ва математиги.
[3] Абу Усмон Амир ибн Бахр Жоҳиз (тахм. 767 —  868) — араб мутафаккири, ёзувчи.
[4] Абул Ҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий (873-975)   — калом илми олими. Ашъарийя йўналиши асосчиси.
[5] Исмоилийя — Исломдаги шиа оқимининг асосий шаҳобчаларидан бири бўлиб, Ислом тарихида жуда муҳим ўрин тутган. Ушбу фирқа вакиллари турли мамлакатларда «ботиния», «сабъия», «қарматия», «таълимия», «мулҳидия» ва ҳоказо номлар билан аталган.
[6] Қарматлар – шиаликнинг  исмоилия йўналиши асосий шохобчаларидан бирининг тарафдорлари. Бу ҳаракат IX аср охирида Ироқ жанубида вужудга келган
[7] Баҳром ибн Ҳурмуз (579-590) – Сосонийлар шоҳи.
ЖАВОҲИР ЗАФАРЗОДА
ЎзР ФА Тарих институти кичик илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …