Ислом дини тарқалиши жараёнида турли дин ва маҳаллий урф-одатларга дуч келиши натижасида VIII – IX асрларда ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ мактаблари юзага келди. Фиқҳ илми мусулмон ҳуқуқшунослиги ва шариат қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи соҳа бўлгани учун диний илмлар қаторига киритилган. Фиқҳ атамаси араб тилида “билмоқ”, “тушунмоқ” ёки “топмоқ” деган маънони англатади. Фиқҳ – исломий илмларнинг бир қисми бўлиб, шариат қонун – қоидаларини ишлаб чиқувчи мусулмон ҳуқуқшунослиги ҳисобланади. Шаръий қонун – қоида ва ҳуқуқларни билувчи олим “фақиҳ” деб аталади [17].
Фиқҳ диний ҳуқуқшунослик сифатида икки соҳа – шариат манбаларини ишлаб чиқиш (“усул ал-фиқҳ”) [26] ва шариатни маълум бир соҳаларга татбиқ қилиш (“фуруъ ал-фиқҳ”)дан иборат [25]. VIII аср ўрталаридан фиқҳ мустақил илм сифатида ривожлана бошлади. Бу давр ислом ҳуқуқшунослиги шаклланишида “олтин аср” деб номланади [23]. Х асрга келиб, мусулмон олимлари томонидан суннийликдаги энг йирик фиқҳий мазҳаблар сифатида шофеъий, моликий, ҳанафий ва довудийлик қайд этилган. Ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳлар фақат XII аср бошларига келиб, эътироф этила бошланган [3].
VIII аср охири – IX аср бошларида Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳаби тарқала бошлади. Ушбу мазҳаб таълимоти асосида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби ташкил топди [1]. Бу юрт фақиҳлари теран билими ва қимматли асарлари билан бутун ислом дунёсида шуҳрат қозонди. Фақиҳларнинг давлат ҳукмрон доиралари ва халқ оммасига таъсири жуда кучли эди [11].
Мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг бир неча авлодлари хизмати туфайли маҳаллий халқларнинг тарихий ва ҳуқуқий анъаналари ислом маданиятида ўз аксини топди. Исломшунос олим А.Мўминов Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби тарихини ўз хусусиятларига кўра, уч асосий даврга бўлган [18].
1) Шаклланиш даври – VIII – X асрлар;
2) Энг ривожланган даври – XI – XIII асрлар;
3) Аста-секин заифлашув даври – XIII аср бошлари – XIV аср.
IX – X асрларда Мовароуннаҳрда кечаётган жараён ҳали маҳаллий аҳамиятга эга бўлиб, бу минтақа Хуросоннинг бир қисми ҳисобланар эди. Бу даврда аҳоли турли табақалари учун фақиҳ олимлар гуруҳи ягона ҳимоячиси сифатида майдонга чиқди. Натижада уларнинг ижтимоий обрўси ва таъсир доираси кенгая борди [18].
Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ҳанафий мазҳабига асосланган шакли устувор эди [7]. Бунинг сабаби, бир томондан, IX асрда бу ерда маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланишида Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс Бухорий (ваф. 832)нинг хизмати бўлса, иккинчидан, ушбу мазҳабнинг мезон ва тамойиллари маҳаллий шарт-шароитларга кўпроқ мос келар эди. Бундан ташқари, маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланишига Балхда мавжуд йирик ҳанафийлик марказининг ҳам таъсири катта бўлган [8].
Бу даврда фиқҳ илми шаклланиш ва кучга тўлиш даврини бошдан кечирмоқда эди. Ҳокимият қорахонийлар сулоласига ўтгандан сўнг Мовароуннаҳрда фиқҳ илми ривожи ва такомили учун зарур омиллар юзага кела бошлади. Қорахонийлар давлати вужудга келиши Мовароуннаҳрнинг Хуросон билан алоқалари заифлашишига олиб келди. Натижада маҳаллий мактабларнинг мустақил ривожланишига асос яратилди. Бухоро ва Самарқанд ҳақиқий илм марказларига айланди. Бу шаҳарларда Насаф, Марв, Фарғона ва Уструшона ҳудудлари фақиҳлари ҳам фаолият кўрсатди [6].
Марказий Осиёда фиқҳнинг ривожи учун қорахоний ҳукмдорлари томонидан ҳомийлик кўрсатилган. Фиқҳ – ислом дини қонунларига эътибор ва ҳуқуқий нормаларнинг амалий ҳаётга татбиқ этилиши эди. Шунингдек, маҳаллий мактаблар давлат ва аҳоли ҳимояси остида аста-секин ривожланиб, катта илмий мадрасалар даражасига кўтарилган. Мадрасалар харажатлари вақф мулкларидан тушган даромадлар ҳисобидан қопланган [19].
Мударрис, мутавалли ва толиби илмларнинг маоши вақф мулклардан келадиган даромаддан тўланган. Натижада фиқҳий илмлар ривожи учун муносиб шарт-шароит яратилган. Буни Иброҳим Тамғачхон томонидан ёзилган вақфнома мисолида ҳам кўриш мумкин. Унда белгиланганидек, Самарқанд мадрасаси мутаваллиси (идора қилувчиси)нинг бир йиллик маоши 2000 дирҳам, фиқҳ мударриси маоши 3600 дирҳам, адабиёт фанлари мударриси маоши 1200 дирҳам, Қуръони карим мударриси маоши 1200 дирҳам ва толиблар маоши 360 дирҳам бўлган. Ўша давр нарх-навосига кўра, бир мударриснинг бир ойлик маошига 150 – 200 та нон, 2 – 3 та қўй сотиб олиш мумкин бўлган [5].
XI – XIII асрларга келиб, Мовароуннаҳрда фиқҳ илми юксак босқичига етди. Шу мавзуда изланиш олиб борган туркиялик олим Ю.З.Кавакжи Қорахонийлар даври ҳақида сўз юритиб, бу ҳудудда уч юзга яқин фақиҳ етишиб чиққани, йигирмадан ортиқ фатволар мажмуаси, уч юз элликдан ортиқ фиқҳий асар яратилгани ва шулардан 98 фоизи ҳанафий фиқҳига оид эканини қайд этади [14].
Абулфазл Қазвиний “Китобун нақз” асарида келтиришича, XII асрда Хуросон, Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг барча ҳудудларида аксарият аҳоли ҳанафий мазҳабида бўлган. Дин олимлари катта эътибор ва нуфузга эга бўлиб, хайрихоҳ кишилар улардан ўз жону молларини ҳам аямаган. ХІІ – ХІІІ асрларда Ўрта Осиёда фақиҳлар сони кўплигини аллома Қазвиний Муҳаммад ибн Аҳмад Насавийнинг “Жалолуддин Мункабирний (Мангуберди) сийрати” номли асарида келтирилган маълумотдан ҳам билиш мумкин. Унга кўра, бухоролик “Оли Моза” (Моза оиласи)нинг буюк имоми ва раисларидан бири бўлмиш Садри жаҳон Бурҳониддин Муҳаммад ва унинг авлодлари ҳимояси остида 6000 фақиҳ ҳаёт кечириб, уларнинг барчаси ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган. Ушбу оила мўғул босқинидан кейин ҳам ҳанафий фақиҳларини ўз ҳимоясига олган. Манбаларда кўрсатилишича, Садр ус-судур Бурҳониддин Абдулазиз ибн Умар Самарқанд шаҳрида 30 минг қизил олтин (динор) тўлаб, бир ҳанафий фақиҳнинг ҳаётини сақлаб қолган [5].
Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари сингари VIII аср охири – IX аср бошларида Насаф воҳасида ҳам фиқҳшунослик мактаби вужудга келган. Насаф Мовароуннаҳрнинг машҳур шаҳарларидан бири бўлиб, у ердан исломнинг турли илмларини ўзида мужассам этган забардаст олимлар етишиб чиққан. Насаф шаҳри ўзининг фақиҳлари билан кўпроқ шуҳрат топган. Улардан Абу Мутиъ Макҳул Насафий (ваф. 318/930), Абу Али Ҳусайн Насафий (ваф. 424/1034), Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафий (1070-1143), Абулфазл Муҳаммад Бурҳон Насафий (600-679/1201-1281)ни айтиш мумкин [20].
Насаф воҳасида фиқҳ илми ривожида Баздавийлар сулосаси вакиллари ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бу авлодда бир неча фақиҳлар бўлиб, уларнинг аксарияти қозилик ва мударрислик қилган, дин ва давлат ишларида катта мансабларни эгаллаган. Сулоланинг энг йирик намояндаси – “Фахрул ислом” номи билан машҳур бўлган Абул Йуср Али ибн Муҳаммад Баздавийдир.
Алломанинг тўлиқ исми Фахрул Ислом Абул Йуср Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо ибн Мужоҳид Насафий Баздавий бўлиб [12], ҳижрий 400 йил (1009 йилда) Насаф яқинидаги Базда (Пазда) қўрғонида туғилган. Базда манбаларда Насафдан олти фарсаҳ узоқликдаги мустаҳкам бир қалъа сифатида таърифланади [15]. Алломанинг отаси Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида қозилик вазифасида ишлаган, вазифасидан озод этилгач, Баздага кўчиб келган ва шу ерда муқим қолган [9]. Ҳижрий 482 йил ражаб ойида (1089 йил) Кешда вафот этиб, Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Аллома ҳақида таниқли араб тарихчиси Шамсиддин Заҳабий (1274-1347) “Сияру аъламин нубало” асарида: “Фахрул ислом Баздавий Имоми Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабида ўз тариқатига эга бўлган аллома”, деб ёзган [10] бўлса, тарихчи Самъоний (1113-1167) “Фахрул ислом Баздавий ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрдаги шайхи бўлган”, деб таъкидлаган [26].
Аллома Мовароуннаҳрнинг машҳур фақиҳи Шамсул аъимма ас-Сарахсий (1009 – 1090) билан бир даврда яшаган ва дўст бўлган. Муҳаммад Баздавий фиқҳ бўйича 6 та асар ёзган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Унинг устози машҳур аллома Абдулазиз Ҳалвоний (ваф. 455/1069) бўлиб, фиқҳга оид ислом оламида катта шуҳрат қозонган “Ал-Мабсут” (Кенг қамровли) асарининг муаллифидир [16].
Муҳаммад Баздавийнинг “Канз ал-усул ила маърифат ал-усул” (“Усул илмига етишиш ганжинаси”) асари “Усул ал-Баздавий” (“Баздавий усули”), “Ал-Усул” (“Асослар”), “Китобул кабир фий усул ал-фиқҳ” (“Усул илмидаги катта китоб”) каби номлар билан ҳам машҳур бўлган [4]. Ушбу асар ислом қонунчилиги асослари ҳақида ёзилган бўлиб, унга кўплаб шарҳ битилган. Шу туфайли аллома “Фақиҳу Мовароуннаҳр” (“Мовароуннаҳр фақиҳи”) ва “Устоз ал-аимма” (“Имомлар устози”) номларига сазовор бўлган. Аллома фиқҳнинг фуруъ ва усул йўналишида илмий фаолият олиб борган ва шу мавзуда қўлланма асарлар ёзгани учун “ал-усулий” номи билан танилган [11].
“Усул ал-Баздавий” нодир масалаларни тўплаган аҳамиятли китоблардан биридир. Уламо ва толиби илмлар бу китобни эъзозлаб ўрганган. Мулло котиб Чалабий ўз китобида ушбу асарнинг ўндан ортиқ шарҳини зикр қилади. Имом Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий (ваф. 730/1330)нинг “Кашфул асрор” китоби “Усул ал-Баздавий” шарҳлари орасида энг мўътабари ҳисобланган [24]. Бу китоб Қоҳира ва Истанбул шаҳарларида нашр қилинган [22].
Муҳим манба сифатида Баздавий асари қўлёзмалари жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланади. Немис шарқшунос олими Карл Броккелман “Усул ал-Баздавий”нинг қўлёзма нусхалари Берлин, Лондон, Париж, Деҳли, Санкт-Петербург, Пешовар, Қоҳира, Тунис, Истанбул каби шаҳарларда сақланиши ҳақидаги маълумотларни келтиради [9].
Бундан ташқари, Баздавий фиқҳ илмига оид “Китоб ал-мабсут”, “Рисола фи қироъат ал-мусолли”, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (709 – 805) “Ал-Жомиъ ас-сағир” асарига ёзган “Шарҳ ал-жомиъ ас-сағир” номли шаҳри, шунингдек, “Аз-Зийодот”, “Зийодот аз-зийодот” асарларини ёзган. Шунингдек, айрим манбаларда алломанинг “Ғиноъ ал-Фуқаҳо” ва “Шарҳ ал-жомиъ ал-кабир” каби асарлари борлиги ҳақида ҳам маълумот берилса-да, улар бизгача етиб келмаган [9].
Баздавийлар оиласининг яна бир вакили, Муҳаммад Баздавийнинг укаси Абул Йуср Муҳаммад Баздавий ҳам таниқли фақиҳ бўлиб, “Ал-Қози ас-садр” (“Қозилар пешвоси”) номи билан танилган. Бухорода имло ва фиқҳдан дарс берган [2]. Баздавийлар сулоласидан яна Абул Маъолий Аҳмад Баздавий (481-542/1088-1147) ва Абу Собит ибн Али Баздавий (470-557/1077-1161) каби фақиҳлар етишиб чиққан [17].
Хулоса қилганда, ўрта асрларда Насаф воҳаси алломалари фиқҳий йўналишда самарали фаолият олиб бориб, ўз асарлари орқали муҳим масалаларга ечим топишга ҳисса қўшган. Бу алломалар қаторида Баздавийлар сулоласига мансуб фиқҳ олимларининг ҳам ўрни катта бўлган.
-
Абдулҳаким Шаърий Жузжоний. Фиқҳ илми ривожида Марказий Осиё фақиҳларининг ўрни // Тошкент ислом университетининг илмий – таҳлилий Ахбороти, 2007 йил 3-сон. – Б. 18-20.
-
Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний. Насабнома. Таржимонлар: Абдулғофур Раззоқ Бухорий ва Комилжон Раҳимов. – Т.: Hilol-Nashr, 2017. – Б. 278.
-
Адам Мец. Мусульманский ренессанс. – М., 1973. – С. 179.
-
Аминов Ҳ., Примов С. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари истилоҳлари. Масъул муҳаррир Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: Movarounnahr, 2017. – Б. 162.
-
Атаев М. Алломалар юрти // Huquq va burch, 2017 йил 3-сон. – Б. 40-42.
-
Атаев М. Маждуддин ал-Уструшанийнинг Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида тутган ўрни. Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация автореферати. – Т., 2011. – Б.27.
-
Ahmet Özel. Hanefi fıkıh alimleri. – Ankara: Turkiye diyanet vakfi yayinlari, 1990. – S.784.
-
Бартольд В.В. История Туркестана. – Соб. соч. в 9 т. т.2. Часть I. – М., 1963. – С. 122.
-
Brockelmann C. Geschichte der Arabischen Literatur. Bd I. – Leiden, 1943. – P.373.
-
Имом Шасмиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Машҳур даҳолар сийрати. – Т.: Hilol-Nashr, 2020. – Б.145.
-
Камилов М. Мовароуннаҳр фиқҳ илмининг ривожида Алоуддин ас-Самарқандийнинг ўрни ва “Туҳфат ал-фуқаҳо” асарининг аҳамияти. Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. – Т., 2000. – Б. 35.
-
Камолиддинов Ш.С. “Китаб ал-Ансаб” Абу Саъда Абдалкарима ибн Мухаммада ас-Самъани как источник по истории и истории культуры Средней Азии. – Т.: Фан, 1993. – С.158.
-
Каттаев К., Каттаева Г. Буюк ҳуқуқшунос алломалар (Фиқҳ, ҳадис, тафсир, калом илми алломалари). – Тошкент: Qaqnus, 2020. – Б.28.
-
Kavakci Yusuf Ziya. XI ve XII asirlarda Karahaniylar davrinde Mavara’ al-Nahr Islam Nukukcilari. – Ankara, 1976. – S. 305.
-
Le Strange G. The Lands of the Eastern Caliphate Mesopotamia, Persia, and Central Asia from the Muslim Conquest to the time of Timur. – Cambridge, 1930. – P. 471.
-
Қодиров О. Абул Юср Паздавий – мотуридия таълимотининг буюк намоёндаси // Исломшуносликни ривожлантиришнинг концептуал масалалари. – Т.: Тошкент ислом университети, 2011. – Б.138-141; Ташанов Ф. Фахрул ислом Паздавий Самарқанд суннийлик илоҳиётининг йирик вакили сифатида // Имом Бухорий сабоқлари, 2008 йил 2-сон. – Б.103-104.
-
Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафоъ Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий. Ал-Жавоҳир ал-мудиъа фи табоқат ал-ҳанафиййа. 1-жилд. – Ҳайдаробод, 1332 ҳ.й. 1-жилд. – Б.118,199.
-
Мўминов А. Мовароуннаҳр уламолари: ҳанафийлар // Шарқшунослик, 1999 йил 9-сон. – Б.41.
-
Мўминов А. Мовароуннаҳр ҳанафий фиқҳи // Имом Бухорий сабоқлари, 2001 йил 1-сон. – Б.88-91.
-
Муҳаммад Носир. Насаф ва Кеш алломалари (IX–XX асрлар). Тазкира. Қайта ишланган ва тўлдирилган 2-нашр. – Т.: Ғафур Ғулом НМИУ, 2006. – Б.128.
-
Нодир Набижон ўғли. Усул ул-фиқҳ ҳақида сабоқлар. – Т.: Тошкент ислом университети, 2008. – Б.140.
-
Рўзиева Р. “Усул” асари ва унга ёзилган шарҳлар // Имом Бухорий сабоқлари, 2008 йил 2-сон. – Б.103-104.
-
Сюкияйнен Л.Р. Мусульманское право. – М., 1986. – С.68.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналиш ва китоблар. – Т.: Hilol-Nashr, 2019. – Б.132-133.
-
Шайх Қосим ибн Абдуллоҳ Қувнавий. Фиқҳий атамаларнинг изоҳли луғати. – Тошкент: Azon kitoblari, 2020. – Б.284.
-
Ўрта аср Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий – фалсафий мероси энциклопедияси. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2016. – Б.288-289.