Home / МАҚОЛАЛАР / МАВЛАВИЙ ЧЎБИН ҚИСМАТИ

МАВЛАВИЙ ЧЎБИН ҚИСМАТИ

Жаҳонда қайси мамлакатда интеллектуал салоҳиятли инсонлар, яъни даҳолар кўп бўлса, шу мамлакат бошқаларга нисбатан юксалиб боради. Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамият салоҳияти ва равнақи унинг илмга муносабати билан ўлчанади. Мусулмон дунёси ҳам илм маърифатга интилган даврларда мартаба ва мақоми баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгирганида қўлларидан нусрат, салтанат, савлат кетган, хўрланган ва хорланган [1:69].

Тарихда айнан жоҳиллар қўлида ҳалок бўлган алломалардан бири Мавлавий Чўбиндир. Қўқон хонлигининг машҳур Зодиён  қишлоғида таваллуд топган ва тарихда Мавлавий Чўбин номи билан машҳур бўлган мутафаккир Мулло Асрорқул Тўйчи мирзо ўғли – Худоёрхоннинг учинчи хонлиги даврида (1865–75) Қўқонда яшаган. У 1875 йили оломонни ўрда талон-торожидан тўхтатмоқчи бўлганда ўлдирилган. Бу ҳақда  манбаларда қуйидаги маълумотлар учрайди: “Хўқанддаги мақбули омма, устози уламои Хўқанд бўлган Мавлави Чубин домуллони ноинсоф фуқаролар босиб бориб, хўб калтаклаб ўлдириб қўйдилар”.

Муаррих Мирза Олим  Мушрифнинг “Ансоб  ус-салотин  ва таворих ал-хавоқин” асарида ҳам жоҳил оломоннинг 1875 йилда Қўқонга  босқин қилгани ва Мавлавий Чўбинни ҳалок қилгани ҳақидаги маълумот бор. Мушриф ўз асарида ушбу воқеалар ҳақида қуйидаги мисраларни келтиради:

 

Нечани қатл айладилар, хазинани торож этиб,
Рустойи шаҳр халқиға вабо бўлди, дариғ.
Мавлавий Чубин била ул Абдумўмин ришни
Қатл қилдилар, ҳама кори қазо бўлди, дариғ.
Масжиди жомеда жамъ ўлди жами хосу ом,
Чуи ҳужуми гуфтугўйи можаро бўлди, дариғ [2:103].

 

Мавлавий Чўбин тўғрисида Пўлотжон Домулла Қайюмовнинг фикри диққатга сазовордир:

“Чўбин – бу кишининг номи Мулло Асрорқул бўлуб, Тўйчи Мирзо номли кишининг ўғлидур. Қўқон шаҳрининг шарқи жанубий томонида бўлмиш Зоҳидонлидур. Шеърда ҳам ихтисоси бўлмиш эса-да, бирор нарсасини кўрушга муяссар бўлолмадик. Отаси ҳам қишлоқ зиёлиларидан бўлуб, хон саройида муншилик мансабида бўлмишдур. Чунки мирзо унвонига эгадур. Мулла Асрорқул қишлоқ мактабида хат савод чиқариб олгач, шаҳарга келиб, Мадрасаи Муҳаммад Алида таҳсил этмиш. Сўнра Ҳиндистонга бориб, риёзиёт ва илми ҳайъат фанларидан ўқуб, бу илмлардан баҳраманд бўлуб қайтиб келадур. Бошда бу олимни яхши қабул этсалар ҳам диний таъқибли уламо ва шайхлар унга қарши эдилар.

Илми ҳайъатда Ўрдадаги Аркда бўлмиш Саломхона майдонига ёғочдан ясаб доираи ҳиндия бино  этадур – яъни соядан вақтни ўлчаш соати ясайдур. Хонга мақбул бўлуб, олимга сипорий айтиб қарши чиқувчилардан ҳимоя этадур. Мадрасаи жомеъга биринчи мударрис Улуғхон тўрага ноиб этиб қўйиладур. Бу киши хондан кўмак олиб, шул доираи ҳиндия масжиди жомеъга ҳам ясайдур. Ўз замонасининг руҳи, савиясига тўғри келмаган ҳайъат фани устида шуғли зиёда бўлганидан мутаассиб руҳоний олимлар тўғридан тўғри куфр фатвосигача борадилар. Лекин хондан қўрқуб, яширин иғво фасодга вақт пойлаб турадурлар. 

1875 нчи йил ёз ойларинда Худоёр Тошкандга қочиб кетадур. Ўғли Насриддин ҳали Ҳўқандга етиб келмаган эди. Худоёрга қарши кўтурилган  қўзғолончиларданмиз, деб бўш ҳолда қолган шаҳарни ва Ўрдани талашга уринган Бачқирли оломон Жомеъга келиб, кимнидур овоз чиқариб, очиқ қичқириб, Жомеъга кириб шариатга сиғмайдурган соатни бузишга тарғиб этадур. Бошқа олимлар йўл қўйиб берадилар. Соат бузиладур. Бу билан қаноатланмай Жомеъ айвонининг ўнг томонидаги ҳужрага қараб аломон югуриб боришиб, ҳужрадан Мулла Асрорқул домуллони судраб олиб чиқиб айвон олдида уриб ўлдирадурлар. Халққа хитобан овоз чиқариб Мавлавий Чубинни ҳимоя қилғон Домулла Ҳўжамқул деган Мавлавийнинг дўстини ҳам ахтара бошлайдилар. Ҳовлисига келиб қочиб ётган бегуноҳ кишининг ҳам уйига бостириб киришиб обрез олдида шаҳид этадурлар. Ўрдага ундан Аркка чиқиб талаб қайтиб кетадурлар. Сўнра ўз  шогирди Мулла Исмоил томонидан Зоҳидонга жасади олиб борилиб, ўз ерига дафн этиладур. Атрофига гул экиб қўюладур. Ҳозир шу жой Гулмозор деб  юритиладур.

“Доираи Ҳиндия” ёғочдан ясалганидан (ва) бу(ни) олим Ҳиндистондан ўрганганидан бу кишини Мавлавий Чўбин деб атаган эдилар. Ҳар ҳолда бу киши Хўқандли ҳайъатшунослардан бўлуб, Аҳмад Донишга баробар мунаввар ҳур фикр олимлардан бўлуб шул йўлда шаҳид этилмишдур.

1908 йилда Зоҳидонда бўлганимда Муҳаммад Амин  қози номли мулла кишига учрашиб эдим. Бу киши Мавлавий Чўбиннинг ўғли экани маълум бўлуб эди” [3:307-309].

Вақфномаларда баён қилинишича, Мавлавий Чўбиннинг отаси Тўйчи мирзо Зодиёнда масжид бино қилган. Кейинчалик бу масжидга Мулло Асрорқул Охунд, яъни Мавлавий Чубин мутавалли бўлган.

Маълумотларга кўра, Тўйчи мирзонинг Асрорқул Охунддан бўлак Тошмуҳаммад исмли ўғли ҳам бўлиб, қишлоқда юқумли касаллик тарқалган вақтда вафот этган. Мулло Асрорқул Охунд кейинчалик Зодиённинг Рўзибий ва Аҳмад қози маҳаллаларидан ер сотиб олиб, шу жойларда масжидлар қурдирган ва ўз мулкини вақф қилган.

Вақф ҳужжатларидаги маълумотларга кўра, Мулло Асрорқул Охунд, яъни Мавлавий Чубин Зодиёнинг Товушқон деган мавзесидаги қабристонга даҳма қурдирган. Ушбу даҳма ҳамда қабристон учун алоҳида вақф белгилаб, ўғли Абдулатифни мазкур вақфларга мутавалли этиб тайинлаган. Бундай вақф ҳужжатларининг бирида унинг Улуғбиби исмли қизи ҳам бўлгани қайд этилган.

 

Зодиён масжидининг вақфномаси

Вақфнома Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми  24х44 см.  8 та муҳр босилган. Вақфноманинг қисқача мазмуни қуйидагича.

Хўқанд дорулмулкига қарашли Зодиён қишлоғида жойлашган масжиди ҳудудининг баёни. Ғарб томондан Юнус сўфи Ниёзқул сўфи ўғлининг мулкига туташган. Шимол томондан катта йўлга туташган. Шарқдан худди шимол томон каби. Жануб томондан Рўзихон биби мулкига туташган.

Мазкур қишлоқда жойлашган бир қитъа ер майдонининг баёни. Ғарбдан катта ариқ бўйига туташган. Шимол томондан қисман Бобо Қирғиз мулкига ва қисман Мавлонқул полвон мулкига туташган. Шарқдан ҳам унинг мулкига туташган. Жануб томондан катта йўлга туташган.

Тарих 1266 (милодий 1849) йили Охунд Мулло Асрорқул мударрис  Тўйчи мирзо марҳум ўғли иқрори мўътабари шаърий қилди шул ҳақдаким, унинг марҳум акаси Тошмуҳаммад ўлат чоғида оғир бетоб бўлгани боис барча ишини унинг зиммасига юклатган эди. Шу сабабдан 20 тилло хўқандийга вақфномада кўрсатилган ерни сотиб олиб, масжидга вақф қилишни шарт қилган эди.

Вақф қилгувчининг шартига кўра, вақфнинг мутаваллиси ушбу масжиднинг имоми тайин этилиб, вақф қилинган ердан олинадиган ҳосилдан аввало масжидни таъмир ишларига ва уни ёритиш учун сарфланиши ва ҳосилдан қолган (қисми) масжиднинг имомига ажратилиши белгилаб қўйилди.

Вақфномага муҳр босганлар:

Домла Раҳимжон қози калон. 1259, муфтий Абдуллоҳхўжа ибн  Хўжахон. 1257, қози Муҳаммад Яъқуб, Мирзо Носир қози. 1262, муфтий Абдумаъри, муфтий Мирзо Шоҳ Самиъ. 1263, Яъқуб аълам, Мирзо Абдуҳошим аълам [4].

 

Зодиёндондаги Тўйчи Мирзо масжидининг вақфномаси

Вақфнома Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми 31х40 см. 9 та муҳр босилган. Вақфноманинг қисқача мазмуни қуйидагича.

Хўқанд дорулмулкига қарашли Зодиён қишлоғида жойлашган масжид ҳудудининг баёни. Ғарб томондан катта йўлга туташган. Шимол томондан худди ғарб томондаги кабидек. Жануб томондан қисман Бобохон ва қисман Адҳам Абдураҳмон сўфи ўғлининг мулкига туташган. Шарқ томондан қисман Мир Миракнинг мулкига ва қисман Мавлонқулнинг мулкига туташган.

Мазкур қишлоқда ушбу масжидга вақф қилинган тахминан саккиз қўшдан иборат ер ҳудудининг баёни. Ғарб томондан зовурга туташган. Шимол томондан қисман Бобо Қирғиз ва қисман Мавлавий Тўйчи мирзо ўғлининг мулкига туташган. Шарқ томондан Зодиёнданги Каримберди Миршикор томонидан барпо қилинган бошқа масжиднинг вақф ерига туташган.

Тарих 1266 йили сафар ойи (милодий 1850 йилнинг декабри)да Охунд Домулла Асрорқул мударрис Тўйчи мирзо марҳум ўғли ўз тассаруфидаги мулкини мазкур масжидга вақф қилганлигини иқрори сариҳ саҳиҳ мўътабари шаърий қилди.

Вақф қилгувчиларнинг шартига вақф мутаваллиси этиб Мавлавий Асрорқул мударриснинг ўзи бўлиб, ундан кейин унинг авлодларидан муносибироғи тайин этилишини ва вақф қилинган ердан олинадиган ҳосилнинг ўндан бир қисми мутаваллига ва қолган қисми масжидни таъмир ишларига ва уни ёритиш учун ва яна бир қисми масжиднинг имомигаким, агар имом солиҳ киши бўлиб болаларга таълим бергудек бўлса сарфланиши белгилаб қўйилди. Имом бу шартга лойиқ бўлмаса, у ҳолда мутавалли маблағни бошқа имом келгунга қадар сақлаши ҳам шарт қилинди.

Вақфномага муҳр босганлар:

Мулло Раҳимжон қозикалон. 1257, Абдуллоҳхўжа муфтий. 1257, Муҳаммад Яъқуб қози, Мирзо Назар қози. 1262, Мирзо Шосаид муфтий. 1263, Мулло Самиъ муфтий, Хуш Одил аълам. 1261, Мир Абдухолиқ аълам, муфтий Абдумаъри [5].

 

Зодиён масжиди вақфномаси

Вақфнома Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми 26х40 см. 2 та муҳр босилган. Вақфноманинг қисқача мазмуни қуйидагича.

Хўқанд дорулмулкига қарашли Зодиён қишлоғи Рўзибий маҳалласида жойлашган бир ҳовли ҳудудининг баёни. Ғарб томондан Муҳаммадрасул сўфининг мулкига туташган. Шимол томондан Холиққул Жонбўта ўғлининг мулкига туташган. Шарқдан мазкур васиқани сотувчи Муҳаммадолим  Аҳмад қози ўғлининг мулкига туташган. Жануб томондан катта йўлга туташган.

Тарих 1281 йилнинг зулҳижжа ойи (милодий 1866 йилнинг апрели)да мазкур Муҳаммадолим ўзини юқорида баён этилган ҳовлисини масжид мутаваллиси Мавлавий Асрорқул мударрис Тўйчи мирзо марҳум ўғлининг ишончли вакили Муҳаммадраҳим Худойберди ўғлига 28 тиллога сотганлигини иқрори сариҳ саҳиҳ мўътабари шаърий қилди. Мазкур Муҳаммадраҳим ушбу ҳовлини масжиднинг вақф пулига сотиб олди.

Зодиёда жойлашган мазкур масжид ҳудудининг баёни. Ғарб томондан катта йўлга туташган.  Шимолдан ҳам шундай. Шарқ томондан  Мавлон сўфи Мулло Худоёр ўғлининг мулкига туташган. Жануб томондан қисман Абдураҳим Абдураҳмон ўғлининг экинсиз ерига ва қисман Бобохон Абдураҳмон ўғлининг мулкига туташган.

Вақфномага муҳр босганлар:

Қози Мулла Восеъ ибн Домулла Муҳаммадраҳим ал-Мутаваккил аъло Абу Муҳибуллоҳ ал-Қадим 1273 (1857).

Муҳаммад Закариё аълам ибн Домулло Эмин. 1274. (милодий 1858).

Вақфномада иштирок этган аҳли мажлис:

Мулло Яъқуббий, Мулло Муҳаммадамин, Абдували паҳлавон, Холиққул оқсоқол, Бобохон, Тош оқсоқол, Ботирбой, Муҳаммадраҳим, Сулаймон мерган, Ниёзалибой, Асрорбой, Қобилбой ва бошқа аҳли муслимлар [6].

 

Аҳмад қози маҳалласидаги Асрорқул Охунд Мавлавий масжидининг вақфномаси

Вақфнома Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми  33х34 см. 2 та муҳр босилган. Вақфноманинг қисқача мазмуни қуйидагича.

Хўқанд дорулмулкига қарашли Зодиён қишлоғи Аҳмад қози маҳалласида жойлашган Асрорқул Охунд Мавлавий Тўйчи мирзо ўғли томонидан барпо қилинган масжид ҳудудининг баёни. Ғарбдан қисман катта йўлга ва қисман Султонқул Бобохонбой ўғлининг мулкига туташган. Жанубдан қисман Султонқул мулкига ва қисман хос йўлга ва қисман Асрорбой Бекбўтабой ўғлининг мулкига туташган. Шарқ томондан қисман Асрорқул Эсонқул ўғлининг мулкига ва қисман Уста Мавлон мулкига туташган. Шимолдан Уста Мавлоннинг экинсиз ерига ва қисман катта йўлга туташган.

Мазкур қишлоқда жойлашган яна бир қитъа ер майдонининг баёни. Ғарбдан катта йўлга туташган. Жанубдан худди ғарб томондаги каби.  Шарқдан Мавлон сўфи Қўрчи сўфи ўғлининг мулкига туташган. Шимолдан Абдували полвон Аҳмад қози ўғлининг мулкига туташган.

Тарих 1297 йили жумодил соний ойи (милодий 1879 йилнинг майи)да Бобоқулбой Муҳаммадамин полвон ўғли ва Муҳаммад Содиқ Розиқ ўғли вақфноманинг иккинчи бандида кўрсатилган ўз тасарруфидаги мулкларини юқорида баён этилган масжидга вақф қилганлигини иқрори мўътабари шаърий қилдилар.

Вақф қилгувчилар шартига кўра, вақфни мутаваллиси мазкур масжиднинг мутаваллиси (сифатида) тайин этилиб, вақф қилинган ердан олинадиган ҳосилдан аввало масжидни таъмир ишларига ва уни ёритиш учун сарфланиши ва ҳосилдан қолган қисмини масжидни имоми ва муаззинига ҳамда бир қисми мутаваллига ажратилиши белгилаб қўйилди.

Вақфномага муҳр босганлар:

Қози Шамсиддинхўжа ибн Дониёлхўжа ал-Мутваккил аъло Абу Муҳибуллоҳ ал-Қадим 1297.

Аълам Мулло Фахриддинхўжа ибн Домулла Дониёлхўжа Марҳум. 1297.

Вақфномада иштирок этган аҳли мажлис:

Асрорбой, Мулло Охунджон, Нурмуҳаммад Аъзам, Абдулқодир Амин, Муҳаммадраҳимбой ва бошқа аҳли муслимлар [7].

 

Асрорқул Охунд Мавлавий вақфномаси

Вақфнома Қўқон қоғозига кўчирилган бўлиб, ҳажми  29х34 см.  2 та муҳр босилган. Вақфноманинг қисқача мазмуни қуйидагича.

Зодиён қишлоғидаги Чимбой маҳалласида жойлашган Тоқушқон ариғидан суғориладиган бир қитъа ер ҳудудининг баёни. Ғарб томондан Қодирқул Алиёр ўғлининг мулкига туташган. Жануб томондан Файзибойнинг экинсиз ерига туташган. Шарқ томондан қисман Улуғ биби мазкур ерни вақф қилгувчи қизининг мулкига ва қисман Қодирқулнинг мулкига туташган. Шимол томондан қисман яна ўша Қодирқулнинг мулкига ва қисман мазкур Улуғбиби ва  қисман  Пиримқул полвоннинг мулкига туташган.

Тарих 1288 йили жумодил соний ойи (милодий 1871 йилнинг августи)да Эшон Мавлавий номи билан машҳур бўлган Домулла Асрорқул Охунд тани сиҳатлигида ва ақли расолигида юқорида баён қилинган ўз тассаруфидаги мулкини ўзи бино қилган даҳма ва Товушқондаги қабристон учун вақф қилганлигини иқрори сари саҳи мўътабари шаърий қилган эди. Мазкур вақфномага ўғли Абдулатиф махзумни мутавалли этиб, Қози Эшон Абдулваҳобхўжа қозикалон муҳри билан тасдиқлатган эди. Вақф қилгувчининг шартига кўра, вақф даромади 48 қисмга бўлиниб, барчаси белгиланган тартибда сарфланиши лозим эди. Чунончи ҳар жума даҳмага келгувчиларга таом тайёрланиши ва даҳмада ўқилган Қуръони каримдан ҳосил бўлган савобини вақф қилгувчи ва мазкур қабристондан дафн қилинган аҳли муслимларнинг руҳига бахшида қилинмоғи шарт эди. Аммо мазкур вақфнома нотинч замонлар вақтида йўқолганлиги сабабли тарих 1301 (милодий 1883) йили муҳаррам ойида вақфнома қайтадан ёзилди ва тасдиқланди. Вақфнома муҳр босгувчилар:

Қози Муҳаммад Юсуф бин Абдулрозиқ лафзал Асадуллоҳ Войиқ. 1297 (милодий 1879).

Муфтий Мулло Боби бин Мулло Муҳаммадғози. 1301.

Вақфномада иштирок этган аҳли мажлис:

Мулло Абдулкарим, Мулло Субҳонқул, Мавлонбой, Сулаймонқул полвон, Мулло Аҳрорқул ва бошқа аҳли муслимлар [8].

XVIII асрда яшаган француз файласуфи Пол-Анри Голбах “Болалигиданоқ ўзининг нотўғри фикри измида бўлган, мутаассибликка муккасидан кетган одамлар кўзидаги жаҳолат пардасини сақлаб қолишни муҳим ҳисоблайди ва уларнинг кўзини очишга уринган кишилар билан курашади. Агар зулматга ўрганиб қолган кўзлари бир лаҳза ёруғликни кўргудек бўлса, бундан азоб чекади ва ғазаб билан машъал тутган кишиларга ташланади”, деган эди. Чиндан ҳам унинг сўзлари нақадар тўғри эканини Мавлавий Чўбиннинг аянчли қисматида кўриш мумкин. Бинобарин ўз даврининг пешқадам алломаси илмсиз жоҳил кимсалар қурбони сифатида тарихда қолди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Аҳмад Муҳаммад Турсун. Тарозининг икки палласи. – Тошкент: Sharq, 2019.
  2. Мирзаолим Мушриф. Ансоб ус-салотин ва таворих ал-хавоқин. – Тошкент: Ғафур Ғулом, 1995.
  3. Пўлотжон Домулла Қайюмов. Тазкираи Қайюмий. Иккинчи китоб. – Тошкент., 1998.
  4. ЎзР.МДА, И-19-ф. Фарғона вилоят бошқармаси. 1-р. 34602-иш. 23-варақ.
  5. ЎзР.МДА, И-19-ф. Фарғона вилоят бошқармаси. 1-р. 34602-иш. 47-варақ.
  6. ЎзР.МДА, И-19-ф. Фарғона вилоят бошқармаси. 1-р. 34602-иш. 49-варақ.
  7. ЎзР.МДА, И-19-ф. Фарғона вилоят бошқармаси. 1-р. 34602-иш. 52-варақ.
  8. ЎзР.МДА, И-19-ф. Фарғона вилоят бошқармаси. 1-р. 34602-иш. 55-варақ.
НОДИРЖОН АБДУЛАҲАТОВ,
тарих фанлари доктори,
Фарғона вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш марказининг профессори

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …