Маълумки, Шайбонийлар сулоласининг қудратли вакили Абдуллахон II нинг 1598 йилда тўсатдан вафот этиши [3:6] ушбу сулола ва давлатнинг инқирозини бошлаб берди. Бу воқеа, бир томондан, мамлакат ичида сиёсий парокандаликни келтириб чиқарган бўлса, иккинчи томондан, ташқи кучлар ҳужуми, босими ва аралашувига сабаб бўлди [9:88]. Хусусан, шимолдан Таваккал Султон бошчилигидаги қозоқлар ҳужуми кучайди. Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббос (1587-1629) Хуросонни тортиб ола бошлади.
Динмуҳаммад Султон Абдуллахон II томонидан Нисо ва Обивард ҳокими сифатида жўнатилган эди. Шоҳ Аббоснинг Хуросонга ҳужуми натижасида уларнинг орасида уруш келиб чиқди. Пули-Салор[1] жангидаги мағлубият натижасида тирик қолган аштархонийлар Бухорога қочишга мажбур бўлган. Мана шу вазиятда Боқи Муҳаммад жанг майдонини тарк этиб, аввал Андухуга, кейин эса Карки довони орқали Бухорога келган. Аммо Бухоро амирлари уни шаҳар ичкарисига киргизмаган. Боқи Муҳаммад Хожа Баҳоуддин қабрини зиёрат қилиб, Самарқандга йўл олган [10:183-184]. Чунки Бухородаги тахтда ўтирган сўнгги шайбоний Пир Муҳаммадхон II [2] Миёнқолдаги Узунсоқол мавзесида Таваккал Султонга қарши урушга отланган эди. Икки ўртада бўлиб ўтган жангда Боқи Муҳаммад Пир Муҳаммадхон II га катта ёрдам беради.
Боқи Муҳаммад жангда қаҳрамонлик кўрсатиб, Абдулмўминхонга қилинган суиқасд иштирокчиларидан бири Абдулвосибийни[3] ўлдиради. Абдулвосибий Абдуллахон II нинг ҳурматли амирларидан эди. Кейин эса у Таваккал ҳузурига бориб, Мовароунаҳрни эгаллашга ундаган. Шу сабабдан бу воқеа Боқи Муҳаммаднинг обрўсини оширди. Ушбу жангда Пир Муҳаммадхон II нинг яқин қариндошлари Сайид Муҳаммад Султон ва Муҳаммад Боқи оталиқ девонбеги Таваккал жангчилари томонидан ўлдирилди. Боқи Муҳаммаднинг ушбу жангда кўрсатган мардонаворлигига туҳфа сифатида у Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланди . Нақшбандия шайхларининг маслаҳати билан Боқи Муҳаммад ва Тошкентдаги қозоқ қабиласи етакчиси ўртасида шартнома имзоланди [10:191].
“Тарихи Оламоройи Аббосий” асарида ёзилишича, Боқи Муҳаммад ўзининг саховатпешалиги ва очиққўллиги сабабли вилоят ҳудудларидан олинган ҳосилни муҳтожлар ва ўз аскарларига инъом қилар эди. Натижада, ўзбек қабилаларининг катта қисми унинг ҳокимиятини қўллаб-қувватлаган. Ҳатто амакилари – Раҳмонқули Султон, Аббос Султон, унинг укаси Турсун Муҳаммад Султон ўз қариндош-уруғлари билан бирга келиб, Боқи Муҳаммадга ўз итоаткорлигини изҳор қилади.
Шунинг учун бўлса керак, Самарқандга ҳоким этиб тайинлангандан кейин Боқи Муҳаммад ўзини Пир Муҳаммадхон II дан устун деб ҳисоблай бошлади ва шаҳарни мустақил тарзда бошқаришга интилди. Бир қанча муддат Пир Муҳаммадхон II Боқи Муҳаммаднинг бундай хатти-ҳаракатларига қарши жиддий қаршилик олиб бормади.
Кейинчалик Боқи Муҳаммад бу ҳудудлар билан кифояланмай, Зарафшон дарёси бўйида Самарқанд ва Бухоро ўртасида жойлашган Миёнқолни унга топширишни сўраб, Пир Муҳаммадхон II га хат ёзади. Аммо рад жавобини олди. Шунга қарамасдан Миёнқолга қараб юриш қилди ва у ерда Пир Муҳаммадхон II тайинлаган Қул Муҳаммад бийни қатл қилиб, унинг ўрнига ўз қўлида мирохури кучак бўлиб хизмат қилиб келаётган Ишим Доғдоқани тайинлади. Шундан кейин Дабусия қалъасини қамал қилди [2:91-93]. Натижада, Пир Муҳаммадхон II Балх ва Ҳисордан қўшин ёрдамга чақириб, Боқи Муҳаммадга қарши юриш қилди.
1599 йил августда Бухоро ҳукмдори Пир Муҳаммадхон II шарққа, яъни Самарқандга юриш қилди. Бу ҳолатдан хабар топган Боқи Муҳаммад вазиятнинг олдини олиш мақсадида Пир Муҳаммадхон II дан узр сўраган. Шунингдек, яқинлашиб келаётган урушнинг олдини олиш учун ўз онасини Бухоро томон жўнатган. Аммо бу уринишлар натижа бермаганидан сўнг улар ўртасида жанг келиб чиқди.
Таҳлил ва натижалар. “Баҳрул асрор” асарида ёзилишича, Пир Муҳаммадхон II ва Боқи Муҳаммад ўртасидаги жанг Самарқанднинг ғарбий қисмида бўлиб ўтган. Бу ҳудуд ҳозирда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Амир Темур кўчалари бўйлаб ғарбга томон юришда жойлашган бўлиб, “Боғи шамол” [7:59] деб номланган.
“Баҳрул асрор” асарида ушбу жанг тафсилотлари ҳам келтирилган. Унда айтилишича, Хожаги Имканагий элчилиги бу жангда муҳим аҳамиятга эга бўлган. 1600 йил қиш охирларида Пир Муҳаммадхон II ва Боқи Муҳаммад ўртасидаги жанг бўлиши муқаррарлиги сабаб, улар ўртасида элчилик алоқалари ҳам олиб борилади. Балх ва Бухоро қўшинлари “Шимол боғи”га етиб келади. Хожаги Имканагий Пир Муҳаммадхон II нинг олдига бориб, унга Боқи Муҳаммад билан шартнома тузишни таклиф этади. Аммо Пир Муҳаммадхон II шайхнинг таклифига рад жавобини бергач, ўша машҳур “Шимол жанги” бўлиб ўтади. Маҳмуд Ибн Вали асарда бу ҳақда қуйидаги маълумотни келтирган:
منقول است که در آن آوان که پر محمدخان با ابهت و عظمی که کوه از تصور شکوه آن ستوه آمدنی از آنجارا بعزم استیصال نهال اقبال خواینن تقلی تموری متوجه سمرقند گردید.باقی محمد خان که رایس و ریس خوانین عزت قرین بود با همه سطوت و صلابت از مدافعه صوری ابا نموده دست توسل بدامن آن مبارز منوییعنی خضرت خواجه در زد.و آن جناب نخست بموجب الصلح خیر متوجه اصلاح ذات البین کشته خواستند که پر محمدخانرا از آن داعیه امتناع نمایند. آن نشانه تیر تعدیر از آن تدبیر سرباز زده انخضرت رابی نیل مقصود و باز گردانید لاجرم خدام خواجگی با لهام غیبی متوجه .. اعلام خوانین و انکساری رایات ارباب معادات گشته باقی محمد خانرا با لطاف ایزدی مستظهر ساختند.و بزات اقدس طریق موافقت مسلوک داشته بهنگام مقابله بار بدستور اهل محاربه بجانب لشکر بخارا حمله نمودند.مقارن اینحال رایت اقبال خوانین ارتفا یافته لوای نادوای پر محمدخان مخفوض و مکسور کردید تا آنکه خان بی تدبیر اسیر تحیر تقدر گشتند بر دست یکی از ملازمان خوانین بقتل رسید چون آن کرامت ظاهره فارق عادت با هر از آنحضرت سمت وقوع پدر رفت تمامت خوانین خصوصآ باقی محمدخان پش از پش طریق عقد با انجناب مسلوک داشته
Мазмуни: Пир Муҳаммадхон Самарқанд томонга юриш қилди. Ўша вақтда Самарқанд ҳокими Боқи Муҳаммад эди. Боқи Муҳаммад дарҳол Самарқандни ҳимоя қилишга киришди ва ўз даврининг машҳур шайхи Хожаги Имканагийнинг ҳузурига бориб, бу қийин вазиятда ёрдам беришини сўради. Хожаги Пир Муҳаммадхон ҳузурига бориб, ундан сулҳ тузишни сўради, аммо рад жавобини олгач, Боқи Муҳаммад ва Пир Муҳаммадхон ўртасида жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Пир Муҳаммадхон Боқи Муҳаммад қўл остидаги жангчиларнинг бири томонидан ўлдирилди. Боқи Муҳаммад Хожаги Имканагий этагидан тутгани ва пир унга ғайб илми туфайли маънавий мадад бўлгани сабабли у ғалаба қозонди.
Бу жанг ҳақида муаррих Муҳаммад Ҳошим Кишимий ҳам ўзининг “Насамотул қудс мин ҳадойиқул унс” асарида маълумот берган. А.Жуманазарнинг ёзишича, бу манбада ушбу воқеа ҳақида қуйидагича ҳикоя қилинади: “Боқи Муҳаммад отаси ва ака-укалари билан Мовароуннаҳрга етиб келади. Пир Муҳаммадхон Самарқанд ҳокимлигини Боқи Муҳаммадга топширади. Орадан бироз вақт ўтиб, Пир Муҳаммадхоннинг юрагига Боқи Муҳаммаднинг ҳокимиятни ундан тортиб олиши ҳақида ғулғула тушди ва Самарқандга унга қарши юриш қилади. Боқи Муҳаммад ва унинг аҳли жамоаси эса: “Биз султоннинг барча биродарларини Самарқандга тўплаганмиз ва унга итоат этамиз, биздан нима гуноҳ ўтдики, Пир Муҳаммадхон II бошимизга лашкар тортиб келмоқда?” деб мавлоно Хожаги Имканагига мурожаат қилади. Ҳазрат мавлоно Пир Муҳаммадхон II лашкари қароргоҳига ёлғиз ўзи жўнади. Ҳазрат шайхнинг барча уринишлари зое кетди ва Пир Муҳаммадхон II тинчлик сулҳига рози бўлмади. Ваҳоланки, Боқи Муҳаммад қўшини сони оз эди.
Шайх ҳазратлари Боқи Муҳаммадга деди: “Эй фарзанд! Аскаринг камлигидан андиша қилма ва бу ояти каримани ўқи. “Аъузу биллаҳи мин-аш-шайтонир рожийм. Каммин фиатин қалилатин ғалабат фиятан касиратан бизни Оллоҳ” (Қанчадан қанча озчилик гуруҳлар ғолиб келгандир.) Сўнгра иноят қўлини унинг елкасига қўйиб, муборак фотиҳасини унинг белига боғлади ва “Тангрига таваккал қилиб, душман лашкарига зарба бер! Сенга Мовароуннаҳр диёри насиб қилур! Хожанинг бу инояти ва хайрли башоратидан султон дилида ишонч туйғуси пайдо бўлди ва уч-тўрт мингга яқин қўшин билан душманнинг эллик минг лашкарига қарши йўлга отланди[4]. Мавлоно ўз раҳнамолигида дарвишлар билан унинг изидан борди. Шаҳар четидаги кўҳна масжидда тўхтаб, муроқабага ўтирди вa ҳар замонда аҳволни сўради. Бир маҳал Боқи Муҳаммаднинг зафар қучгани тўғрисида хабар келди. Бу дамда Пир Муҳаммадхон йўқлик саҳросига шитоб этганди. Барча Боқи Муҳаммадхонга итоатгўйлик камарини белига боғлади. Худди шу тобда мавлоно олдидаги барча дарвешлар билан яна ўз манзилига қайтиб кетди.
“Шимол жанги” тафсилоти Бадриддин Сирҳиндийнинг “Зубдатул мақомот” асарида ҳам келтирилади. Бу асар 1630-1635 йиллар оралиғида Ҳиндистонда ёзилган. Абдулбоқи Хожаги Имканагийнинг бу жангдаги иштироки ўз даврида маълум ва машҳур бўлган. У киши “шимол боғи” жангида иштирок этиб қайтганидан кейин бир-икки ой ичида тўқсон ёшида олимдан ўтади. Қабри бошига ўрнатилган пона шаклидаги тошга унинг ҳижрий (1600 йили) вафот этгани ёзилган [7:59-60] .
Хулоса ва таклифлар. Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Пир Муҳаммадхон II ҳокимияти дарз кетишига бир қанча омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, қозоқлар ҳужумини вақтида бартараф этмади. Бу эса Самарқанд шаҳар аҳолисининг келажакда Боқи Муҳаммадни қўллаб-қувватлашига туртки бўлди. Иккинчидан эса қозоқларга сотилган Абдулвосибийнинг Боқи Муҳаммад томонидан ўлдирилиши унинг куч-қудратини янада оширди. Шу билан бирга, ўша замоннинг кўзга кўринган шайхи Хожаги Имканагийнинг маънавий томондан Боқи Муҳаммад томонда бўлиши ҳам манба тили билан айтганда, “илоҳий қувват” бўлиб хизмат қилди.
Бундай бирламчи манбаларда келтирилган маълумотларни қиёсий таҳлил қилиш орқали сулола алмашувини ҳал қилган жанг санасини аниқлаш мумкин. Бу эса, аштархонийлар сулоласининг ҳокимият тепасига келиш масаласида ягона ечимни топишга хизмат қилади. Шунинг учун айнан Самарқандда ёзилган бирламчи манбаларни топиб, қиёсий ўрганиш бу борадаги долзарб вазифалардан ҳисобланади.
- Аҳмедов Б. Тарихдан сабоқлар . – Т.: Ўқитувчи, 1994. – Б.191.
- Аҳмедов Б. Ўзбекистон тарихи манбалари. – Т.: Ўқитувчи, 2001. – Б.193.
- Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ. Тарихи Бухоро ва таржумат ул-уламо. ЎзР ФА ШИ. №1595 (тошбосма). – Б.6.
- Зиёев Азамат. Ўзбек давлатчилиги тарихи. – Тошкент: Шарқ, 2000. – Б. 256.
- Босворд К.Э. Мусулмон сулолалари (йилномалар ва шажаралар бўйича маълумотнома) – Т.: Фан, 2007. – Б.160.
- Вельяминов В.В. Зернов как историк Касимовского ханства: монография. – Казань: ГБУ Республиканский центр мониторинга качества образования, 2014. С. 13.
- Жуманазар А. Вахшувор: ҳаммаси Сўфи Оллоёр ҳақида. – Т.: Akademnashr, 2015. – Б. 59.
- Зиёев А. Ўзбек давлатчилиги тарихи. – Т.: Шарқ, 2000. – Б. 256.
- Имомқулинома. ШҚФ. Қўлёзма сони 89.88а.
- İsgəndər Bəy Mȕnși Tȕrkman. Dȕnyani bəzəyən Abbasin tarixi, Fars dilindən çevirən: Șahin Fərzəliyev (Șahin Fazil). – Baki: Șərq-qərb, 2010. – S.1083-1084.
- Муҳаммад Юсуф Мунший. Тазкираи Муқимхоний // СамДУ қўлёзмаси № 1188170. – 157 варақ.
- Норқулов Н., Жўраев У. Ўзбекистон тарихи. – Т.: Шарқ, 2005. – Б.63.
- Усмонов Қ., Жўраев У., Норқулов Н. Ўзбекистон тарихи. – Т.: Ўқитувчи, 2014, – Б.37.
- Welsford Thomas. Four types of loyalty in early modern Central Asia. – Leiden-Boston: Brill, 2013. – P.91-92-93.