Home / АЛЛОМАЛАР / Нақшбандия машойихлари. Шайх Абулҳасан Ҳарақоний (Қоддасаллоҳу сирруҳу)

Нақшбандия машойихлари. Шайх Абулҳасан Ҳарақоний (Қоддасаллоҳу сирруҳу)

Боязид Бастoмий ҳазратларига “нафсингга берган энг енгил жазо надир?” дея савол беришди.

– Бир марта нафсим бир итоатсизлик қилди. Бунга жазо ўлароқ бир йил сув ичмадим,  – деди Боязид Бастoмий ҳазратлари.

***

Бир куни Боязид Бастoмий ҳазратларининг қалбига шундай илҳом келди:

“Эй Боязид, хазиналарим одамлар тарафидан қилинган ибодатлар ва гўзал амаллар билан тўладир. Сен бизга шундай бир нарса билан келгинки, у бизда бўлмасин”.

 – Ё Рoбби, хазинангда бўлмаган нарса нимадир? – деб сўради Боязид Бастoмий ҳазратлари.

– Ожизлик, аянчлилик, чорасизлик, зиллат ва муҳтожликдир, – дейилди.

***

Боязид Бастoмий ҳазратларидан “бу даражага нима билан юксалдинг”, деб сўрашди.

 – Ҳар ерда Аллоҳ таолонинг кўриб турганини, билиб турганини ўйлаб, адабга риоя этиш билан, – деб жавоб берди Боязид Бастoмий ҳазратлари.

***

Боязид Бастoмий ҳазратлари ўз талабаларига шундай дерди:

“Сиз ҳавода учган биттасини кўрсангиз, дарров унинг каромат соҳиби экани ҳақда ҳукм чиқарманг. Унинг чиндан ҳам фазилат ва каромат соҳиби эканини билиш учун унинг дин амирларига бўйсунишдаги ҳассосиятига, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқи билан ахлоқланишига, суннати санияга амал қилишга, дин олимларига боғлиқлигига қаранг. Агар у буларга уйғун ҳаракат қилишда энг кичик заифлик бўлса, у кимсани фазилат ва каромат соҳиби дейиш мумкин бўлмайди.

Бир кишининг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатининг ҳақиқий бўлган бўлмаганининг аломати – унинг денгиз каби сахий, қуёш каби шафқатли, тупроқ каби тавозеъли бўлишида кўринади.

Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳар он ҳар кимга келмоқдадир. Демак, ҳар он унга шукр этмоқ лозимдир.

Бизнинг сўзларимиз китоб ва суннатдандир. Кучини ва маъносини шу икки манбадан олмаган сўзда қиймат йўқдир.

***

Боязид Бастoмий ҳазратлари даимо “Аллоҳ, Аллоҳ” дерди. Ўлим тўшагида экан, шундай дуо этди:

– Ё Рoббим, сен учун қилган бутун ибодат, тоат ва зикрларни доим ғафлат ичида қилдим. Мана, энди жон бераяпман. Аллоҳим, менга зикр ва ҳузур ҳолини эҳсон айла! Бу сўзлардан сўнгра зикр ва ҳузур ҳоли ичида руҳини таслим этди.

Вафоти ҳижратнинг 231 ёки 232-йилида (мелодий 875) Шаъбон ойида юз берди. У зотнинг қабри Хуросонда, Бастом шаҳридадир.

***

Боязид Бастoмий ҳазратлари вафот этгандан сўнгра буюклардан бири уни тушида кўриб, ундан:

“Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди?” – деб сўради. Бастoмий шундай жавоб берди:

“Мени тупроққа қўйганларида бир овоз “Боязид, биз учун нима олиб келдинг?”  – деди. Мен:

“Ё Рoбби, сенга лойиқ ҳеч нарса олиб келмадим. Аммо ширк ҳам олиб келмадим”, – дедим”.

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Рустам Эргашев

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …