Мустақилликнинг илк йилларидан Ўзбекистон билан Исроил давлати ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. Шу муносабат билан 1992 йил Тел-Авивда Ўзбекистон консуллиги очилиб, икки мамлакат фуқароларининг ўзаро эркин кириб чиқишига рухсат берилди. 1997 йил апрель ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Исроилга расмий ташрифи чоғида маданият, фан ва маориф соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида битим тузилди ва консуллик элчихонага айлантирилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда яшаб келаётган яҳудий миллатига мансуб инсонлар учун маданий марказлар фаолият олиб бормоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар яҳудий маданий маркази (ҳозирги Яҳудийлар жамоаси маданий маркази) ва Республика Бухоро яҳудийлари маданий маркази (ҳозирги Тошкент шаҳар «Симхо» Бухоро яҳудийлари маданий маркази) 1989 йилда ташкил қилинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида еттита яҳудий миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказлар яҳудий халқи анъаналари, урф одатлари, тилини асраш ва ривожлантириш баробарида турли маданий маърифий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширади, давлат ва миллий байрамларини ўтказади. Мисол учун, Фарғона вилоятидаги яҳудийлар миллий маданий марказида ҳам анъанавий маросимлар ва урф-одатларга ўргатиш, миллий таомларни тайёрлаш, каштачилик, халқ рақслари ва вокал тўгараклари фаолият юритади, уларнинг тадбирларида турли миллат вакиллари иштирок этади [9]. Шунингдек, Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида «Дўстлик» уйи очилган. Фарғона вилояти маҳаллий бюджетидан 3,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, таъмирлангач, кўркам ва замонавий қиёфага эга бўлган собиқ «Нефтчи» маданият саройи биноси эндиликда турли миллат ва элат вакиллари учун ҳақиқий дўстлик масканига айланди. Бу ерда вилоятдаги 8 та миллий маданий марказга алоҳида хоналар ажратилган, тўгарак ва турли тадбирлар ташкил этиш учун концерт зали замонавий кўринишга келтирилган [10].
Тадқиқ қилинаётган, яҳудий жамоаларининг Қўқон хонлиги ҳудудига кўчиб келиши бўйича иккита қараш мавжуд. Биринчи фаразга кўра, яҳудий жамоаларининг хонлик ҳудудига кириб келишига Бухоро ва Хива хонликларидаги мураккаб вазият сабаб бўлган. Манбаларда ХВИИИ аср 70 йилларида бухорлик яҳудийларнинг Қўқонга оммавий кўчирилиши ҳақида маълумот берилган [1:26]. Иккинчи қарашга кўра эса, ҳозирги Фарғона ҳудудларида хусусий мулкчилик тараққиётининг эртароқ бошлангани ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароит юзага келгани ҳам ўлкага яҳудийларни кўчиб келишга ундаган [7:143]. Ҳар иккала фикр ҳам асослидир. Чунки ўша давр тарихини ўрганиш натижасида Ўрта Осиё хонликлари ичида Қўқон хонлиги ўзига хос иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ажралиб турган. Шунингдек, у ерда аҳолининг яшаб истиқомат қилиши, тадбиркорлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиши учун етарли шароит мавжуд эди.
Кейинчалик рус империясининг Қўқон хонлигини босиб олиши натижасида ўлка учун нисбатан бегона бўлган ашкиназ яҳудийлари кириб келган. Ашкиназ яҳудийлари рус қўшинлари таркибида, кейинроқ 1861 йил ва 1879 йил йиллардаги чор Россиясининг тегишли қонунларига мувофиқ кўчиб келган. Кириб келган Европа яҳудийлари минтақанинг барча жойида яшаш, савдо ва саноат ишлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган.
Қўқон хонликнинг маъмурий пойтахти ва ўша даврда энг ривожланган, ишлаб чиқариш ва саноат ишларида йирик шаҳарлардан бири ҳисобланган. Шу боисдан ХИХ асрда Бухоро яҳудийлари тарихи ва маданияти ривожида муҳим роль ўйнаган пойтахтлар орасида Қўқон алоҳида ўрин тутади. Қўқон хонлиги пойтахтига келганлар орасида нафақат Бухоро яҳудийлари, балки эронлик яҳудийлар ҳам бўлиб, улар ўз лақаблари – эронийни сақлаб қолган бўлса ҳам, охир-оқибат Бухоро яҳудий муҳитига сингиб кетган. Статистик маълумотларга кўра, Қўқон ҳудудида 1888 йилда 1000 нафардан ортиқ яҳудий яшаган. 1897 йилдаги аҳоли рўйхатига кўра, Қўқонда 1029 нафар, яъни Қўқон аҳолисини 1,3% ни ташкил қилган. 1910 йилда 1341 нафар, 1926 йилда 3551 нафар, 1939 йилда 3196 нафар, 1959 йилда 567 нафар, 1970 йилда 3677 нафар яҳудий яшаган [2]. Ўша даврда Қўқонда 86 нафар ашкиназ яҳудийлари яшаган [8:4-7]. Бу рақамлардан шу нарса маълум бўладики, яҳудийлар Қўқон шаҳрида маълум бир даврда камайиб, маълум бир даврда кўпайиб турган.
Яҳудий жамоалари хонлик ҳудудига келиб жойлашгандан сўнг, турли касб ва машғулот билан шуғулланган. Уларнинг орасида ўймакор, заргар, сартарош, тикувчи, пойабзал устаси, ошпаз, новвой, кир ювувчи ва мардикорлар бўлган. Қўшиқ айтишни ва рақсга тушишни билган камбағал яҳудий оилаларнинг аёллари нафақат яҳудий, балки мусулмон инсонларнинг тўй ва байрамларида иштирок этган. Шунингдек, яҳудийлар орасида катта-катта савдогар ва тадбиркорлар етишиб чиққан.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан босиб олинганидан сўнг, Қўқонга Россиянинг турли шаҳарларидан Европа яҳудийлари кўчиб келган. Ушбу яҳудийларнинг ибодат учун мўлжалланган махсус бино синагога ва ибодат уйларига эҳтиёжи туғилган, Қўқонни руслар босиб олгунга қадар бўлган даврда ҳудуднинг эски шаҳар қисмида иккита синагога мавжуд бўлган. Биринчи синагога Самарқанддан кўчиб борган «Абрам Калонтар» яҳудий жамоасининг бошлиғи ва бой яҳудийлар ҳисобига қурилган бўлса, иккинчи синагога Қўқоннинг Маҳаллий Поён маҳалласида жойлашган 250 киши учун мўлжалланган эди [4:132]. Маълум вақт ўтгандан кейин, Европа яҳудийлари Қўқонда синагога очиш учун ҳаракат бошлаган. Мисол учун, Қўқон яҳудийлар жамияти комиссари, адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлаган Хаим Пинхусович Дурмашкиннинг Фарғона вилояти генерал-губернаторига йўллаган аризасида «Қўқон шаҳрида яшовчи маҳаллий яҳудийларнинг ҳам, янги кўчиб келганларнинг ҳам ибодат қилиши учун муносиб жойлари йўқ экани, Қўқонда мавжуд яҳудий ибодатхоналар кичкина, тор, икки-уч ёки ўнлаб ибодат қилувчини аранг сиғдира олиши, ибодатхоналарда аёллар учун мутлақо жой йўқлиги [5:32]ни билдирган. Лекин, ушбу мурожаат орқасидан Россия империяси Ҳарбий Вазирнинг 1902 йил 6 декабрда Туркистон генерал-губернаторига йўлланган хатида Қўқон шаҳрида 30 нафар яҳудий оиласининг шаҳарда яшаш ҳуқуқини ҳар томонлама текшириш бўйича кўрсатма берилган [5:4]. Бундан кўринадики, дастлабки даврда яҳудийларга империя ҳукумати томонидан баъзи бир тўсиқлар қўйилган. Лекин кейинчалик Фарғона вилояти губернаторининг Туркистон генерал-губернаторига юборган ҳисоботида «Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 20 дан ортиқ Европа яҳудийлари (ашкиназлар) шаҳарнинг Коммитет кўчасида жойлашган ижарага олинган яҳудий Якубовнинг уйида синагога очишга рухсат сўраб мурожаат қилганини маълум қилган. Фарғона вилояти губернаторининг билдиришича, янги ташкил этилган яҳудий жамоалари учун ибодатхоналар очишга рухсат берилган. Шунингдек, Қўқонда яҳудий ибодатхонасининг очишга туман бошлиқлари томонидан ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги, яҳудийлар ибодатхонага фақат ибодат қилиш учун йиғилиши, ибодатлар саводли яҳудий эркак ва аёллар томонидан адо этилиши, уларда раввин бўлмаслиги, Якубовнинг мулкига қўшни уй эгалари яҳудий ибодатхонасини очишга ҳеч қандай тўсқинлик қилмаётгани» қайд этилган [5:1].
1904 йилнинг 21 мартида ибодатхона очиш учун рухсат бўлган. Шу билан бирга, Қўқонда яҳудий оилаларнинг кўпайиши, ибодат қилувчилар сонининг ортиши, яҳудий қабристони ва бошқа ишларни бошқариш учун яҳудий диний бошқармасини тузиш зарурати туғилган. Натижада, Қўқонда яҳудийлар диний бошқармаси тузилган. Кенгаш аъзолигига яҳудий олим Борис Владимирович Болотин, ғазначи – ибронийча «неимон» Фаиве Абрамович Шоломович ва оқсоқол – ибронийча «габа» Абрам – Янкел Заидел сайланган [4:2]. Бундан яҳудийларнинг ҳукумрон империя ҳукуматига таъсири сезиларли даражада катта бўлганини билиш мумкин. Негаки, яна бир архив ҳужжатида «Сўнги ўн йил ичида ибодат мактабининг эътиқод қилувчилари сони сезиларли даражада ошди, яҳудийлар жамоаси шаклланди, улар ибодат қилиш билан бир қаторда, қонунда назарда тутилган бошқа диний маросимларни ўтказиш имкониятига эга бўлди» [4:6] дейилган. Келтирилган ҳужжатга кўра, ҳудуд учун нисбатан бегона бўлган Европа яҳудийлари жамоалари томонидан ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиниши натижасида, уларга нисбатан маҳаллий ҳокимиятнинг ён босиши ва сўралган масалаларни ечиб берилиши таъминланган.
Фарғона вилояти Қўқон уезди бошлиғининг Фарғона вилояти бошқармасига 1914 йил 24 сентябрда 1578-сон ҳисоботида Қўқон шаҳрида олтита ибодат уйи, синагога мавжудлиги маълум қилинган. Унда бу синагогаларнинг ҳар бирига йилига 500 рублдан маблағ сарфлангани айтилган. Шунингдек, даромад ва харажатлар дафтарига қандай чиқимлар киритилгани, нарх ва сарфларнинг тўғрилигини ибодат қилувчилар ваколат берган 5 нафар яҳудий текшириб боргани [3:24] таъкидланган. Лекин Қўқон уезди бошлиғининг 1915 йил 20 июлдаги Фарғона вилояти бошқармасига юборган ҳисоботида Қўқон шаҳрида 7 та яҳудий ибодатхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг барчасини қонунийлаштириш мақсадга мувофиқдир [3:40], дейилган. Демак, Қўқон шаҳрида 1915 йилга келиб 7 та синагога фаолият юритган. Ўша даврда фаолият олиб борган синагога номлари қуйидагича: биринчи синагога Фарғона вилоятининг собиқ ҳарбий губернатори генерал Абрамов рухсати билан очилган Марғилон қисмидаги Навоий маҳалласида жойлашган. Уйни сотиб олганлар вафот этган; иккинчи синагога Марғилон қисми Бекбутабек мавзесида жойлашган, 250 киши доимий тарзда ибодатхонага ташриф буюрган; учинчи синагога Қўқоннинг Ўрда мавзеси Саримозор қисмидаги Р.И.Вадяев томонидан 21 йил олдин ташкил этилган, уни очишга рухсат берилмаган. Лекин, синагогага келувчилар сони 60 кишигача; тўртинчи синагога Қўмита кўчасида жойлашган Хаим Симхаевга тегишли синагога, ушбу синагога 30 йилдан бери мавжуд, 60 кишигача эътиқод қилувчилар келади; бешинчи синагога Бешариқ мавзеси Хўжанд қисмида Абрам Магзумов, Рахман Ягудаев ва Цион Мардухаев томонидан олинган ерда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлиб, унга 110 кишигача ўз динига эътиқод қилувчилар ташриф буюради; олтинчи синагога Ниан Давидов уйида ташкил қилинган, 130 кишигача бўлган ўз динига эътиқод қилувчилар ташриф буюради; еттинчи синагога Фарғона вилояти ҳарбий губернаторининг 1908 йил 8 апрелдаги рухсати билан Рафаэл Потеляхов уйида ташкил қилинган [3:41]. Демак, ХХ аср бошларига келиб, Қўқонда бой яҳудий савдогарларига тегишли еттита ибодат уйи мавжуд бўлган. Лекин ҳокимият чор Россиясидан большевиклар қўлига ўтгандан сўнг, ўлкада юритилган диний сиёсат натижасида ҳудуддаги синагогалар фаолияти бирин-кетин тугатилган.
Бугунги кунда Қўқон шаҳрида яҳудийлар синагогаси фаолият олиб бормайди. Шаҳарда яшаган яҳудийлар кўп қисмининг кўчиб кетиши натижасида синагога эҳтиёж қолмаган. Ҳозирда Фарғона вилояти ҳудудида битта яҳудий диний ташкилоти «Ор Авнер Хабад» деб номланувчи синагога 2004 йил 27 декабрда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Синагога жойлашган маҳаллада қадимдан Бухоро яҳудийлари истиқомат қилган.
- Amerika Buxoro yahudiylari jamoasi. The Bukharian Times. 2013 yil 18-24 oktyabr. 2013. 610-son. – B. 26.
- Amerika Buxoro yahudiylari jamoasi. The Bukharian Times. 2013 yil 1-7 noyabr. 612-son. – B.26.
- O‘zbekiston Respublikasi milliy arxivi, Fond-19. 1-ro‘yxat, 29458-yig‘ma jild, 24-varaq.
- O‘zbekiston Respublikasi milliy arxivi, Fond-19, 1-ro‘yxat, 29577-yig‘ma jild, 4-7-varaqlar.
- O‘zbekiston Respublikasi milliy arxivi, Fond-1. 13-ro‘yxat, 369-yig‘ma jild, 32-varaq.
- The material culture and architecture of the jews of Central Asia 1800-1920. Universiteit Leiden – Research Master’s in Middle Eastern Studies Maïra Kaye. – P.132.
- Tursunov B.T. Marg‘ilon shahrining jahon sivilizatsiyasi tarixidagi o‘rni. Marg‘ilon shahrining 2000 yillik yubileyiga bag‘ishlangan xalqaro ilmiy konferentsiya materiallari. – Toshkent-Marg‘ilon: Fan, 2007. – B.143.
- https://jewsencyclopedia.com.
- https://interkomitet.uz/mita-a-ida/millij-madanij-markazlar/o-zbekiston-yahudiy-milliy-madaniy-markazi/?lang=oz
10. https://xs.uz/uzkr/post/fargona-shahrida-dostlik-uji-oz-faoliyatini-boshladi.