Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Китобат тарихи мозийдан сўзлайди

Китобат тарихи мозийдан сўзлайди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида яқинда старт олган “МАРКАЗИЙ ОСИЁ – ИСЛОМ МАДАНИЯТИ ВА САНЪАТИ ЎЧОҒИ” номли илмий лойиҳа доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Самарқанд Давлат университети, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бухоро Давлат университети олимлари, Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари ҳамда Туркия ва Австриядан кўплаб тадқиқотчилар жами қирққа яқин нуқтадан туриб қатнашган семинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори (DSc), катта илмий ходим Шовосил Зиёдов “Бухоро амирлиги кутубхоналари тарихидан” мавзусида маъруза қилди.

Олим дастлаб Бухоро кутубхоналари тарихига оид илк маълумотлар учрайдиган IX асрнинг охири – Сомонийлар ҳукмронлиги даврига тўхталди. Таъкидланганидек, Х асрда Сомонийлар сулолавий кутубхонаси Бухородаги энг йирик қўлёзма китоб мажмуаси бўлган. Амир Нуҳ ибн Мансурни даволаб, мазкур кутубхонадан фойдаланиш имкониятига эга бўлган Абу Али ибн Сино уни бундай таърифлаган: “…бир қанча хонадан иборат китоб хазинасига кирдим. Ҳар бир хонада устма-уст сандиқлар қўйилган, биттасида арабча китоблар, бошқасида – фиқҳга оидлари сақланади… шундай китобларни кўрдимки, уларнинг номини ҳам ҳали ҳеч ким эшитмаган. Шунга қадар ўзим бунча китоб кўрмаганман. Бу ноёб китобларни ўқиб чиқдим, улардаги фойдали илмларни ўзлаштириб, ҳар бир муаллиф ўз соҳасида буюк олим эканига тан бердим, илмий даражасини билиб олдим”.

Араб истилосига қадар тўплана бошлаган яна бир сулолавий кутубхона Гурганжда бўлиб, Хоразмшоҳ Маъмун ва Ануштегин авлодлари даврида ғоят гуркираган ва орасида Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино ҳам бўлган академия (Хоразм Маъмун академияси) олимларига хизмат кўрсатган.

Маърузачи кутубхоналар тармоғи такомиллашувига хизмат қилган омиллар ва кутубхона иши тарихига оид маълумотлар келтирилган кўплаб асарлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, Бухоро қозикалонларининг сулолавий кутубхоналари ва Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасига оид янги маълумотлар, Жўйбор ҳожиларининг Говкушон кутубхонасига вақф қилинган китоблар, уларда учрайдиган қизиқарли маълумотлар ва муҳрлар тавсифини келтирди.

Олимнинг таъкидлашича, бу кутубхоналарда сақланган китоблар ҳали яхши ўрганилмаган. Юртимиздаги қўлёзма фондларида умуман тадқиқ этилмаган топилмалар учраб қолиши ҳам табиий. Мазкур фондларда сақланаётган қўлёзмаларнинг келиб чиқиши борасида жавобсиз қолиб келаётган масалалар ечими диёримизнинг китобат тарихи ва кутубхоначилик маданияти тадқиқида муҳим ўрин тутиб, энг аввало дин тарихи, сиёсий тарих ва кодикология, умуман, Ўрта Осиё ва давлатчилигимиз тарихини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …