Home / МАҚОЛАЛАР / ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚЛАРГА РИОЯ ЭТИШ

ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚЛАРГА РИОЯ ЭТИШ

Тарихдан маълумки, Ислом дини ижтимоий ҳуқуқларга тегишли масалаларни доимо мукаммал ва кенг миқёсда ёритиб берган. Чунки унинг асоси Қуръони карим ҳамда ҳадиси шариф ҳисобланади. Бир сўз билан айтганди, Исломда ижтимоий ҳуқуқлар инсонларнинг бир-бирига азият етказишдан тийилишини, ака-укадек меҳр-шафқатли ва ростгўй бўлишини тақозо этади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ﴾

(Иш) шудир. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир”[1].

Демак, мусулмон киши охиратда ҳар бир қилган қабиҳ ишдан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмасдан яшайди.

﴿مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا﴾

“Кимки бирор жонни (ўлдирмаган) ёки Ерда бузғунчилик қилмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди”[2].

Мазкур оятдан Ислом динидаги инсонпарварлик ғоясини англаймиз. Бу ҳукм аслида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятга кўра, ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби ишларни қилган кимса, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига дучор бўлади.

Мусулмон киши ижтимоий ҳуқуқларга бозор, кўча ва хиёбонларда ҳам эътибор қаратади. Баъзилар жамоат жойларида юрганда ён-атрофидагиларга қўполлик қилиб, азият етказади. Айниқса, бирор бир юк кўтариб олган бўлса, одамларни туртиб ёки ҳаракатланишига халал бериб, уларнинг қалбига озор етказади. Абу Бурда отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини огоҳлантириб бундай деганлар: “Ким масжидларимиз ёки бозорларимиздан камон ўқлари билан ўтса, тиғларини кафти билан ушлаб олсин, токи бирор мусулмонга жароҳат етказиб қўймасин” (Имом Бухорий ривояти). Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро муомалада битта танага ўхшатган. Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинган ҳадисда у зот айтадилар: “Мўминлар ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек эканини кўрасан. Бирор аъзо хасталанса, тананинг қолган жойлари бедорлик ва иситмалаш билан унга ҳамдард бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Жамиятда ёш гўдакларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари бор. Буларнинг энг олийси уларга меҳр беришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга меҳр кўрсатишда бизга ўрнак бўладилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамимий ўтирган эди. Ақраъ: “Менинг ўнта болам бор, лекин бирортасини ҳам ўпмаганман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга бўлган меҳр-шафқатлари шунчалик даражада эдики, намозда гўдакларнинг йиғисини эшитиб қолса, уларни эътиборсиз қолмаслиги учун дарҳол намозни енгил қилиб тугатар эдилар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозни енгил қиламан”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Орамиздаги ёши улуғлар, касаллар ва заифлар ҳам худди ёш болалар каби меҳр ва ёрдамга муҳтождир. Уларни жамиятнинг барча жабҳаларида эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг азоб чекишини ҳоҳламаганлари учун намозларини қисқартириб ўқир эдилар. Биз умматларига ҳам: “Бирортангиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки уларнинг орасида заиф, касал ва кексалар бор. Бирортангиз ўзи намоз ўқиганида эса хоҳлаганча чўзаверсин”, деб таълим берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бахриев Отабек,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.
[1] Ҳаж сураси, 30-оят.
[2] Моида сураси, 32-оят.

Check Also

ШАРҚДА ДАСТЛАБКИ ИЛМИЙ МАРКАЗЛАРНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ 

Тарихга назар ташласак, жаҳондаги ҳеч бир юксалиш илм-маърифатсиз амалга ошмагани аён бўлади. Милоддан аввалги 380 …