Home / МАҚОЛАЛАР / XVIII-XIX АСРЛАРДА ХОРАЗМДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРГАН ТАБИБЛАР

XVIII-XIX АСРЛАРДА ХОРАЗМДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРГАН ТАБИБЛАР

Хива хони Абулғозихон ибн Араб Муҳаммадхон Хоразмийнинг (1603-1664) ўзбек тилида ёзилган “Манофиъул инсон” (“Инсон учун фойдали дорилар”)[1] номли асари тиббиёт оламида машҳурдир.

Биз ўрганаётган давр (XVIII-XIX асрлар)да Хоразм (ёки ушбу ҳудуд билан боғлиқ тарз)да фаолият олиб борган табиблардан Жаъфар хожа Ҳазораспий, Ислом шайх Каррухий, Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ, Муҳаммад Амин ибн мулло Муҳаммад Зоҳир хожа Ҳусайний Хоразмий, Аҳмад Табибий каби тиб олимлари фаолияти бирмунча тадқиқот талаб эканлиги билан аҳамиятлидир.

Тиббиёт соҳасида асар ёзган хоразмлик олимлардан бири Жаъфар хожа Ҳазораспий бўлиб, тўлиқ исми Жаъфар хожа ибн Насриддин хожа Ҳусайний Карвакий Ҳазораспийдир.

Жаъфар хожа Насриддин хожа ўғли XVIII аср охирлари – XIX аср бошларида яшаб ижод этган. У  1823 йили тиббиётга оид, 67 бобдан иборат     “Мултақат ат-тиб” (“Тиббий маълумотлар тўплами”) асарини ёзган[2]. Устози Саййид Одина Муҳаммад[3] эшон бўлиб, Хоразм тарихида тиб илмининг энг машҳур намояндаларидан бири бўлган. У зотнинг асл насаби Саййид Муаззаддин Шакарлабга етади[4].

Жаъфар хожа Ҳазораспий гельминтозлар (ришта); тери касалликлари (парша, сугал, витилиго, фурункулез); юқумли касалликлар (қизилча, сувчечак, кўк йўтал ва бошқалар) каби касалликларнинг симптомлари, уларни даволаш учун  дориларни тайёрлаш ва қўллаш усуллари ҳақида ёзади[5].

Шу даврда яшаган, асли хоразмлик Ҳазрат Худойберди (Оллоҳберди)нинг ўғли Муҳаммад Ислом шайх[6] Каррухий нақшбандия силсиласи намояндаларидан бири бўлиш билан бирга, тиб илмини ўрганиб, шогирд ва ихлосманд муридларини ҳам маънавий, ҳам жисмоний соғлом бўлиши учун  табиблик ва ҳакимлик ҳам қилган.

“Ҳазрат Эшон табиб ва ҳаким эдилар. Табиблик ва ҳакимлик илмини маҳорат билан ўрганиб, унинг ривожи учун ҳар йили бир қанча маблағ сарф этардилар. Атрофдаги ҳудудлардан мариз (касал)ликка учраган ҳар киши, ҳазрат Эшон хизматига келарди. У зот касалларни холисан даволар эдилар[7], – деб ёзади Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ.  – Ҳирот шаҳзодаси Ферузиддин келиб, касалидан арз қилди. Ҳазрат Эшон (Ислом шайх) уни хонақоҳга киришини тайинлаб, бир қатор вазифаларни бердилар… Шундан сўнг Ферузиддин Аллоҳ таолонинг инояти билан шифо топди ва у зотга шогирд тушиб, мурид бўлди”, деб қайд этган ўз асарида[8].

Муҳаммад Ислом шайх Каррухийнинг фарзанди Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ XVIII асрнинг иккинчи ярмида Форёб вилоятининг шимолидаги Қайсар шаҳрида жойлашган Хожакенти рустоқида таваллуд топган. Манбаларда “Ҳозиқи Қайсарий”[9], деб қайд этилган.

Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ тўғрисида айрим тазкираларда[10], Садриддин Айнийнинг “Намунаи адабиёти точик”[11] асарида, Абдулғани Мирзоев[12] каби олимларнинг тожик адабиётига доир дарсликларида, Н.Маъсумийнинг “XVIII аср ва XIX асрнинг биринчи ярмида тожик адабиёти”[13] рисоласида маълумотлар мавжуд. Пўлатжон Қаюмов Мирзо Ҳозиқни қаландарона вазиятда бўлган диловар киши сифатида таърифлаб, унинг форсий ғазалларидан намуналар бериб ўтган[14].

Субҳонқул Амирқулов[15] Ҳозиқнинг “Юсуф ва Зулайҳо” достонини илмий тадқиқ қилган бўлса, Ҳ. Ҳикматуллаев[16] Мирзо Ҳозиқни моҳир табиблардан бири бўлгани ва тиббиётга оид “Таҳқиқул қавоид”[17] асарини ёзганини таъкидлаб ўтган. Тиббиёт фанлари доктори А.А. Қодиров XVIII – XIX асрнинг биринчи ярмида Ўзбекистон тиббиёт тарихида Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ муҳим ўрин эгаллаган[18], дея эътироф этади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Эргашали Шодиев Мирзо Ҳозиқ ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзган “Ҳозиқ куллиёти”[19], “Ҳозиқ ҳақида янги маълумотлар”[20] номли мақолаларида Мирзо Ҳозиқ ҳаёти ва асарларининг қисқача мазмуни, отаси Ислом шайх тўғрисида фикр-мулоҳазалар юритган. Мазкур тадқиқот Мирзо Ҳозиқнинг “Воқеоти исломия” асари ҳақида дастлабки тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Бундан ташқари, “Ўзбек адабиёти тарихи”[21] номли мажмуада ҳам юқоридаги тадқиқотлар умумийликда бериб ўтилган.

Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ ҳаёти ва фаолиятини кенгроқ ёритиш имкони бўлмаган. Шу сабабли ҳам Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ шахси тўғрисида деярли бир хил маълумотлар учрайди[22].

Ёш Жунайдуллоҳ араб ва форс тилларини ҳамда сарфу наҳвни икки йил мобайнида устози халифа Атоуллоҳ Хўқандийдан қунт билан ўрганган.

1826 йилда Хива хони Оллоқулихон Ҳозиқни Хивага таклиф этади. Ҳозиқ бу ерда “Ҳақиқатни аниқлаш ва текшириб кўриш” номли тиббиётга доир асарини[23] ёзиб тугаллайди.

Мирзо Ҳозиқ 1843 йил Китоб шаҳрида вафот этади. Жасади Мавлоно Охунд мозорига дафн этилган[24].

XIX асрда кўзга кўринган тажрибали, машҳур табиблардан яна бири мулло Муҳаммад Амин ибн мулло Муҳаммад Зоҳир хожа Ҳусайний Хоразмийдир.   Шунингдек, у моҳир таржимон ҳам бўлган. Ўз замонасининг кўзга кўринган табибларидан бири Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф Ҳиравий (табиб «Юсуфий»)нинг (вафоти 1514 йил)   «Юсуф тиббиёти» номли асарини 1299/1882 йилда ўзбек тилига таржима қилган[25].

Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II ни табиби бўлган Аҳмад Табибий 1869 йил   Хиванинг машҳур табибларидан бири Али Муҳаммад табиб хонадонида таваллуд топган. Отаси ўғлига форс, араб тилларини чуқур ўзлаштиришига раҳнамолик қилиш билан бир қаторда табибликни ҳам ўргатади. Шунинг учун ҳам Аҳмад ўзига кейинчалик «Табибий» тахаллусини танлайди.

Шоир ва табиб илм-маърифат, ижод аҳли орасида катта ҳурматга эга бўлади, хон эътиборини қозонади, табиб сифатида кишилар дардига ҳамиша даво излайди[26].

XVIII-XIX асрларда Хоразмда фаолият олиб борган табиблар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тиббиёт соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб, тиб илмининг забардаст намояндалари тарихини янада ойдинлаштиради.

 

[1] Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (бундан кейин ЎзР ФА ШИ). Қўлёзма. Инв № 4107 рақам остида сақланмоқда.
[2] ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма. Инв № 3336.
[3] Жаъфар хожанинг устози Саййид Одина Муҳаммад ибн Саййид Музаффар Аъло Хоразмий Ҳазораспий – Саййид Одина эшон номи билан машҳур бўлган. “Мифтоҳ ул-асрор”, “Рисолаи Одина Эшон” ва “Шарҳи калимоти баъзи аҳли сулук” (“Баъзи сулук аҳлининг сўзларига шарҳ”) номли асарлари мавжуд. Бу ҳақда қаранг: Латифжон Ҳожи Баҳоуддин ўғли. Хоразмлик маърифат соҳиби. Т.: Zar qalam, 2003. – Б. 60.
[4] ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма. Инв № 3336. Жаъфархожа. Мултақат ат-тиб. Қўлёзма, ўзбекча. Китобнинг 165б-167а варақларида муаллиф ўз шажарасини бериб ўтган.
[5] Рустамова Х.Е., Стожарова Н.К., Нурмаматова Қ.Ч., Абдурашидова Ш.А. Тиббиёт тарихи. –Т.: 2014. – Б. 87.
[6] Мирзо Меърожиддин. Сўфи Оллоҳёр ва Ислом шайх тарихи. –Т.: MASHHUR-PRESS, 2017. – Б. 76-70.
[7] Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ. Воқеоти Исломия. Қўлёзма. Форсча. ЎзР ФА ШИ Ҳ.Сулаймонов фонди. Инв № 3021. 31-а варақ.
[8] Мирзо Меърожиддин. Сўфи Оллоҳёр ва Ислом шайх тарихи. – Т.: MASHHUR-PRESS, 2017. – Б. 59.
[9] Сайид Муҳаммад Алем Лабиб // Намояндагони баржасти ҳавзаи адабии Балх дар садаи XIX // (С.Айний номидаги Тожикистон давлат Педагогика Университети) Вестник Педагогического Университета. – Душанбе, 2015. № 3 (64). – С. 156-157.
[10]Мулло Абдулмуталлиб хўжа. Тазкираи Абдулмуталлиб хўжа Фаҳмий. Қўлёзма. 1277/1860. ЎзР ФА ШИ. Инв № 2331/III, 299 саҳифа.
[11] Садриддин Айний. Намунаи адабиёти тожик. – Москва, 1926. – Б. 257-261.
[12] Абдулғани Мирзаев. Адабиёт. – Душанбе, 1948. – Б. 141-145.
[13] Маъсумй Н. Адабиёти точик дар асри XVIII ва нимаи аввали асри XIX. – Душанбе, 1962.
[14] Қаюмов П. Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти. – Т.: Тамаддун, 2011. – Б. 36-40.
[15] Субҳонқул Амирқулов. Чунайдулло Ҳозиқ ва достони ў “Юсуф ва Зулайхо”. – Душанбе: Ирфон, 1967.
[16] Ҳикматуллаев Ҳ. Шоир Ҳозиқнинг тиббий асарлари ва табиблиги ҳақида // “Ўзбек тили ва адабиёти”, 1969 йил 5-сон. – Б. 51; Шарқ табобати. – Тошкент, 1994. – Б. 99-102.
[17] “Таҳқиқул қавоид” асари Умар Чагминийнинг “Шарҳи қонунча”сига ёзилган шарҳ ҳисобланади. Асарнинг учта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улар ТошДШИ ШҚМ фондида №1306, 6794, 710 – рақамлар остида сақланмоқда.  
[18] Қодиров А.А. История медицины Узбекистана. – Т.: Ибн Сино, 1994. – Стр. 132-133.
[19] Ушбу асар муаллифга Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи ушбу авлод вакиллари хонадонидан етганлиги ҳақида маълумотлар бор. Қаранг.: Шодиев Э. Ҳозиқ куллиёти // “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 1971 йил 2-сони.
[20] Шодиев Э. Ҳозиқ хақида янги маълумотлар // “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 1972 йил 1-сони.
[21] Ўзбек адабиёти тарихи. IV том. –Т.: Фан, 1978. – Б. 204-215.
[22] Носир Муҳаммад. Насаф ва Кеш алломалари. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2006. – Б. 89-90; Исмат Санаев. Нодим Зиёвуддиний. –Самарқанд: Зарафшон, 1995. – Б. 5-6; Ғафур Ғулом. Унитилмас кишилар // Қизил Ўзбекистон. –Тошкент, 1949. 8 июн; Қаюмов А. Қўқон адабий муҳити. – Тошкент, 1961; Исмат Санаев. Таҳқир таъқибидаги тақдирлар. – Самарқанд. Зарафшон, 2001. – Б. 10-14; XIX асрнинг иккинчи ярми ва  XX асрнинг бошларида Зарфшон водийси адабий муҳити. – Т.: Тафаккур, 2009; Умид Бекмуҳаммад. Саройга сиғмаган табиб // “Зарафшон” газетаси, 2007 йил 7 июл.
[23] Умид Бекмуҳаммад. Саройга сиғмаган табиб // «Зарафшон» газетаси. 2007 й. 7 июль. 2 саҳифа.
[24] (Ҳожи) Аҳадқул Бердиев. Ҳақиқатга садқа бош. – Тошкент, 2005. – Б. 16-26.
[25] ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма. Инв № 8391. СВР, VII-том. № 5448 (8391).
[26] 1968 йил Ф. Ғанихўжаев «Табибийнинг ҳаёти ва ижодий мероси» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Бу ҳақда қаранг: Б. Қосимов, Ш. Юсупов, У. Долимов. Ш. Ризаев. С. Аҳмедов. Миллий уйғониш даври адабиёти. – Т.: Маънавият нашриёти, 2004. – Б. 55-56. www.ziyouz.com кутубхонаси.
Меҳрожиддин Амонов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
 
Ҳафизуллоҳ Бойқобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …