Ийд ал-Адҳо – Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги якунига тўғри келади. Ислом меҳр-мурувват, саховат, инсонпарварлик, бағрикенглик, маърифат ва тинчликпарварлик дини сифатида силаи раҳм, каттага ҳурмат, кичикка иззат, етимларга ғамхўрлик ва муҳтожларга ёрдамни ҳам улуғ ибодатлар қаторига қўшган. Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида бу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади. Одамлар бу ғанимат кунларда зикр ва эҳсонга, ҳаром амаллардан сақланишга, қалб поклиги ва ҳусни хулққа яна ҳам кўпроқ эътибор беради. Гина-кудуратлар бўлса, узр-маъзур қилади. Имкон қадар ўзгаларнинг оғирини енгил қилишга шошилади.
Ҳаж ибодати ҳам айни шу кунларда адо этилади. Шу боис, бу ой «зулҳижжа», яъни «ҳаж соҳиби» деб аталади.
Қурбон ҳайитининг яна бир улуғ жиҳати бор. Бу кунларда бутун дунё бўйлаб миллионлаб йўқсилларнинг баҳри дили очилади — улар анчадан буён кўрмай-тотмай келаётган неъматлардан баҳра олади.
Сир эмаски, жаҳонда ҳаётида «кўрмоқ» ва «емоқ» сўзлари уйғунлашмай келаётган миллионлаб одамлар бор. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти — ФАО маълумотларига кўра, бугун дунёда 828 миллиондан зиёд инсон очликдан азият ва азоб чекмоқда. Шуни инобатга оладиган бўлсак, Қурбон ҳайитининг нақадар муаззам айём экани янада яққол намоён бўлади.
Бугун мамлакатимизда ана шу улуғ байрам шукуҳи кезиб юрибди. Юртдошларимиз бу кунларда муттасил равишда саховат амалларини адо этмоқда. Кўпчилик буларни бажариш баробарида динимиздаги инсонпарварлик ғояларини тараннум этувчи буюк ибодат — қурбонлик амалини бажаришга ҳозирлик кўряпти.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (уларни қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзингиз ҳам еяверингиз, бечора-камбағалларга ҳам едирингиз!» (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).
Машҳур тафсир уламолари «маълум кунлар» жумласини зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги, деб эътироф этган. Оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни динимизда ҳаёти дунёдаги энг афзал кунлар, деб таърифланади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу кунларда қилинган яхши амаллар Аллоҳ таолога бошқа кунлардагидан кўра суюклироқдир», деганлар.
Шу боис, зулҳижжанинг биринчи ўн кунлигида юртимиз мусулмонлари ҳамжиҳатлик билан жойларда ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисиз қолганлар, кам таъминланган оилалар, меҳнат фахрийларини йўқлаб, ҳолидан хабар олиб, кўтаринки кайфият улашади. «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саховат» уйларига зиёратлар уюштирилади, хайрия тадбирлари ўтказилади.
Шу кунларда бутун дунё мусулмонлари қатори минглаб юртдошларимиз ҳам ҳаж зиёратини адо этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳожилар сонининг квотаси авваллари 5200 ни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 7200 га, 2022 йилда 12000 га, 2023 йилдан эса 15000 га етказилди. Албатта, бу доим амал қиладиган қатъий рақам эмас. Келгусида ҳажга борувчилар сонини босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.
Бевосита бу йилги зиёрат ҳақида сўзлайдиган бўлсак, «Ҳаж — 2024» мавсумига тайёргарлик доирасида махсус ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига аввалдан етиб бориб, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда, шунингдек, Мино, Арафот ва Муздалифада бўлажак ҳожиларимиз учун барча шароитларни ҳозирлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширди.
Юртимиз зиёратчилари 23 майдан 7 июнгача мамлакатимизнинг 10 халқаро аэропорти — Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарларидаги ҳаво дарвозалари орқали Мадина шаҳрига юборилди. Энди 22 июндан 12 июлга қадар барчаси Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинади.
Қуйидаги жиҳатга ҳам эътибор беринг: зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида «Масжиди Набавий»дан 100 метр масофада жойлашган 5 юлдузли «Зам-зам Пуллман» меҳмонхонасида, Маккаи мукаррамада эса «Абраж ал-Дана», «Ал-Аям Элите», «Дали Ҳотел», «Нажма Ал-Саад», «Опен Ҳотел», «Шуэаэ Нозҳа Ҳотел», «Аед АлСаҳа» меҳмонхоналарида истиқомат қилмоқда. Мавсум давомида ўзбекистонлик ҳожиларга хизмат кўрсатиш, ёрдам бериш, йўл-йўриқни билдириб бориш учун юқори малакали шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари (элликбошилар) жалб этилган.
Бир сўз билан айтганда, бўлажак ҳожиларимиз ибодатларини эмин-эркин ва тўлатўкис амалга ошириши учун барча шароит муҳайё қилинган. Бу ёғига уларга сабр-тоқат, бардош, мустаҳкам соғлиқ, эгилмас ирода, кучли тақво тилаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, байрам арафасида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аниқроғи, улкан ўзгаришлар ҳақида тўхталсак. Бу янгиланишларнинг, айниқса, илм-маърифат соҳасидаги кўламини бир-икки сўз билан таърифлаш мушкул. Қисқа вақтда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил қилинди. Бухородаги Мир Араб мадрасасига янги ҳаёт бахш этилди. Бу муассасаларнинг барчаси халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини ўрганиш, диний ва дунёвий жиҳатдан тадқиқ этиш, миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан бирга жаҳолатга қарши маъ рифат билан курашишга ҳам хизмат қилади, албатта.
Бир жиҳатни фахр билан айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон халқи нафақат Хоразмий, Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек сингари бутун инсоният цивилизацияси ривожига ҳисса қўшган, балки айни пайтда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом илмлари тараққиётида ғоят салмоқли ўрин тутган аждодлари билан ҳақли равишда фахрланади. «Саҳиҳул Бухорий» ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба саналади. Дунё мусулмонларининг катта қисми Имом Мотуридий ақидасини асосий таянч деб билади.
Янги очилаётган илм масканлари одамларни, айниқса, ёш авлодни тўғри йўлга солишда муҳим ўрин тутади. Улуғ алломаларимизнинг бой илмий мероси эса бунинг учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Мамлакатимиз бу йўналишда янги илмий марказлар очиш билан чекланиб қолмаяпти, албатта. Юртимизда ҳукумат ва мана шундай муассасалар ташаббуси билан халқимиз орзиқиб кутган асарлар ўзбек тилида нашрдан чиқмоқда. «Таъвилотул Қуръон»да Имом Мотуридий барча ботил оқимларга илмий асосланган раддия бериш билан бирга кейинги даврларда кимлардир томонидан туғилиши мумкин бўлган саволларга жавоб ҳам бериб кетган. Китобнинг дастлабки ўзбекча жузлари билан танишган киши «Агар фалон нарсани сўрасалар, биз мана бундай жавоб берамиз» жумлаларини кўп кузатиши мумкин. «Саҳиҳул Бухорий»нинг ҳам бир неча таржимаси босмадан чиқди. Ҳадисларнинг муҳимлиги шундаки, улар орқали исломнинг моҳияти, арконлари ва бошқа жиҳатлари тўлиқ англанади.
Шунингдек, хайрли ташаббуслар натижасида турли илмий анжуманлар ташкил этилмоқда. Улар орқали ҳам кўҳна Мовароуннаҳр алломаларининг бой мероси халқаро миқёсда тарғиб этилмоқда, ҳам хорижлик уламо ва мутахассислар билан жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашиш ғояси йўлидаги саъй-ҳаракатлар бирлаштирилмоқда.
Уларнинг сўнггиси 4 июнь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг Ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ҳанафий мазҳаби бўйича ИВ йиллик халқаро конференция бўлди. Унда Туркия, АҚШ, Австрия, Германия ва мамлакатимизнинг етакчи исломшунос олимлари иштирок этди.
Янги очилаётган марказларга нуфузли халқаро ташкилотлар хайрихоҳлик билдириши, уларнинг аҳамияти ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаши ҳам Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғри эканидан далолатдир.
Сами Айюб, Техас университети профессори:
— Айни пайтда Ўзбекистон илм-фан соҳасини янада тараққий топтириш орқали дун йога бошқа жиҳатдан ҳам юз очяпти. Ташкил этилаётган кўплаб илмий марказларнинг ўзи бунинг ёрқин бир тасдиғидир. Мақсад битта — Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломалар илмий меросини ўрганиш йўлида олиб борилаётган тадқиқотларни мувофиқлаштириш. Шу мақсадда қилинаётган ҳар бир иш муҳим ва хайрлидир. Бу борада биз бир йўлда эканимиздан мамнунмиз ва ўзаро изчил ҳамкорлик учун асослар етарли, деб ҳисоблаймиз.
Девин Девиз, Индиана университети профессори:
— Ўзбекистонга илк бор 40 йил аввал келганман. Шу боис, бугун юртингизда илм-фанга қаратилаётган эътиборнинг кўлами бошқа хорижлик олимлардан кўра менга кўпроқ билинади. Ҳукуматингиз ғамхўрлиги натижасида вужудга келган академик доиралардаги фикрлар хилма-хиллиги ва тадқиқотчилар топаётган рағбат мени бошқалардан кўра кўпроқ қувонтиради. Марказингиз эса тадқиқотлар бўйича кўплаб хорижий олимлар ишларини мувофиқлаштириш борасида ҳам ўзини намоён этишга улгурди. Буни сўнгги вақтда ўтказилаётган қатор нуфузли анжуманлардан ҳам билса бўлади. Мазкур халқаро тадбирлар учун танланаётган мавзулар ҳамда кўтарилаётган масалалар долзарблиги жиҳатидан кўплаб давлатлар олимлари эътиборини тортяпти.
Бруно де Никола, Австрия Фанлар академияси профессори:
— Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мисолида юртингизда етук олим ва истиқболи порлоқ тадқиқотчиларнинг янги авлоди шаклланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг манбалар билан ишлаш ҳамда қиёсий таҳлил борасидаги кўникмалари жаҳон андазаларига мос келади. Бунга давлатингиз томонидан илм-фан тараққиётига берилаётган юксак эътибор сифатида баҳо бериш ўринли. Мовароуннаҳр ислом цивилизацияси бешиги деб тан олинган. Айни пайтда бизнинг олимларимиз бу ҳудудда яратилган қўлёзмаларнинг Европа мамлакатлари ва Эронга тарқалишини, ушбу давлатларда сақланаётган манбаларнинг Марказий Осиёга боғлиқ жиҳатларини ўрганмоқда.
* * *
Албатта, буларнинг барчаси Президентимизнинг диний-маърифий соҳага қаратаётган юксак эътиборларининг амалий натижасидир. Ушбу файзли кунларда бутун халқимизни муборак Қурбон ҳайити билан қизғин муборакбод этиб, Яратгандан юртимизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлишини, оилаларимиздан қут-барака аримаслигини тилаб қоламиз. Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни қабул айлаб, дуоларимизни ижобат этиб, хайрли ишларимизда мададкор бўлаверсин! Қурбон ҳайитининг қут-баракаси ва барча фазилатлари дилларимиз ва гўшаларимизни чароғон қилаверсин!