Қўлимиздаги ушбу китобнинг биринчи нашридан фарқи унга алоҳида эътибор билан ёндашилганидадир. Тўғри, бундай эътибор китобнинг биринчи нашрини тайёрлашда ҳам бўлган. Аммо уни муаллиф истаган суратлар билан бойитишга имконият етарли бўлмаган.
Китобнинг бу нашри эса кўплаб сурат ва иллюстрациялар билан безатилган, унинг ҳошиялари муқаддас китоблар ва буюк мутафаккирлар асарларидан олинган дурдона фикрлар билан бойитилган. Китоб Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти шафелигида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида нашр этилган (Бу туркумнинг муаллифи ва лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов).
Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Занги ота ҳақида айтган: “Яратганнинг меҳри, назари тушган бу заминдан Шайх Умар Боғистоний, Хожа Аҳрор Валий, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий каби азиз авлиё ва алломалар етишиб чиққанини тарихдан яхши биламиз. Айниқса, буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуми машҳурдир”[2:3] деган сўзлари билан бошланган. Китобга Бухородаги Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига битилган “Илм эгаллаш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”[2:6] ҳадиси эпиграф сифатида берилган.
Китоб Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг амалдаги раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг “Ҳазрати шайх Занги ота тавсифлари” номли кириш сўзи ва ушбу идоранинг марҳум раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Фарзандлик масъулияти” номли биринчи нашри учун китоб муаллифи ҳақида ёзган сўзбошиси билан бошланади. Шундан кейин муаллифнинг ушбу китобга ёзган “Маърифат – тинчлик ва тараққиёт гарови” деб номланган кириш сўзи [7:6-9] берилган бўлиб, унда асарнинг ёзилиш сабаби ва зарурияти ҳақида батафсил маълумот келтирилган.
Акмал Саидов ҳаётининг илк босқичлариданоқ Занги ота зиёратгоҳининг қудратли маънавий-руҳий таъсири остида улғайди. У ҳар куни Занги ота масжиди томондан таралаётган азон садолари остида уйғонарди. Эҳтимол, ўша товушнинг сеҳрли оҳанглари ёш Акмалжон қалбида эзгуликка интилиш туйғуларини уйғотгандир. Ўша даврдаёқ бўлажак олимнинг қалбида Занги ота феноменини ушбу зиёратгоҳ тимсолида халққа кенг миқёсда очиб бериш истаги уйғонган бўлса ажаб эмас. У ҳар доим маърифий ислом мавзусини очиб беришга ҳавас қилар, лекин у вояга етган даврдаги атеистик мафкуравий муҳит унинг хоҳишига ҳар доим ғов бўларди.
Мустақиллик даври келиб, эътиқод эркинлиги ислом дини тараққиётига ҳам кенг йўл очади. Бу демократик жараён Акмал Саидов фаолиятига ҳам катта туртки берди. У Москвада ўқиб юрган даврида 1893 йили Тошкентда нашр қилинган Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарининг рус тилидаги нашрига [8] кўзи тушган эди. Бу китобни “Ҳидоя”нинг инглизча нашридан Н.И.Гродеков таржима қилган. Китоб Туркистонда фаолият олиб бораётган рус ҳукмдорлари ва суд амалдорлари учун 400 нусхада босиб чиқарилган эди.
Ушбу асар миллий меросимизни англаш ва халқимизнинг тарихий хотирасини уйғотиш мақсадида 1994 йилда Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан нашр қилинди. Ушбу китобнинг 1-жилдини нашр қилишда шахсан Акмал Саидов ташаббус кўрсатган ва унга сўзбоши ҳам ёзган эди [4:25-44]. Бунинг учун у мусулмон ҳуқуқи ва ҳуқуқ тарихига оид манбаларни ўрганиб чиқади. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқшунос олимнинг маърифий ислом шаъни ҳимояси учун олиб борган кураши ва дастлабки маънавий жасоратларидан бири эди. Ушбу ишни амалга ошириш жараёнида олим маърифий исломнинг асл моҳияти билан чуқурроқ танишиш имконига эга бўлди. Натижада исломий қадриятларда инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишга йўналтирилган кўпгина ибратга лойиқ ғоялар мавжудлигига ишонч ҳосил қилади.
Муаллиф “Ҳазрат Занги ота” китобининг биринчи нашрини [5:504] тайёрлаш жараёнида ҳам маърифий ислом қадриятларини янада чуқурроқ ўрганишга киришади. Бунда Занги ота сиймосига эса алоҳида меҳр билан ёндашади. Китобнинг биринчи нашрига ёзилган “Ушбу китобнинг ёзилиши ҳақида” деб номланган “Муқаддима”сида Акмал Саидов шундай ёзади: “Занги ота қишлоғи – ота-бобомнинг юрти. Менинг ҳам киндик қоним шу табаррук тупроққа томган. Занги ота қишлоғида болалигим, ёшлигимнинг унутилмас дамлари кечган. Ҳозирги кунда бу ерда ака-укаларим, қариндош уруғларим, яқинларим яшайдилар. Элнинг тўй-маъракаларида қатнашиб, қишлоқдош ва маҳалладошларим билан тез-тез кўришиб тураман. Ва ҳар гал, албатта, Занги отани зиёрат қиламан… камина – Занги ота яшаган ва дафн этилган муқаддас заминда ушбу авлиё зотнинг нафасларини ҳис этиб улғайган ва ғойибона дуоларидан иқболи кулган, ушбу эъзозли машойихга ихлоси ҳамиша баланд бўлган дуогўй мухлисларидан бириман” [3:6-12]. Бу сатрлар муаллифнинг чин юрагидан чиққан самимий сўзлардир.
Китоб беш қисмли бўлиб, кириш, ўнта боб ва ўн битта иловадан иборат. Ўқувчи бу китобдан Занги ота ҳаёти, таълимоти ва фаолияти ҳақида маълумот олади. Шунингдек, Занги ота зиёратгоҳ мажмуаси, унинг қурилиш тарихи, у зот меросини ўрганишнинг замонавий муаммолари ва мажмуа тараққиёти истиқболлари ҳақидаги билимларга эга бўлади.
Китобнинг биринчи нашри тўрт бобдан иборат бўлган.
Биринчи нашрнинг биринчи боби “Машҳур шайх, улуғ авлиё, шайхул-машойих” деб номланган бўлиб, унда Занги ота Ҳимматийнинг ҳаёти, фаолияти, устозлари ва халифалари ҳақидаги маълумотлар баён қилинган. “Занги ота мажмуаси – ноёб меъморий мўъжиза” деб номланган иккинчи бобида эса Занги ота ёдгорлик мажмуаси тавсифланган. “Ҳазрат Занги ота маънавияти” мавзуси деб номланган учинчи бобида Занги отанинг бу борада амалга оширган ишлари ёритилган бўлса, “Ҳазрат Занги ота: шахсияти ва фаолиятининг ўрганилиши” [5:504] деб аталган тўртинчи бобида Ҳазрат Занги ота шахсияти ва фаолиятининг ўрганилиши ҳақида маълумот берилган. Ушбу мавзулар янги материаллар билан бойитилган ва тўлдирилган ҳолда иккинчи нашрда ҳам берилган.
Иккинчи нашрига яна олтита боб қўшилган бўлиб, улар “Занги ота ва Анбар она тарихига доир янги тадқиқотлар”, “Занги ота ёдгорлик мажмуасидаги битиклар”. “Занги отанинг шажара ва силсилаларига доир янги маълумотлар”, “Ҳазрат Занги ота” китоби: таҳлил ва талқин”, “Занги ота маърифати” ва “Ҳазрат Занги ота” китоби – матбуот нигоҳида” деб аталади. Бу бобларга Занги ота ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид кўплаб янги маълумотлар қўшилган.
Китобнинг биринчи нашридаги Хотима қисмида берилган мақолалар иккинчи нашрнинг ўнинчи бобидан жой олган. Биринчи нашрдаги ўзбек (лотин графикасида), инглиз, француз, рус, турк ва араб тилларида ёзилган китобнинг қисқача аннотациялари [5:413-499] иккинчи нашрда берилмаган, чунки мазкур китобнинг ўзи юқорида қайд этилган тилларда ҳам нашрга тайёрланмоқда.
Китобнинг иккинчи нашридаги учинчи бобида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз” [6:300], деган сўзларини эпиграф сифатида келтирган. Ушбу бобда Ҳазрат Занги ота маънавияти чуқур очиб берилган. Бу бобда муаллиф тасаввуф босқичлари ҳақида тўхталиб, тасаввуф ва шариат ўртасидаги фарқни қизиқарли мисоллар билан кўрсатиб берган. Шу тариқа у “тасаввуфнинг асосий вазифаси комил инсонни тарбиялаб етиштиришдир” [6:304], деган фикрни илгари суради. Ушбу бобда Амир Темурнинг тасаввуфга муносабати ҳақида, тасаввуф авлиёлари ва тасаввуф тариқатлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар баён қилинган.
Ушбу бобда Аҳмад Яссавий тариқати моҳияти ҳам очиб берилган. Муаллиф тасаввуф ва маънавиятни таққослар экан профессор Маҳмуд Асъад Жўшоннинг тасаввуфнинг бош мақсади ҳақидаги ғоясини шарҳлаб беради. Шу билан бирга, Аллоҳни танимоқ, нафсига ҳоким бўлиш ва ахлоқини гўзаллаштиришга интилиш тасаввуфнинг бош ғояси эканини тушунтиради [6:325]. Бобнинг кейинги қисмларида Аҳмад Яссавий издошлари – Ҳаким ота (Сулаймон Боқирғоний), Тож Хожа, Бобо Мочин, Камол Шайх Иқоний, Шамс Ўзгандий, Шайбоний, Убайдий, Қул Ғарибий, Давеш Али каби сўфийлар, шунингдек, кейинги даврлардаги Маҳтумқули, Машраб, Ҳувайдо, Сўфи Оллаёр ва бошқа мухлислари ҳақида маълумот берилган. Алишер Навоийнинг Аҳмад Яссавий ҳақидаги фикрлари алоҳида таҳлил этилган [6:336-338]. Яна ушбу бобда тасаввуфда устоз ва шогирдлик (пир ва муршидлик) анъаналари ҳақида, тасаввуфга айрим ёндашувлар хусусида, Яссавия ва Нақшбандия тариқатларининг муштарак ва фарқли жиҳатлари ҳақида фикр билдирилган. Шу билан бирга, Ҳазрат Занги отанинг Яссавия тариқатининг улуғ машойихларидан бири бўлгани, унинг таълим бериш услублари ва у зотнинг чорвадорлар пири экани ҳақидаги маълумотлар жонли мисоллар билан очиб берилган.
Ҳазрат Занги ота шахсияти ва фаолиятининг ўрганилишига оид масалалар китобнинг тўртинчи бобидан жой олган. Бу бобда Занги ота шахсиятига оид ранг-баранг материаллар ўз аксини топган бўлиб, унда “Занги ота ҳазратлари” номли турк тилидаги фильм сценарийсининг қисқача резюмиси ҳам берилган (409-б).
Китобнинг бешинчи боби Ҳазрат Занги ота ва Анбар она тарихига оид янги тадқиқотлар таҳлилига бағишланган. Унда бу авлиёлар шахсиятини тадқиқ этишга оид кўплаб манбалар ва афсоналар баён этилган. Шунингдек, ушбу бобда муаллифнинг “Соҳибқирон юлдузи” журналида нашр қилинган “Султон Мир Ҳайдар ота тарихи тафсилотлари” номли мақоласи ва 2017 йил 25 июнда “Миллий тикланиш” газетасида эълон қилинган “Онгда – имон, тилда – ҳақиқат, динда – эътиқод устувор бўлсин”, деб номланган мақоласи ҳам босилган (463-б). Муаллиф бу бобга “Ҳазрат Занги ота” китобининг қорақалпоқча нашрига ёзган кириш сўзини ҳам киритган (478-480-б).
“Ҳазрат Занги ота” китобининг олтинчи боби Занги ота ёдгорлик мажмуасини безаб турган битикларга бағишланган. Ушбу ёдгорлик мажмуаси пештоқларига Қуръони карим оятлари, ҳадислар ва машҳур шоирлар ғазалидан намуналар ёзилган бўлиб, муаллиф уларни батафсил шарҳлаган. Жумладан, мақбара пештоқига ёзилган қуйидаги оят эътиборга лойиқ: “Аллоҳ таоло айтди: “Эркакми, аёлми – кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур” (509-б).
Ҳазрат Занги отанинг шажара ва силсиласига оид янги маълумотлар китобнинг еттинчи бобида келтирилган. Занги отанинг яшаган жойи, аждодлари ва авлодлари ҳақида кенг маълумот берилган. Хусусан, Аҳмад Яссавийнинг суюкли набираси Шайх Мустафоқул – Ҳазрат Сузук ота ҳақида ҳам тўхтаб ўтилган. Бундан ташқари, ушбу бобда Занги ота тарихи бўйича Ўзбекистонда ва хорижда тадқиқ этилган янги манбалар ҳам шарҳланган.
Еттинчи бобнинг яна бир хусусиятларидан бири шундаки, унда азиз-авлиёлар мисолида Исломнинг Марказий Осиёга маданий таъсири асослаб берилган. Муаллиф Марказий Осиёда Ҳазрат Али (к.в.) шахсига алоқадор еттита мозор мавжудлигига ишора қилиб, этнограф Р.Рассудованинг маълумотларини келтиради. Унинг таъкидлашича, табаррук мозорлардан бештаси Ҳазрат Али (к.в.) шахсига алоқадор. Улар қуйидагилар:
Китобнинг саккизинчи бобида “Ҳазрат Занги ота” китобининг таҳлил ва талқини берилган. Бу бобга Поён Равшановнинг “Дарё” газетасида 2015 йил сентябр ойида эълон қилинган “Илму маънавият хазойинидан Ҳазрат Занги ота қомусий талқини” деб номланган мақоласи киритилган. Унда Поён Равшанов “Ҳазрат Занги ота” китоби ҳақида “Академик Акмал Саидов исломий руҳоният оламидаги ҳавойи бўшлиқни беназир, улкан илмий меҳнати, изланишлари, қомусий билимлари ҳосиласи бўлмиш “Ҳазрат Занги ота” китоби билан зийнатлади” [6:578], деб ёзади. Бундан ташқари, китоб ҳақида Ш.Рўзиназаровнинг “Маънавиятимизнинг теран томири”, С.Холбоевнинг “Ҳазрат Занги ота ҳаёти ва фаолиятининг янгича талқини”, Надирхан Ҳасаннинг «“Ҳазрат Занги ота” китоби ҳақида» ва бошқа бир қатор газета-журналларда эълон қилинган мақолалар жамланган.
Китобнинг тўққизинчи боби “Занги Ота маърифати” деб аталган бўлиб, унда Занги ота маърифатининг аҳамияти ва асосий манбалари таҳлил қилинган. Муаллифнинг таъкидлашича: “Занги ота маърифатининг манбалари – дину диёнат ва имон-эътиқоддир. Бу, ўз навбатида, бутун яхшиликлар ва гўзал тарбияни ўзида мужассам этади”. Бу бобда Занги отанинг тарбия ва одобга оид фикрлари берилган. Саломлашиш, танани тарбиялаш, овқатланиш, меъёрни сақлаш, саховат ва тежамкорлик, илм ўрганиш, ақл билан иш кўриш, оилапарварлик, фарзанд тарбиялаш, яқинларни зиёрат қилиш, зиёфат (меҳмондорчилик) одоби кабилар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, инсоннинг яқинлари ва ватани олдидаги бурчлари ҳақида ҳам маълумот берилган.
Шунингдек китобда Занги ота илмий меросидаги ижтимоий одоблар ҳақида ҳам ажойиб фалсафий мулоҳазалар мавжуддир. Муаллиф яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш, катталарга ҳурмат кўрсатиш ва кичикларни иззат қилиш, марҳаматлилик, тўғри сўзлик, омонатга хиёнат қилмаслик, нафсни жиловлай олиш, сахийлик, шарм-ҳаёлилик, камтаринлик, кечиримлилик, сабрлилик, меҳнатсеварлик, эҳтиёжмандларга мурувват, ёлғон гапирмаслик, ғийбат қилмаслик, алдамаслик, чақимчи бўлмаслик, фитна чиқармаслик, ҳасад қилмаслик, хафалашиб юрмаслик каби ахлоқий сифатларни ижтимоий одоблар деб атайди. Албатта бу одоблар ахлоқ фалсафасининг муҳим категориал тушунчалари бўлиб, уларни фалсафий таҳлил қилиш ҳозирги замон ўзбек фалсафаси тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
“Ҳазрат Занги ота” китоби – матбуот нигоҳида” деб номланган ўнинчи бобда таниқли адиблар, ёзувчи ва олимларнинг “Ҳазрат Занги ота” китобининг биринчи нашри ҳақида ёзган мақолалари тўпланган. Жумладан, ушбу бобда таниқли адиб, Муҳаммад Алининг “Ўзбекистон овози” газетасида эълон қилинган мақоласи, ёзувчи ва диншунос Мирзо Кенжабекнинг “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналида босилган мақоласи, Р.Жабборовнинг “Даракчи” журналида нашр қилинган суҳбати, Р.Мансуровнинг “Қишлоқ ҳаёти” журналида босилган мақоласи, Ж.Арслонованинг “Истиқбол” газетасида эълон қилинган мақоласи берилган.
Маълумки, “Ҳазрат Занги ота” китоби 2017 йили Нукусда қорақалпоқ тилида ҳам нашр қилинган. Бу ҳақда А.Насруллаевнинг «“Ҳазрат Занги ота” китоби қорақалпоқ тилида нашр этилди» деган мақоласи Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий веб сайтида 2018 йил 19 январда эълон қилинган. Бу мақола ҳам ўнинчи бобдан жой олган. Бундан ташқари, мазкур бобда Акмал Саидовнинг Ҳазрат Занги ота тарихини ўрганиш методологияси ҳам берилган. Академик – олимнинг тарихни ўрганиш методологияси ҳақидаги фикрлари ҳозирги замон тарихчиларимиз ва файласуфларимиз учун ҳам муҳим илмий ва маънавий аҳамиятга эгадир. Чунки тарихни ўрганишда холислик, манбаларни синчиклаб таснифлаш, тарихий ҳодисалар ўртасидаги алоқадорликларни ҳар томонлама ўрганиш муҳим роль ўйнайди.
Китобга илова қилинган материаллар ҳам жиддий аҳамият касб этади. Иловаларда иқтибос берилиши тартибида Қуръони каримдан олинган сура ва оятлар рўйхати, Занги ота аждодлари шажараси, Яссавия тариқати силсиласи, Ҳазрат Занги ота силсиласи, Хожа Аҳмад Яссавий насабномаси, Яссавия тариқати силсиласининг бир тармоғи, Занги ота ҳақидаги асосий бирламчи манбалар рўйхати, исмлар кўрсаткичи, китобда учрайдиган айрим сўз ва иборалар изоҳи, қабрларни зиёрат қилиш одоби акс этган бўлиб, бу иловалар китобни ўқувчиларга енгиллик яратади.
Китобнинг охирги хотима ўрнида берилган муаллиф мақоласи “Ҳазрат Занги ота – илк шарқ уйғониш даврининг машҳур намояндаси” деб аталади. Бу мақолада муаллиф қуйидаги хулосага келади: “Мухтасар айтганда, Занги ота Ҳазратлари – Марказий Осиё минтақасида IX-XII асрларда юз берган биринчи қудратли илмий-маданий юксалиш, яъни илк Шарқ Уйғониш даврининг намояндаси, ўз замонида фалсафа ва маданият, дин ва тасаввуф ривожига ҳисса қўшган мутасаввиф ва авлиё боболаримиздандир” [6:710]. Ҳақиқатдан ҳам, китоб муаллифи, таъкидлаганидек, “Истиқлол шарофати билан халқимизнинг буюк фарзандлари, азиз-авлиёларнинг номлари тикланди ва қабрлари обод этилди. Азалий қадриятларимиз – улуғларга иззат ва икром, тавозе ва эҳтиром, яхшилар изидан бориш ва ўгитларига амал қилиш каби эзгу фазилатлар яна бор кўз ўнгимизда намоён бўлди” [6:710].
Китоб тарихий хотирани тиклашда, маънавий меросимизнинг илдизларини англашда, яссавия ва нақшбандия тариқатларининг ўзига хос қирраларни тушуниб олишда, инсон қадр-қиммати моҳиятини тўғри талқин қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.
-
Рассудова Р.Я. Культовые объекты Ферганы как источник по истории орошаевого земледелия // Советская этнография. 1985. №4.
-
Саидов А. Ҳазрат Занги ота /Тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашр. – Т.: Zamon-Press-Info, 2023. (Китобнинг масъул муҳаррири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров).
-
Саидов А. Муқаддима. Ушбу китобнинг ёзилиши ҳақида. // Саидов А. Ҳазрат Занги ота / Саидов А. – Т.: Sharq, 2023.
-
Саидов А. Важнейший памятник шариата мусульманского мира // Хидоя. Комментарии мусульманского права. Т. I. – Т.: Узбекистан, 1994. (480 с.).
-
Саидов А. Ҳазрат Занги ота. – Т.: Sharq, 2015.
-
Саидов А. Ҳазрат Занги ота. – Т.: Sharq, 2023.
-
Холиқназаров Н. Ҳазрати шайх Занги Ота тавсифлари // Ўша манба.
-
Хидая. Комментарии мусульманского права. (Пер. с английского, под редакцией Н.И.Гродекова) – Т., 1893. Т. I – IV.