“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1].
“Лекин уларга фақат олимларнинг ақли етар”[2].
“Қулоқ солганимизда ё ақл юритганимизда эди, ловуллаган оташ соҳиблари орасида бўлмас эдик”, дерлар”[3].
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?![4]”
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, илм фақат таълим олиш биландир”[5].
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Раббоний (яъни, ҳаким ва фақиҳ) бўлинг”.
“Раббоний – одамларни илмнинг катталаридан аввал кичиклари билан тарбиялайдиган инсон”, деб ҳам айтилади”[6].
Имом Бухорий ўзининг шоҳ асаридаги “Илм китоби”нинг 10-бобини шундай бошлайди.
Муҳаддис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини келтиришдан олдин Ҳақ таолонинг оятларини зикр этяпти. Аллоҳдан, яъни Унинг қаҳри ва азобидан олимларгина қўрқади. Бунинг маъноси шуки, илмли одам (олим) ёмонлик жазосиз қолмаслигини билади. Бу ҳақиқатни фақат олимлар (жазо муқаррарлигини билувчилар) англаб етади. Шунинг учун ўйламай-нетмай иш қилганлар ва тавбасига таянмаганлар “ақл юритганимизда эди, ловуллаган оташ соҳиблари орасида бўлмас эдик”, дейди.
Имом Бухорий бевосита ҳадисга ўтишдан олдин биладиганлар билмайдиганлар билан сира ҳам тенг бўла олмаслиги тўғрисидаги оятни зикр қиляпти. Унда роҳатга эришган бандани азобга учраган киши билан қиёслаб бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ўринда огоҳлантириш ҳам, илмга ундаш ҳам бор. Яхшилик билан ёмонликни фарқламаган инсон ғофиллиги боис кўп гуноҳларга қўл уради ва оқибатда азобга мубтало бўлади. Яхшилик йўлида юрган киши ибодат, тақво ва итоатга оид илмларни билади, дунёни танийди, шу сабабли, албатта, мукофотини олади.
Табиийки, илм фақат диний жиҳатдан иборат эмас. Онгли инсон ёши, жинси, балоғати қай даражада бўлишидан қатъи назар, ҳамиша ҳаёт сир-синоатлари, инсон фитрати, воқеа-ҳодисаларнинг сабаб, моҳият ва омилларини билишга интилади. Шу сабабли кўп мутолаа қилади, илм аҳлининг суҳбатларига шошилади. Мисол учун, сувнинг уч (суюқлик, газ ва кристалл) ҳолатини мулоҳаза қилишнинг ўзиёқ кишини буғланиш, иқлим, кимёвий ва биологик жараёнлар каби илмларга бошлайди. Буни чуқурроқ ўрганганидан кейин гольфстрим, икки қутб ва тоғлардаги музликлар, атмосфера босими, сой, дарё, денгиз ва уммонлардаги жараёнлар билан боғлиқ ҳодисаларни англаб етади. Об-ҳавони башорат қилишнинг замирида шу илмлар мужассам.
“Ўзингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни булутлардан сиз ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?! Агар хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, (шу оби ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?!”[7]
Яратганнинг дунёни нечоғли мукаммал қилганини билган кишидан ёмонлик чиқмайди. Буюк аждодларимиз бу комилликни кўриш, кашф этишда “(Эй инсон!) Раҳмоннинг яратганида бирор тафовут (нуқсон) кўрмассан”[8] каби оятлардан илҳом олган ва диний илм асосида дунёвий илмларни ривожлантирган. Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий каби даҳолар болалигидаёқ Мусҳафи шарифни ёд олгани барчамизга яхши маълум. Дейлик, Замахшарий Қуръоннинг нафосатига маҳлиё бўлгани учун араб тилини, унинг лаҳжаларини ўрганган ва асрлар давомида китоблари қўлдан тушмай келаётган грамматика олими бўлиб етишган[9]. Хоразмий Ер меридианининг 1 градусини ўз даври учун жуда юқори аниқликда ҳисоблаб чиққан[10]. Бундай ибратли мисоллар жуда кўп.
Сўзни қисқа ҳикоя билан якунлаймиз.
Бир судья ишини ўзгартириб, ўқитувчилик қила бошлабди. Сабабини сўрашганда, бундай жавоб қилибди:
– Судланувчиларга разм солсам, аксарияти ё ўқимаган, ё тўғри қарашга эга бўлмаган одамлар эканига гувоҳ бўлдим. Шунда “барглар билан шуғулланмасдан илдизни тўғрилаш керак”, деган хулосага келдим. Саводсизлик қанча кам бўлса, жиноят шунча кам бўлади. Жамиятнинг ривожи учун сифатли таълимнинг ўрни бебаҳодир…[11]