Home / МАҚОЛАЛАР / ТОТАЛИТАР СЕКТАЛАРНИНГ МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

ТОТАЛИТАР СЕКТАЛАРНИНГ МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

Бугунги мафкуравий жараёнларда инсонларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун олиб борилаётган кураш маънавий таъсир кўрсатишни биринчи ўринга олиб чиқди. Ушбу жараёнда ноанъанавий диний секталар миллий маънавият ҳамда анъанавий қадриятларга қарши курашмоқда. Чунки ҳар қандай миллий маънавият бирон-бир халққа ёт ғояларни сингдиришга ҳаракат қилаётган кучлар учун жиддий тўсиқдир. Шунинг учун ҳам мафкуравий урушнинг энг биринчи вазифаси миллий маънавиятни кучсизлантириш ҳисобланади.

Бугунги кунда маънавиятга қарши қаратилган таҳдидлар натижасида маънавий қашшоқлашув юз бераётгани, миллатларнинг миллий қадриятлари, ўзига хос яшаш тарзи издан чиқаётгани, одоб-ахлоқ, оила ва жамият ҳаёти жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин. Диннинг миллий маънавият билан узвий боғлиқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, инсонларнинг ўз динидан бошқа динга эътиқод қилишга ўтиши миллий маънавиятдан узилишига олиб келади. Вайронкор диний секталарнинг миссионерлик ҳаракати натижасида миллий маънавият, ахлоқий қадриятлар, анъанавий дин ва эътиқод тизимига путур етади. Шунингдек, инсонларнинг ўз миллий маънавиятидан бегоналашувига сабаб бўлади. Ана шу жиҳатдан тоталитар секталар миллий маънавиятга таҳдид сифатида намоён бўлади. Ёшларнинг тоталитар секталар таъсирига тушиб қолиши миллий-маънавий тараққиёт учун жиддий хавф бўлиб, миллийликка дахлдорлик ҳисси йўқолган лоқайд инсонлар туфайли маънавий қашшоқлик кучаяди. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Энг катта хавф – лоқайдлик ва бепарволик”[1] ҳисобланади.

Тоталитар секта анъанавий диндан ажралиб чиққан ёки уларга мухолиф бўлган, ноқонуний бойлик орттириш ва чексиз ҳокимиятга эга бўлиш учун содиқ ва қарам тарафдорлар тўплашни кўзловчи, жамият манфаатларига зид ёпиқ авторитар диний ташкилотдир. Бундай секталар жамиятда ўрнатилган ижтимоий меъёрлар, тартиб ва маданиятга қарши йўналтирилган тажовузкор ҳаракатларни амалга оширади, ҳатто оилани ўзларига душман деб билади.

Тоталитар секталарда диний ҳаёт махсус ишлаб чиқилган тартиб-қоида ва низомлар орқали амалга оширилади. Бундай секталарнинг баъзилари дунёнинг турли бурчакларида ўз бўлимларига эга бўлиб, бизнес билан шуғулланувчи йирик халқаро корпорацияларга айланган. Улар ташкилий жиҳатдан пирамида шаклида бошқарилади. Юқоридан пастга кўрсатмалар ва адабиётлар, пастдан юқорига эса ҳисоботлар ва пул юбориш аксарият вайронкор секталарга хос хусусиятдир. Тоталитар секталарнинг кўпчилиги ноқонуний фаолият юритувчи, криминал ташкилотлардир. Бундай секталарнинг миссионерлик фаолияти нафақат анъанавий диний конфессияларнинг манфаатларига, балки давлатларнинг миллий хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.

Бугунги кунда вайронкор секталарнинг ўз мақсадини амалга оширишда маънавият омилидан фойдаланиши стратегик вазифага айланган. Бунинг асосий сабаблари: а) маънавиятдан маҳрум этилган инсон, миллат, халқ ва мамлакат ўз-ўзидан ўзгаларга итоаткор бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бугун миллий маънавият таҳдид объектига айланган; б) миллий маънавият бир томондан миллатнинг дунёқараши, онги ва тафаккурининг инъикоси бўлса, иккинчи томондан уларни шакллантириш ва ривожлантиришнинг манбаи ҳисобланади. Миллий маънавиятдан маҳрум этиш, ўрнига бегона ғояни сингдириш миллатни ўзига қарам қилиш имкониятини беради; в) бугунги кунда ҳарбий қуроллар билан ўзга мамлакатлар захирасини эгаллашнинг хатарли тус олаётгани билан боғлиқ. Чунки ҳар қандай қуролни ишга туширишда нафақат унга эга бўлмаганлар, шунингдек, ундан фойдаланишни мақсад қилганларга ҳам катта фожиалар олиб келиши аён; г) қурол ёрдамида кўрилган зарарларнинг ўрнини маълум вақтда қоплаш мумкинлиги, аммо маънавиятни барбод қилиш, унинг асосий элементлари бўлган онг, руҳият, дунёқараш ва қалб эгалланса, уларни қайта тиклаш мураккаб муаммо экани билан боғлиқдир; д) бугун асосан ғарбда пайдо бўлган вайронкор секталар томонидан тарғиб қилинаётган миссионерлик ғоялари инсониятни итоатда бўлишини таъминлашга қаратилган ғарб сиёсатчилари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Улар маънавият воситасида дунёда ўз ҳукмронлигини ўрнатишни мақсад қилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Маънавият тоталитар секталар учун иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий манфаатларни қондириш воситасига айланди. Бундай секталар миссионерлари бор куч ва имкониятини ишга солиб, миллатларнинг миллий маънавияти устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Ушбу ҳолат замонавий жамиятда тизимли ҳодиса сифатида намоён бўлмоқда. Инсонларга ҳам тўғридан-тўғри вайронкор секталар миссионерларининг даъвати, ҳам субъектив мақсадга йўналтирилган турли воситалар асосида шаклланадиган миссионерлик ҳаракатлари мажмуи таъсир кўрсатмоқда.

Ноанъанавий диний ҳаракатларнинг замонавий рус жамияти маънавий хавфсизлигига деструктив таъсирини ўрганган тадқиқотчи А.Н.Сироваткин бундай ҳаракатларнинг пайдо бўлиши учун диалектик зарурат мавжудлигини таъкидлаб: “Уларнинг аксарияти ҳалокатли ва рус жамиятининг маънавий хавфсизлигига таҳдид солишини ҳисобга олмаслик мумкин эмас” [2:3], деган фикрни билдиради. Профессор В.Чернишев: “Кўплаб бузғунчи секталарнинг таълимоти ва фаолияти инсоннинг маънавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда” [4], деб таъкидлайди. Таҳлилчи И.Полонскийнинг фикрига кўра: “Секталардан миллий маданиятни йўқ қилиш учун фойдаланиш мумкин. Ҳеч кимга сир эмаски, бирор секта ёки диний оқим сафига қўшилган одам ўзини миллий ҳамжамияти билан боғлиқ деб ҳисобламайди. Секта нафақат унинг оиласи ўрнини, балки ўз халқи, миллати ва ватанининг ўрнини эгаллайди” [3]. Ленинград ва Ладога митрополити Иоанн (Иван Матвеевич Сничёв)нинг таъкидлашича, маънавий тоталитаризмнинг мақсади ҳам худди сиёсий тоталитаризм каби одамлар устидан ҳукмронликни қўлга олишга қаратилган бўлиб, буни фақат диний ақидалар ёрдамида амалга оширади [4]. Дарҳақиқат, тоталитар секталарнинг миссионерлари қандай бўлмасин давлатнинг, миллатнинг келажаги бўлган ёшларни бузиш, тўғри йўлдан адаштириш ва шу тариқа мамлакатни маънавий таназзулга учратиш оқибатида маънавий тоталитаризмни ўрнатишга уринмоқда. Бу ўз навбатида тараққий топган мамлакатларга энди ривожланаётган давлатларни ўзига қарам қилиш имконини бермоқда. Улар ана шу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, аниқ режалар асосида дунёда яшаётган миллатлар ва халқлар устидан маънавий ҳукмронликни амалга оширишга эришмоқда. Маънавий ҳукмронлик эса тараққий топган мамлакатларга ўзлигидан маҳрум бўлган, маънан қашшоқ ва манқурт оломонни шакллантириш имконини беради. Ўзлигидан маҳрум оломон ўзгаларга осонгина итоат қилади ва уларнинг измида юришга мажбур бўлади.

Турли мамлакатларда вайронкор секталар томонидан амалга оширилаётган миссионерлик ҳаракати ўша жамиятларда тузатиб бўлмайдиган маънавий инқирозни вужудга келтиради. Узоқ вақт секталар таъсирида бўлган инсонлар кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш бўлиб қолади. Фикрлаш қобилиятининг пасайиши, психологик ривожланишнинг секинлашиши, руҳий қувват ва оқилона-мантиқий фикрлашнинг заифлашуви, айбдорликни сезиш, қўрқув, ишончни йўқотиш натижасида улар ўзлигидан маҳрум бўлган “манқурт”га ёки ўз жамоаси етакчиларига сўзсиз итоат этувчи “биороботлар”га айланади. Ёшларнинг тоталитар секталар таъсирига тушиб қолиши  жамият барқарорлиги ва мамлакат хавфсизлигига таҳдид солади.  Тоталитар секталар томонидан тарғиб қилинаётган ғоя ёшлар онги ва қалбидан ўрин олиб, эътиқод даражасига кўтарилса, миллий маънавият барбод бўлади ва натижада миллат ўзгалар таъсирига тушиб қолади. Шунинг учун ҳам улар инсонларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун курашмоқда. Бундай секталар анъанавий дин, миллий маънавият, миллий онг, ахлоқий қадриятлар, кўп асрлик аждодлар меросини барбод қилиб, ўрнига ўзининг сунъий шакллантирилган билим, хулқ-атвор қоидаларини сингдиришга уринмоқда.

Ўрганиш ва таҳлиллар натижасида қуйидагича хулоса қилиш мумкин:

– Тоталитар секталар халқларни миллий ва диний негизидан жудо қилиб, ўрнига ўзининг эътиқоди, ғоя ва қарашларини сингдирмоқда. Натижада миллий-маънавий тараққиётга, жамият хавфсизлиги ва мамлакат барқарорлигига таҳдид солмоқда;

– Фаол миссионерлик ҳаракати билан шуғулланувчи секталарнинг фаолияти нафақат миллий маънавиятимиз тараққиёти, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ҳаётга ҳам жиддий хавф туғдиради. Афсуски, бугунги кунгача юртимизда диний секталар масаласи илмий жиҳатдан тадқиқ қилинмаган ва  унинг инсон ва жамиятга ўтказадиган таъсири ўрганилмаган. Бу эса секталар таҳдиди кўламини, уларнинг миллий маънавиятга ўтказаётган салбий таъсирини англаб етишни мураккаблаштиради.

– Секталар таҳдиди ва оқибатларини ўз вақтида англаш мураккаб ҳисобланади. Чунки уларнинг миссионерлик ҳаракати тўғридан-тўғри ҳужум қилмайди, балки зимдан ҳаракат қилиб, дастлаб онг ва дунёқарашни заифлаштиради. Шу билан бирга инсонларнинг диний эътиқодига таъсир ўтказиб, руҳиятини забт этади, сўнгра асосий мақсадини амалга оширишга киришади. Ушбу жараён аста-секинлик билан амалга оширилади, охир-оқибатда инсон ва жамият маънавиятининг емирилишига олиб келади.

– Четдан кириб келадиган эътиқод ва маданиятни тарғиб этадиган, миллий маънавиятимизга рахна солиш орқали миллий ўзликни англашга путур етказадиган тоталитар секталарнинг таҳдидидан фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни хабардор қилиш зарур. Бунинг учун таълим ва тарбия ишларини оқилона йўлга қўйиш, айниқса, миллий тарбияни тобора авж олаётган таҳдидларнинг олдини олишга қодир бўладиган даражада ташкил этиш керак бўлади. Чунки миллий тарбия миллатни асраб қолишнинг муҳим омилларидан биридир.

Хулосалар асосида тоталитар секталар таҳдидининг олдини олишга қаратилган қуйидаги тавсияларга эътибор қаратилиши зарур деб ҳисоблаймиз:

– Диний конфессиялар ва этник гуруҳлар ўртасида соғлом мулоқот муҳитини яратиш, жамиятда миллий ғоя асосида барча миллатларнинг жипслиги ҳамда барқарор келажагини таъминлашга эътиборни кучайтириб, ноқонуний диний фаолият ва тоталитар секталарнинг миссионерлик ҳаракатига қарши курашишда диний конфессиялар билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, турли давлат ва жамоат тузилмаларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва сафарбар қилиш;

– Жамиятда вайронкор секталар фаолиятига оид ижтимоий-ҳуқуқий сиёсат ишлаб чиқилиши, миссионерлик ҳаракатлари тўғрисидаги қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, унга диний ва тоталитар секта тушунчаларини киритиш, вайронкор секталар томонидан амалга ошириладиган миссионерлик ҳаракатининг жиноий таркибини аниқлаштириш ва тартибга солиш зарур. Шу билан бирга вайронкор секталар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш, очиш ва уларга барҳам беришда халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Шавкат Мирзиёев: Энг катта хавф – лоқайдлик ва бепарволик // http://uza.uz/uz/posts/shavkat-mirziyoev-eng-katta-xavf-loqaydlik-va-beparvolik_235418.
  2. Сироваткин А.Н. Деструктивное влияние нетрадиционных религиозных движений на духовную безопасность современного российского общества // диссертации на соискание ученой степени кандидата философских наук: 09.00.11 – Пятигорск 2013. – С. 3.
  3. Полонский И. Секты как угроза национальной безопасности России. Военное обозрение. // https://www.topwar.ru/82297-sekty-kak-ugroza-nasionalnoy-bezopasnosti-rossii.
  4. Чернишев В. Секта и личность: психологические механизмы влияния // https://pravlife.org/ru/content/sekta-i-lichnost-psihologicheskie-mehanizmy-vliyaniya.
ЭРГАШ АҲМЕДОВ,
Тошкент кимё-технология институти в.б. доценти, PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …