Home / МАҚОЛАЛАР / ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА КИБEРМАКОН ИМКОНИЯТЛАРИ

ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШДА КИБEРМАКОН ИМКОНИЯТЛАРИ

Инсоният томонидан яратилган ҳар қандай кашфиёт ёки ихтиро шахс камолоти, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Бугунги кибермакон тараққиёти натижасида биз биргина тугмани босиш орқали e-mail, аудио, видео, ижтимоий тармоқлар кесимида ҳар қандай маълумотни узатиш, қабул қилиш имкониятига эга бўлдик. Албатта, бунда инсон омили, ақл заковати, интеллектуал салоҳияти муҳим ўрин тутади. Яъни дунёни ўзгартирган инсон ақл-заковати асосида илм-маърифат туриши ҳам оддий ҳақиқат. Инсон илмни таълим ва тарбия орқали олади. Шу сабабли унга эришиш йўлини топиш, билим олишга хизмат қилувчи механизмларни ишлаб чиқишга интилиш инсоният тарихининг ажралмас қисмидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ушбу мақолада таълим-тарбия жараёнини ташкил қилишда кибермакон имкониятлари қай даражада муҳим аҳамият касб этаётгани кўриб чиқилади.

Мавзу доирасида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хусусан, рақамли оммавий ахборот воситалари таъсирида замонавий таълимдаги ўзгаришлар таҳлили, яъни ахборотни тушунишга қаратилган янги ёндашувларнинг кириб келаётганини кўрсатувчи тадқиқотлар (Gálik, S. (2017), таълимни тарбияга боғлаб ташкиллаштириш зарурлиги, кибермакон устувор бўлиб бораётган бугунги дунёда ундан бошқа вариант йўқлигини асословчи илмий-назарий хулосалар (Sadeghi S.H.  2019.)ни келтириб ўтиш мумкин. Аммо бу каби тадқиқотларда таълим ва тарбия жараёнини ташкиллаштиришда кибермакон имкониятларини очиб берувчи омиллар ижтимоий-фалсафий ёндашувда ишлаб чиқилмаган.

Таълим-тарбия тизими тараққиётига кибермакон таъсир доираси анализ ва синтез методи асосида таҳлил этилиб, улар ўртасидаги институционал тизим самарадорлигига олиб борувчи корреляцион алоқадорлик коэффитсенти оддийликдан умумийликка қараб ўтиш қонунияти орқали очиб берилган.

XX асрнинг иккинчи ярмидан тезлашган, XXI аср тараққиётидаги драйвер сифатида майдонга чиққан «интернет» феномени, ўзидан кўплаб «тарихий излар» қолдирмоқда. Шулардан бири кибермакондир. Кибермакон тарихий ривожланиш натижаси бўлиб, барча соҳалар сингари таълим-тарбия тизимига ҳам таъсирини ўтказди. Яъни интернетнинг кенгайиши таълим олиш йўлидаги географик тўсиқларни йўққа чиқарди. Хусусан, 1990 йилларга келиб интернетнинг пайдо бўлиши билан компьютерга асосланган янги таълим шакли пайдо бўлди.  «Виртуал таълим»[3:122] деб номланувчи махсус тизимда таълим ва тарбия интеграцияси кибермаконга боғланди. Бу объектив жараён натижаси ўлароқ, кўплаб виртуал таълим имкониятларини очишга қаратилган концепцияларни юзага келтирди. Қуйида кибермакон омили билан боғлиқ айрим илмий-амалий тадқиқот натижаларини кўриб чиқамиз:

Норвегиялик профессор Стале Анген Ре назариясида:
−  глобал онлайн таълимнинг «таълим сифати»га таъсири ва унинг халқаро ривожланиш даражасидаги контексти ўрганилади;
− олий таълимнинг магистр йўналишида онлайн таълимни қўллаш эффекти ва уни қамраб олиш географияси кўриб чиқилади;
− глобал онлайн таълимни олий таълим стандартлари, халқаро ривожланиш даражаси, иқтисодий фойдалилик кўрсаткичи эмпирик исботланади;
− онлайн таълим самарадорлигини аниқлаш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотнинг эмпирик қисми Европа ва Африкадан келган талабалар иштирокидаги «Интернетга асосланган магистрлик дастури» мисолида кўриб чиқилган [5:6-14].

Болгариялик олимлар (С.Н.Стоянов, Т.А.Глушкова, А.Г.Стоянова-Дойчева, И.К.Крастева) томонидан DeLC (Тарқатилган электрон таълим маркази) жорий этилди. Тадқиқотчилар VES (Виртуал таълим майдони) номли электрон таълим дастурини ишлаб чиқди. VES ни яратишда Пловдив университетининг математика ва информатика факультетида аралаш ва мустақил таълим олувчи талабалар, тажриба объекти сифатида танланди.

Болгариялик олимлар тақдим этган концепция мазмун-моҳиятига кўра ViPS турли доменларга мослаштирилиши керак. VES − бу таълимга ViPS мослашуви. Бу тизим мустақил, аралаш, умрбод ва инклюзив таълим каби электрон ўқитишнинг турли шаклларини ўзига қамраб олади.

Юқорида келтирилган концепцияда келтириб ўтилган ViPS лойиҳаси жорий домен учун муҳим бўлган реал объектларнинг виртуализациясини таъминлаши керак. Шу жиҳатдан лойиҳада виртуал дунёда реал жисмоний дунёнинг моҳиятини акс эттириш мақсад қилинади. Унда жараёнлар, фойдаланувчилар, объектлар ва улар ўртасидаги ўзаро таъсир динамик равишда шахсийлаштирилган ва контекстдан хабардор тарзда амалга оширилади. Ушбу виртуализация жараёнида тегишли рақамли тақдимотлар икки қисмда олиб борилади. Биринчисида, жисмоний объектларнинг муҳим ўзига хос атрибутлари модели кўрилса, иккинчисида объект учун баъзи қўшимча атрибутлар модели, яъни унинг жисмоний макондаги ҳодисалар, вақт, макон ва жойлашув сифатида мавжудлигини тавсифлайди [6:47-54].

Rowan University (АҚШ) олимларидан Анна Сун ва Хиуфанг Ченлар кибермакон глобаллашуви даврида таълим интеграцияси истиқболларини прогноз қилиб, онлайн таълим самарадорлигини асослашга қаратилган илмий-назарий тадқиқот олиб борди. Улар сифатли контент таҳлили ёндашувидан фойдаланган ҳолда, онлайн ўқитиш биринчи навбатда назариялар, амалиётлар ва баҳолашнинг функционаллашувини тақозо этишини исботлади [7:157-190]. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, онлайн таълим замон талаби, аммо уни виртуаллаштириш, шахслараро интеграцияни ҳосил қилишда кўплаб механизмлар бир вақтда ишлаши керак. Масалан, онлайн таълимда ўқитувчилар ва талабалар мавзулар ва тажрибалар бўйича маълумотни синтез қилса, сезиларли даражаларига кўра фарқ қиладиган нуқтасини топиши, уни танқидий баҳолаши, таълим ўзгарувчанлиги боғлаб амалга ошириши керак [1].

«Бизга масофавий таълим нима учун керак?» саволи доирасида тадқиқот олиб борган Мооре ва Кеарслей унинг қуйидаги сабабларини аниқлади: 1) масофавий таълимда илм олишдаги тенглик масаласида имкониятлар ошади; 2) виртуал таълим берувчи субъектлар (профессор-ўқитувчилар)га бўлган талабни қондириш, улар орасидан малакалиларини ажратиб олиш имкониятини яратади; 3) таълим бериш ресурсларининг иқтисодий самарадорлигини оширишга эришилади; 4) мавжуд таълим тузилмаларини модернизация қилиб боришга шароит яратилади ва натижада сифат ўзгаришларига эришилади; 5) таълимда тизим салоҳияти ошади; 6) ёшлар ўртасидаги тенгсизлик мувозанатини йўқотишга эришилади; 7) муайян мақсадли аудиторияга таълим компонентларини ошириб бориш имконияти пайдо бўлади; 8) мақсадли йўналишлар учун фавқулодда тренинглар ўтказишга шароит яратилади; 9) янги фанлар бўйича таълим имкониятларини кенгайтиришга эришиш мумкин; 10) таълимни иш ва оилавий ҳаёт билан уйғунлаштириш мумкин; 11) таълим тажрибасига халқаро тажрибани интеграциялашга олиб келади [4].

Назаримизда Анна Муноз, Виcтор Лопез-Cабрера, Каттй Лагос-Ортиз каби тадқиқотчилар томонидан ишлаб чиқилган «Виртуал таълимни бошқариш» концепцияси кибермаконда онлайн таълимни ташкиллаштириш, бошқариш ва назорат қилиш механизмида бир қатор қулайлик яратади. Улардан қуйидагиларни келтириб ўтишимиз мумкин:
биринчидан, онлайн таълим − олий таълим муассасалари учун қулай ва янги бозорларни очиш учун потенциал имконият яратади;
иккинчидан, бу тизим орқали кўплаб ўқувчилар иш, ўқиш ва оилавий масъулиятида мувозанатлаштирилган, мослашувчан тизим вужудга келади;
учинчидан, университетларнинг онлайн дастурлари томонидан қўлланадиган турли технологияларни ривожлантиришда кенг имконият яратилади;
тўртинчидан, онлайн муҳитдаги анонимлик табиати йўқолиб, офлайн дарсларга боришни истамайдиган талабаларга − онлайн таълимда қатнашиш имкони берилади;
бешинчидан, онлайн таълим орқали янгиланган технологиялар, дастурий таъминот ресурслари ўқитувчилар, талабалар ва университет маъмурларига онлайн тажрибалари бўйича маълумот ва фикр-мулоҳазаларни тўплаш имконини беради. Бу борадаги фикрларимизни  Белл ва Федеман томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари ҳам тасдиқлайди [2:165-185].

Юқорида келтирилган тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда кибермакон омилида «онлайн таълим» имкониятларини тадрижий тараққиётга боғлаш зарурати қуйидаги критерияларга боғлиқ деб ҳисоблаймиз:

  1. Онлайн таълимда талабалар аудиториясини қамраб олиш орқали иқтисодий харажатларни камайтириш, талабалар орасидаги табақаланиш, тенгсизлик, жисмоний имконияти чекланган инсонларга хизмат кўрсатиш қулайлиги бўйича кўплаб шароитга эга эканига қарамасдан, ҳануз ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар мавжуд. Хусусан, онлайн таълимда талабанинг вақт юқотишини бартараф этиш масаласи очиқ қолмоқда. Яъни талабалар офлайн таълимга нисбатан онлайн материалларни ўрганишга кўпроқ вақт сарфламоқда.
  2. Онлайн таълимда қитъалараро интеграция муҳим омил бўлиб, уни тўғри ташкиллаштириш, бошқариш ва назорат қилиш долзарб ҳисобланади. Чунки виртуал жараён қандай форматда кечишидан қатъи назар, талаба ёшларнинг ҳар бири билан ўзаро алоқа ўрнатиш, кибермакон воситалари (масалан, интернет) самарадорлигини таъминлаш зарурлиги кун тартибига чиқаверади.
  3. Кибер таълим интеграциясида функционаллашув тенденцияси ошиб бормоқда. Бу ўз навбатида ижтимоий ҳаёт элементлари орасида виртуаллашув жараёнларини тезлашишига олиб келади. Инсон омили чекиниб, виртуал онг даражаси ошади.
  4. Онлайн таълим платформаларини техник ва технологик жиҳатдан такомиллаштириш керак. Чунки виртуал мулоқотнинг бугунги webinar.ru, zoom, skype каби платформаларга эътибор қаратсак, техник узилишлар, мега кучланиш тезлигининг пастлиги, трафик, яъни молиявий харажатларнинг кўплиги ва сифат кўрсаткичларининг қониқарсизлиги кўзга ташланади.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Allen I.E., & Seaman J. (2013). Changing course: Ten years of tracing online education in the United States. – San-Francisco: CA: Babson Survey research group and quahog research group LLC.
  2. Bell B.S., Fedeman J.E. (2013). E-learning in postsecondary education. The future of children. №23 (1). − P. 165-185.
  3. Laguardia J., Casanova A., Machado R.A. experiência de aprendizagem on-line em um curso de qualificação profissional em saúde. Trab Educ Saúde, 2010. №8 (1). − P. 97-122.
  4. Moore M., Kearsley G. (2012). Distance education: A systems view of online learning (3rd ed.). Belmont CA: Wadsworth.
  5. Rye S.A. The educational space of global online higher education//Geoforum. №15. 2014. – P. 6-14.
  6. Stoyanov S.N., Glushkova T.A., Stoyanova-Doycheva A.G., Krasteva I.K. The virtual education space: Concept, architecture, application// Informatics and education. №9. Volume: 36 (9), 2021. − P. 47-54.
  7. Sun A., Chen X. Online education and its effective practice: A research review // Journal of information technology education. №15. 2016. – P. 157-190.
СОҲИБА ЯЗДОНОВА,
Самарқанд давлат университети доценти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …