Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ИРИМ ҚИЛИШ ВА ШУМЛАНИШ ЙЎҚ (2-қисм)

ИСЛОМДА ИРИМ ҚИЛИШ ВА ШУМЛАНИШ ЙЎҚ (2-қисм)

Ҳозирда сафар ойидан, “икки ҳайит орасидан” шумланиш ҳам одамлар орасида учрамоқда. “Сафар ойида фотиҳа қилиб бўлмайди”, “сафар ойида тўй қилиш, сафарга чиқиш мумкин эмас”, “сафар ойида тижорий шартнома қилиб бўлмайди”, “сафар ойида уйга кўчиб бўлмайди”, “икки ҳайит орасида тўй қилиш мумкин эмас” каби асоссиз сўзлар тарқалиб кетаётгани кишини ташвишга солади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, ёмон гумонда бўлиш нотўғри ақидадир. Чунки бу каби ботил сўзларнинг асосини на шариатдан, на инсоний мезондан топиб бўлади. Бундай асоссиз сўзлар билан сафар ойида ва икки ҳайит орасидаги вақтда эзгу ишларни тўхтатиб қўйиш, ортга суриш мўмин-мусулмоннинг сифатидан эмас. Ҳолбуки, сафар ойи ҳам бошқа ойлар кабидир.

Ойларнинг барчасини Аллоҳ таоло Еру осмонларни яратган вақтдаёқ ўн икки ой қилиб татбиқ этган. Юқоридаги сўзлар муқаддас динимиз ақидасига зид эканини қуйидаги оят ҳам исботлайди.

﴿إِنَّ عِدَّةَ ٱلشُّهُورِ عِندَ ٱللَّهِ ٱثْنَا عَشَرَ شَهْرًۭا فِى كِتَـٰبِ ٱللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ ٱلسَّمَـٰوَ‌ٰتِ وَٱلْأَرْضَ مِنْهَآ أَرْبَعَةٌ حُرُمٌۭ ۚ ذَ‌ٰلِكَ ٱلدِّينُ ٱلْقَيِّمُ ۚ ﴾

Яъни: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир.”[1]

Шариати исломда ирим қилиш, шумланишларнинг ҳаммаси ҳам тақиқланмаган, аксинча, уларнинг рухсат этилганлари ва жоиз саналганлари ҳам бор. Ҳар бир нарсанинг иккинчи томони бўлганидек, баъзи иримларнинг фойдали томони ҳам бор. Халқимиз орасида яхшиликка хизмат қилувчи ирим ва одатлар ҳам мавжуд. Уларни эътиқодга боғлаб, хурофот деб бўлмайди. Келин-куёв фарзандли бўлсин, деган ниятда улар қўлига ёш болани тутқазиш ёки ёши улуғ боболаримиз ва момоларимиз қўлларидан, илм аҳли ва солиҳ кишиларнинг қўлларидан бирор нарсани табарруккан қабул қилиш, уларни кўрганда дуоларини олиш, олимларни қадами қутлуғ инсонлар, деб эътиқод қилиш,  янги туғилган чақалоққа чилла сақлатиш, беморни кўриш учун борганда унга “аҳволингиз анча яхши бўлиб қолибди, даволаниш (муолажалар) сизга ёқибди, дард дегани бир келади, бир кетади” каби яхши сўзларни айтиб, кўнглини кўтариш, бошига ташвиш тушган кишига “Худо хоҳласа ҳаммаси ўз ўрига тушиб кетади”, деб тасалли бериш – булар яхши ниятда қилинган иримлар ҳисобланади. У шариатимизда юқорида айтиб ўтганимиздек “тафаъул” дейилади. Бу каби амаллар Ислом динида жоиз саналади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, шумланиш фақат уч нарсада мумкин бўлади:

عن ابن عمر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «لا عدوى ولا طيرة وإنما الشؤم في ثلاث في الفرس والمرأة والدار».

“Касалнинг юқиши йўқ, шумланиш ҳам йўқ. Шумланиш уч нарсада; отда, аёлда ва ҳовли-жойда бўлади.”[2]

Яъни шумланиш ёмон, бадхулқ от-уловда ва жоҳил, хулқи ёмон, бадфеъл хотинда ҳамда ўзгаларга озор берадиган, фосиқ қўшнилар орасида ёки ноқулай жойда жойлашган ҳовлида бўлиши мумкин экан.

Ой-кунлар ва барча жонзотларни Аллоҳнинг Ўзи яратган бўлиб, барча яхшилик ва ёмонликлар фақат Унинг иродаси билан бўлишига барчамиз имон келтирганмиз. Улардан ирим қилиш, бадгумонлик ислом шариати таълимотларидан бехабарликка далолатдир. Демак, йиллар, ойлар ва ҳафта кунларидан ҳамда бошқа турли ҳайвонлар ва қушлардан шумланиш ҳам имонимизга путур етказадиган ботил эътиқодлардан бири экан. Бу каби амаллар ширк бўлиб, катта гуноҳлардан саналади. Бундай оғир гуноҳдан сақланиш йўлини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида бизга кўрсатиб бердилар:

عن عبد الله هو بن مسعود قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم: «الطيرة شرك وما منا ولكن الله يذهبه بالتوكل».

“Ирим қилиш, шумланиш ширк амалларидан бўлиб, ирим қилувчилар бизлардан (мўмин-мусулмонлардан) эмас. Аммо, Аллоҳ таоло иримни таваккал қилиш амали билан даф қилади (кетказади).”[3]

Мусулмон киши ўз Парвардигорига эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкамлаши ҳамда уни турли фитналардан, жумладан, шумланиш ва ҳар хил ирим-сиримлар фитнасидан сақламоғи лозим. Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккал этмоқ зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

﴿… وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى ٱللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُۥٓ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ بَـٰلِغُ أَمْرِهِۦ ۚ قَدْ جَعَلَ ٱللَّهُ لِكُلِّ شَىْءٍۢ قَدْرًۭا﴾

Яъни: “…Кимки Аллоҳга таваккал қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” деб марҳамат қилади.[4]

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимаси фазилатларининг баёнида киши муаммога дуч келса, Аллоҳ таолога таваккал қилиб, ушбу калимани кўп такрорлашни буюрганлар.

عن مكحول رضى الله عنه قال : قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: «فمن قال: «لا حول ولا قوة إلا بلله» كشف الله عنه سبعين بابا من الضر أدناهن الفقر». (رواه الترمذى)

“Кимки “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ”[5]ни айтса, Аллоҳ таоло ундан етмиш зарарни бартараф этади. Уларнинг энг пасти камбағалликдир.”[6]

Парвардигори олам барчамизни турли хурофотга мойил ирим ва шумланишлардан йироқ қилиб, Ўзига таваккал қилувчи, соф исломда тоат-ибодатларда давомли бандалар қаторидан қилсин.

 

[1] Тавба сураси, 36-оят.
[2] Муҳаммад ибн Футуҳ ал-Ҳумайдий. Ал-Жамъу байна ас-соҳиҳайни ал-Бухорий ва Муслим. Дору ан-нашр. – Байрут – Лубнон, 2002. 2-жуз. – Б.106.
[3] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухоррий. Ал-Адаб ал-муфрад. Ал-Кутуб ас-Сиқофия. – Байрут–Лубнон, 1986. 1-жуз. – Б. 206. 909-ҳадис.
[4] Талоқ сураси, 3-оят.
[5] Ушбу калиманинг тўлиқ матни: Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алийю аъзим, маша Аллоҳу кана вамалам яшаъ лам якун.
[6] Имом Муҳаммад ибн Исо Термизий. Сунану Термизий. “Вазорату шуъунил исломия” нашр этган. Ар-Риёд, 2000. 2-жилд. – Б.820. 3601-ҳадис.

 

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …