Home / МАҚОЛАЛАР / “АТ-ТАЙСИР ФИТ ТАФСИР” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ УСЛУБИ (2-қисм)

“АТ-ТАЙСИР ФИТ ТАФСИР” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ УСЛУБИ (2-қисм)

Бир неча асрлардан буён муфассирлар учун асосий манбалардан бири бўлиб келаётган “Ат-Тайсир фит тафсир” китоби тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. У ёзилиш услубининг ўзига хослиги, маъноларнинг аниқ-равшанлиги, далилларнинг кучлилиги, фасоҳат ва балоғатнинг бошқа тафсирларда учрамайдиган усулларини мужассам этгани билан ажралиб туради.

Асарда Қуръони каримнинг етти хил қироати, сураларнинг фазилатлари, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, грамматик таҳлиллари, носих ва мансухлиги, бошқа аҳамиятли жиҳатларига, айрим ўринларда тасаввуфий таъвилларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, оятларни шарҳлаш жараёнида ҳадислардан, саҳоба ва тобеинларнинг хабарлари, калом ва фиқҳ илмининг машҳур уламолари ва тариқат пешволарининг сўзлари кенг истифода этилган.

Муфассирнинг Қуръони карим оятларини шарҳлаш услублари:

  1. Қуръонни Қуръоннинг ўзи, яъни оятлар оятлар билан тафсир қилинган.
  2. Оятлар ҳадислар билан тафсир қилинган.
  3. Оятлар саҳоба ва тобеинларнинг хабарлари билан шарҳланган.
  4. Калималар араб диёрларида машҳур бўлган шоирларнинг шеърлари билан ҳам таҳлил қилинган.
  5. Айрим сўзлар тўғри маънони собит қилиш учун грамматик таҳлил қилинган. Масалан, “﴿بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ﴾ жумласидаги ب ҳарфи ҳазф қилинган феълга боғланган. Тақдирдаги ҳазф қилинган феъл қўшилса, қуйидагича бўлди: بسم الله أقرأ أو أتلو “Аллоҳ номи билан қироат қиламан ёки тиловат қиламан”. Чунки “тасмия”дан кейин келган нарса қироат қилингандир. Шунингдек, мусофир тўхтаганда ва жўнаётганда: “باسم الله والبركات”, дейди. Бу дуонинг маъноси “Аллоҳ номи билан тўхтайман ва Аллоҳ номи билан жўнаб кетаман” бўлади”.
  6. Муфассир оятларга маъно беришда ижтиҳодга қўл уриб, муаллифнинг ўз фикрлари билан таъвил келтирган.
  7. Кўплаб муфассир уламоларнинг тафсирларидан иқтибослар келтирилиб, уларга муаллиф фикрлари таъвил билан қўшимча қилинган.
  8. Тафсир ва таъвилда енгил услуб танланган. Бошқа муфассирлар таъвилга чуқур кетмаган.
  9. Қуръони каримни ўз фикри билан нотўғри талқин қилувчиларга раддиялар берилган.
  10. Суралар ва айрим оятларнинг фазилатлари ҳақида ҳадислар келтирилган. Масалан, “Фотиҳа сураси ҳадис[1]га кўра ва Қуръони каримдаги барча маъноларни қамраб олгани учун “Уммул Қуръон” (Қуръони каримнинг онаси), “Суратул вофия вал кофия” (Қуръони каримдаги маъноларни муфассал баён қилувчи ва кифоя қилувчи сура), “Фотиҳатул китоб Арш конларидан бир кондир” деган ҳадиси қудсийга биноан, “Суратул канз” (Хазина сураси), “Фотиҳатул китоб сураси ўлимдан бошқа барча дардга шифодир” ҳадисига мувофиқ, “Суратуш шифо ваш шофия” (Шифо берувчи ва шифобахш сура), ҳар намозда такрорлангани учун “Суратул масоний” (Такрорланувчи сура), намозда “Фотиҳа” сурасини қироат қилиш вожиб ёки фарз бўлади” деган ривоятга кўра, “Суратус солат” (Намозда қироат қилинадиган сура) ва Қуръони каримнинг асоси бўлгани учун “Суратул ҳамд вал асос” (Аллоҳга ҳамд айтиладиган ва Қуръони каримнинг асоси бўлган сура) деган номлар билан аталган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Оғриб қолсангиз ёки шикоятингиз бўлса, “Асос”ни лозим тутинг (маҳкам ушланг)”, деган.

  1. Оятлар ҳанафий мазҳабига кўра тафсир қилинган. “﴿بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Мадина, Басра ва Шом қорилари: “Басмала”[2] “Фотиҳа” сурасидан ҳам эмас ва шунингдек, бошқа суралар ояти ҳам эмас. У сураларни ажратиш ва табаррукан бошлаш учун ёзилади”, деган. Бу Абу Ҳанифа ва унга эргашганлар йўлидир. Шунинг учун ҳам улар наздида “Басмала” намозда жаҳрий қироат қилинмайди.
  2. Адашган оқимларга раддиялар берилган.
  3. Ҳар бир сура неча оят, сўз ва ҳарфдан ташкил топгани айтилган.
  4. Тасаввуфга оид таъвиллар ҳам баён этилган.

Ушбу тафсирни бошқаларидан ажратиб турувчи энг муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, ундаги нафис иборалар ва зикрни эслатиб турувчи таъвиллар одамни маънолар денгизининг тубига шўнғитади.

Муаллиф ўзидан тўлалигича олдинги муфассирларнинг ёзганларига таяниб қолмай, ўзининг чуқур билими, теран тафаккури ва кучли тадқиқотчилик қобилиятини ишга солган. Жумладан, Қуръондаги ақидага оид масалаларни ҳанафия-мотуридия таълимотига асосан тафсир қилган. Имон билан солиҳ амал бирми ёки бир эмасми, деган масала шулар жумласидандир. Бу хусусда Насафий қуйидаги оятни далил келтиради:

﴿وَمَا أَمْوَالُكُمْ وَلَا أَوْلَادُكُمْ بِالَّتِي تُقَرِّبُكُمْ عِنْدَنَا زُلْفَى إِلَّا مَنْ آَمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا﴾

“На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчи эмасдир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар бундан мустаснодир.”[3]

Эътиборга сазовор яна бир жиҳат: Абу Ҳафс Насафий “Тайсир фит тафсир”да Қуръони каримнинг юзта номини алоҳида санаб, тафсир илмида ўзига хос услубга асос солган. Китобни ёзишда тафсирга оид кўплаб асарлардан, жумладан, йигирмага яқин машҳур ҳадис тўпламидан фойдаланган.

Асарнинг бугунги кундаги қимматли жиҳатларидан бири шуки, унда ўша даврдаги бузғунчи оқим ва фирқаларнинг нотўғри талқинлари баён қилиниб, уларнинг қарашларига илмий асосланган раддиялар берилган. Шу жиҳатдан асарда ҳозирги радикал тоифаларнинг қарашларига жавоб бўладиган асосли далиллар мавжуд. Масалан, муаллиф Бақара сурасининг 8-ояти тафсирида карромийларга, 15-ояти тафсирида жабарий ва қадарийларга, 24-ояти тафсирида мўътазилаларга, 29-ояти тафсирида сохта тариқатчиларга, 34-ояти тафсирида жаҳмийларга раддия берган[4].

Бундан ташқари, асарда аҳли сунна вал жамоа ақидаси маҳкам тутилиб, ақидавий ва фиқҳий оятлар халқимизнинг урф-одатлари, анъана ва қадриятларига мос бўлган мотуридийлик таълимотига, ҳанафийлик мазҳабига кўра шарҳлаб берилган.

 [1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уммул Қуръонни қироат қилмаган киши учун намоз йўқ”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
[2] Басмала –  “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”нинг қисқартирилган номи. “Тасмия” деб ҳам аталади.
[3] Сабаъ сураси, 37-оят.
[4] Абу Ҳафс Насафий – Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад Насафий Ҳанафий. Ат-Тайсир фит тафсир. Моҳир Адиб Ҳаббуш тадқиқи. Дорул лубоб. – Байрут, 2019. – Б.112-116.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …