Шу билан бирга, бу даврда туркий ёзувни тубдан ислоҳ қилиш зарурияти етилган, зеро ўша даврлардаги эски имло қоидалари, қоидасиз бўлиб, маълум бир белгили асосга эга эмас эди. Бундай муаммо устида бўлган тортишувлар натижасида Туркистоннинг ўзида тил ва имло соҳасида бир неча оқимлар вужудга келади. Айниқса, бу пайтда, янгидан пайдо бўлган иккита асосий оқим – «эски имлочилар» билан «ислоҳотчилар» ўртасидаги баҳс – мунозаралар қизғин тус олади. Туркий ёзувни ислоҳ қилиш борасида юзага келган бундай мунозараларда ислоҳотчилар оқимининг асосий вакиллари қатори Ашурали Зоҳирий ҳам фаол иштирок этган эди.
Афсуски, маърифатпарварлик бобида Ашурали Зоҳирий томонидан амалга оширилган кўплаб маданий, маърифий, илмий фаолиятга қарамасдан 20-йилларнинг охирларида у ҳам советларга қарши фаолият юритган махфий миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлганликда айбланиб қамоққа олинади.1931-йил 25-апрелда ОГПУнинг суд комиссияси мажлиси қарори билан советларга қарши бўлган миллатчилик ташкилотининг фаол аъзоси ва уларнинг ғоявий раҳбари деган айб билан ўн йилга сургун жазоси тайинланади.1936-йилда меҳнат лагеридан қайтган Ашурали Зоҳирий сиёсий таъқиблардан қутула олмайди. 1937-йил 5-сентабрда унинг уйи тинтув қилиниб, ўзи яна қамоққа олинади. 1937-йил 4-сентабрдаги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан унга советларга қарши «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси деган сиёсий айб қўйилади. Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлари қошидаги учлик комиссиясининг 1937-йил 4-декабрда бўлиб ўтган мажлиси қарори билан уни олий жазо — отувга ҳукм қилинади. Ҳукм мазкур йилнинг 28-декабрида ижро этилади[1].
Шу ва бошқа омиллар туфайли ҳеч қандай гуноҳи бўлмагани ҳолда сиёсий қатағонга учраган Ашурали Зоҳирий мероси, ҳаёти ва фаолияти узоқ йиллар ноҳақ ўрганилмай келинди. Сталин вафотидан сўнг расман оқланган Ашурали Зоҳирий ҳақидаги айрим маълумотлар матбуотда эълон қилинди[2]. Шунингдек, унинг маърифатчилик ва педагогик фаолияти ҳақидаги мақолалар ҳам кўпайди[3]. Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг эса барча жадид намоёндалари қатори Ашурали Зоҳирийнинг ҳам ҳаёти ва меросини кенг ўрганишга киришилди. Бу борада рисола ва бир қанча тадқиқотлар дунё юзини кўрди[4].
Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, Ашурали Зоҳирий ХХ аср бошларида Туркистонда кенг тарқалган ва жадидчилик деб аталган маърифатпарварлик ҳаракатларида фаол иштирок этди. Унинг фаолияти ўлароқ, қадимий юртимиздан етишиб чиққан бир қанча улуғ алломалар фаолияти ҳақидаги мақолалар матбуотда эълон қилинди. Шунингдек, Ашурали Зоҳирий бу даврда маърифатчилик фаолияти билан бирга ўлкадаги миллий истиқлолчилик ишларига катта эътибор берди. Хусусан, у бир неча гезета ва журналларда фаол иштирок этиб, ўз фикр ва ғояларини халқ оммасига етказди. Шу ва бошқа омиллар туфайли Ашурали Зоҳирий ХХ асрнинг бошлари ва 20-йилларда Туркистондаги маданий ва маърифий ҳаётнинг таниқли намоёндаларидан бирига айланган эди.