Home / МАҚОЛАЛАР / ФУТУВВАТ ФАЛСАФАСИДА КОМИЛ ИНСОН МАСАЛАСИ

ФУТУВВАТ ФАЛСАФАСИДА КОМИЛ ИНСОН МАСАЛАСИ

Исломий тариқатлар сифатида футувват ҳам, тасаввуф ҳам инсонни поклашга, меҳр-шафқат, ҳиммат ва мардлик фазилатларини эгаллашга даъват этади. Шу жиҳатдан Аллоҳ ишқида дунёдан юз ўгиргач, жисмини маънавий камолот йўлида бахшида этган дарвеш билан биродарлик ва фидойилик туйғусига содиқ жавонмарднинг мақсади муштарак эди.

Кошифий ўз асарида футувват моҳияти, унинг рукнлари ва одоби ҳақида ҳам қизиқарли маълумот беради. Унинг ёзишича, футувват сифатлари намоён бўлган одамни “фатий” деб атайдилар ва бунинг луғавий маъноси ёшлик демакдир. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, футувват сўзи ёш йигитга нисбатан ишлатилади. Бундан бошқаси мажозий ёки кўчма маънодадир. Мажозий маънода инсоний фазилатлар нуқтаи назаридан камолот чегарасини забт этган одамга нисбатан қўллайди ва мажоз дейилишига сабаб шуки, модомики солиҳ (ҳали) нафс ҳаваси тузоғида табиий эҳтиёжлар билан банд экан, у гўё гўдакка ўхшайди, нафс мартабасидан тараққий этиб, дил мақомига етишса, балоғат остонасидаги ёш ўспирин қабилида бўлади. Ёш йигитда эса қон қайноқ, бадан ва жисмоний қувват етарли бўлганидек, жавонмардларда ҳам инсоний камолот билан бирга маънавий қувват мавжуддир ва ушбу мартабадагилар “фатий” дейилади.  

Демак, футувватнинг мазмуни ва моҳияти жисмоний қувват, инсоний камолот ва маънавий қувват мужассамлигидир.

Жавонмардликнинг ниҳояти  яхшилик йўлида жондан кечишга тайёр туриш, фидойи қалб эгаси бўлишдир.

Кошифий футувватнинг рукнлари (устунлари) ҳақида тўхталар экан, унинг ўн иккита, яъни олтита зоҳирий ва олтита ботиний рукни борлигини таъкидлайди. 

Кошифий ўз асарида футувватнинг зоҳирий рукнлари сифатида қуйидагиларни санаб ўтади: 
Биринчиси – ғийбат, ёлғон, бўҳтон ва беҳуда сўзлардан тилни тийиш. Зеро, Кошифий назарида тилидан халққа озор етмайдиган одамгина футувватга даъво қила олади;
 Иккинчиси  – ножўя, номақбул сўзлар, бўҳтон, ғийбатдан қулоқни беркитиш;
Учинчиси – кўриш ножоиз ҳисобланган нарсалардан кўзни юмиш.
Тўртинчиси – ҳаром нарсалардан, халқ озоридан қўлни тортиш.
Бешинчиси – бориш ман қилинган жойлардан оёқни тортиш. Ҳақорат ва гуноҳга сабаб бўладиган, гап ташиш ва зиён-заҳмат, озорга етаклайдиган ишларга қадам қўймаслик;
Олтинчиси – ҳаром овқатлардан оғизни ва зинодан аъзони беркитиш. Зино –футувват аҳдини бузиш, ҳаромхўрлик эса унинг риштасини узишдир.
Кошифийнинг таъкидлашича, ботиний рукнлар қуйидагилар:
Биринчиси – саховат, яъни тиламасдан бурун ўз вақтида бағишламоқ, оқибатини ўйламаслик, лаёқат ва қобилиятини андиша қилмаслик;
Иккинчиси – тавозе, яъни бошқаларни ўзидан афзал билмоқ, барчага камтар ва хокисор муносабатда бўлиш;
Учинчиси – қаноат, яъни одамлар бошига тушадиган азоб-уқубат ва фалокат ортиқча нарсаларга эга бўлиш ҳирсидандир;
Тўртинчиси – афв ва марҳамат, яъни халққа шафқат кўрсатмоқ, кишилар гуноҳини кечирмоқ, иложи борича уларга яхшилик ва мурувват билан муомала қилиш;
Бешинчиси – ғурурни тарк этиш. Яъни қанчалик маъқул ва мақбул ишларни амалга оширса ҳам мағрур бўлмаслик. Зеро, Иблис кибру ҳаво туфайли жаннатдан бадарға бўлди;
Олтинчиси – қурб (илоҳиётга яқинлашиш) ва васлат мақомига бадан вужуди, дили жони билан интилиш. Яъни кўнгил уйини риёзат супургиси билан чангу ғубор, чиқиндилардан тозалаб туриш, токи кўнгил ишқ султони ўтирадиган тахтга айлансин. Зеро, кўнгил дунё ташвишларидан қутулмас экан, у дўст муҳаббатининг маконига айланади. 

Кошифий ўз асарида футувватнинг етмиш битта шарти ҳақида тўхталиб, унинг қирқ саккизтаси вужудий, йигирма учтаси азалий (парҳез қилинадиган) шартлар эканини таъкидлайди.

Тарихий манбаларни ўрганиш футувват аҳлини ўзига хос хислатларидан келиб чиқиб, жавонмардлар, ахийлар ёки фатийлар деб аталганининг гувоҳи бўламиз. Жавонмардлар фақат яхшиликни ўйлаб, уни амалга оширишдан чарчамайдиган, эзгу хулқ-атворга эга, муҳтожларга доимий ёрдам қўлини чўзадиган, пирлар, устозлар, дўст-биродарлар номуси ва шарафини ҳимоя қиладиган зоҳиран ҳамда ботинан пок инсонлар эди.

Шуниси эътиборлики, жавонмардлик Хуросон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида X асрдан бошлаб ҳаракат сифатида кенг қулоч ёйган. Жавонмардлар ёки футувватчилар муайян қоида – талабларга риоя қилиб, маънавий ва жисмоний етукликка интилган. Улар назарида инсон Аллоҳ томонидан яратилган илоҳий зот бўлгани учун ҳам унинг қадри ҳамма нарсадан устун туради. Шу боис ҳам жавонмардлар ҳар қандай бойликни назар-писанд қилмаган ва уларни инсон камолоти йўлидаги бир восита деб билган, холос.

Шарқда футувват ҳаракати инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” асари таржимони профессор Нажмиддин Комилов китобнинг кириш қисмида араб сайёҳи Ибн Баттута (XIV аср) қаламига мансуб “Сафарнома” асаридан жавонмардлар ҳақидаги фикрларни келтирган. Бунда таъкидланишича, “Мен дунёни кезиб, бундай одамлар (жавонмардлар)дан кўра эзгу ниятли ва эзгу хулқли кишиларни кўрмадим. Шероз ва Исфаҳон аҳолиси гарчи ўзини  жавонмардларга ўхшатса-да, аммо улар (Хоразм ва Мовароуннаҳр жавонмардлари) ғариб-мусофирларни сийлаш ва меҳмондорчиликда улардан баланд туради. Уларни (жавонмардларни) Ироқда шотир, Хуросонда сарбадор,  Мағрибда (Андалусияда) сукра дейди. Уларга тобе жойларда адолат расми шундай ривожланганки, лашкаргоҳларида, хоналарида олтин ва кумуш тангалар ерга сочилиб ётади ва эгаси топилмагунча ҳеч ким бу пулларга тегмайди”.

Жавонмардлар оддий халқ ичидан чиққан ҳунармандлар, сипоҳийлар, кўчаларда томоша кўрсатувчи халқ театрлари вакиллари, паҳлавонлар, қизиқчилар ва бошқа тоифалардан ташкил топган, ҳар бирининг ўз жамоаси, пири, таълим берувчи устозлари ва йиғиладиган жойи бўлган. Пирга қўл берган ва устоз олдида аҳду паймон қилиб, мардлик белбоғини белига боғлаган жавонмард бир умр ўз аҳдига содиқ қолишга интилган. Ўз шахсий ҳаётини жамоа ҳаёти учун, биродарлари учун фидо этган. Жавонмардлар жамоасига қабул қилинган ёш йигит  “фарзанд” деб, унинг белига аҳд белбоғини боғлаган устоз “ота” деб юритилган.

Жавонмардлар мазлумларни золим шоҳлар, маҳаллий ҳокимлардан ҳимоя қилган, уларга моддий ёрдам кўрсатиш баробарида уюшиб ташқи душманларга қарши курашган. Улар орасидан Абу Муслим, Муқанна, Яъқуб ибн Лайс, Маҳмуд Торобий каби қаҳрамонлар етишиб чиққан.

Жавонмардлик ҳаракати XV асрга келиб ўзининг муқобил таъсир кучини йўқота боради. Яъни ҳоким синфларга мухолифликдан барча табақа-тоифаларни уюштирувчи ҳаракатга айланади. Шунга қарамай барибир футувватнинг асосини шаҳар ҳунармандлари ташкил этар эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Кошифий ўз асарида футувватга тариқатнинг бир бўлаги сифатида қарайди. Кошифийнинг бундай фикрга келиши сабаби футувват асослари билан тасаввуф ғоялари аксар бир-бирига мувофиқ келади. Бизнинг бу мавзуга қўл уришимизнинг сабаби ҳам шундадир.

Дарҳақиқат, футувват ҳам, тасаввуф ҳам инсон ахлоқини поклаш, меҳр-шафқат, ҳиммат ва мардлик кўрсатишни тарғиб этади. Бу жиҳатдан илоҳият ишқида дунёдан юз ўгирган, жисмини маънавий камолот йўлида қурбон қилган дарвеш билан биродарлик ва фидойилик удумига содиқ жавонмарднинг мақсади мос эди.  Тасаввуфнинг тавба, сабр, қаноат, парҳез, ботиний таҳорат каби талаблари футувватчилар томонидан қабул қилиниб, ҳаётий қоидага айлантирилади. Демак, тасаввуф футувватда юксак ғояларнинг амалиётга татбиқ этилаётганини кўрган бўлса, футувват тасаввуфда эътиқоднинг назарий асосларини топган эди. Бу муносабатлар тизимини татбиқ этиш тасаввуф ва футувват таълимотларининг очилмаган қирраларини ёритишга хизмат қилади.

Воиз Кошифий футувват илмининг моҳияти ва қоидалари хусусида қадимдан баҳс-мунозара бўлиб келгани ҳақида ҳам тўхталади. Асарнинг 2- фаслида бу ҳақда шундай ёзади: “Чунончи, тиб илмида инсоннинг бадани мавзу бўлиб, кишининг саломатлиги ёки касаллик сабаблари ўрганилади. Бас, ушбу муқаддимадан равшан бўладики, футувват илмининг ўз мавзуси бор бўлиб, бу инсон руҳи ҳисобланади. Зеро, инсон руҳини тарбиялаш, парвариш қилиш орқали уни гўзал ва хулқ-атворли, фазилатли қилиб етиштириш мумкин”.

Кошифий назарида футувват илми инсон руҳиятини тарбиялашга қаратилгани учун ҳам энг шарафли, мўътабар илмлардан бўлиб, тасаввуф ва тавҳид илмининг бир бўлагидир. Шу ўринда Кошифий футувват илми билан шуғулланган Фаридиддин Атторнинг “Одобул-футувват” (“Футувват одоби”), “Орифул масриф” (“Орифлар фойдаси”), “Мирсодул аъбод” (“Бандаларнинг мушоҳада қиладиган жойи”), “Ҳадиқатул ҳақиқат” (“Ҳақиқат боғчалари”) номли рисолалари, Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи сайр”, Зарина Исфаҳонийнинг “Зодул ахира” (“Охират озуқаси”), Шайх Атторнинг “Тазкиратул авлиё” каби китоблари ҳам мавжудлиги ҳақида гапирган. Шунингдек, уларнинг футувват ҳақидаги фикрлари қимматли экани тўғрисида ҳам тўхталади.

Футувват аҳли бўлган жавонмардлар ҳақида жуда ҳам мухтасар ва аниқ таъриф берган машойихлардан бири Жунайд Бағдодийдир. Унинг ёзишича, футувват шундайки, фақирлардан ор этмагайсан ва бойларга фахр қилмагайсан. Жавонмардлик шундайки, қўлдан келадиганини дариғ тутмагайсан [1:354]. Мавлоно Жалолиддин Румий назарида футувват аҳли, яъни жавонмард, аввало, кишанларни узиб, озод бўлган эркин кишидир. Бундай эркинлик инсоннинг фақатгина жисмоний эркинлигигина эмас, балки маънавий-руҳий эркинлигини, яъни нафс қуллигидан ҳам халос бўлишни назарда тутади. Шу ўринда Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида “Озод мард улдурки, биров ранжида қилғондин ранжида бўлмағай ва жавонмард улдурки, ранжида қилурға, мустажиб бўлғонни ранжида қилмоғай [2:326].

Алишер Навоий жавонмардлик хислатлари ҳақида янада чуқурроқ фикр юритиб, жавонмард бўламан десанг, фақир йўлига кир ва ҳирсни йўл чангига айлантириб юборгин [3:315]. Демак, Навоий наздида жавонмардлик – эр йигит, мард, сахий ва қўли очиқ кишидир. Бу ҳақда Навоий шундай ёзади:

Гар айтур эсанг жавонмард охир,
Қил ҳирсни фақир йўлида гард охир.
Ҳирс ўтидин бўлма дард парвар охир,
Ким нафсга ҳирсдин етар дард охир [4:350].

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бой-бадавлат кишилар ўзининг махсус меҳмонхоналари ва карвонсаройларига эга бўлгани ҳолда тайинланган хизматкорлар ёрдамида ўша даврлардаёқ ижтимоий хизматнинг мукаммал шаклларини яратиб, уларни халқ хизматига қўя олган. Бундан ташқари, работ, зовия ва хонақоҳлар ҳам қурдирилган,  улар мусофир ва дарвешлар учун доимо очиқ бўлган.

Тарихда жуда катта манба сифатида қадрлаб келинаётган Ибн Баттутанинг “Сафарнома” асарида ёзилишича, хонақоҳларда мусофир ва дарвешлар хоҳлаганича бепул яшаган. Улардан уч кунгача қаердан ва нима мақсадда келгани сўралмаган. Уч кундан сўнг хонақоҳ шайхи уни қабул қилган. Ибн Баттута ўз асарида элликдан ортиқ хонақоҳлар ва зовияларда яшагани ҳамда олий табақа вакилларидан ҳурмат-иззат кўрганини ҳикоя қилади. Айниқса, Мовароуннаҳр подшоси Султон Тармашириннинг сахийлиги ва адолатпешалиги ҳақида тўлқинланиб ёзган.

Ибн Баттута ўз асарида Бухородаги авлиё Сайфиддин Бохарзий хонақоси ҳақида шундай ёзади: “Биз Бухоронинг Фатҳобод номи билан машҳур мавзеида тўхтадик. Бу ерда энг улуғ авлиёлардан бири аллома шайх гўшанишин авлиё Сайфиддин ал-Бохарзийнинг қабри бор. Мазкур шайх номи билан аталадиган ва биз қўниб ўтган зовия жуда катта бўлиб, вақфлари беҳисоб, зиёратчилар ана шу вақфлардан келадиган даромадлар ҳисобига боқилади. Шу зовиянинг шайхи Сайфиддин авлодларидан бири бўлиб, Маккага ҳаж қилган Яҳъё ал-Бохарзийдир. Шайх мени ўз уйида қабул қилди, шаҳарнинг обрўли кишиларини тўплаб, зиёфат берди, қорилар ажойиб овозлари билан Қуръондан қироат қилдилар, воиз эса амри маъруф қилди. Ҳофизлар форсий ва туркий тилларда ажойиб қўшиқлар ижро этди. Биз учун энг ғаройиб кечалардан бири бўлди” [5:66].

Тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов ҳам Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асарини ўрганар экан унинг Мажор шаҳрида жойлашган хонақоҳ ҳақидаги фикрларини “Тасаввуф” монографиясида қуйидагича келтиради. Мажор шаҳрида шайх Муҳаммад Батоихий хонақоси бор. Бу туркларнинг энг улуғ ва энг яхши шаҳарларидандир. Ундаги хонақоҳда араб, форс, турк ва рум дарвешларидан етмиш киши истиқомат қилади. Ўлканинг халқи эса дарвешларга эътиқод камоли юзасидан ҳар кеча хонақоҳга от, мол ва қўйларни келтириб, назр қилади. Султонлар ва уларнинг хотинлари шайхнинг зиёратига туҳфалар келтиради. Дарвешларнинг бир қисми оилали ва бир қисми бўйдоқ бўлиб, халқнинг лутфу карами билан фаровон яшайди ҳамда художўйлик билан шуғулланади” [6:116.]. Шунингдек, “Саёҳатнома” асарида ёзилишича, хонақоҳ ва зовияларнинг деярли барчаси жавонмардлар ихтиёрида бўлган. Улар Туркияда “ахийлар” номи билан аталган ва кенг тарқалган. Уларнинг етакчилари обрў-эътиборда султонлар даражасида эди. Агар  шароит тақозоси билан султон бирор жойга борса, ҳукуматни ахийлар бошлиғига топшириб кетган.

Ибн Баттута келтирган ҳикоятлардан шу нарса маълум бўладики, айнан ХIII асрга келганда мусулмон ўлкаларида футувват ва тариқат бир-бири билан қўшилиб кетган. Чунки бу даврга келиб, жавонмардлар ўз хатти-ҳаракати билан  шариат ва тариқат аҳлини тўла ишончига кирган ва Х-ХI  асрларда бошланган қўшилиш жараёни ХIII асрга келиб  ниҳоясига етган. Бу даврга келганда Хуросон, Эрон ва Мовароуннаҳр шайхлари ўз муридларини жавонмардлардан руҳланишга даъват этган ва жавонмардликни тариқат шиорига айлантирган. Бу ҳолатни биз буюк шайхлар Шайх Абулҳасан бин Ҳусайн Сарахсий, Шайх Абулҳасан Ҳарақоний, Шайх Абулаббос Қассоб, Шайх Абуали Сиёҳ, Шайх Абуали Даққоқ, Шайх Абулқосим Бушр, Шайх Луқмон Сарахсий, Шайх Абусаид Абулхайр, Шайх Абужаъфар Ҳаддод ва бошқаларни ўз муридларига қилган даъватларидан билсак бўлади.

Бизнинг назаримизда ҳам  тариқат ва футувват аҳлини бир-бирига киришиб кетганини икки фазилат бирлаштиради: халққа наф келтириш ва уни маърифатли қилиш. Шайх Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафаҳотул унс” асарида Абулҳасан Ҳарақонийдан «Сўфий ким?» деб сўраганида олган жавобини келтиради: “Сўфий шундай бир кундузки, у бор жойда офтобга ҳожат қолмас, у шундай бир кечадирки, у бор жойда ойга ҳожат қолмас, шундай бир йўқликдирки, у бор жойда борлиққа ҳожат қолмас”. Шу ўринда Абдураҳмон Жомий Абусаид Абулхайр сўзини ҳам келтиради: “Мард улдурким халқ орасида бўлса, инсофу адолат тарозуси устида турса, бола-чақа қилса, халқ билан қўшилиб яшаса ва бир лаҳза Худони унутмаса” [7:85].

Абдураҳмон Жомий асарини ўрганар эканмиз унда буюк шайхларнинг ўзлари матонатли жавонмардлар бўлганининг гувоҳи бўламиз. Жомий бу ҳақда йирик шайх Абу Жаъфар Ҳаддод мисолида шундай ёзади: Абу Жаъфар Мисрда ўн етти йил темирчилик қилди. Ҳар куни бир динору ўн дирҳам пул ишларди.  Аммо бу пулларни ўзи ишлатмай, дарвеш ва муҳтожларга бағишларди. Ўзи эса Жунайд Бағдодий уйига бориб, қолган-қутган нонларни тановул қилиб юрган, ётадиган жойи эса масжид бўлган, деб маълумот беради [8:87]. Шайх Нажмиддин Кубро ҳам бор мол-дунёсини муҳтожларга бўлиб бериб, мўғул босқинчиларига қарши курашда жавонмардлик намунасини кўрсатган.

Нақшбандий шайхлар фаолиятини ўрганиш шундан далолат берадики, уларнинг барчаси саховат ва мурувватда яловбардор бўлган. Жумладан, Умаршайх Мирзо Тошкентнинг бир йиллик хирожини талаб қилганида халқ ғами ва ташвиши билан яшаган Хожа Аҳрор Вали 250 минг динор тўлаб юборади ва тошкентликларнинг ғамини еб, уларнинг беталофат қишдан чиқиши учун яна 70 минг динор ҳадя қилади. Бундан ташқари, Хожа Аҳрор Вали халқни маърифатли қилиш учун 20 дан ортиқ мадраса ва хонақоҳлар  қурдирган. Вақфномада ёзилишича, унинг мол-мулклари сони 254 тани ташкил қилган. “Бизнинг ёрларимиз биз тириклигимизда ҳимоямизда эдилар, ўлганимиздан кейин ҳам ҳимоямизда бўлсинлар”, деб ёзган. Дарҳақиқат, Хожа Аҳрор вафотидан юз йил ўтгандан сўнг ҳам у кишининг сурув-сурув подалари халқ эҳтиёжларига ишлатилган.

Бу масалага янада чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Вали, Навоий ва Жомий фаолияти билан тариқат ва футувват бирлашуви янада тезлашганининг гувоҳи бўламиз. Дарҳақиқат, мусулмон оламида кенг тарқалган бу икки соҳанинг қўшилиши катта ижтимоий ҳодиса сифатида инсон ахлоқий баркамоллигини қарор топтиришда қудратли кучга айланди.

Футувват аҳли инсон баркамоллиги фақатгина руҳий дунёнинг мукаммал бўлишидангина иборат эмаслигини, балки бу баркамоллик моддий дунёни ҳам тарк этмасдан иккаласи уйғунлигини таъминлашдан иборат эканини тушуниб етган баркамол тоифадир. Чунки футувват аҳли инсон баркамоллигининг асоси сифатида моддийлик ва инсон руҳини, унинг маънавий дунёсини бир-бирига қарама-қарши қўймади.

Тасаввуфшунос олим М.Имомназаровнинг таъкидлашича, футувват маданиятини ўзлаштирган киши амалда яратувчи ва руҳиятда дарвешдир. Унинг ахлоқий сифати жавонмардлик, яъни саховатлилик, олийҳимматлилик, камтаринлик, тўғрисўзлик ва мардлик каби хислатларнинг узвий яхлитликда намоён бўлишидир [9: 142].

Футувват аҳли интилган асосий мақсад ҳалол касб орқали топилган ризқдир. Бу гуруҳ меҳнат билан топган нонини бойлик деб билгай”, деб ёзади Кайковус. Алишер Навоий ҳам ўзининг “Насойимул муҳаббат мин шамоимул-футувват” асарида келтирганидек, ҳар бир машойих ва авлиёлар ҳаёт тарзи асосий хусусияти уларнинг бирон бир касбни мукаммал эгаллаганидир. Жумладан, Абу Саид Харроз – этикдўз, Муҳаммад Саккок – пичоқчи, Абу Ҳафз Ҳаддод – темирчи, Абулаббос Омилий – қассоб, Иброҳим Ожирий – ғишт қуювчи, яна бири ҳаммол, бошқалари нажжор, ўтин терувчи ва ҳоказо бўлгани ҳақида маълумот беради. Жавонмардлик тариқати ижтимоий моҳиятининг яна бир жиҳати, руҳий-ахлоқий етукликка етишишнинг асосини ислом динини чуқур билиш, илмни мукаммал эгаллаш ва сидқу сафо ташкил этади. Улар назарида инсоннинг ақлий баркамоллиги  руҳий-маънавий етуклиги билан якдил бўлиши лозим. Эзгулик асоси ана шу икки сифатга қурилади.  Чунки ақл инсон учун кўркам фазилат, мўъжизакор қудрат ва катта иқтидордир. Шунинг учун ҳам машойихлар ва азиз авлиёлар инсоннинг руҳий-маънавий камолотини биринчи ўринга қўйиб, ахлоқий сифатларни жавонмардлик қоидасига айлантирган. Дарҳақиқат, Ҳусайн Воиз Кошифий ўзининг “Ахлоқи Муҳсиний” асарида инсон фаолиятида ақлнинг ролини улуғлаб, “Ақлнинг шарти будурки, то имкон борича фаришталик нисбатига қувват бергай ва  ҳайвонот нисбатига майл қилмагай”, деб таъкидлайди [10:26].

Хулоса қилиб айтганда, футувват – ўзаро ёрдам, мурувват ва меҳрибонлик кўрсатиш, шунингдек, фидойилик илмини ўзида мужассамлаштирган мардлик тариқатидир.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Фаридуддин Аттор. Тазкиратул авлиё. – Т.: Ғафур Ғулом, 2017. – Б. 354.
  2. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. – Т.: – Б. 326.
  3. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. – Т.: – Б. 315.
  4. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. – Т.: – Б. 350.
  5. Иброҳимов Н. Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга саёҳати. – Т.: Шарқ баёзи, 1993. – Б. 66.
  6. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Ёзувчи, 1996. – Б. 116.
  7. Абдураҳмон Жомий. Нафаҳотул унс. – Т.: – Б. 85.
  8. Абдураҳмон Жомий. Нафаҳотул унс. – Т. – Б. 87.
  9. Имомназаров М. Футувват аҳли миллий маънавиятимиз назариясига чизгилар. – Т.: Шарқ, 1998. – Б. 142.
  10. Ҳусайн Воиз Кошифий. Ахлоқи Муҳсиний. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2011. – Б. 26.
СОҲИБНАЗАР КАРИМОВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …