Туркистон ўлкасида ХХ аср бошларида вужудга келган жадидчилик ҳаракати ва унинг намоёндалари юртимиз тарихида ўчмас из қолдирдилар. Шу сабабдан ҳам, жадидчилик ҳаракати вакиллари фаолияти тарихини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур мақола жадид мутаффаккирларидан бири бўлган Ашурали Зоҳирий фаолиятининг қисқача тарихига бағишланган.
Калит сўзлар: Жадидчилик, маърифатчилик ҳаракати, жадид мутаффаккирлари, демократик жараёнлар, жадидлар ташаббуси, туркий ёзув, суд комиссияси.
Маълумки, Туркистон ўлкаси Россия империяси томонидан истило этилгач, ўлкада мустамлакачилик тартиблари ўрнатилди. Миллатни жаҳолатда ушлаб туришга қаратилган мустамлакачилик сиёсатига қарши ўлароқ, юртимизда ХХ аср бошларида вужудга келган жадидчилик ҳаракати ҳақиқий маърифатпарварлик оқимига айланди. Профессор Д.А.Алимова таъкидлаганидек, “Жадидлар мафкурасида – диннинг инсон маънавий камолотидаги ўрнини тўғри тушуниш, ўлкада ўзига хос миллий ривожланишни шакллантириш каби тарихий вазифалар жамланган эди. Бу вазифаларни амалга оширишнинг муҳим шартлари бўлиб, ислом тушунчасини янгилаш, уни мутаассибликдан тозалаш, фан ютуқлари ва илғор технологияларни эгаллаш муаммоларини ҳал этиш лозим эди”[1]. Шу сабабдан ҳам, мазкур даврда ўлкада кўплаб жадид намоёндалари фаолият олиб бордилар. Улар меҳнатининг самараси ўлароқ юртимизда маърифатчилик ҳаракати кенг қулоч ёйди. Бу борада, ХIХ асрнинг охири ва ХХ аср бошларида яшаб ижод этган жадид намоёндаларидан бири бўлмиш Ашурали Зоҳирий фаолияти ва унинг илмий меросини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Ашурали Зоҳирий Қўқон шаҳри яқинидаги Ойим қишлоғида 1885-йилда таваллуд топди. Дастлаб, шу ердаги эски мактабда, сўнг Мадалихон мадрасасида ўқиди. Араб, форс тилларини, шарқ классик адабиёти, айниқса, Навоий, Бобур асарларини чуқур ўрганади. Бу пайтда, у бутун Туркистонда бўлгани каби, Фарғона водийсида ҳам кучая бошлаган миллий уйғониш ҳаракатлари таъсирида ўз фаолиятини кенгайтирди. Жумладан, Навоийнинг машҳур «Муҳокамат-ул луғатайн» ва «Вақфия» асарларини, Бобурнинг «Бобурнома»сини нашр эттирди. 1914-йил «Она тили» деган махсус мақола ёзиб, унда Алишер Навоийнинг «Муҳокамат-ул луғатайн» асарининг ўзбек тили тарихидаги муҳим роли ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб кўрсатди[2].
1914 йилда Ашурали Зоҳирий томонидан буюк қрим-татар маърифатчиси ва ислоҳотчиси Исмоилбек Гаспиралининг вафоти муносабати эълон қилинган мақолада жадидчилик ҳаракати асосчисининг фаолияти, жумладан, мутаффаккир томонидан яратилган янги усул мактаблари учун дарслик, уларнинг кейинчалик, бутун Россия мусулмон матбуоти ва мактабларининг ривожига кўрсатган ижобий таъсири ҳақида фикр юритилган эди. Бундан ташқари, Россия империясидаги татар мусулмонларининг янги мактаб ва маориф соҳасидаги ютуқ ва тажрибаларини ўрганиш мақсадида 1912-1913-йилларда Қозон шаҳрида бўлган Ашурали Зоҳирий у ерда буюк мутаффаккир Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан учрашган эди.
1917 йил февралидан сўнг Россия империясида бошланган демократик жараёнларда Жадид маърифатпарварлари маҳаллий халқлар сиёсий манфаатларини ҳимоя қилдилар. Жадидлар ташаббуси билан «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо», «Иттиҳоди тараққий», «Турон», «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол» каби ташкилотлар тузилди. Бу ташкилотларнинг асосий мақсади ва бош ғояси ўлкада миллий, маданий эркинлик, демократик тамойилларни ўрнатишдан иборат бўлган[3]. Мазкур жараёнларга мос тарзда Ашурали Зоҳирий ҳам бу даврда маърифатчилик, матбуотчилик ишлари билан бирга ўлкадаги миллий истиқлолчилик ишларига катта эътибор қаратади. Жумладан, у «Эл байроғи» (1917) газетаси ва «Юрт» журналида фаол иштирок эта бошлайди[4]. Шунингдек, 1917-йил сентябрдан эътиборан Фарғона вилояти маърифатпарварлари ва маориф жамияти аъзолари ёрдамида ташкил этилган мактаблар учун муаллимлар тайёрловчи «Дорилмуаллимин»да Булат Солиев, Ҳоди Файзи, Қори Ниёзий каби педагоглар билан бирга фаолият юритади.