Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўн еттинчи дарс. Тавба, қўрқиш, умид, ва сабр ҳақида.

Эй ўғлим! Гуноҳ ва хатолардан бутунлай пок бўлиш фақатгина пайғамбарларга хос. Қандайдир хато ишга қўл уриб қўйсанг, дарров Аллоҳ таолога тавба қилишга шошил. Гуноҳингни кечиришини сўраб дуо қил.

Эй ўғлим! Тавба бу фақатгина тилинг билан айтадиган сўзинг эмас. Ҳақиқий тавба Раббингга юзланиб, содир этган гуноҳингни эслашинг, қилган гуноҳинг учун белгиланган жазога лойиқ гуноҳкор бандалигингни билишинг, қилмишингга ўта пушаймонлик ҳиссини амалда кўрсатишинг, бундай ёмон ишларни қилмасликка Аллоҳ таолога ваъда беришинг, сўнгра ўтган гуноҳларингни кечиб юборишини сўраб Яратганга ёлворишингдир. У хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа жазолайди.

Ҳақиқий тавба ва истиғфор айтиш мана шудир. Тилинг учида “Тавба қилдим”, деб Раббинг буйруғига тескари иш тутишда давом этаверишинг ҳақиқий тавба эмас. Надомат чекмасдан, гуноҳ қилишни тўхтатмасдан тавба қилиш жазога сабаб бўладиган хатонинг устига хатодир.

Эй ўғлим! Ўзингдан қиёс ол. Отанг ёки муаллиминг доимий дарс тайёрлашга буюрса-ю, сен бепарволик қилсанг, улар сени жазоламоқчи бўлишади. Сен эса: “Тавба қилдим”, десанг-у бепарволигингда яна давом этаверсанг, шу тавбанг тўғри бўладими? Бундай тавба қилиш жазоланишга ҳақли қиладиган ёлғон бўлмайдими? 

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳларидан холис тавба қилган киши ҳеч биp гуноҳ қилмаган киши кабидир”[1] , деганлар. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай дарҳол тавбага шошилишни, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир.

Эй ўғлим! Аллoҳ таоло:

﴿إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ﴾

“Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”[2], деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тавбанинг зарурлиги ва аҳамияти ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳларга пушаймон бўлиш тавбадир”[3], деганлар.

Бошқа бир ҳадиси муборакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳap бир Одам боласи гуноҳ қилувчидир, гуноҳ қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчиларидир”[4]деганлар.

Эй ўғлим! Аллоҳдан қўрқиш киши ва унинг гуноҳи ўртасида парда бўлиб туради. Ким Раббисидан қаттиқ қўрқса, гуноҳларни камайтиради.

Эй ўғлим! Аллоҳдан қўрқиш ўзинг билан Унинг амрига мухолиф келиш орасида тўсиқ бўлсин. Сен бирор хатога йўл қўйсанг ҳам Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма. Хуфёна ва ошкора ҳолатингда Аллоҳга дуо қилгин. Ундан кечиришини сўрагин. Зеро, У кечирувчи ва раҳмли Зот.

Эй ўғлим! Барча ишларда холис бўлиш, обрў-эътибор, шуҳрат талаб қилмаслик лозим. Ҳамма жойда, барча гап-сўзларда Аллоҳдан қўрқиш, махфий ва ошкора ишларни Аллоҳ кўриб турганини ҳис этиш, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган сўзлардан эҳтиёт бўлиш керак. Аллоҳга ибодат қилиш, ҳар бир ишда Унинг ғазабидан хавфда бўлиш, Унинг розилиги, ажр-савоби ва раҳматидан умидвор бўлишинг керак. Аллоҳ таоло:

﴿وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ﴾

“Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилган эдилар, холос”[5], деган. 

Эй ўғлим! Жонингга, молингга талафот етиб имтиҳонга учрасанг ёки азиз инсонинг вафот этиб мусибатли бўлсанг, сабр қил ва мукофотини Аллоҳдан кут. Аллоҳнинг қазою қадарини чиройли ва розилик билан қабул эт. Аллоҳнинг сенга меҳрибонлиги ва яхшилигига шукр  қил. Зеро У мусибатингни янада зиёда қилмади. Қазою қадарида меҳрибонлик кўрсатишини сўраб: “Эй Аллоҳ, қазоингни қайтаришни эмас, балки унда меҳрибонлик кўрсатишни сўрайман”, дегин.

Эй ўғлим! Агар ғайб илмидан бохабар бўлганингда эди, Аллоҳнинг сенга нисбатан қилаётганига рози бўлардинг. Аллоҳнинг ҳузурида катта мусибатлар бор. Пешонангга ёзилганлари учун Раббингга шикоят қилиб эътироз билдирма. У хоҳлаган ишини қилувчи. Унинг ҳукмини рад қилувчи йўқ. У ҳикмат соҳиби ва хабардор Зот.

[1] Ибн Можа ривоят қилган.
[2] Бақара сураси, 222-оят.
[3] Абу Довуд ривоят қилган.
[4] Имом Доримий ривоят қилган.
[5] Баййина сураси, 5-оят.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …