Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ТАЪЛИМОТИ ЗУЛМ ВА ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИДИР

ИСЛОМ ТАЪЛИМОТИ ЗУЛМ ВА ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИДИР

Зулм луғатда «бирор нарсани ўз ўрнига қўймаслик» маъносида келади. Шариатда эса зулм – инсонни кибрга берилиб, ҳаддидан ошиши, ўзганинг ҳаққи, моли, жони, дини ёки ор-номусига  тажовуз қилишига айтилади. Зулм гуноҳ бўлиши билан бирга, инсонлар ўртадаги алоқаларнинг дарз кетишига ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, инсон кимга зулм қилса, ундан азият чеккан киши қиёматда ундан рози бўлмагунича Аллоҳ таоло ўша бандасидан рози бўлмайди.

Ҳақ таоло зулмни қаттиқ қоралаган ва уни ҳаром қилган. Бу ҳақда бундай марҳамат қилган: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур» (Наҳл сураси, 90-оят). Демак, инсон ҳар бир ишда адолатга интилиши, яқинларига имкон борича яхшилик қилиши ва зулмнинг ҳар қандай кўринишидан ўзини тийиши лозим.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам умматларини бир-бирига зулм қилишдан, озор беришдан қайтариб, бундай деганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», (Муслим ривояти). Демак, ҳадисдан олинадиган фойда шуки, мусулмон киши ўзгани таҳқирламаслиги, уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги лозим экан. 

Инсоннинг бошқа бир кишига зулми уч турли бўлади.

Биринчиси: Қовлий – сўз билан зулм қилиш: Бунга кишининг тили орқали ўзгаларни ҳақорат, ғийбат, масхара, мазах, туҳмат қилиши киради. Зеро, мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаром қилингандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир», (Муттафақун алайҳ). Демак, кишиларни ҳақорат қилиш, сўкиш гуноҳ амаллардан экан.

Иккинчиси: Феълий – хатти-ҳаракати орқали ўзгаларга зарар етказиш: Яъни киши ўзгаларга қўли ва ўта қўполлиги билан озор бериш киради. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон — қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир», деганлар. Демак, киши ўзгаларга тили билан озор бериш билан бирга, кучини ҳам кўрсатиб, қўли билан озор бериши ҳам катта гуноҳлардан экан.

Учинчиси: Сукутий – лоқайдлик билан зулм қилиш: Бундай вазиятда киши бошқа бир инсонга турли ноҳақликлар бўлаётганини кўра-билиб,  кўрмасликка олиш. Унга ёрдам бермаслик киради. Ҳақиқий мусулмон киши мана шундай вазиятга дучор бўлса, аввало, қўли билан қайтаради, у ҳам бўлмаса тили билан бартараф этишга ҳаракат қилади. Бу иккисига ҳам имкони бўлмаганда қалбдан хафа бўлади. Бу ҳам одамийлик хислатидандир.

Хулоса шуки, инсон юқоридаги оят ва ҳадислардан тўғри хулоса чиқариб, унинг ҳаётида мана шундай ҳолатлар содир бўлса, дарҳол тавбага шошилиши лозим. Шу билан бирга, бирор бир кишига зулм қилган бўлса, ундан узр сўраши керак. Ҳақ таоло ҳар биримизни ўзгалар билан бўладиган муомалада очиқ юзли, оғир-вазмин, мулоҳазали бўлишимизни насиб қилсин.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …