Home / МАҚОЛАЛАР / Касб-ҳунарда барака бор

Касб-ҳунарда барака бор

Олижаноб, диёнатли инсонлар умрларини Аллоҳ таолога тоат-ибодат  қилиб, бандасига иззат-ҳурмат билан ёндашиб, эл-юртга хизмат қилган ҳолда ўтказадилар. Уларнинг ҳар дақиқаси баракага бурканган, шу туфайли бир соатлик ҳаётлари баъзиларнинг бир куниданда баракалироқ бўлади.

Яна шундай тоифадаги инсонлар борки, уларнинг топиш-тутишда на барака бор ва на ҳузур-ҳаловат. Улар миллионларга эга бўлади, бироқ ҳақиқий ҳаловат кўнгил хотиржамлигини ҳис этмаган ҳолда кун кечиради. Тунни эса турли ҳисоб-китоб, поёни йўқ ўй-ҳаёллар билан ўтказади. Кемтик дунёсининг бир томонини ямаса, иккинчи томони йиртилиб бораверади. Бир машаққатдан фориғ бўлдим деганда, яна бошқаси пайдо бўлади.

Инсон доимо баракани истайди, унга эҳтиёж сезган ҳолатда умр кечиради. Барака оз нарсани кўпайтиради, кўпнинг фойдасини зиёда қилади. Бараканинг омили ҳалол касбдир, ҳалол касб орқали ризқ талаб қилиш вожибдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади; “Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустаснно” (Нисо, 29-оят).

Ушбу ояти каримада бировнинг молини ноҳақ йўллар билан ейиш, яъни ҳаром аралаштиришдан очиқ-ойдин қайтарилмоқдамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг кўплаб муборак ҳадисларида ҳалолликка, ҳалол касб билан турмуш кечиришга ундаганлар.

Зеро, ҳалол касб обод турмуш гаровидир. Обод турмуш йўлида юксак мақсадлар кўзлар эканмиз, ҳаётимиз янада фаровон ва обод бўлиши, ризқу-рўзимиз янада тўкин ва баракали бўлиши учун, аввало тижоратчиларимиз, деҳқон ва фермерларимиз, шунингдек, касаначилик, ҳунармандчилик каби турли касб-ҳунар эгалари, тадбиркорлар, ишлаб-чиқариш билан шуғулланувчи шахслар, турли идора ва корхоналар ишчи-хизматчилари ўз соҳаларида ҳалолликка жиддий эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳалол касб-барака омилидир.

Турмуш обод бўлишининг асосий шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом динимиз дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Турли туман қонунан тақиқланган, шаръан эса ҳаром қилинган эгри йўллар билан дунё орттиришдан қайтаради. Динимиз инсонни ҳалол касбкор қилишга тарғиб этади. Ҳадиси шарифда: “Касб талаб қилиш фарз намозидан кейин турувчи фарздур” дейилган.

Агар одамлар олди-бердиларида, касб-корларида ҳалоллик ва инсофни ўзларига шиор қилиб олсалар, ораларидаги низо ва келишмовчиликлар ҳам барҳам топиб, адоват, бир-бирига кин-адоват сақлаш, ўзаро ишончсизлик каби жамиятни тагидан емирувчи иллатлар ўз-ўзидан барҳам топган бўлар эди. Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган одамга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган холда тунаса, гуноҳлари кечирилган холда тунайди”.

Бу ҳадис меҳнатсеварликка қизиқтириб, боқимандалик ва ишёқмасликдан қайтаради. Аҳли оиласи, фарзандлари ва ота-онасини моддий жиҳатдан таъминлаш, касалларини даволатиш йўлида меҳнат-машаққат чеккан одамга мукофот сифатида Парвардигори олам кечаси унинг гуноҳларини мағфират қилиш билан қарши олар экан.

Шундай қилиб, ҳалол касб гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлар экан. Албатта ҳалол ризқ, ҳалол касб билан кун кечириш нафақат дунёвий, балки ухровий фойда ва манфаатлар келтириши шубҳасиздир. Негаки, ҳалолликка интилувчи киши аввало Аллоҳ ва расулининг буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилаётган бўлади. Бу эса савоб ва ажр келтирадиган ишдир.

Балтаев Муроджон
Питнак шаҳри “Абдул Маржон” жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …