Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тадқиқотини кутаётган қўлёзмалар бисёр

Тадқиқотини кутаётган қўлёзмалар бисёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Австрия ва Туркиядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Collège de France ҳузуридаги Туркия, Усмонийлар, Болқон ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Александр ПапаснингДалоилул хайрот” ва унинг Марказий Осиёдаги қўлёзмалари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Маърузачи дастлаб “Далоилул хайрот” асари ҳақида маълумот берди. Асар XV асрнинг биринчи ярмида марокашлик сўфий шайх Муҳаммад ибн Сулаймон Жазулий томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ёзилган бўлиб, Аллоҳ таолонинг 99 исми баёни билан бошланган. Дунёнинг кўплаб масжидларида нусхалари мавжуд бўлган асар қўлёзмаси сермазмун матндан ташқари юқори сифатли ёрқин расм ва безаклари билан ажралиб туради. Суратларда асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари билан боғлиқ жой ва буюмлар, жумладан, Макка ва Мадина тасвирлари келтирилган. Асар сунний исломда Қуръони каримдан кейин энг кўп тарқалган манбалардан бирига айланган.

Олим китобнинг Марказий Осиё бўйлаб тарқалиш траекторияси ва хронологиясига оид қимматли маълумотлар билан ўртоқлашди. Шунингдек, ҳудудга тегишли қўлёзмаларнинг Малайзия Ислом санъати музейи ва Берлин Ислом санъати музейидаги нусхаларига алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, Малайзияда асарнинг 27 қўлёзма нусхасидан иборат коллекция тўпланган. Шундан тўрттаси Марказий Осиё ҳудудида кўчирилган. Ҳудудда шу пайтгача аниқланган илк нусхалар сирасига кирувчи бу қўлёзмаларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам минбари ва у зот дафн этилган хонанинг расмлари ҳам бор.

Берлиндаги нусха Ниёз Муҳаммад Хўқандий томонидан 1891 йилда кўчирилган бўлиб, унда турли хаттотлик услубларидан фойдаланилган. Қўлёзмада Мино водийси тоғлари ҳам тасвирланган.

Франциялик тадқиқотчи қўлёзмалардаги ёзувлар, тасвирлар, ишлатилган ранг ва безакларни батафсил шарҳлаб, асарнинг Марказий Осиёдаги нусхалари Ўзбекистонда қўлёзмаларни тадқиқ этиш бўйича талай ишлар қилиниши лозимлиги, чиғатой ва форс битикларидан ташқари, араб матнлари ҳам олимлар эътиборига лойиқ эканини таъкидлади.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …