Миллий маданий марказлар Ўзбекистонда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг миллий маданий эҳтиёжларини қондиришга, урф-одат, анъана ва қадриятларини сақлаб қолиш ҳамда кейинги авлодга етказишга хизмат қилади. Мамлакатимизда мавжуд маданий марказлар Ўзбекистон Республикаси амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ҳамда ўз низомига асосланган ҳолда қонуний фаолият кўрсатиб келмоқда. Миллий-маданий марказларнинг ўзига хослиги шундаки, улар муайян миллатга хос бўлган миллий маданият, тил, урф-одат, қадрият, анъана ва маросимларни ўрганиш, сақлаб қолиш ва ривожлантиришдан манфаатдордир. Миллий маданий марказлар Ўзбекистон фуқароларини ихтиёрий равишда бирлаштиради.
Мамлакатимиздаги дастлабки миллий-маданий марказлар корейслар, қозоқлар, яҳудийлар, арманлар томонидан 1989 йилда тузилди [3]. Бу марказларнинг чинакам ривожланиши ва равнақ топиши мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан кейин бошланди. Мустақиллик йилларида уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имконият яратилди. Агар 1992 йил 10 та миллий-маданий марказ иш олиб борган бўлса, 1995 йилда уларнинг сони 72 тага, 2003 йилга келиб эса 135 тага етди. Бугунги кунда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мамлакатимизда фаолият юритаётган 150 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти ва хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда [4]. Улар республика маданий марказлари, вилоят, шаҳар ва туман маданий марказларидан иборат.
Ўзбекистон Республикасида яшовчи турли миллат вакилларини ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва маданий жараёнларга фаол иштирок этишини таъминлаш – миллий-маданий марказлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шунингдек, марказлар миллатларнинг хорижий мамлакатлардаги миллатдошлари билан дўстона ҳамкорлик қилиш, маданий-маърифий алоқалар ўрнатиш ва уларни ривожлантиришни ҳам амалга оширади. Республика байналминал маданият марказининг асосий вазифалари мамлакатимиз фуқаролари орасидаги ҳамжиҳатлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш ҳисобланади. Мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар қуйидаги фаолият турларини амалга оширади: а) мусиқа ва театр студияларини, она тили, тарих, ёзув, адабиёт, халқ оғзаки ижоди, театр ва рассомчилик санъати, миллий урф-одатлар ва ҳунармандчилик, миллий спорт ва ўйинлар турларини ўрганиш бўйича ўқув гуруҳлари ва якшанба мактабларини амалдаги қонунчиликка мувофиқ тузади; б) миллий маданият, миллий тил; миллий санъат турлари ва миллий урф-одатларни ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, фестиваллар ва учрашувларни; в) хор ва бадиий жамоаларни ташкил этади.
Миллий-маданий марказлар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги қарори [5] билан ташкил этилган Республика байналминал маданият маркази мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикасида миллий маданият марказларини ташкил этишдан мақсад миллий маданият, тил, урф-одатларни сақлаш ва ривожлантиришни ўрганиш бўлиб, Республикада яшовчи ҳар бир миллатнинг урф-одати ва анъаналари, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун республика ҳудудида миллий-маданий марказлар ташкил қилишдан иборат. Бу собиқ совет даврида миллатлараро муносабатлар соҳасига етарлича эътибор қаратилмаганидан эди. Бу даврда собиқ Совет ҳукумати томонидан ягона давлат, ягона халқ ғояси илгари сурилди. Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда миллий сиёсатда бирёқламалик бўлиб, миллий маданият масаласи бирорта ҳам иттифоқдош республикада ҳал этилмаган эди. Ҳар доим миллий масалага собиқ Марказ томонидан бир ёқлама ёндашилган эди. Маданият ҳақидаги фикрлар собиқ СССР Конституциясида тушунтирилган бўлсада, амалда улар исботланмаган. Шунинг учун ҳам миллий маданиятни қайта тиклаш, ривожлантириш ва сақлаб қолиш мустақилликка эришганимиздан сўнг давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, маданият ва санъат муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида концепция тасдиқланди [6].
Ҳозирги кунга келиб, Марказий Осиё мамлакатларидаги барча халқлар ўз маданий меросларини сақлаб қолишга катта эътибор бермоқда. Бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Исроил, Болтиқбўйи давлатлари, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 20 та мамлакатда ватандошларимизнинг 158 та ташкилоти фаолият юритиб келмоқда. Улар «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Телерадио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар ўндан ортиқ тилда чоп этилмоқда. Бу ерда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари «Ўзбекистон – умумий уйимиз!» шиори остида бирлашиб, тўй-маросимлар, турли байрамларни биргаликда нишонлайди. Энг асосийси, барча қардош ва биродар ватандошларнинг миллий урф-одатларини асраб-авайлаш учун зарур шароит яратилган. Бугунги кунда миллий маданий марказлар халқ дипломатияси, яъни мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, қўшни мамлакатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Жаҳонда авж олаётган глобаллашув таъсирида одамлар ҳаёти, дунёқараши ва турмуш тарзи тез ўзгариб бормоқда.
Маданият намуналари кенг халқ оммаси томонидан механик тарзда эмас, балки ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган энг илғор кишилар, зиёлилар, илм-фан аҳллари томонидан яратилади. Шунингдек, жамиятнинг асосий кўпчилик қисми эса маданиятнинг илғор намуналарини ўзлаштиради, бу эса миллатлар ўртасидаги тотувликни таъминлайди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан саналади. Бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлаб, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки жаҳонда диний бағрикенглик, диний конфессиялараро ўзаро ҳурмат ва бир-бирини тушуниш ҳаётий тамойилга айланмоқда. Бу борада мустақилликнинг дастлабки кунларидан олиб борилган одилона сиёсатнинг самараси, шунингдек, халқимизнинг юксак фазилати сабаб бугун барча миллат ва дин вакиллари юртимизда тинч ва аҳил ҳаёт кечирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётда ўзининг тўлиқ ифодасини топди»[7].
Марказий Осиё минтақаси халқлари Ўрта асрларда дунё илм-фани ва маданияти ривожига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатган бўлса, янги асрда дунё маданий ютуқларидан салмоқли фойдаланишга интилмоқда. Мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда туб ислоҳотларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «илғор мамлакатлар халқларининг маданий ютуқларини кенг тарғиб этадиган ижодкор зиёлиларнинг шаклланишига боғлиқдир»[1].
Демократик жамият турли миллат ва халқлар, ижтимоий гуруҳлар ва синфлар ўртасидаги ҳамкорлик, ўзаро таъсир муносабатлари асосида ривожланади. Халқлар орасида турлича маданиятнинг вужудга келишида табиий-географик шароит, иқлим, меҳнатни ташкил этиш усуллари муҳим роль ўйнайди. Миллий маданиятдаги индивидуаллик, ўзига хосликка ҳаддан ташқари кўп урғу бериш охир-оқибатда миллий маҳдудликка, жаҳон цивилизациясидан узилиб қолишга, оқибатда турли миллатлар ўртасида ихтилоф келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Мулкчилик муносабатларининг хилма-хиллиги турли ижтимоий гуруҳ ва синфлар маданиятида ўзига хос тафовутни келтириб чиқаради. Шаҳар ва қишлоқ маданияти, зиёлилар ва омма маданиятининг бир-биридан фарқланиши бежиз эмас. Бундай тафовут меҳнатни ташкил этиш усуллари, турли мулкчилик муносабатларининг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиб, бу тафовутларни сунъий равишда кучайтириш ҳам, уларни зудлик билан йўқотиш ҳам жамият учун салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Ижтимоий мобиллик (ижтимоий синф ва гуруҳларнинг ҳаракатчанлиги ёки мослашувчанлиги) бозор муносабатлари шароитида объектив равишда амал қиладиган қонуниятдир. Бу касб этикаси, ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштиришда қанчалар муҳим аҳамиятга эга бўлса, турли синф ва ижтимоий гуруҳлар маданиятининг ўзига хослигини билиш, идрок этиш ҳам жамиятдаги турли қатламларнинг интеграллашувида муҳим аҳамият касб этади. Эмил Дюркгейм таъкидлаганидек, «меҳнатнинг ижтимоий тақсимланиши жамият аъзолари орасидаги бирдамликнинг янада мустаҳкамланиши учун пухта замин яратади. Янгидан-янги касб ва мутахассисларнинг пайдо бўлиши ижтимоий гуруҳ ва қатламлар ўртасидаги алоқадорликни янада кучайтиради»[2].
Сўнги йилларда жамиятимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётгани сезилмоқда. Айниқса «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги», «тотувлик» сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бормоқда. Ана шундай тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Миллий тотувлик таъминланган давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шароит ва имкониятлар яратиб бериш муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этади.
-
Каримов И.А. Асарлар. 6- жилд. – Т.: Ўзбекистон.
-
Жўраев Н. Ўзбекистон тарихи (Миллий истиқлол даври) 3-китоб. – Т.: Шарқ, 2011. – Б. 433, 439.
-
Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Биринчи жилд. – Т.: 2000.
-
https://dunyo.info/uz/site/innerslugmilliy_madaniy_markazlar_faoliyati/
-
https://lex.uz/docs/-366853?ONDATE=13.01.1992.
-
https://xs.uz/uz/post/ozbekiston-respublikasida-millij-madaniyatni-yanada-rivozhlantirish-kontseptsiyasini-tasdiqlash-togrisida.
-
https://gov.uz/oz/news/view/9078.