Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда қўшничилик ҳақлари ва одоблари

Исломда қўшничилик ҳақлари ва одоблари

Халқимиз қадимдан юксак қадрият ва урф-одатларига содиқ миллатдир. Шу сабабли бу табаррук заминда инсонлар бир жамоа бўлиб, қўни-қўшничилик ришталарини муқаддас билган ҳолда яшаб келмоқда. Бу эса миллат ҳамжиҳатлиги ва фаровон ҳаётнинг асосий омилидир. Қўшнилар деганда беихтиёр, уйида тўй-маросим ва хурсандчилик бўлса, бутун маҳалла хизматга шай турадиган, катта-ю кичик ҳурмат-иззат қилинадиган, ажиб бир файз ва осудалик уфуриб турадиган муҳит кўз-ўнгимизда намоён бўлади. Бундай вазиятларда қўни-қўшнилар аҳил-иноқ бўлиши, қўни-қўшничилик ҳақларини адо этиши даркор. Бу борада динимизда ҳам бир қанча кўрсатмалар мавжуд.

Ислом дини оиладаги ўзаро муносабатларни ва бошқалар билан бўладиган муомалаларни ҳам одоб-ахлоқ доирасида бўлишга тарғиб этади. Ана шундай ришталардан бири бу қўшничилик алоқаларидир. Қўни-қўшничилик мартабаси шундай улуғ мақомга кўтарилганини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларида бўлган бир ҳодисадан ҳам англаш мумкин. Аллоҳ таоло билан пайғамбарлар ўртасида элчилик вазифасини бажарган Жаброил алайҳиссалом ҳақида ҳаммамиз биламиз. У Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга қўшничилик ҳақлари ҳақида бир неча бор васият қилган. Ҳаттоки, бу васиятлардан Пайғамбар алайҳиссалом яқинда ваҳий орқали қўшнилар бир-биридан мерос ҳам олса керак деб ўйлаб қолганлар.

Қуръони каримда қўшниларга яхшилик қилиш ҳақида бундай деб марҳамат қилинган: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга яхшилик қилингиз! Шунингдек қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшнига … яхшилик қилингиз”[1]. Демак, оятдан олинадиган хулоса шуки, Аллоҳ таоло қўшниларга муносабатни яхши қилиш керак экани ҳақидаги буйруғини ибодат даражасига кўтарган. Бу эса, уларнинг ҳаққи нақадар юксак аҳамиятга эга эканига ишорадир.

Қўшничилик ҳақлари деганда улар бир-бири билан кўришганда, аввало, саломлашиши, ҳол-аҳвол сўраши, қийинчилик етганда ёрдами ва эҳсонини аямаслиги, бемор бўлиб қолганда зиёратига шошиши, мусибат етганда таъзия билдириши, шунингдек, бахтли кунларида ёнида бўлиши, камчиликларини яшириши, энг муҳими, уларга қўли ва тили билан асло озор бермаслиги лозим.

Али ибн Абу Толиб ўз амакиси Аббосга: “Эй амаки, биродарларингиздаги олижаноблик ва карамдан нима қолди?”, деб сўради. Шунда Аббос: “Ёру дўстларга мурувват қилиш ва қўшнига озор бермаслик”, деб жавоб берди[2]. Шундай экан, яқинларга мурувватли бўлиш ва қўшниларга озор бермаслик юксак фазилат. Бундай фазилат соҳиблари нафақат қўшнисига озор бермайди, балки ундан содир бўладиган хато ва камчиликларга кўз юмиб, унинг азиятларини кечиради.

Ҳасан Басрий айтади: “Чиройли қўшничилик азият бермаслик эмас, балки азиятга сабр қилишдир”.

Аллоҳ таоло барчамизни ёру биродар, қўни-қўшнилар билан чиройли муомалада, аҳилликда ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин!

[1]Нисо сураси, 36-оят.
[2]Одилхон қори Юнусхон ўғли. Қўшничилик ҳақлари ва одоблари. Тошкент ислом университети нашриёт матбаа бирлашмаси. – Тошкент; 2012. – Б. 24
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …