Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Семинар мунозаралар майдонига айланди

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида ўтказилаётган семинар-тренинг давом этди.

Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан таълим, фан ва маданият муассасалари олим ва тадқиқотчилари, Марказ илмий ходимлари ва Франция, Туркия ҳамда Қирғизистондан келган олимлар иштирокида ўтган анжуманнинг иккинчи куни қўлёзмаларни тадқиқ этишга оид назарий қисм билан бошланди. Унда қўлёзмаларнинг кичик, ўрта ва йирик форматларига кенг ўрин ажратилди. Таъкидланишича, улардан энг кўп тарқалгани ўрта форматлар бўлиб, кўпроқ Қуръон намуналари ушбу формат тоифасига киради. Фойдаланиш қулайлиги учун ушбу формат кенг оммалашган.

Семинарнинг асосий тренери Мари Эфтимию Қуръон қўлланмаларига ҳам алоҳида тўхталди. Уларнинг икки, яъни ҳаттотлар томонидан ва таълим жараёнида талабалар томонидан кўчирилган турлари мавжуд бўлиб, қоғоз сифати, ҳуснихат ва бошқа жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Тадқиқотчи Қуръоннинг юртимиз фондларида сақланаётган нусхалари ҳақида тўлиқроқ маълумот берди. Мураббий Ўрта Осиё қўлёзмаларига хос бўлган талабларнинг тавсифи, уларнинг вужудга келиш тарихи ва бугунги кундаги реставрация ишларида тутган ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Тренинг асосий қисми назарий машғулотлардан иборат бўлди. Иштирокчилар Марказ фондида сақланаётган қўлёзма нусхалари мисолида манбаларни кодикологик жиҳатдан ўрганиш амалиётини бажарди. Бунда қоғознинг тайёрланиши, бу жараён натижасида қолган излар, қоғоз таркиби, тикилиши, муқовалаш шакллари, қай даврга мансублиги визуал тарзда ўрганилди.  

Куннинг иккинчи ярмида семинар ўз ишини Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида давом эттирди. Унинг асосий қисмида музейнинг реставратор ходимлари қўлёзмаларни тиклаш бўйича тажрибаларини баён қилди. Иштирокчилар музей фаолияти ва унда сақланаётган экспонатлар ва қўлёзмалар билан яқиндан танишди.

Семинар чин маънода қизғин мунозаралар панелига айланди. Унда иштирокчилар назарий ва амалий билим ва кўникмалар орттириш билан бирга иш тажрибасида касбий фаолиятга доир учраётган тўсиқ ва муаммолар ҳамда уларнинг ечимларини атрофлича муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.

Иштирокчиларга ташкилотчиларнинг тегишли сертификатлари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …