Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият онг, дунёқараш, маънавий камолот, ахлоқий етуклик нуқтаи назаридан рақамлашган дунё билан тенглаша олмаяпти. Масалага тасаввуф таълимотининг энг тараққий этган даври – X-XII асрлар призмасидан қараладиган бўлса, инсоният келажаги маънавий қашшоқлик, фикрсизлик, ахлоқий тубанлик, нигилизм, геноцид каби хатарли натижа билан якунланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун илм, ахлоқ ва маънавиятни уйғунлаштирган тасаввуф оламини янгидан кашф этиш бугунги кун заруратидир. Зеро, тасаввуфда инсонга муҳаббат, ҳаётга ташналик, қалб гўзаллиги, ахлоқий камолот, пок ишқ, маърифат, футувват ва жавонмардлик каби олижаноблик, вафо ва садоқат каби маънавий қадриятлар мужассам.

Тасаввуф яхлит дунёқараш бўлиб, диний тамойиллар дунёвийликни, дунёвий тамойиллар динийликни инкор этмайди, аксинча, моддийлик ва илоҳийлик, дунёвийлик охират билан чамбарчас боғлиқ, ҳадисга таянган ҳолда, дунёни “охиратнинг экинзори” деб талқин этади.

Истиқлол туфайли мамлакатимизда барча соҳалар каби илм-фанда ҳам тубдан ўзгариш даври бошланди. Бу фалсафа тарихи, шунингдек, тасаввуф таълимотини янгича руҳ ва аспектларда тадқиқ этиш имконини берди. Тасаввуф таълимоти ҳақида ёзиш ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаш, ақлий-назарий мушоҳадакорлик ҳамда ҳиссий-образли тафаккурни талаб этади. Тасаввуфни англамасдан туриб, миллий маънавият тарихи, Шарқ фалсафаси, адабиёти ва маданиятини мукаммал ўрганиб бўлмайди. Бу борада илк қадам ташлаган тасаввуфшунос олим ва таржимон, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов[1] бўлди.

Нажмиддин Комиловнинг Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот ҳақидаги тадқиқотларида тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган[4:272]. Олим таржима назарияси, қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалаларини таҳлил этишда юксак профессионал салоҳият намунасини кўрсатган. Устоз матншунослик ва адабий жанрлар тараққиёти билан боғлиқ масалаларни фалсафий талқин қилиб, тасаввуф тарихи, асосий йўналишлари, тариқат, шариат, ҳақиқат истилоҳларининг мазмунини содда тилда тушунтириб берган. Нажмиддин Комилов тадқиқотларида Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Ибн Арабий, Азизиддин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд Машраб каби мутасаввифлар илгари сурган ғоялар мазмун-моҳиятини очиб берган.

Олим Шарқ мумтоз адабиёти билан замонавийликни уйғунлаштирган илоҳиёт, араб, форс тиллари ва адабиётини асл ҳолида шарҳлаб бера олган [3]. Фалсафа ва бадиий ижод уйғунлиги акс этган “Ибн Сино ва Данте” асарида Шарқ ва Ғарбнинг адабий алоқаларини даврлаштирган.

Устоз Н.Комиловнинг таржимашуносликдаги ўзига хос маҳорати Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома”, Султон Валаднинг “Маориф”, Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ” ва Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний”[8] каби асарлар таржимасида яққол намоён бўлган.

Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб, унда тўрт фазилат, яъни яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маърифат[1:5] мужассам бўлишини айтган. Олим асарларида акс этган поклик, тўғрилик аслида устоз сийратида жилваланиб, китобхонлар кўнглини нурга тўлдирган.

Устоз Нажмиддин Комиловнинг тасаввуф фалсафасига доир нуқтаи назари ҳам диққатга сазоворки, тасаввуф, бир томондан диний, иккинчи томондан, фалсафий-ирфоний қарашлардан озиқланган ўзига хос таълимот ва ахлоқий тамойиллар мажмуидир. У инсон руҳияти эрки, инсон ички олами, ҳислари парвозини ифодалаб, Шарқ фалсафий тафаккуридан муҳим ўрин эгаллаган, маънавиятимизни бойитишда улкан ҳисса бўлиб қўшилган эзгу ғоялар, нажиб ҳикматлар силсиласидир[5:250].

Устоз эътироф этганидек, тасаввуфни шеър билан баён этиш – фалсафани, илоҳиётшуносликни шеърга солиш демак. Шу боис, тасаввуфий адабиётни том маънодаги фалсафий адабиёт дейиш ўринли. Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ибн Арабий, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Абдулқодир Бедил Шарқнинг буюк файласуфларидир. Лекин уларнинг барча ирфоний асарлари назмда битилган.

Ирфоний асарларни икки қисмга ажратиш мумкин: бир қисмида тасаввуф таълимоти суфиёна истилоҳлар орқали баён этилган бўлиб, Абдулмажид Саноийнинг “Ҳадиқат ул-ҳақойиқ”, Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз”, Бедилнинг “Муҳитул аъзам”, Саййид Қосимийнинг “Ҳақиқатнома”, Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул ожизин”, Бобожон Саноийнинг “Канзул маориф” каби асарларида мужассам. Бу асарлар асрлар оша мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган.

Иккинчи қисм адабиётларда тасаввуфга доир қарашлар кечинма, ҳаяжон, важд, илоҳий ишқ тараннуми орифона тимсоллар, рамзлар ва мажозлар орқали ифодаланган. Абулмажид Саноийнинг “Сайрул ибод”, Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома”, “Булбулнома”, “Уштурнома”, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”, Хусрав Деҳлавийнинг “Матлаъул анвор”, Алишер Навоийнинг “Ҳайратул аброр”,  “Лисонут тайр” каби асарлари тасаввуфнинг бадиий интерпретациясидир.

Устоз Нажмиддин Комилов тасаввуф ғояларининг жамият ҳаётидаги ўрнига жиддий эътибор қаратиб, у маънавиятнинг ўзак-негиз экани, ислом моҳияти ва маърифатини англаш, бир ярим минг йиллик маданият тарихи бебаҳо қадриятларини ўрганиш учун “калит” бўлишини алоҳида таъкидлаган.

Олим Ўзбекистонда тасаввуфшунослик мактабини яратиб, илм-фан, адабиёт, тасаввуф таълимоти ривожига катта ҳисса қўшган. Адабиёт, фалсафа, тарих, манбашунослик каби йўналишларда юздан ортиқ шогирдлар етиштириб, уларнинг қалбида илмга муҳаббат уйғотган. Устознинг тасаввуфшуносликни фалсафа йўналиши бўйича шогирдлари фалсафа фанлари докторлари Ж.Холмўминов[6] ҳамда З.Исақова[2] лардир.

Нажмиддин Комилов тасаввуфга доир ҳар бир илмий тадқиқот ишининг биринчи тақризчиси бўлган. Кейинги йилларда Шарқ фалсафаси, тасаввуф ва унинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш бўйича кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди. Бу каби тадқиқотлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Издошлик анъаналари ҳақида сўз кетганда, таниқли файласуф олим, фалсафа фанлари доктори Жаъфар Холмўминовнинг илмий-ижодий фаолияти мақтовга сазовор. Олим жаҳон динлари тарихи, ривожланиш босқичлари эволюцияси жараёнида уларнинг ғоявий асосларини тасаввуф фалсафаси кесимида қиёсий таҳлил этган. Ж.Холмўминов фалсафа, қиёсий диншунослик, исломшунослик, манбашунослик, тарих, адабиётшунослик, тилшунослик, психология, социология ва этнология фанларининг туташ нуқталарида ҳосил бўлган янги фан – қиёсий тасаввуфшуносликка[7:266] асос солди. Бу тасаввуф фалсафасининг генезиси, эволюцияси, праксиологияси билан боғлиқ масалалар тадқиқини бутунлай янги ўлчов, танқидий ёндашув, илмий мушоҳада ва мантиқий хулосалар асосида тизимли ўрганиш имкониятини кенгайтиради. Олим тасаввуф фалсафасининг мазмуни ва моҳиятини яхлит ҳолда очиб берган. Қиёсий тасаввуфшунослик ўз таркибига тасаввуф тарихи, манбашунослиги, терминологияси, фалсафаси, тасаввуф фалсафаси герменевтикаси, тасаввуф адабиёти ва тасаввуф адабиёти герменевтикасини қамраб олган. Фикримизча, бу таркибий қисмлар тасаввуф теологияси, этикаси, эстетикаси, социологияси, аксиологияси, психологияси ва қиёсий тасаввуфшуносликка доир тадқиқотларнинг янги поғонага кўтарилишини таъминлайди. Олим тасаввуфнинг назарий асоси Қуръони карим ва ҳадиси шариф, дин пешволари ва уламоларининг ғоялари бўлса, амалий манбалари Аллоҳ Расулининг суннати, ундан келиб чиқадиган саҳобалар одоби, хатти-ҳаракатлари, дин пешволари ва уламолари фаолияти, феъл-атвори, юриш-туриши экани, тасаввуф эса ана шу икки йўналишнинг туташган нуқтаси, деб ҳаққоний белгилаган.

Бугунги кунда ўзбек тасаввуфшуносларининг зиммасида қандай вазифалар турибди?

Биринчидан, олимнинг тасаввуфшуносликдаги анъаналарини давом эттириш, устоз шахсининг ибратли томонларини тадқиқ этиш ва ёш тадқиқотчилар, талабалар ўртасида кенг тарғиб этиш долзарб вазифа ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистонда тасаввуф университети ҳамда Нажмиддин Комилов мактаби ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, тасаввуфий-ирфоний асарларни тушуниш, тушунтириш ва тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Маънавияти юксалган жамиятнинг келажаги фаровон бўлади. Маънавият юксалиши учун орифлар ҳаёти, ҳикматли сўзлари, фаолияти, асарларидан баҳраманд бўлиш, инсонийлик қиёфасини сақлаб қолиш, одамийлик ва саховатпешалик фазилатларини намоён этиш, комиллик сари интилиш зарур. Бунинг учун моддийлик ва маънавият уйғун бўлиши лозим. Маънавият ва камолот ҳақидаги ҳикматлар қорни оч одамнинг қулоғига “нон” деб киради. Халқ қорни тўқ бўлганидан кейин китоб ўқишга вақт топади, аксинча, умри бир парча нон топиш учун ўтадиган халқнинг китоб ўқишга вақти ҳам, имконияти ҳам бўлмайди. Адолат барқарор жамиятда инсон бир парча нонни ҳалол топиш ва вақтини илм олишга сарфлайди.

Учинчидан, тасаввуф Шарқ менталлиги ва маънавияти билан чамбарчас боғлиқ. Тасаввуфга яқинлашиш учун уни севиш, тасаввуфга доир асарларни ўқиш лозим. Бу ўз навбатида, ўқувчидан тил ўрганишни, мукаммал изоҳли луғатлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлишни, тафаккур тарзи, дунёқараши кенг бўлишни талаб этади. Бунинг учун тасаввуфга доир кенг кўламли тадқиқотларни кўпайтириш, мукаммал изоҳли луғатлар, энциклопедиялар, тасаввуфга оид асарларнинг шарҳли нашрларини амалга оширишни тақозо этади.

Тўртинчидан, тасаввуф алломалари ўз асарларини кутубхоналарнинг қоронғи хоналарида сақланиши ёки қўлёзмалар фондида “олтин фонд” сифатида сақланиши учун ёзмаган. Уларнинг бу асарларни ёзишдан мақсади келажакни янада такомиллашган ва ахлоқий етук ҳолда кўриш эди. Аждодлар маънавий мероси тадқиқотчи ва изланувчиларга муҳтож. Бунинг учун тил билиш кўникмаларини кучайтириш, тарих, фалсафа, манбашунослик, адабий таҳрир каби мукаммал билимларга эга бўлиш лозим. Тасаввуф маънавият булоғи, устоз Нажмиддин Комилов таъбири билан айтганда, Хизр чашмасидир. Ундан қанчалик қониб ичган инсон шунчалик маънавий юксалади.

Хуллас, тасаввуф алломалари ўз даври учун тўғри бўлган ўзига хос ғоялар мажмуини кашф этган. Бугуннинг вазифаси бу ғояларни замонга кўр-кўрона кўчириш эмас. Башарият бугун ҳикматга муҳтож. Миллати ва динидан қатъи назар, ўз ҳаёт йўли ва мақсадини йўқотиб қўйган ҳар бир инсон қалбининг илоҳийлигини англаш орқали орифлар билимидан фойдалана олади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясининг миллий дастури учун “ирфонийлик ва дунёвийлик” тамойилини таълим муассасаларига жорий этиш ва маънавий-маърифий ишларни шу асосда йўлга қўйиш бугуннинг талабидир.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Азизиддин Насафий. Зубдат ул-ҳақойиқ / Форс-тожик тилидан Н.Комилов таржимаси. – Т.: Камалак, 1995. – Б. 5.
  2. Исҳоқова З. Тасаввуф таълимотида орифлик ва валийлик талқини. Монография. – Т.: Аbu matbuот-konsalt, 2011. – Б. 296. Шайх Нажмиддин Кубро. – Т.: O‘zbekiston, 2013. – Б. 136.; Машраб. – Т.: O‘zbekiston, 2015. – Б. 128.; Комиллик калити. Монография. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2016. – Б. 252.; Shayx Najmiddin Kubro. – Т.: O‘zbekiston, 2016. – Б. 136.; Хожа Аҳрор Валий. – Т.: O‘zbekiston, 2017. – Б. 168.; Сўфи Оллоҳёр. – Т.: O‘zbekiston, 2018. – Б. 145.; Ирфон фалсафаси. Монография. – Т.: Фан зиёси, 2022.; Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асаридаги тасаввуф истилоҳларининг изоҳли луғати. – Наманган: 2023.
  3. Комилов Н. Дўстлик кўприклари. – Т.: Фан, 1979.; Ибн Сино ва Данте. – Т.: 1983.; Бу қадимий санъат. – Т.: Фан, 1988.; Тафаккур карвонлари. – Т.: Маънавият, 1999.; Нажмиддин Кубро. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1995.; Тасаввуф. Биринчи китоб. – Т.: Ёзувчи, 1996.; Тасаввуф. Иккинчи китоб. Тавҳид асрори. – Т.: Ғафур Ғулом, 1999.; Фақр нури порлаган қалб. – Т.: 2001.; Хизр чашмаси. – Т.: 2005.
  4. Комилов Н. Тасаввуф ёхуд комил инсон ахлоқи. I китоб. – Т.: Ёзувчи, 1996. – Б. 272.
  5. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009. – Б. 250.
  6. Холмўминов Ж. Жомий ва ваҳдатул вужуд таълимоти (Монография). – Т.: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, 2008. – Б. 236.; Dschami in Europa (Жомий Европада (Рисола). Немис тилига А.Раҳмонов таржимаси). – Т.: Yangi nashr, 2016. – Б. 28.; Нақшбандия таълимоти ва Марказий Осиё халқлари маънавий бирлиги (Рисола). – Т.: Янги нашр, 2018. – Б. 28.; Ваҳдатул вужуд фалсафаси ва Нақшбандия таълимоти (Ибн ал-Арабий, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Аҳрор Вали ва Мавлоно Абдураҳмон Жомий қарашлари асосида). (Монография). – Т.: Tafakkur, 2020. – Б. 324.: Хожа Муҳаммад Порсо Бухорий. Ҳаёти ва фалсафий-ирфоний мероси (Рисола). – Т.: Tafakkur tomchilari, 2020. – Б. 44.; Қиёсий тасаввуфшунослик. – Т.: ТДШИ, 2021. – Б. 266.
  7. Холмўминов Ж. Қиёсий тасаввуфшунослик. – Т.: ТДШИ, 2021. – Б. 266.
  8. Ҳусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлик тариқати. Форс тожик тилидан Нажмиддин Комилов таржимаси. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. – Б. 112.; Комил инсон ҳақида тўрт рисола / Форс-тожик тилидан Н.Комилов таржимаси. – Т.: Маънавият, 1997. – Б. 280.; Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома / Таржима, талқин, тафсир муаллифи Н.Комилов. – Т.: Ёзувчи, 1994. – Б. 96.
[1] Нажмиддин Комилов (1937 йил 5 октябрь, Панжикент тумани, Тожикистон – 2012 йил 26 апрель Тошкент) адабиётшунос олим, филология фанлари доктори (1975), профессор (1991). Ўзбек тасаввуф мактаби анъаналари асосчиси.
ЗАМИРАХОН ИСАКОВА,
Наманган давлат университети  профессор в.б.,
фалсафа фанлари доктори (DSc)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …