Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни каттадир. Инсон Аллоҳ томонидан мукаррам қилиб яратилди, унга саноқсиз неъмат ва туганмас яхшилик берилди. Бу билан бошқа яратилган махлуқотлардан афзал қилинди. Шу билан бирга, Аллоҳ бандалар шукур қилса, уларга неъматларини зиёда қилишни ваъда қилди, итоат этса, бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигини кафолатлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Иброҳим” сураси 7-оятида: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни) яна зиёда қиламан. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилган. Шукур қилган инсон ҳам жисмонан, ҳам моддий, ҳам маънавий-руҳий томондан камол топади. Нақшбандия таълимотида ҳам инсон камолоти учун шукур, зикр ва фикр асосийлиги таъкидланган.
“Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” асарида Нақшбандия таълимоти асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389)нинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Ҳар бир машойихнинг ойнасида икки томон бор, бизнинг ойнамизда эса олти томон. Қирқ йилдирки, биз ойнадорлик қиламиз, вужудимиз ойнаси ҳеч қачон хато қилган эмас. Ҳар вақт сенинг кўнглингдан нимаики ўтса, биз уни бехато кўрамиз”. Қутбул авлиё Абдул Қуддусдан нақл қилинишича, у айтган экан: “Хожамиз (қадасаллоҳу сирраҳул азиз)нинг сайри осмон ва ернинг барча табақаларига жорий эди” [1:141]. Манбадаги бу сўзлардан маълум бўладики, Баҳоуддин Нақшбанд 71 йил умр кўрган бўлса, 31 ёшида камолот даражаси шундай юксакликка эришганки, бутун вужуди кўзгуга айланган ва олти томон – орқа, олдин, ўнг, чап, юқори ва пастни ҳам бехато кўра олган. Бу улуғ инсоннинг руҳи сайри осмон ва ернинг барча қаватларида бўлган. Биз бу даражага етишнинг сири нима эканини аниқлаш учун манбаларга мурожаат этдик ва натижада асоси шукроналикда деган хулосага келдик. Чунки шукур қилган инсон ўн саккиз минг оламдаги ижобий қувватлар билан боғланади ва улардан файз олади.
Буюк физик олим Исаак Ньютон бутун олам тортишиш қонунини яратиб, моддий нарсаларнинг механик тортиши ҳақидаги ғояни кашф этган. Фалсафадаги метафизик ёндашув асосида таҳлил қилсак, инсондаги руҳий қувват ҳам ўзига уйғун қувватни тортади. Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа азиз авлиёларга бу илоҳий, руҳий қонуният аён бўлган ва улар ҳамиша яхши ишларни қилиб, эзгу ният билан юрган. Демак, Баҳоуддин Нақшбанд ва валийлар Исаак Ньютондан олдин бутун олам тортишиш қонунини мукаммал кашф қилган. Улар бутун олам тортишиш қонунини фақат моддий заррачалар орасида механик амал қилинишини эмас, балки маънавий-руҳий қувватлар тебраниши ва ҳаракатларида ҳам амал қилишини кашф этган. Шунинг учун ҳам шукроналик бутун оламдаги ижобий қувватга таъсир этиб, акс таъсирни ҳосил қилади. Инсон шукроналик ҳолатида илоҳий нур, файз, раҳмат ва марҳаматдан баҳраманд бўла олади.
Манбада ёзилишича, Баҳоуддин Нақшбанд умри давомида фақат эзгу ишларни амалга оширган ва шундай қила олгани учун шукрона келтирган. Нақл қилинишича, Баҳоуддин Нақшбанд бундай деган экан: “Бухорода эдим, Сайид Амир Кулолнинг шариф суҳбатларига кўнглимда майл пайдо бўлди. Насафга йўл олдим. Етиб келганимда улар менга дедилар: “Эй ризожўй фарзанд, айни вақтида келдинг, хумдонни тахт қилиб қўйганман, аммо ўтин йиққани одам йўқ”. Мен бу ишоратга шукур қилдим ва ўтинни орқамга кўтариб, хумдоннинг олдига олиб келдим”.
Байт:
Мазмуни:
Манбадаги бу нақлдан маълум бўладики, Баҳоуддин Нақшбанд кўнглидаги устози Амир Кулолга пайдо бўлган майл моҳиятини фаросат илми [2] билан англаган ва устозининг уйига борган. Ҳазрат Амир Кулол у кишига “ризожўй фарзанд” деб беҳудага айтмаган. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд ҳамма вақт бутун борлиқ ва коинот рози бўладиган амални қилишга шошилган ва шундай амалларни қила олгани, бировга эзгулик қилгани учун шукрона деган. Шунинг учун ҳам халқ у кишини эъзозлаб: Баҳоуддин – диннинг ёруғлиги, равшанлиги, Шоҳ Нақшбанд – инсонлар қалбига Аллоҳ нақшини боғловчилар шоҳи, Балогардон – Аллоҳ изни билан келаётган балоларни қайтаришга мадад берувчи инсон номлари билан улуғлаган [3:21-32]. Баҳоуддин устозига ўтин кераклигини билиб, шод-хуррамлик билан шукрона қилиб, Каъбанинг жамолини кўраётгандек ўтин тераётган пайтда, муғилён тиканлари у кишига ипакдек юмшоқ кўринган. Бу ҳолат таҳлили шуни кўрсатадики, инсон меҳнат жараёнида шукроналик билан ишласа, ўша иш унга завқ ва куч-қувват беради. Шукроналик билан устозига хизмати, бир томондан дуосини олишга сабабчи бўлса, иккинчи томондан Баҳоуддин руҳини ҳам юксакликка кўтариб, жисмига хотиржамлик бағишлаган. Кўриниб турибдики, шукроналик жуда катта илоҳий қувватга эга улуғ неъматдир.
Манбада нақл қилинишича, Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Қасри Орифонда масжид иморатига машғул вақтида муборак бошларида тупроқни масжид томига олиб чиқар ва қуйидаги байтни ўқир экан:
Мазмуни:
Манбадаги бу нақлдан маълум бўладики, Баҳоуддин Нақшбанд масжид қурилишидаги хизматини чин дилдан ва шукроналик билан қилган. Бу хизматни шараф деб билган. Шунинг учун ҳам бутун борлиқ ва коинот дуода бўлиб, Аллоҳ таоло раҳмати ва марҳаматини бу кишидан аямаган.
Манбада ёзилишича, Баҳоуддин Нақшбанд жуда оддий ва камтарона кун кечирган. Бу ҳақда у кишининг ўзи айтган қуйидаги байт манбада ёзилган:
Мазмуни:
Фақирона, моддий ҳолат у кишига ҳеч қандай таъсир қилмаган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳамиша завқ-шавқ билан Аллоҳ берганига қаноат қилиб, шукроналик билан яшаган. У кишининг бу ҳолатидан ўзи айтган қуйидаги икки байт гувоҳлик беради:
Мазмуни:
Ушбу машҳур мисралар у кишининг қалби Аллоҳ ишқи билан лиммо-лим экани ва берган неъматларига шукроналик билан яшашидан далолат беради.
“Мақомот”да Баҳоуддин Нақшбанд айтган қуйидаги сўзлар келтирилади: Камолот ва нисор аҳли Аллоҳдан файз олади ва висолга етувчи абадий умр топиб, бунинг шукрини адо қилмоқчи бўлса ҳам адо қилолмайди.
Мазмуни:
Баҳоуддин Нақшбанд ва у киши каби камолотга етган инсонлар Аллоҳнинг марҳамати, файзу баракотини ўзида ҳис қилган ва қанча шукур қилса ҳам унинг етарли эмаслигини англаган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларга раҳмат билан қараган ва баракотлари чексиз бўлган.
“Ҳар бир тавфиқ эгаси ўз нафсига қарши турмоғи ва бу ҳар қанча оз бўлса ҳам кўп билсин ҳамда бу тавфиқнинг шукрини қилсин”, [1:115] деган аллома. Баҳоуддин Нақшбанднинг бу ўгитлари Аллоҳ тавфиқи ва мададига шукур қилиш лозимлигини уқтирмоқда.
Шукроналик ҳалоллик ва покликнинг ҳам асосидир. Шукрона қиладиган инсон ҳалол луқмага қаноат қилади. Ҳалоллик эса тинчлик ва хотиржамлик асосидир [4:9-11]. Ҳалоллик ва шукроналик ғоялари шаклланишида Бухорои шарифнинг Етти Пири хизматлари каттадир [5:51-52].
Шукроналикнинг шаклланишида сабр-қаноатлилик фазилати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Социолог олим Мансур Бекмурадов “Фаросат илми” номли ўқув қўлланмасида одамлардаги қайси хусусият қандай феъл-атворга олиб келишини фаросат орқали билиш мумкинлигини тавсифлаб, сабр-қаноатлилик шукроналикка олиб келишини ёзган [2:173]. Дарҳақиқат, шукроналик фазилати сабр-қаноат билан мустаҳкам боғланган. Айюб алайҳиссалом ҳаёт йўллари бунга мисол бўла олади.
Шукроналик фазилати инсонни камолотга етказади. Ношукурлик инсонни жисман, маънан ва моддий томондан қашшоқлашишига, ўзгалар олдида қадрсиз ва ҳурматсиз бўлишига олиб келади. Шукроналик инсонни гўзал ва улуғвор бўлишига ёрдам берса, ношукурлик уни хунук ва паст инсонга айлантиради. Тасаввуф намояндалари инсонларни икки хил: нурий ва норийга бўлади. Нурий инсон эзгу ишларга камарбаста, илоҳий нурлар ёғилиб турган кишидир. Норий киши эса ҳасад, ғазаб, кибр оловида ёнадиган, ҳар бир бажарадиган ишини таъма қиладиган одамлардир. Шукронаси бор инсон юз-кўзидан нур ёғилиб туради, баракали бўлиб, ҳамиша холис хизмат қилади. Кўпнинг дуоси нуридан вужуди нурли бўлгани учун уларни нурий инсон дейиш мумкин. Аксинча, ношукур, залолат ва ғафлатда қолганлар норий одамлардир. Ношукурлик уларнинг жисми, қалби ва руҳини касал қилади.
Шукроналик руҳида тарбиялашда тасаввуфнинг Нақшбандия таълимоти ўрни каттадир. Бу таълимотдаги ўн бир рашҳа инсонни шукроналик руҳида тарбиялайди. Таълимотнинг биринчи рашҳаси “Ҳуш дар дам” ҳар бир дам, яъни ҳар бир нафасга шукур қилиш лозимлигини ўргатади. Шоир Садриддин Салим Бухорий “Ҳуш дар дам” рашҳасидаги ғоя таъсирида битилган Олмон адиби Гётенинг қуйидаги байтларини таржима қилган:
Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод” рисоласида: “Ё Аллоҳ, бизни шукрингни адо этувчи қил!”[6:53], деб илтижо қилгани ёзилган. Ҳазрат Алишер Навоий Шайх Абулқосим Бишр Ёсин ҳақида келтирган маълумотда Шайх Абу Саид Абулхайр айтган қуйидаги рубоийни келтиради:
Манбада ёзилишича, шу рубоийни мунтазам такрорлаган инсон ҳақиқатни топади ва Ҳаққа етади. Бу шундан далолат берадики, шукроналик шундай илоҳий қувватки, инсонни олий ҳад даражасигача камолга етказади.
Умумий хулоса қилганда, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш учун ёшларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялашимиз зарур. Шукроналик руҳида тарбияланган ёшларни ижобий фикрлайдиган ва жамиятни ҳамжиҳат, дўстлигини таъминлайдиган ижобий қувват деб ҳисоблаш мумкин. Ёшларни шукроналик руҳида тарбиялашда маънавий меросимиздан таълим-тарбия жараёнида фойдаланиш яхши самара беради. Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёт йўли ва нақшбандия таълимотидаги шукроналикка оид фикрларни таълим-тарбия жараёнида ва оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб этиш фойдалидир.
-
Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. / Форсийдан таржимон, сўз боши, изоҳ ва луғат муаллифи Маҳмуд Ҳасаний. – Т.: O‘zbekiston НМИУ, 2019.
-
Бекмуродов М. Фаросат илми. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт – матбаа ижодий уйи, 2022.
-
Наврўзова Г.Н. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси. – Т.: Фан, 2021.
-
Наврўзова Г. Ҳалоллик – тинчлик ва хотиржамлик асоси. Imom Buxoriy saboqlari. 2022 йил 1-сон.
-
Наврўзова Г. Бухорои шарифнинг Етти Пири ҳалол тушунчаси хусусида. Imom Buxoriy saboqlari. 2022 йил 4-сон.
-
Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод (Тўлдирилган қайта нашр). Мақола, изоҳ ва шарҳлар муаллифи, таржимон Наврўзова Г.Н. – Т.: Sano-standart, 2019.
-
Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. Т.17. – Т.: Фан, 2001.