Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари етиб бормаган макон йўқ. Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги буюк мақоми нафақат ислом уммати, балки бошқа дин вакиллари томонидан ҳам эътироф этилган. Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” асарини тўқсон мингдан зиёд ровийлар, муҳаддислар эшитиб, ривоят қилган. “Саҳиҳул Бухорий” асарининг ривоят қилиниши, сақланиши ва ўзгаришсиз етиб келишида ислом уммати орасидан етишиб чиққан машҳур ровий, котиб ва муҳаддислар хизмати буюкдир.
Дунё қўлёзма фондларида “Саҳиҳул Бухорий”нинг мавжуд нусхалари фақат Фирабрий томонидан ривоят қилинган ҳадис санади асосида сақлаб қолинган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф. 852/1449) бундай таъкидлайди: “Бизнинг асримизгача “Саҳиҳул Бухорий” асарининг ривояти Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий орқали етиб келган”[4: 491-492]. Ҳажар Асқалоний ҳадис илми борасида жуда катта хизмат қилган. Айниқса, “Саҳиҳул Бухорий” асарини таҳрир қилиш ва шарҳлаш борасидаги хизмати буюк бўлди. Муҳаддис ўзидан олдин ёзилган “Саҳиҳул Бухорий” асари санадини узлуксиз ва ишончли санадлар орқали Фирабрийга етиб боришини таъкидлайди. Бу билан Миср ва бутун араб диёрларига етиб борган “Саҳиҳул Бухорий” асари санади ишончли экани илмий асослаб берилган.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг машҳур ровийлари асосан бешта бўлганига иттифоқ қилинган. Мазкур ровийлар “Саҳиҳул Бухорий”нинг биринчи табақа вакиллари ҳисобланади. Ибн Ҳажар “Фатҳ ал-Борий фий шарҳи Саҳиҳул Бухорий” асарида: “Саҳиҳул Бухорий”асари бизга беш ровий ривояти асосида етиб келган”, деган. Улар: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матр ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрий (ваф. 321/933), Иброҳим ибн Маъқал ибн Ҳажжож Насафий (ваф. 294/907) [1: 1-62], Ҳаммод ибн Шокир Насавий (ваф. 290/903), Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Қорийна Баздавий (ваф. 329/941) ва Қозий Ҳусайн ибн Исмоил Муҳомилий энг машҳур ровийлардан бўлган [3: 1-8].
Ушбу беш ровий томонидан ривоят қилинган “Саҳиҳул Бухорий” асари олимлар, ровийлар, муҳаддис ва котибларнинг буюк хизматлари асосида ўзгаришсиз етиб келмоқда. “Саҳиҳул Бухорий” асарини Имом Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг киши ривоят қилган. Шубҳасиз, бу ровийлар буюк муҳаддиснинг дарс мажлисларида бўлиб, ҳадисларни эшитган ва ёзиб олган. Шунча кўп адад ровийлардан фақат беш нафари томонидан “Саҳиҳул Бухорий” асари ҳозирги давргача етиб келган.
Имом Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” асарини устози Имом Бухорийдан икки марта эшитиб, ёзиб олган. Биринчи марта 248/862 йили Фирабда ва иккинчи марта 252/864 йили Бухорода эшитган. Имом Фирабрий Имом Бухорий вафотидан кейин 65 йил давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарини кўплаб муҳаддис ва шогирдларига ривоят қилган [5: 462].
“Саҳиҳул Бухорий”ни муҳаддисдан кейинги даврга етиб келишида жуда кўплаб муҳаддислар хизмат қилган. Имом Бухорийдан асарни биринчи ровийлари мовароуннаҳрлик муҳаддислар бўлгани таъкидланади. Улар “Саҳиҳул Бухорий”ни ўз шайхларидан ёзма ва оғзаки тарзда олган ва шу тариқа асар бизнинг давримизгача етиб келган.
Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқал Насафий, Шокир ан-Насавий, Алий ибн Қорийна Баздавий, Имом Кушшоний, Абу Ҳайсам Кушмиҳоний, Карима бинти Марвазия, Исмоил Муҳомилий ва бошқа бухоролик, насафлик, шошлик, самарқандлик муҳаддислар “Саҳиҳул Бухорий” асарини Имом Бухорийдан ривоят қилган биринчи ва иккинчи табақот вакиллари ҳисобланади.
Бу ровийларнинг олтин санади кейинги ҳадис илми табақотларига узвий боғланади. “Саҳиҳул Бухорий”нинг муҳаддисдан ровийлари тўқсон мингдан кўп бўлгани зикр этилса-да, унинг биринчи ровийлари Фирабрий ва Маъқал Насафий ҳисобланади [2:666]. Мазкур икки муҳаддиснинг санадисиз “Саҳиҳул Бухорий” асарини кейинги давргача етиб келишини тасаввур қилиб бўлмайди.
“Саҳиҳул Бухорий” асари Имом Бухорийдан кейинги даврларда буюк муҳаддислар томонидан чуқур ўрганилиб, турли давр тақозосига қараб қиёсий-илмий таҳрир қилинган. Бу таҳрирдан асосий мақсад ўқувчига қулайлик яратиш ҳамда асарда котиб, хаттот ва ровийлар хатоси сабаб кириб қолган баъзи ўзгаришларни ислоҳ қилишдан иборат бўлган. Шунингдек, ҳадислар матни ва ровийлар санади саҳиҳлигини ошириш ҳам мақсад қилинган.
“Саҳиҳул Бухорий” қўлёзмаларининг ёзилиши тарихи ва таҳрир қилиш сабаби қуйидагича бўлган:
Мустамлий (ваф. 376/986) айтади: “Фирабрийда мавжуд бўлган “Саҳиҳул Бухорий” асари нусхасида охирига етмаган, қораланган, оққа кўчирилмаган ва бобларга ажратилмаган жойларни кўрдим. Асарни бобларга ажратиб, баъзи ҳадислар санадини тўлдирган ҳолда Бухорийнинг китобини кўчирдим”, деди [3:1-5]. Мустамлийнинг бу сўзини ҳадис уламолари “Саҳиҳул Бухорий”ни бобларга ажратиб, баъзиларини мавзуга оид ҳадислар билан номлаган деб айтади. Мустамлий ва Фирабрийнинг бу китобни боб номлари ва ҳадислар санадини таҳрир қилиш вақти 320/932 йилларга тўғри келади дейиш мумкин;
“Саҳиҳул Бухорий” асари кейин Абу Зарр Ҳаравий (ваф. 434/1043) томонидан таҳрир қилиниб, фойдаланиш учун қулай нусхаси таълиф этилган. Муҳаддис Имом Фирабрийдан тўғридан-тўғри ривоят қилган учта муҳаддис Абу Исҳоқ Мустамлий (ваф. 376/986), Абу Муҳаммад Ҳамавай Сарахсий (ваф. 381/991) ва Абу Ҳайсам Кушмиҳоний (ваф. 389/999) ривоятлари асосида “Саҳиҳул Бухорий” асарини ривоят қилган. “Саҳиҳул Бухорий” асарини қиёсий ўрганиб, кучли далиллар асосида таҳрир қилган ҳолда асар қўлёзма нусхасини ёзган. Абу Зарр Ҳаравий томонидан амалга оширилган бу таҳрир 430/1040 йилларга тўғри келади. Бу нусха кейинги давр муҳаддислари учун асосий манба вазифасини бажарган [6:12];
Муҳаммад Юниний (701/1302 в.й.) “Саҳиҳул Бухорий”ни кўплаб нусхаларини тадқиқ ва таҳрир қилгандан кейин уларнинг бир-биридан баъзи жиҳатлари билан фарқ қилишини кўради. У асарни асл манбасида қандай бўлганини билиш учун уни солиштириб чиқиб, “Юниний” нусхасини ёзишга киришади. Бу иш учун у “Саҳиҳул Бухорий”нинг ўзига санади билан етиб келган бешта нусхасини асос қилиб олади.
Ҳозирги кунда ислом оламида машҳур бўлган “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Султония” нусхасини тайёрланишида ҳам асл манба сифатида “Юниний” нусхаси олинган.
Султон Абдулҳамид 1311/1894 йилда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг асл манба асосида янги нусхасини тайёрлаш бўйича Миср уламоларига буйруқ беради. Бу таҳрир ва таҳлил ишларига Миср ҳадис олимларидан бўлган шайх Ҳасан Нававий раҳбарлик қилади. У ўн олтита ўз даврининг етук олимлари, муҳаддислар, луғатшунослардан иборат ҳайъат тузади. “Саҳиҳул Бухорий” асарига ёзилган барча қўлёзмалар танлаб олинади ва ҳар бир ёзма манба чуқур таҳрир ва таҳлил қилинади. Аниқланган камчиликлар жадвал асосида ёзиб борилиб, бошқа нусхалар, шориҳлар томонидан ёзилган шарҳлар, араб тили қоидаси, мантиқ, балоғат илмларига таяниб, келишилган ҳолда қарор қабул қилинади ва китобга асосланган ҳолда киритилади. Китобдаги ҳар бир баҳс ва муҳокама талаб этиладиган ўринларда муҳим ечим қабул қилиш мақсадида дунё уламоларига мурожаат қилинади ва барча мазҳаб имомларига маслаҳат учун тақдим этилади. Ҳар бир ҳадис матни, ровийси, санадининг саҳиҳлиги ва араб тили луғати қоидаларига мутаносиб келиши синчиклаб текширилади.
“Султония” нусхаси мусаҳҳиҳлари “Саҳиҳул Бухорий”нинг саҳиҳлиги, унинг луғат ва санадининг тўғрилигида “Юниний” нусхасига таяндик. Бошқа нусхалардан деярли фойдаланмадик”, деб таъкидлаган [2:806]. Шунингдек, “Султония” нусхасини тайёрлашда тасниф этилган машҳур шарҳлардан ҳам кенг фойдаланилган.
Имом Бухорийдан кейин Мустамлий, Абу Зарр, Усулий, Муҳаммад Юниний, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Султон Абдулҳамид томонидан “Саҳиҳул Бухорий” асари нусхалари қайта ёзилгани, бу асарнинг батамом ўзгартирилган дегани эмас. Уларнинг барчасини асосий мақсади асарни ҳар бир давр ўқувчиси учун қулайлигини ошириш ва баъзи қўлёзма нусхаларига кириб қолган хато ва нуқсонларни қиёсий солиштириш ҳамда чуқур ўрганиш натижасида ижмоъ иттифоқи билан ислоҳ қилиш бўлган. Бу ислоҳ қилишлар асосан асардаги ҳадислар матни саҳиҳлигини ошириб, ровийлар санадини тўғрилашга хизмат қилган. Ҳадис илми тарихи ҳамда ҳадисларнинг матни ва ровийлар тарихига эътибор қаратиш ислом тарихи аввалидан то ҳозиргача катта эҳтимом қилиб келинаётган жиҳат ҳисобланади. Зеро, бу илмга шариат мағзи, Қуръони каримни тафсирлаб берувчи манба сифатида қаралади. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳадис илми доимо ислом уммати олимлари ва муҳаддислари томонидан асл манбалар асосида ўрганилиб, ҳар бир давр ўқувчиси эҳтиёжи ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда шарҳ ва изоҳлар билан тўлдириб борилади.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари ва айтган ҳадислари бир минг тўрт юз йилдан буён ўрганиб келинмоқда. Ислом уммати ихлос ва имон билан унга амал қилиб келмоқда. Қуръони карим маъноларини теран англаш, амалга татбиқ этиш ва моҳиятини тушунишда биз доим ҳадисга эҳтиёжимиз катта. Ҳадисларсиз ислом асосини ва шариат мағзини тушуниш мушкулдир. Ҳар бир оят нозил бўлар экан унда уммат тушунчасига мос қилиб тушунтириб берилган Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларига мурожаат қиламиз. Ҳадислар орқали оятлар маъноси ва улардан ирода этилган ҳукмни тушуниб етамиз.
Бугунги кунда мафкуравий хуружлар авж олиб, ҳар бир тоифа ўз қарашларини асослашга уринмоқда. Шунингдек, муҳаддислар ва ҳадис илмига нисбатан нохолис ёндашув пайдо бўлмоқда. Шунинг учун бу соҳада кенг миқёсдаги тадқиқотлар олиб бориш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб ҳисобланади.
-
Абу Али Жайёний. Тақйид ал-Муҳамил. – Миср: Дор ал-Фавоид, 2011.
-
Жума Фатҳий Абдулҳалим. Ривояту жомийи-с-саҳиҳ ва нусхату, диросат, назария, татбиқия. – Қатар: Дор ал-Фаллоҳ, 2013.
-
Ибн Ҳажар. Фатҳ ал-борий фи шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий. – Қоҳира: Мактаба ал-мансура, 2011.
-
Ҳажар Асқалоний. Ҳадйии Сарий муқаддимати Фатҳи Борий. – Ар- Риёд: 2011.
-
Шайх Абдусаттор. Имом Бухорий: устозлар устози, муҳаддислар имоми, мужтаҳидлар ҳужжати ва Соҳиби Жомий-л-муснади-с-саҳиҳ. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 2007.
-
Шифо Али Ҳасан ал-Фақиҳ. Ривоят жомий саҳиҳи Имом Бухорий. – Дамашқ: Ал-Маъмун, 2018.