Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

Маълумки, хайрия ва ҳомийлик қадриятлари Ўзбекистон тарихининг турли даврларида турли кўринишларда акс этиб, ҳар хил ёндашувлар асосида шаклланиб келган. Ҳомийлик ва саховат кишилараро муносабатда бирданига пайдо бўлиб қолмаган. Улар инсон пайдо бўлганидан буён аста-секин, диалектик тарзда ривожланиб, муҳим инсоний қадрият даражасига кўтарилиб борган. Ҳомийлик ва сахийлик ўзбек менталитетининг таркибий қисми бўлиб, аждодларимизнинг феъл-атвори, хатти-ҳаракати, хулқ-одобига сингиб кетган. У жуда кенг маъноли, энг умумий тушунчани акс эттирувчи фалсафий-ахлоқий категория сифатида талқин этилган [1:157].

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон диёрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳани ривожлантириш тўғрисидаги бир қатор фармон ва қарорлари асосида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, Республикада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. 2018 йил 15 июнь куни Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига рамзий тамал тоши қўйилди. Республикада 13 та янги масжид очилди, 39 таси янгидан қурилди, 100 га яқини таъмирланди. 2018 йил ҳисобида 7200 нафар фуқаро муқаддас ҳаж амалини бажарди ҳамда умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши имконияти пайдо бўлди. “Қуръони Карим ва тажвид”, “Араб тили” курслари ташкил этилиб, бундан халқимиз жуда мамнун бўлди [3]. Аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида инсонпарварлик тамойиллари, шунингдек  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқиб, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва “Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат жамғармаси ташкил этилди [4].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу фонднинг ташкил қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир имконият бўлди.

Фонд фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Payme”, “Click” ва “M-bank” электрон тўлов тизимлари орқали маблағларни жалб этишга мўлжалланган хизматлар ишга туширилди. Берилган кўрсатмалар асосида Тошкент шаҳридаги 12 та йирик масжид ва   Зангиота  зиёратгоҳи ҳудудига “Капиталбанк”, “Ипотекабанк” ва “Ипак йўли банк”ларининг инфокиосклари ўрнатилди. Жамғарма маблағлари уч йўналишда: хайрия бўлими,  вақф бўлими, закот, ушр, фитр[1] ва фидя[2] бўлими кўринишда фаолият олиб бормоқда. Жамоат фондининг мақсади кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилат ва қадриятларни давом эттиришга кўмаклашишдир. “Вақф” хай­рия жамоат жамғармаси миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан, имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ислом илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, замонамизнинг етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш; вақф, закот (фитр, ушр) ва хайрия мулкларига эга бўлиш ва уларни белгиланган тартибда диний-маърифий ва ижтимоий мақсадларга мувофиқ тасарруф этиш, юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш ҳамда зиёрат билан боғлиқ расм-русумлар ўтказишга кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор вазифаларни бажариш борасида фаолият олиб бормоқда [8]. Ташкил этилган кундан бошлаб хайрия жамғармаси бир қатор хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Рамазон ойи муносабати билан  “Вақф” хайрия жамоат жамғармаси томонидан Олмазор туманидаги кам таъминланган, ногирон ва кўп болали 50 хонадонга (2 килодан шакар, ун, гуруч ва мой) хайрия туҳфаси улашилди. Шунингдек, Олмазор туманида 22 нафар фуқарога 28 131 000 сўм, ҳомийлар томонидан 18 хўжалик ва оила аъзоларига 12 500 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Тумандаги ақлий ва жисмоний нуқсони бўлган, имконияти чекланган болалар учун 36-ёрдамчи мактабга 1700 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Хайр ва саховат ойи муносабати билан жамғарма томонидан Исломобод масжидида “Ўзбекистон кар ва соқовлар жамияти”нинг жами 200 нафар эҳтиёжмандларига рамазон туҳфаси улашилди [7]. Жамғарма томонидан 2018 йил 9-16 июль кунлари умумий ҳисобда 97 666 000 сўмлик закот, хайрия ва вақф маблағлари шариатда кўрсатилган ўринларга етказилди [6]. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, “Вақф” жамғармаси томонидан ажратилган ҳадяларнинг 142 та озиқ-овқат тўплами (5 литр ёғ, 3 кг гуруч, 3 кг шакар ва 0,5 кг чой), шунингдек, имомларнинг ўз ташаббуслари билан 1500000 сўм пул ва 125 кг гўшт (52 та хонадонга 2,5 кг. дан) ҳақдор оилаларга етказиб берилди [6]. “Вақф” жамғармаси томонидан жорий йилда Қурбон ҳайити муносабати билан 20-23 август кунлари бир қатор хайрия ишлари амалга оширилди. 2018 йил 27 августда мустақиллик байрами муносабати билан жойлардаги имом-хатиблар билан биргаликда Бектемир, Яшнобод, Учтепа туманларидаги ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган 300 та оилага жами 31 848 000 сўмлик истеъмол савати (5 л писта ёғи, 3 кг шакар, 2 кг олий сифатли ун, 2 кг макарон, 1 кг чой ва 5 қути малҳам чой) тарқатилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар туманлари кесимида 191 нафар жисмоний шахсга 186 050 000 сўм ва 10 та юридик ташкилотга 25 300 000 сўм моддий ёрдам, вилоятлар ва Қорақалпоғистон республикаси кесимида 434 нафар жисмоний шахсга 436 856 000 сўм ва 7 та юридик ташкилотга 208 601 056 сўм моддий ёрдам кўрсатилди. “Вақф” хайрия жамоат жамғармаси томонидан 2018 йилнинг июн-сентябрь ойлари давомида турли йўналишларда хайрия ишлари амалга оширилди. 2018 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Вақф” хайрия жамоат жамғармаси томонидан “Илмга эътибор – келажакка эътибор” номли хайрия акцияси тақдимоти ўтказилди. Унда олий таълим муассасаларида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож 145 нафар талаба ёшнинг 1 миллиард 244 миллион сўмга яқин тўлов-шартнома пули тўлаб берилгани маълум қилинди [2:1]. Фонд томонидан ёрдамга муҳтож кишиларга, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам бериш мақсадида бир қанча йўналишларда акциялар ташкил қилинди. Бундан ташқари, “Китоб”, “Илмга кўмак”, “Масжидлар”, “Малҳам”, “Никоҳ тўйлари”, “Рўзғор”, “Эҳтиёжмандларга кўмак”, “Ўз касби фидойиси”, “Обод хонадон”, “Оби ҳаёт” номли акциялар эълон қилинди [2].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2021 йил давомида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди ва маблағлар йўналтирилди. Хусусан:

– масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўналиши бўйича 1 млрд 515 млн сўм; 

– тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш йўналишига 12 млрд 48 млн сўм; (Масалан, Ичан Қалъадаги Паҳлавон Маҳмуд ва Саид Аловиддин Пир зиёратгоҳларига 1 млрд 275 млн сўмдан  зиёд маблағ…)

– диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишига 2 млрд 636 млн сўм; (Олий Маҳад ва мадрасалар учун 900 млн сўмга яқин оргтехника ва смарт синфлар, Ҳадис илми мактабига 350 млн сўмлик молиявий ёрдам ва ҳоказо)

– масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан, имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишига 2 млрд 282 млн сўм;

– аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишига 12 млрд 935 млн сўм маблағлар йўналтирилган бўлиб, жами соҳавий вазифаларни амалга оширишда 32 млрд 65 млн сўм фонд маблағлари йўналтирилди. (Бунда 6 млрд 818 млн сўм озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий анжомлар кўринишида, 6 млрд 117 млн сўм эса пул маблағлари кўринишида берилган.)

Шунингдек, Фонд томонидан республика бўйича ижтимоий ҳимояга қаратилган бир қанча хайрия тадбирлари ўтказилган бўлиб, шулардан айримларини санаб ўтиш мақсадга мувофиқ:

– Фондга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролардан 13 802 нафарига “Закот” ва “Хайрия” ҳисоб рақамларидан мос равишда 2 млрд 816 млн сўм ва 3 млрд 301 млн сўм, жами 6 млрд 117 млн сўм пул маблағлари билан моддий ёрдам кўрсатилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан эшитиш қобилиятини йўқотган, кўзи ожиз ва бошқа тоифадаги имконияти чекланган шахсларга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Фонд томонидан ҳам йиллик режа асосида “Сиз бизга кераксиз” тадбири доирасида мазкур шахсларга жорий йилда 245 млн сўм моддий ёрдам берилди.

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар ва диний таълим муассасаларига жами суммаси 1 млрд. 949 млн. сўмлик  82 665 дона диний ва маърифий китоблар ҳамда диний дарсликлар тарқатилди.

– Фонд ҳомийлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасининг 10 та туманидаги ичимлик суви танқис бўлган қишлоқ ва овулларда жами 454 млн  сўмлик 147 та артезиан сувлари чиқарилди.

– Фонд томонидан эълон қилинган “ВАҚФ-кўмаги” тадбири доирасида Хоразм, Сирдарё, Андижон, Қашқадарё вилоятларидан 101 нафар касб-ҳунарга эга, аммо меҳнат қилиш учун сармояси бўлмаган ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамюртларимиз учун  388 млн сўмлик тикув машиналари, пишириқ печлари ва бошқа асбоб-ускуналар етказиб берилди. Ушбу лойиҳа натижасида жойларда қўшимча иш ўринлари яратилмоқда ва мазкур лойиҳани қолган вилоятларда ҳам давом эттириш режалаштирилган.

– “Қуръон ва тажвид” курсларини ривожлантириш ва моддий қўллаб-қувватлаш учун 2021 йил “Капиталбанк”да Фонднинг алоҳида ҳисоб рақами очилди. Ҳозирги кунда мазкур ҳисоб рақамга қарийб 110 млн сўм хайрия келиб тушди.

– Olcha.uz электрон савдо платформаси орқали сотилган маҳсулотлардан тушган маблағларининг маълум миқдорини “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисоб рақамларига ўтказишни кўзда тутувчи меморандум имзоланиб, амалиётга татбиқ қилинди. Ҳозирги кунда мазкур компаниядан ҳар ой маълум бир миқдор маблағ фонд ҳисобига хайрия сифатида келиб тушмоқда.

Ўтган йиллардаги каби 2021 йилда ҳам Фонд томонидан хорижий ташкилот ва фуқаролар хомийлик маблағларини жалб қилган ҳолда бир қатор лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, ушбу лойиҳаларга хорижий ҳомийларнинг жами  5 млрд 492 млн сўм пул маблағлари йўналтирилди [5].

Юқорида таҳлил этилган хайрия жамоат фонди фаолияти шундан далолат берадики, хайрия жамғармаси сўнгги йилларда ташкил этилган, бир қатор хайрли вазифаларни бирлаштирган, саховат ва кўмак, хайрия ва ҳомийлик ташкилотидан бири ҳисобланади. Унинг мамлакат равнақи ва ижтимоий ҳаётни яхшилашда кўрсатаётган фаолияти кўпгина жамоат фондлари ҳамда бошқа ташкилотларга ўрнак бўла олади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдуллаев Д.Н. Ўзбекистонда хайрия ва ҳомийликнинг ривожланиш тарихи (XIX аср иккинчи ярми – XXI аср бошлари). Монография. – Т.: Инновация – Зиё, 2019. – Б. 157.
  2. “Ислом нури” газетаси. № 23(616)-сон. Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти. 15.12.2018. – Б. 1.
  3. Ислом нури газетаси. № 1(618)-сон. Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти. 15.01.2019
  4. “Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фонди ташкил этилди // https://www.gazeta.uz/uz/2017/07/18/fond/ (12.09.2018).
  5. 2021 йил давомида соҳавий вазифаларни амалга оширишда йўналтирилган хайрия маблағлар ҳақида ҳисобот. https://vaqf.uz/uz/news/view/786
  6. http://www.vaqf.uz/oz/news/view/34 (28.10.2018)
  7. http://www.vaqf.uz/oz/lists/expenses/18 (29.10.2018)
  8. http://www.vaqf.uz/oz/pages/view/function. (30.10.2018)
[1] Фитр – (араб. рўзанинг тугаши, рамазон ҳайитида бериладиган эҳсон, садақа). Рўза охирида камбағал, эҳтиёжмандларга бериладиган садақа, эҳсон. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тўртинчи жилд. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2006. – Б. 250.
[2] Фидя – “фидо қилиш” маъносини англатади ва шариатга кўра, рўза тутишга қодир бўлмаган инсоннинг (кекса, касал, мусофирлар) унинг ўрнига сармоя сарфлаши “фидя бериш” деб тушунилади // Қаранг: http://www.vaqf.uz/uz/pages/view/fidya
ДИЁРЖОН АБДУЛЛАЕВ
Тошкент давлат педагогика университети доценти,
 тарих фанлари доктори (DSc)
АБДУЛАЗИЗБЕК ЎТКИРОВ
Тошкент давлат педагогика университети талабаси,
Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …