Home / АЛЛОМАЛАР / АҲЛИ СУННАНИНГ ИККИ БУЮК ИМОМИ

АҲЛИ СУННАНИНГ ИККИ БУЮК ИМОМИ

Сохта шайхларнинг  Ислом оламининг буюк намояндаларини, айниқса, аҳли сунна вал жамоа имомлари бўлмиш Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийни адашганликда айблаши кундан-кунга авж олмоқда. Улар мусулмонларнинг соф эътиқодига раҳна солиш, ўзаро ихтилоф чиқариш орқали  ўзига тобе қилишни мақсад қилган. Ушбу мақолада сохта шайхларнинг гаплари асоссиз эканини исботлаш кўзда тутилган. 

Ватандошимиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ал-Мотуридий Ас-Самарқандий яшаган давр, Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одамларнинг энг яхшилари менинг замондошларимдир, сўнгра улардан кейин келганлар, сўнгра улардан кейин келганлар”[2], деб башорат берганларидек, саҳоба, тобеин ва табаа тобеинлар яшаган саодат асри тугаб, турли хил адашган фирқалар юзага чиққан пайтларга тўғри келади. Айниқса, мўътазила фирқасининг тарафдорлари кўпайиб, уларнинг хато қарашлари одамлар орасида кенг тарқалган даврлар эди.

 Мўътазила фирқаси Қуръон оятлари ва ҳадисларга зид бўлган қоидаларга асос солган энг биринчи тоифадир. Уларнинг хато қарашларидан бири: “Катта гуноҳ қилган киши мўмин ҳам, кофир ҳам эмас”, деб имон ва куфр орасида яна бир ўрин пайдо қилишдир. Ушбу қоидаларидан келиб чиқиб: “Катта гуноҳ қилган одам дўзахда абадий қолади”, деган гапни айтишгача борди. Бу Восил ибн Атонинг ғояси эди. У айнан мана шу масала бўйича Ҳасан Басрийга хилоф қилиб, унинг дарсларидан ўзини четга олди. Ҳасан Басрий: “У биздан четланди”, деди. Шундан бери уларга “четланганлар” маъносини англатадиган “мўътазила” сўзи нисбат берила бошланди. Аммо бу фирқа: “Аллоҳга бандалар учун манфаатли ишни қилиш вожибдир”, “Аллоҳ таолонинг фақат Зоти мавжуд. Унга бирор сифат мавжуд эмас. Сифатларни мавжуд дейиш азалий нарсаларнинг кўп бўлишига олиб келади”, деган сўзига кўра ўзини “Адолат ва тавҳид эгалари”, деб номлади. Уларнинг барча хато қоида ва ғояларига аҳли сунна вал жамоа олимлари томонидан раддиялар берилди. Айниқса, икки буюк олим – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий бу борада катта ютуқларга эришди.

Имом Абул Ҳасан Ашъарий ўгай отаси, мўътазила фирқасига мансуб Абу Али Жибоийнинг қўлида таҳсил олган бўлса-да, теран фикри ва юксак истеъдоди сабабли, унинг хато йўлидан воз кечди. Бир куни у Абу Али Жибоийга: “Бири Аллоҳга итоатли, иккинчиси осий, учинчиси сабий (ёш бола) ҳолида вафот этган уч ака-ука ҳақида нима дейсиз?” деди. У: “Биринчиси жаннат билан мукофотланади, иккинчиси дўзахда азобланади, учинчиси мукофотланмайди ҳам, азобланмайди ҳам”, деди. Ашъарий унга: “Учинчиси: Эй Роббим, нима учун мени ёшлигимда ўлдирдинг. Катта бўлгунимча тирик қолдирганингда, Сенга иймон келтириб, итоат қилиб жаннатга кирар эдим, деса, Робб нима деб жавоб беради?”, деди. У: “Робб: Мен сендан кўра яхшироқ билар эдим. Агар сен катта бўлсанг, осийлик қилиб дўзахга кирар эдинг. Ёшлигингда ўлишинг сен учун манфаатли эди, деб жавоб беради”, деди. Ашъарий унга: “Иккинчиси: Эй Роббим, унда нима учун мени ҳам ёшлигимда ўлдирмадинг. Сенга осийлик қилиб, дўзахга кирмас эдим, деса, Робб нима деб жавоб беради?”, деди. Жибоий бу саволга жавоб бера олмагач, Ашъарий унинг йўлини тарк этди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ҳамда саҳобалар жамоаси юрган йўлга эргашди. Шундан бошлаб Ашъарий ва унинг издошлари Аҳли сунна вал жамоа дейиладиган бўлди. Бу Имом Ашъарийнинг мўътазила фирқасининг “Бандалар учун манфаатли ишни қилиш Аллоҳга вожибдир”, деган ботил эътиқодига берган биринчи раддияси сифатида тарихга муҳрланди [3:57].

Ислом оламининг ғарбий қисмида Имом Ашъарий, шарқий қисмида Имом Мотуридий мўътазила каби фирқаларга Қуръон ва суннат асосида раддиялар бериши натижасида адашган тоифалар сезиларли даражада камайди.

Имом Мотуридий мўътазила фирқасининг бошлиқ­ларидан бўлган Каъбийнинг Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида айтган хато фикрларига ақлий ва нақлий далиллар асосида раддия берган. Аллома ўзининг “Китобут-тавҳид” номли асарида буни қуйидагича баён қилади:

Каъбийнинг Аллоҳни таниш ва билиш борасида етган мавқеини билишингиз мўътазила мазҳаби етган мавқеини қамровли даражада билишга хизмат қилгани боис, у айтган сўзлардан баъзиларини келтириб ўтамиз. Зеро у мўътазиланинг наздида Ер юзининг имоми эди. Барча қувват Аллоҳдандир. Каъбий: “Фалончини ризқлантиради, пистончини ризқлантирмайди ёки фалон ҳолатда раҳм қилади, пистон ҳолатда раҳм қилмайди”, дейилганидек, ихтилофли ҳолат ва шахсларга эҳтимоли бўлгани Феъл сифатидир. Шахсларга алоқадор бўлган Калом сифати ҳам шу туркумга киради (фалончига гапиради, пистончига гапирмайди, дейилгани учун Феъл сифати).  Аммо Қудрат, Илм ва Ҳаёт бунга эҳтимоли бўлмагани учун (фалон кишига қодир бўлмайди, фалон кишини билмайди, фалон ҳолатда тирик бўлмайди, дейиш жоиз бўлмагани учун) Зот сифатидир”, деди. Яна бир гапида: “Раҳмат ва Калом каби Қудрат унга тааллуқли бўлгани (гапиришга қодир, раҳм қилишга қодир, дейиладиганлари) Феъл сифати, аммо “Аллоҳ билишга қодир бўладими ёки йўқми”, дейилмаганидек, (Илм сифати каби) Қудрат унга тааллуқли бўлмайдигани Зот сифатидир”, деди. Сўнг ўзи Зот сифати ҳақида: “Нима учун Аллоҳни бу сифатнинг тескариси билан васфлаш жоиз эмас?” деб савол беради ва бу саволга яна ўзи жавоб бериб: “Чунки у Аллоҳнинг Зотига алоқадор бўлади, ваҳоланки, Унинг зоти ихтилофли (ўзгарувчи) эмас. Зот сифатининг тескариси билан васфлаш эса Аллоҳнинг Зотида ўзгариш бўлишини келтириб чиқаради. Башарти, Аллоҳнинг Зоти аслида ўзгарувчи эмас экан, Зотининг боқийлиги сабабли, Унда ўзгариш бўлиши асло жоиз бўлмайди. Бу худди, бирор иллат (бирор нарсанинг мавжуд бўлиш сабаби, масалан, олов тутун учун иллат) сабабли мавжуд бўлган нарса ўша иллатнинг давомийлиги билан давом этишига ўхшайди”, дейди. Бундан ташқари у: “Аслида Аллоҳ учун бирор сифат йўқ. У (сифат) васфловчининг васфлаши ва номловчининг номлаши, холос”, деди.

(Имом Мотуридий айтади) Ҳолбуки, иккиси (Феъл ва Зот сифатлари) васфловчиларнинг васфлашида бир хил келган. Зеро улар У Зотни Илм, Қудрат ва Феъл билан васфлаган (васфловчилар Феъл ва Зот сифатларининг орасини ажратмай, Аллоҳ таолони “Олим, Қодир, Холиқ”, деб васфлаган). Бундан ташқари У Зот ҳақиқий маънода “Олим, Холиқ, Қодир”, деб номланган. Шундай экан, Каъбийнинг улар орасида фарқ собит қилиши учун бирор йўл йўқ. Чунки у иккиси аслида бир-бирига мувофиқ келади (Феълий ва Зотий сифатлар Аллоҳ таолонинг Зоти билан қоимлиги ва азалийлиги борасида бир-бирига мувофиқ келади).

 Баъзан “Фалончининг дуосини эшитди, пистончининг дуосини эшитмади”, дейилади. Яна биров: “Аллоҳ буни мендан билмади” ёки “Мендан фалон вақтда билди, пистон вақтда билмади”, дейди. Бу билан Самъ (эшитиш сифати) ва Илм (билиш сифати) Зот сифатларидан бўлмаслиги вожиб бўлмади. Калом ва Раҳмат сифатлари ҳам шундай бўлишидан нима ман қилади. Агар Каъбий: “У киши ўзининг “эшитмади” ва “билмади” деган сўзи билан қилган иши ва айтган сўзини рад қилинганини ирода қилаяпти” деса, унга: “Аввалги масалада ҳам шундай бўлади. Аллоҳ таоло “гапирмайди” деган сўзи билан Фиръавндан Ўз марҳамати ва икромини рад қилишни ирода қиляпти. Чунки Калом (гапириш) Аллоҳ таоло у билан бандаларига марҳамат кўрсатадиган нарсадир. Аллоҳ каломдан марҳаматини ирода қилиши “Қиёмат кунида Аллоҳ уларга (кофирларга) гапирмайди”, деб мўминларни калом билан башорат қилгани ва кофирларни умидсиз қилганига кўра машҳурдир. Бу бизнинг наздимизда шу маънода тушунилади. Ўтган маълумотлардан билдикки, Аллоҳ таоло ҳодис (яратилган нарса) билан васфланиши жоиз эмас экан. Агар бу жоиз бўлганда, У Муслиҳ (ислоҳ қилувчи), Муфсид (фасод қилувчи), Хаййир (яхши), Шарир (ёмон), деб васфланиши ҳам жоиз бўлар эди. Ҳолбуки бундай васфлаш ботилдир. Демак, Аллоҳ таоло Каъбий гумон қилганидек васфланмас экан. Қувват Аллоҳдандир. 

Яна бир далил: Овоздан бошқа нарсаларни “эшитади”, дейилмайди, аммо “билади”, дейиш жоиз. Исбот томонида ихтилоф (ҳар хиллик) борлиги сабабли улар ўртасида фарқ собит қилиш вожиб бўлмади ва бу ихтилоф Аллоҳнинг Зотида ўзгариш бўлишини ҳам тақозо қилмади. Инкор томонида ҳам шундай бўлишини нима ман қилади. (Инкорий маънода ишлатилмаган сифатлар орасида ҳам ихтилоф мавжуд. Масалан, овозларда “эшитади” сўзи қўлланади, овоздан бошқа нарсаларда “билади” сўзи қўлланади. Бу ихтилоф уларнинг орасини ажратишга ундамагани ҳамда Аллоҳнинг Зотида ўзгариш бўлишини тақозо қилмаганидек, “фалон ҳолатда раҳм қилади, пистон ҳолатда раҳм қилмайди, фалончига гапиради, пистончига гапирмайди” каби инкорий маънода ҳам ишлатиладиган Калом ва Раҳмат сифатини ихтилофли шахслар ва ҳолатларда қўллангани сабабли уларни Зотий сифатлардан ажратиш вожиб бўлмайди ва бу Аллоҳнинг Зотида ўзгариш бўлишини ҳам тақозо қилмайди). Қувват Аллоҳдандир.

Яна бир далил: Аллоҳ таолони адолатни инкори билан (фалончига адолат қилмайди деб инкорий маънода) васфлаш жоиз бўлмайди. У (Каъбий) эса буни Зот сифати, демади. Бундан маълум бўладики, унинг сифатлар борасидаги қиёси фосид экан.

Яна унга айтиладики: “Феъл сифати, деган сўзингдан феълнинг ўзини, яъни яратилган нарсани назарда тутаяпсанми? Яратилган нарса сенинг наздингда феълми ёки бошқа нарсами?” Агар у: “Яратилган нарсани назарда тутаяпман”, деса, унга айтамизки: “Нима учун, яратилган нарсани сифат дединг ва у кимнинг сифати? Зеро ҳар бир сифат бирор сифатланувчига тегишли бўлиши лозим. Агар у: “Аллоҳнинг сифати”, дейдиган бўлса, яратилган нарсани Аллоҳ учун сифат қилиб, оғир гапни айтган бўлади. Чунки фасод (бузғунчилик), қубҳ (қабиҳлиқ), зарурат (муҳтожлик), ажз (ожизлик), анжос (нажосатлар) ва хабоис (нопокликлар) ҳам яратилган нарса ҳисобланади – “Ҳар бир нарса ўз сифати билан васфланувчидир” – барча ақлли зотлар бундай сифатлар билан сифатланишдан бош тортади-ю, қандай қилиб Аллоҳ таоло улар билан сифатлансин?! Агар у: “Феъл сифати деганда яратилган нарсадан бошқани назарда тутаяпман”, дейдиган бўлса, унда: “Аллоҳ таолонинг сифати – Феълдир” деган гапни айтган бўлади. Биз ҳам Аллоҳ таоло ўзи яратган нарсалар билан сифатланишдан олий эканини баён қилиб бергандик. Демак, Аллоҳ таолонинг сифати бўлмиш Феъл Унинг Зотининг сифати экани собит бўлди (Феъл сифати махлуқотдан бошқа нарса экани исботлангач, Аллоҳнинг Зоти билан қоим бўлувчи нарса экани исботланган бўлади).

Яна бир далил: Аллоҳ – Холиқ, Раҳмон, Раҳийм, дейилади. Чунки У Зот ўзини шу исмлар билан номлаган. Номланиши билан бир қаторда Унинг Зоти ушбу исмлар билан васфланади ҳам. Феъл сифати ҳам шунга ўхшаш. Бу худди, калом (сўз) – ҳикмат, рост, ёлғон, деган номлар билан номланганига ўхшайди. Чунки калом аслида шундай. Шу билан бирга бу сўзлар ўз эгасига, яъни каломга сифат ҳамдир (ҳикматли сўз,  рост сўз, ёлғон сўз, дейилади). Аллоҳ таолога ҳам шундай нисбат берилади (Аллоҳнинг исмлари Унинг учун сифатлар ҳамдир, дейилади).

Яна бир далил: Унга айтиладики, сен: “Раҳмат ва Мағфират Феъл сифатидир”, дединг. Лаънат ва шатм (ҳақорат қилиш) ҳам сенинг наздингда (Аллоҳ таоло яратилган нарса билан сифатланади, деган гапинг бўйича) Феъл сифати ҳисобланади. Айтчи, “Раҳмат” ёки “Лаънат”, деб номланган феъллар ўзи нима нарсадирки, Аллоҳ улар билан васфланса? Агар у: “Жаннат-дўзах, қабул-рад ёки шунга ўхшаш нарсалар”, деса, унинг “Бандаларга манфаатли ишни қилиш Аллоҳга вожибдир”, деган қоидаси бўйича “Аллоҳ раҳмлидир, бандаларига бундай ишни қилмайди”, деб айтган гапи ботил бўлади. Чунки, юқоридагиларнинг барчаси (жаннат-дўзах, қабул-рад) Аллоҳ бандаларига қилган ишлардандир. Агар у бундан бошқа маънони собит қилса, унинг: “Шатм қабиҳ сўз. Аллоҳ қабиҳ нарсалар билан васфланмайди”, деган гапига биноан иккиси (раҳмат ва лаънат) халқдан бошқа бўлган ҳамда Аллоҳ улар билан васфланадиган сифатлар бўлиб чиқади. (Каъбийнинг бу қоидасига кўра, фалончига раҳм қилади, фалончини лаънатлайди, дейиш жоиз, аммо фалончини ҳақорат қилади, дейиш жоиз эмас. Унинг қоидалари орасида таноқуз (зиддият) бўлиб, “Аллоҳ яратилган нарсалар билан сифатланади”, деган қоидаси бўйича Аллоҳ фалончини ҳақорат қилади, деб васфлаш жоиз. Чунки ҳақорат қилиш феъли яратилган нарсалар жумласидан ҳисобланади. Аммо “Аллоҳ қабиҳ нарсалар билан сифатланмайди” деган қоидасига кўра, фалончини ҳақорат қилади, дейиш жоиз эмас).

Яна бир далил: Унга айтиладики, нима учун сен Зот ва феъл сифати борасида ўзинг юқорида айтган нарсаларга эътиборингни қаратдинг. Ҳолбуки, сен Зот сифатларини истеъмолда исбот важҳидан (ғайри инкорий маъно жиҳатидан) ихтилофли ҳолда кўриб турибсан. Масалан, Қудрат билан васфланмайдиган ўринларда Илм билан (“қодир бўлади” дейилмайдиган ўринларда “билади” дейилади), Самъ (эшитиш) билан васфланмайдиган ўринларда Қудрат билан, Карам (сахийлик) билан васфланмайдиган ўринларда Руъят (кўриш) билан, Самъ билан васфланмайдиган ўринларда Жувд (олийжаноблик) ва Ҳикмат билан васфланади. Булардан бошқа ихтилофли ҳолатларни ҳам кўплаб келтириш мумкин. Аммо бу билан улар (Зот сифатлари) орасида фарқ собит қилиш вожиб бўлмади. Балки Аллоҳ таоло улар билан азалдан васфлангандир. Нима учун сен У Зот васфланадиган сифатларнинг барчаси ҳақида шундай демадинг (сифатларда  ихтилоф, яъни ҳар хиллик бўлишига қараб улар бир-биридан ажратилмайди ва бу ихтилоф Аллоҳнинг Зотида ихтилоф бўлишини тақозо қилмайди, демадинг). Зеро Аллоҳ таоло ўзгариш ва фасод (бузилиш)дан олий бўлган Зотдир. Улар (ўзгариш ва фасод) эса ҳодислик ва бўлмагандан кейин бўлиш аломатларидир.

Яна бир далил: Унга айтиладики, сен махлуқотни бир неча қисмга бўлинган ҳолда кўрдинг. Сенинг наздингда Аллоҳ махлуқотнинг баъзиси билан номланади ва баъзиси (қабиҳи) билан номланмайди. Аммо бу нарса ушбу сифатда (Номланиш сифатида) ихтилоф борлигига далолат қилмади (ушбу сифатда ихтилоф борлигини айтмадинг). Барча сифатларда ҳам шундай бўлишини нима ман қилади?! Тавфиқ Аллоҳдандир.

Яна бир далил: Унинг мазҳабида “Аллоҳ таоло Холиқ (яратувчи), Раҳмон (раҳм қилувчи) эмас эди. Сўнг Ўз Зотини Холиқ, Раҳмон қилди”, деган тушунча бор. Ҳолбуки, биз Холиқ, Раҳмонга ибодат қилишимиз жоиз бўлади (Анъом сурасининг 102-оятида “У ҳар бир нарсанинг Холиқидир. Бас, Унга ибодат қилинг” [4], дейилган). Демак, унинг гапидан “Аллоҳ халқ учун маъбуд яратишга қодир бўлган ва Ундан ўзгага ибодат қилинган” деган маъно келиб чиқади. Чунки, (унинг гапи бўйича) иккиси (Холиқ, Раҳмон) Қудрат уларга тааллуқли бўлган исмлардир. Яна унинг гапи бўйича, ушбу исмлар орқали қудрат унга ҳам тааллуқли бўлганлик жиҳатидан У Зотнинг ўзи ҳам муҳдас нарса бўлиши келиб чиқади.

Яна бир далил: Унга: “Аллоҳ халқни яратмасликка қодир бўладими?” дейилади. Агар у: “Йўқ”, деса, У Зотни Холиқ биззарурат (беихтиёр яратувчи) ёки (Қудрат унинг Феълига тааллуқли бўлмайдиган) Ўз Зоти билан яратувчи, деган гапни айтган бўлади ва унинг (Қудрат унга тааллуқли бўлгани Феъл сифатидир, деган) гапи ботил бўлади. Агар у: “Қодир бўлади”, деса, Қудратни ҳали яратилмаган нарсага тааллуқли қилгани боис, яратилмаган нарсани яратилган нарса, деган бўлади. Бунда халқнинг азалийлигини собит қилиш бордир. Қувват Аллоҳдандир [1:113].

Имом Мотуридий мўътазиладан бошқа адашган тоифаларга ҳам раддиялар берган. Натижада мусулмонлар орасида соф исломий ақийда шаклланган. Ҳозирги пайтда Ашъарий ва Мотуридий ақийдавий мазҳабларини умумийлаштириб “аҳли сунна вал жамоа мазҳаби”, деб юритилади.

Сохта шайхларнинг икки буюк Имом ҳақида  айтаётган ҳар хил салбий фикрлари аслида дин душманлари томонидан тўқилган асоссиз бўҳтонлардир. Улар ушбу алломаларнинг асарларини ўқишга савияси етмайдиган, ким нима деса, ишониб кетаверадиган содда одамларни алдаб, минг йилдан ортиқ вақт мобайнида амал қилиб келинаётган аҳли сунна вал жамоа мазҳабини парчалашга ва мусулмонлар орасида низо чиқаришга уринмоқда. Уларнинг асл башарасини очиб, макр-ҳийласини даф қилиш  Имом Мотуридий ва у кишининг издошлари ҳаёти ва ижодидан одамларни хабардор қилиш билан амалга оширилиши мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Имом Мотуридий. Китабут тавҳид. – Мактабатур Рошад. Б. – 113.
  2. Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. Ж.3. – Тошкент: Hilol-Nashr, 2018.
  3. Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳул ақоъид ан-Насафия. – Мактабатул Мадина. Б. – 57.
  4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Ж.3.– Тошкент: Hilol-Nashr, 2018.
ОБИД ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …