Home / МАҚОЛАЛАР / ПАЙҒАМБАРЛИКНИНГ ХАЛҚ УЧУН АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА КУМУШХОНАВИЙ ҒОЯЛАРИ

ПАЙҒАМБАРЛИКНИНГ ХАЛҚ УЧУН АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА КУМУШХОНАВИЙ ҒОЯЛАРИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022  йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берди [1]. Инсон бутун борлиқнинг гултожидир. Аллоҳ инсонни икки оламда саодатли бўлишини истайди. Шунинг учун инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш мақсадида вақт ва замонга қараб пайғамбарларини юбориб турган. 

Пайғамбарликнинг ҳикмати ва уларнинг вазифалари тўғрисида Аллоҳ таоло  Қуръони каримда марҳамат қилган:  “Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг, Аллоҳ хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди. Ва у билан одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб Ҳақ Китобни нозил қилди” (Бақара сураси, 213-оят) [2:78].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг “Ҳадис ва ҳаёт” 20-жуз “Анбиёлар қиссаси” китобида пайғамбар, расул, набий ва ваҳий нима экани тўғрисида маълумот берган. Аллоҳ одамлар орасидан энг ақлли ва энг яхши кишини танлаб, Жаброил алайҳиссалом орқали хабар юборган. Жаброил фаришта орқали Аллоҳдан  хабар олиб келган инсон пайғамбар, хабар эса ваҳий, деб айтилган. “Пайғамбар” (форс тилида – хабар келтирувчи) –  Аллоҳдан ваҳий олган ва уни одамларга етказадиган шахс. Набий ҳам, расул ҳам пайғамбар дейилган. Аллоҳ таоло баъзи пайғамбарга фақат ўзи амал қилиши учун ваҳий, дин юборган. Бундай пайғамбар “Набий” дейилган. Баъзи пайғамбарга эса ўзидан бошқа одамларни ҳам динга даъват қилишни буюрган. Бундай пайғамбарлар “Расул” дейилган. Расул элчи деган маънони билдиради[3:8].

Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асосланган нақшбандия таълимотининг асл моҳияти жамиятда тинчлик, хотиржамликнинг барқарор бўлиши ва халқнинг фаровон яшашини таъминлашга қаратилган [4:30; 5:5; 6:46; 7-167].

Мақолани ёзишдан мақсад Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг [8:43; 9:28; 10:11; 11:11; 8:12; 8:13] “Жомиъул мутун” асарида келтирилган пайғамбарлар ҳикматини тадқиқ қилишдир. Бу инсон Нақшбандия таълимотини Туркияда ривожлантирган холидия тармоғининг кумушхонавия новдаси муршиди, “Силсилаи шариф олтин занжир”да 32-ҳалқанинг пири ҳисобланган. Кумушхонавийнинг маънавий меросидан бири “Жомиъул мутун фий ҳаққи анвоис-сифатил илоҳиййа вал-ъақоидил Мотуридия ва алфозил куфри ва тасҳиҳил–аъмолил-ъажибиййа” – “Аллоҳ таолонинг анвойи исм-сифатлари, Мотуридия эътиқоди, куфр сўзлар баёни ва амалларнинг дуруст бажарилиши ҳақида матнлар тўплами” асаридир. Бу китобни тасаввуфшунос олим ва таржимон Мирзо Кенжабек ўзбек тилига ўгириб, 2000 йилда Тошкентдаги “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп эттирган [14:1]

Ушбу асар жаҳондаги мўътабар манбалардан бўлиб, халқимиз тарихи ва маънавий-маърифий ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Асар Мотуридия эътиқоди асосида ёзилган бўлиб, унда Имом Аъзам ва Имом Мотуридий асарларидан то XVIII асрга қадар эътиқод ҳақида ёзилган китоблардан матнлар олинган. Китобда Аҳли сунна вал жамоа ақоидига асос бўлган Мотуридия эътиқоди, яъни соғлом эътиқод тамойиллари ҳамда бузуқ ақидага эга оқимларнинг ҳоллари матн ва шарҳлар асосида батафсил баён қилинган [15:286].

Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг “Жомиъул мутун” асарининг “Эътиқод” деб номланган учинчи бўлими тўртинчи қисмидаги “Пайғамбарлар ҳақида вожиб бўлган сифатлар” ва олтинчи қисмидаги “Катта гуноҳлар” мавзусидаги Имом Мотуридийнинг матнларига Кумушхонавий шарҳ берган.

Мотуридийнинг матнлари қуйидагича: пайғамбарлар ҳақида вожиб бўлган сифатлар – сидқ, омонат, фатонат (ўткир зеҳнилик, хушфаҳмлилик), исмат (поклик, бегуноҳлик), назофат (покизалик), таблиғ (етказиш), ҳифз (ёдда тутиш).

Пайғамбарлар ҳақида муҳол (номумкин) бўлган сифатлар эса юқорида зикр этилган сифатларнинг зидди (акси) бўлган нарсалардир.

Кумушхонавий “Пайғамбарлар ҳақида вожиб бўлган сифатлар”га қуйидагича шарҳ келтирган: “Тафтазоний “Мақосид” шарҳида бундай дейди: Нубувват (пайғамбарлик) нинг шарти қуйидагилардир: “Эркак киши бўлишлик, ақли комил зако, фикрий қувват эгаси бўлишлик, ота-оналари тубан (паст) кимсалардан бўлмаслиги, ғалат (довдирлик, хатокорлик), тўғрини билмаслик, қўполлик, барас (пес) ва мохов каби нафрат қўзғайдиган касалликлардан, йўлда бирор нарса емоқ сингари шахсиятни майдалаштирадиган ҳаракатлардан, пайғамбарлик ҳикматига халал етказадиган ҳоллардан узоқ бўлишлик”. “Тажрид” китобида эса қуйидагича таърифлар баён қилинган: “Унутувчан бўлмаслик, шайтон ва инсон шарридан (ёмонлигидан) ҳимояланган бўлишлик, хотиралар ва васвасалардан узоқ бўлишлик”[14:60].

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Моида сураси 67-оятида Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳақларида бундай деб марҳамат қилган: “Аллоҳ сизни одамлар зараридан асрагай”[2:182].

Кумушхонавий Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар­ларнинг юборилиши ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини шарҳлаб, пайғамбарлар ҳикматининг 10 та қиррасини очиб берган.

  1. Аллоҳни, яъни Яратган зотни танишда ақл эгаларига ёрдамлашмоқ.

Шундай қилиб инсонларнинг: “Бизларга келиб хабар берувчи бўлмади”, тарзидаги узрхонликларининг олди олинган бўлади.

  1. Ақл танҳо ўзи била олмайдиган ҳукмларни билдирмоқ.
  2. Ақл идрок эта олмайдиган баъзи яхши ва ёмон амалларни кўрсатмоқ.
  3. Турли хил ва узоқ тажрибалардан кейин зарарлари маълум бўладиган ғизо (озиқ-овқат) ва даволарни билдирмоқ.
  4. Нафсларни турли илмий ва амалий нарсаларга ҳозирламоқ.
  5. Инсонлар муҳтож бўладиган баъзи муҳим санъатларни (ҳунарларни) ўргатмоқ.
  6. Бўйдоқларга гўзал ахлоқни, идорачиларга эса жамиятни мукаммал бир тарзда идора эта олмоқлари учун сиёсатни ўргатмоқ.
  7. Итоат этганнинг савобини, исён (саркашлик) қилганнинг жазосини билдирмоқ.
  8. Ўтмиш ва келажакдан хабарлар ҳамда мисоллар келтирмоқ.
  9. Пайғамбарлар жамият орасида бўлмоқлиги шу жамият учун Раҳматдир. Ва яна санаб бўлмайдиган миқдорда кўпгина ҳикматлар бор…[14:78]

Пайғамбарлар қасддан гуноҳ қилмайди. Пайғамбарларнинг мўъжизаларидан биттаси ҳам уларнинг барча айблардан узоқ бўлмоқликларидир. Улар инсонларнинг энг яхшиси, энг мукаррами, энг чиройли ахлоқлиси, энг хушфеъли, энг ақллиси ва энг адолатлисидир [6:78].

Муҳаммад Саййид Тантовий (1928/2010) “Пайғамбарлар тарихи” китобида (Қуръони карим қиссалари) маккий суралар – Аъроф, Юнус, Ҳуд, Юсуф, Шуаро, Қасас, Соффот ва бошқаларда анбиёлар қиссасини келтирган. Қуръони каримдаги қиссалар ўзида олий мақсад ва кўпгина ҳикматларни жамлаган. Улардан энг муҳимлари:

1) Барча пайғамбарларни Аллоҳ таоло бир рисолат билан, ўзларига юклатилган вазифани бажариш ва одамларни Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга чақириш учун юборганини баён қилган;

2) Қуръони каримдаги қиссаларни келтиришдан яна бир мақсад Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳузуридан экани ва бу илмга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ ўз Китобини ваҳий қилгандан сўнг эга бўлганлари, шунингдек, ўз Раббидан етказаётган нарсалар ҳақ – рост эканини баён қилишдир;

3) Қуръони карим қиссаларининг келтирилишидан яна бир мақсад шундан иборатки, ундан ибрат ва панд-насиҳат олишдир. «(Эй Муҳаммад), Биз сизга пайғамбарларнинг хабарларидан қалбингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз. Бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ва барча мўминлар учун панд-насиҳат ҳамда эслатмалар келди» [2:329].

Юқоридаги оятнинг маъноси: “Ҳар бир хабар ўтган ҳурматли пайғамбарларнинг хабарларидандир. Биз уни сизга сўзлаб берамиз ва ундан сизни хабардор қиламиз”. Ушбу оятдаги “қалбни мустаҳкамлаш”дан мурод Набий (алайҳиссалом)нинг Аллоҳга бўлган ишончларини янада кучайтириш, у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва асҳобларига Ҳақ Динни инсонларга етказиш чоғида етган турли машаққатларга сабр қилишга чақириш ва тасалли беришдир [16].

Дарҳақиқат, пайғамбарларнинг ҳаётларини ўрганиб, ҳар бирининг ўзига хос мақоми, вазифаси, ҳунари, феъл-атвори, ахлоқ-одоби бўлгани тўғрисида маълумотга эга бўламиз.

Мақола юзасидан қуйидагича хулоса қилиш мумкин:

  1. Кумушхонавийнинг “Жомиъул мутун” асарида пайғамбарлар ҳикмати Аллоҳнинг бандасига меҳри­бонлигига далил экани исботланган.
  2. Пайғамбарлар Аллоҳ томонидан танлаб юборилган инсонларнинг энг олийси экани кўрсатилган.
  3. Кумушхонавийнинг “Жомиъул мутун” асари пайғамбарлар ҳаёт йўли инсоният учун ибрат эканини асослайди.

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Янги Ўзбекистон. Ижтимоий-сиёсий газета. №3(525), 2022 6 январ.
  2. Қуръони Азим мухтасар тафсири. Шайх Алоуддин Мансур. – Т.: Шарқ, 2019.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Анбиёлар қиссаси китоби. 20-жуз. – Т.: Шарқ, 2011.
  4. Сайфиддин С. Етти пир (дунё муршидлари). – Т.: Ўзбекистон, 2019.
  5. Наврўзова Г.Н. Нақшбандия – камолот йўли. – Т.: Фан, 2007.
  6. Наврўзова Г.Н. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси. – Т.: Фан, 2021.
  7. Наврўзова Г.Н. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси. – Т.: Фан, 2021.
  8. Гуламова М.Т. Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг “Ромузул- аҳодис” асарида қўшничилик одоблари. // Ислом тафаккури. 2022 йил 1-сон.
  9. Гуламова М.Т. Мушку анбар ҳидли валоят ғунчаси Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавий // Имом Бухорий сабоқлари журнали. 2020 йил 2-сон.
  10. Гуламова М.Т., Джумаева М.К. О труде “Ромузул ахадис” Ахмада Зиявуддина аль-Кумушханави // Universum: общественные науки: электрон. научн. журн. 2021. 11-12 (79).
  11. Гуламова М.Т. Жизненный путь и духовное наследие Ахмада Зиявуддина аль-Кумушханави // Universum: общественные науки: электрон. научн. журн. 2022. 5(84).
  12. Гуламова М.Т. Концепция разума Кумушханави в работе Джоми уль-Мутун // Universum: Общественные науки: электрон. научн. журн. 2020. № 5(65). URL: http://7universum.com/ru/ social/archive/item/950.
  13. Наврузова Г.Н., Гуламова М.Т. Хожагон генезис учения Накшбандия – холидия – кумушхонавия: общее и особенное // Universum: общественные науки: электрон. научн. журн. 2022. 5(84). URL: https://7universum.com/ru/social/archive/item/13849
  14. Зиёуддин Аҳмад ал-Кумушхонавий. Жомиъул мутун. Таржимон Мирзо Кенжабек. – Т.: Мовароуннаҳр, 2000.
  15. Гуламова М.Т. Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг мотуридий таълимоти тўғрисидаги шарҳлари // Фалсафа ва ҳаёт халқаро журнал. 2020 №1. Махсус сон.
  16. Муҳаммад Саййид Тантовий. Пайғамбарлар тарихи (Қуръони карим қиссалари) 1-2-3-4-китоблар. Таржимон: Зиёвуддин Раҳим. https://n.ziyouz.com/books/islomiy/tarix/Muhammad%20Sayyid%20Tantoviy. %20Payg’ambarlar%20tarixi%20(1-4-kitoblar).pdf

 

МАВЖУДА ГУЛАМОВА
Бухоро давлат тиббиёт институти доценти, кимё фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …