Home / МАҚОЛАЛАР / Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида)

Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, нарса алмашиб яшайди. Нарса ёки хизмат эвазига ҳақ тўлайди. Шу жараёнда нафсига бўйин эгадиган, ўзгалар ҳақидан қўрқмайдиган, ҳаромдан ҳазир қилмайдиган кимсалар одамларни алдашга, ўлчов-тарозидан уриб қолишга уринади, бу ишларининг оқибатига кўз юмади.

Аллоҳ таоло бундай кишиларни огоҳликка чақириб, “Мутаффифун” сурасини нозил қилган.

“Мутаффифун” сўзи “ўлчовдан уриб қолувчилар” дегани. Унинг асл ўзаги “тафиф” бўлиб “озгина нарса” маъносини англатади. Савдо, олди-берди пайти ўлчовдан уриб қолувчи ҳам оз-оздан юлғичлик қилади. Агар кўп уриб қолса, харидор билиб қолиши мумкин.

[1]. (Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой бўлсин!

Икрима раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар тарози, ўлчов борасида энг ёмон одамлар эди. Аллоҳ таоло “Вайлул лил мутоффифин” сурасини нозил қилгач, ўлчовни чиройли қиладиган бўлди”.

Муҳаммад ибн Каъб айтади: “Мадинада тарозидан уриб қолувчи савдогар яҳудийлар бор эди. Сура улар ҳақида нозил бўлган”.

Баъзи манбаларда Мадинада ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу шаҳарга ҳижратлари чоғида нозил бўлган дастлабки сура экани ҳам ривоят қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб тушганларида, уларни бошқариш сиёсатини йўлга қўйишга эҳтиёж сездилар ва олди-берди масалаларида бир-бирига адолат қилишга ундадилар. Ўша пайтда тарози ва ўлчов билан олди-берди қилиш асосий кундалик турмуш тарзи эди. Ушбу сура уларни тузатувчи бўлиб индирилди.

﴾ وَيْلٌ ﴿  [вайлун] сўзини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “жаҳаннамдаги бир водий” деб тафсир қилган.

Заҳҳок: “Шиддатли азоб”, деган бўлса, Ибн Кайсон: “Ғамга ботган кишининг дод-фарёди”, дейди.

[2]. Улар  одамлардан (бирор  нарсани)  ўлчаб  олган  вақтида  тўла  қилиб  оладиган…

 Ўзининг фойдасига келган нарсаларни одамлардан тўла қилиб, ўлчаб олади. Яъни, батамом эгалик қилади.

[3]. Уларга (бошқаларга)  ўлчаб  ёки  тортиб  берганда  эса,  уриб  қоладиган  кимсалардир.

Агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берса, уриб қолади.

[4]. Улар (вафотидан  кейин)  қайта  тирилувчи  эканларини  ўйламайдиларми?!

[5]. Улуғ  кунда (қиёматда)

[6]. одамлар (бутун)  оламлар  Парвардигори  ҳузурида  (ҳисоб-китоб  бериш  учун)  тик  турадиган  кунда?!

Каъб: “Уч юз йил туради”, деган.

Ибн Умар оят ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагича ривоят қилади: “Ўша куни баъзилар қулоқларининг ярмигача терга ботиб туради”.

Нофеъ айтади: “Ибн Умар сотувчининг ёнидан ўтаётиб: “Аллоҳдан қўрқ, ўлчов ва тарозини тўғри қил! Чунки ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилар қиёмат куни Раҳмоннинг буюклиги олдида қулоқлари ярмигача терга ботгунча турғизиб қўйилади”, дер эди”.

[7]. Йўқ! Албатта, фожирларнинг (кофирларнинг) номаи аъмоллари “Сижжин”дадур.

Оятдаги ﴾ سِجِّينٍ ﴿ сўзи “абадий зиндон” маъносини ифодалайди.

Ибн Аббос, Мужоҳид, Қатода ва Заҳҳок: “У Ернинг еттинчи тубида”, дейди.

Ҳадисда: “У жаҳаннамдаги бир ўра”, дейилган.

Айримлар: “Ернинг еттинчи тубидаги бир тош”, дейди.

Баъзи уламолар: “Ана ўша фожир, уриб қолувчи ва қайта тирилишни инкор қиладиганларнинг амаллари уларнинг зарарига қайта тирилгунича сақлаб қўйилган ва тирилгандан сўнг чиқариладиган китобда қайд қилинган. У энг паст ва азоби шиддатли жойга туширилади. Бу уларнинг ёмон аҳволи ва хорланганини билдириш учун”, дейди.

Мужоҳид: “Уларнинг номаи аъмоли еттинчи ер тубида. Ҳатто яхши амаллари ҳам кўтарилмайди ва қабул ҳам қилинмайди”, дейди. Замра ибн Ҳабиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Фаришталар Аллоҳ таоло бандаларидан бирининг амалини кўтариб, кўпайтиради, поклайди ва Аллоҳ хоҳлаган жойгача олиб боради. Аллоҳ уларга: “Сизлар бандамнинг амалини сақловчисиз. Мен унинг нафсидаги нарсани кузатувчиман. Бу бандам ушбу амалини Мен учун холис қилмади. Уни Сижжинга қўйинглар”, деб ваҳий қилади”, дедилар.

Ато ибн Абу Муслим: “Сижжин – еттинчи ер, Иблис ва унинг зурриётлари – Аллоҳ уларни лаънатласин! – ўша ерда бўлади”, деган.

Саид ибн Жубайр ва Муқотил: “﴾ لَفِي سِجِّينٍ ﴿– Иблис алайҳиллаънанинг яноқлари остида”, деб тафсир қилган.

Ваҳб айтади: “Кофирларнинг жони олинса, азоб фаришталарига берилади. Унга Аллоҳ хоҳлаган ёмонликларни кўрсатади. Сўнг ернинг тубига улоқтирилади, у Сижжиндир. Номаи аъмоли Иблис салтанатининг ниҳояси бўлган ўша жойга маҳкамлаб қўйилади”.

[8]. (Эй Муҳаммад!) “Сижжин” нима эканини қаердан ҳам билар эдингиз?!

 [9]. (У амаллар) битилган китобдир.

Яъни, барча амаллар ёзиб қўйилган китоб.

Айрим уламолар: “Белгиланган китоб”, деган.

Қатода: “Унга бандаларнинг ёмонликлари ёзилган бўлади”, яъни унга дўзахни вожиб қиладиган амаллари ёзилади, дейди.

Аллоҳ таоло ўзаро муносабатларимизда барчамизга тавфиқ берсин.

Баҳодир МИРЗАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …