Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАРЧАМИЗНИНГ БИР УМРЛИК ФАЗИЛАТЛАРИМИЗГА АЙЛАНСИН

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАРЧАМИЗНИНГ БИР УМРЛИК ФАЗИЛАТЛАРИМИЗГА АЙЛАНСИН

Бу йил муқаддас Рамазон ойининг уйғониш, янгиланиш ва яшариш фасли бўлган баҳор билан ҳамқадам келиши жонажон Ўзбекистонимизга ўзгача файз ва шукуҳ бағишлади. Ушбу фазилатли ойнинг юртимизда мул-кўлчилик ва барака омили бўлган серёмғир келиши бунёдкор халқимизнинг кайфияти ва ғайрат-шижоати яна бир карра ошишига хизмат қилди. Муқаддас ислом динининг улуғ рукнларидан бўлган рўза ибодати Рамазон ойида очлик, ташналик, нафсни жиловлаш, сабр-қаноат билан мўмин киши Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилиши ва кўпроқ хайру эҳсон, меҳр-оқибат орқали ажру савоб олишида намоён бўлади.

Хўш, нега айнан Рамазон ойида мусулмонлар рўза тутади, мазкур ойнинг фазилати, ҳикмати нимада, каби саволларнинг жавоби ислом динининг муқаддас манбалари ҳисобланган Қуръони карим ва ҳадису шарифларда келтирилади.

Қуръони каримда: «Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара, 185), Қадр сурасида эса: «Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик» (1-оят) деб марҳамат қилинади.

“Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара,183) деб келтирилади.

Яъни, Қуръон гувоҳлик беряптики, Аллоҳ таолонинг Китоби аввал Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилинган ва бу Рамазон оқшомларидан бирида – Қадр кечасида содир бўлган. Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган[1]. Бундан Қуръони каримнинг Рамазон ойида нозил бўлгани ва ушбу ойда мусулмонларга рўза тутиш фарз қилингани маълум бўлади.

Адабиётларда Рамазоннинг қирқ бир фазилати борлиги таъкидланади[2]. Жумладан, Рамазон тақво (тақво – мустаҳкам диний эътиқод; ҳаромдан ҳазар қилиш)[3] ойи бўлиб, мўмин кишига тақво малакасини бахш этади. Чунки бу ойнинг асосий хоссаси ҳисобланган рўза ибодатининг энг катта натижаси рўзадорда тақво сифатини ҳосил қилишдир. Шунинг учун Рамазонда Қуръон тиловати ва хатмига алоҳида эътибор берилади.

Рамазон саховат ойи бўлиб, ушбу ойда садақа ва хайру эҳсоннинг савоби янада кўп бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан исломнинг яна бир асосий рукни бўлган закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланган.

Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ фурсатидир. Бу ойда ўзаро тортишиш, жанжаллашишлар бўлмайди. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ё ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз рўза тутган бўлса, шаҳвоний сўз ва амаллардан воз кечсин, бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман», десин», деганлар (Имом Бухорий ривояти)[4].

Рамазон раҳмат ойидир. «Рамазонда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки бутун бир йилнинг раҳмат кунлари ҳисобланади (Имом Муслим ривояти)[5].

Рамазон мағфират ойи бўлиб, унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазоннинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар[6].

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги мағфират кунларидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар (саҳобалар): «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти)[7].

Рамазон истиғфор ойидир. Бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират сўрайди.

Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, васвасалари чекланиб, инсонларга ўзини тарбиялаш имкони берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис ҳадисларда Рамазонда барча ахлоқсизликлардан, гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг таом ва ичимликни тарк этишидан беҳожатдир», деганлар (Имом Бухорий ривояти)[8]. Ушбу ҳадис рўза ибодати кишининг шунчаки егулик ва ичимликдан ўзини тийишдан иборат эмаслигини, балки гуноҳга сабаб бўладиган барча ножўя амалларни тўхтатиб, ахлоқан покланиш йўлини тутиш лозимлигини кўзда тутади.

Рамазоннинг фазилатлари ҳаммамизнинг бир умрлик фазилатларимизга айлансин!

Рамазон ризқ-рўзга барака бериладиган ойдир. Ҳадиси шарифда: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади[9]. Чунки Аллоҳ таоло рўзадорнинг ушбу фарзни адо этиш чоғидаги очлик, ташналик каби азоб-уқубатларга сабри ва дуо-илтижоларига жавобан унинг ризқини, баракасини кўпайтиради.

Рамазон саломатлик ойидир. Қадимда ҳам, ҳозир ҳам очлик билан даволаш кенг тарқалган усуллардан ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон жисмонан соғлом бўлиши учун бир йилда 28-29 кун ихтиёрий оч юриши керак экан. Рамазон ойи айнан шунча давом этади. Аллоҳ таоло биз, мўмин-мусулмонларга соғлигимиз гарови бўлган ушбу муолажани ибодат қилиб бериб, улкан ажру савобларни, яхшиликларни ваъда қилган.

Ислом дини ва Рамазон ойининг эзгу моҳиятини кенг тарғиб этиш бугун ўта шиддатли ва зиддиятли тарзда кечаётган глобаллашув шароитида айниқса янада долзарб аҳамият касб этади. Чунки айрим мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий, миллий ва диний кескинликлар авж олиб, бебаҳо неъматлардан ҳисобланган тинчликка раҳна солинмоқда. Мана шундай мураккаб халқаро вазият миллий-маънавий қадриятларнинг, аввало, ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик ва тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш орқали унинг бунёдкорлик салоҳиятини халқаро миқёсда тинчлик ва ҳамкорликни таъминлашга йўналтиришни тақозо этмоқда.

Шу боис Ўзбекистонда ҳам миллий ва диний қадриятларни, бой маънавий меросни тадқиқ ва тарғиб этиш давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бири этиб белгиланган. Халқимиз ҳаёти ва маънавиятида ислом динининг ўрни беқиёсдир. Юртимиз мусулмонлари муқаддас ақидаларга амал қилиб, эзгу анъаналарни давом эттириб келмоқда. Бу йил ҳам маънавий поклик, хайру саховат айёми бўлган Рамазон ойи Ўзбекистонда анъанавий тарзда катта сурур билан кутиб олинди. Таровиҳ намози ва ундаги Қуръон хатми бутун мамлакат бўйлаб ягона тартиб қоида билан адо этилмоқда. Кўплаб масканларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, халқимизга осойишталик, файзу барака тилаб дуолар қилинмоқда. Жамиятда дўстлик, биродарлик, меҳр ва саховат ришталари кучаймоқда.

Президент Шавкат Мирзёев Наманган вилоятига сафари давомида ифторликда иштирок этиб, кўп миллатли Ўзбекистон халқини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, дуода бўлди. Ифторлик пайти қилинган дуонинг қабул ва ижобат бўлиши ҳам Рамазоннинг фазилатидандир. Чунки ҳадиси шарифда: “Уч киши бор, уларнинг дуоси қайтарилмайди: одил раҳбар, рўзадор ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”, деб келтирилади[10]. Юртимизда шаклланаётган янги ижтимоий ҳимоя тизими ва амалга оширилаётган мурувват тадбирлари эҳтиёжманд ва кам таъминланганларга ғамхўрлик кўрсатиш омили сифатида таҳсинга лойиқдир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар 2016 йилдан ўзининг янги босқичига кўтарилди. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги босқичи бўлган яна бир уйғониш даври – Учинчи Ренессанс сари дадил одимламоқда. Бунда асрлар синовидан ўтган миллий қадриятлар, ислом дини ва бой маънавий мероснинг бунёдкорлик кучидан самарали фойдаланиш асосида маънавиятни юксалтириш масаласи устувор аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришга оид хайрли ишлар бизни дунёга танитмоқда. Ўзбекистон тажрибаси ва таклиф-ташаббуслари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида 2018 йил 12 декабрда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.

2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони[11], 2019 йил 4 сентябрда «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди[12]. Мазкур ҳужжатлар асосида жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди.

Натижада Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми олий мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби диний-маърифий фаолият билан шуғулланувчи марказ ва олий ўқув юртлари ташкил этилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳамда юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш борасида хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Марказ томонидан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Доримий, Абд Ҳумайд Кеший каби улуғ алломаларнинг Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, калом илмига оид 40 дан ортиқ ноёб қўлёзма асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этилди. “Жаҳолатга қарши – маърифат” рукнида ислом дини асосларига оид долзарб мавзуларда мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. “Ҳадис маърифати” рукнида юзга яқин видеодарс тайёрланиб, ижтимоий тармоқ ва сайтлар орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Туркия, Малайзия, Саудия Арабистони, Миср, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардаги 40 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот, турдош марказ ва университетлар билан ҳамкорликка оид англашув меморандумлари имзоланиб, илмий-амалий алоқалар йўлга қўйилди.

Ислом динининг эзгу моҳиятини кенг тарғиб қилишга доир долзарб мавзуларда Марказ томонидан халқаро конференция, кўргазма, илмий семинар, давра суҳбати шаклида 171 тадбир ташкил этилди. Жумладан, Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида 24 та халқаро онлайн илмий семинар, АҚШ Тинчлик институти билан “Тинчлик учун педагогика” дастури доирасида 5 та семинар-тренинг ўтказилди.

Бу жараёнлар изчил давом эттирилмоқда.

Ойлар султонининг таассуротлари, истиқболга тикилган умидли нигоҳлар ҳаммамизни ҳамиша меҳр-оқибат, инсонпарварлик, эзгулик, бағрикенглик ва саховатлилик каби фазилатларга йўлдош қилсин!

Ийди Рамазон барчамизга муборак бўлсин!

[1] Жўраев А. Қуръон нозил бўлган ой // http://old.muslim.uz/index.php/rus/hadis/item/8196
[2] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати // https://islom.uz/maqola/429
[3] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 4 жилд. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, 2008.–Б.35.
[4] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати // https://islom.uz/maqola/429
[5] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати // https://islom.uz/maqola/429
[6] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати //https://islom.uz/maqola/429
[7] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати // https://islom.uz/maqola/429
[8] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати // https://islom.uz/maqola/429
[9] Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Рамазоннинг қирқ бир фазилати // https://islom.uz/maqola/429
[10] http://old.muslim.uz/index.php/maqolalar/item/26471-ramazonning-41ta-fazilati
[11] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони // Халқ сўзи газетаси, 2018 йил, 17-апрель, № 75(7033) –Б.1-4.
[12] Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори // Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами 2019 йил 16-сентябрь, 37-сон (901). – Б.95-98.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …