Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР ТЕМУР ВА СУҚРОТ

АМИР ТЕМУР ВА СУҚРОТ

Маълумки, Самарқанд шаҳри бир неча минг йиллик тарихга эга қадимий ва навқирон шаҳар. Бу ҳудуд асрлар давомида турли сулола ва маданият ўчоғи бўлиб келган. Шаҳар музофотида бўлган туман, қишлоқ, маҳалла ва гузарларда қадимий осори-атиқа, зиёратгоҳ, тарихий обида, масжид, хонақоҳ ва қабристонлар мавжуд. Шулардан бири Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси бўлиб [1:2], асосий ўзаги Амир Темур (1370-1405) ва темурийлар (1370-1506) даврида қурилган. 

Шоди Мулк Оқо мақбараси рўпарасида Соҳибқирон Амир Темурнинг (1370-1405) синглиси Ширинбека Оқо мақбараси жойлашган. Пештоқ равоғи ичидаги ёзувда унинг вафот этган йили 787 (1385-1386) кўрсатилган.

Бу бино безаги қўшни бинолардагидан фарқ қилади. Бутун пештоқ гиламдек нафис ўйма кошинлар билан қопланган.

Ширинбека Оқо мақбараси – Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида биринчи марта ўйма кошин ишлатилган иншоотдир. Мақбаранинг бошқа фасадларига ғишт терилганича қолган. Уларнинг фонида мақбаранинг кошинкор гумбази ва ўн олти қиррали асоси яққол кўзга ташланиб туради.

Мақбаранинг ички безаги ўзига хослиги ва нафислиги билан диққатни жалб этади. Пештоқ кескин ва аниқ шакллар, ички томони эса ёқимли ранг ва нафис расмлар билан безатилган.

Олти қиррали зангори плиталардан ишланган изоранинг баъзи ерларида зарҳал нақш излари сақланиб қолган (гулзор ичида парвоз қилётган қарқара қуши акси бор).

Мақбаранинг устки қисмига кўк ва зарҳал рангли оч зангори бўёқ ишлатилган. Гумбаздаги ўн олтита ҳашамдор равоқ дарчаларидан ёруғлик бемалол тушиб тургани учун нақшлар майда бўлса-да яхши кўриниб туради. Бу дарчаларда рангдор ойнали ганч панжаралар бўлган. Улардан тушган қуёш нури хонани ёритиб турар эди.

Бу ерда сулс хатида файласуф Суқротнинг ҳикмати ва тўртинчи халифаи рошидин Ҳазрат Алининг “ғамларни кетказувчи” дуолари битилган. Матннинг аксарият қисми емирилгани учун ўрнига 2004-2006 йилларда амалга оширилган таъмирлаш ишлари чоғида янги матн битилган (хаттот – бухоролик Абдулҳаким Раззоқов). Бу матн кўзга ташланиб туради, бироқ асл матндан анча фарқи мавжуд. Асл матн сулс хатининг лўнда (сароҳат) услубида, оқ ҳарфлар қора фонда битилган бўлса, янгиси очиқ ҳаворанг фонда ишланган. Хат битишда эса эски асл матн услубидан чекинишга йўл қўйилган. Бундан ташқари, таъмирчилар эски нақш ва матн рангларига риоя қилишмаган.

Охирги таъмирлаш жараёнида ёзилган қисмлари тўртбурчак қавсларга […] олинди. Араб тилидаги асл матн ишораларида Суқрот номидан эълон қилинган ҳикматлар ислом дини тарқалишидан олдин айтилгани ва Ҳазрат Али бу ҳикматли гапларни ислом ғояларига мослаштиргани таъкидланди.

Суқрот деди: “Инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти гўёки ўз уясида кўпайиб, [ундан учиб чиққан ва қопқонга қўйилган аччиқ бир хўрак атрофида айланган қушга ўхшайди]. Оқил инсон бу қабиҳ йўлдан юрмайди, аммо нодон ғурурланиб, бу йўлга киради ва охир-оқибат камон ўқига дучор бўлади”.

Баъзи ҳукамоларнинг айтишига кўра: … “(Аллоҳ таолонинг қанчадан-қанча пинҳона ҳадялари борки, уларни англаб олиш доноларга ҳам мушкул. Қанчадан-қанча енгилликлар борки, оғирликлар ортидан келиб, жароҳат етган қалбга малҳам бўлади. Тонгда ёқимсиз туюлган қанча нарса борки, кечга бориб мамнун қилади. Аҳволинг танг бўлган кун мушкулингни фақат ёлғиз олий Зотга топшир”.

Али, Аллоҳ ундан рози бўлсин, айтадики: “Сизларга ўлимни кўп эслашни ва ундан озгина бўлса-да ғафлатда қолмасликни васият қиламан. Сизларни ҳеч қачон унутмайдиган Зотдан юз ўгириб, ўзга бир маъбудни орзу қиласизлар. Ўлим – сизлар учун етарли насиҳат. Қабрларига уловсиз [тобут билан] олиб борилган ва истамаган жой[қабр]га туширилган кимсаларни кўриб, ибрат олмадингизми? Улар бу дунёда гўёки ўзлари яшамагандек ҳис қилди, аммо охират эса – қўним топадиган абадий манзил. Улар яшаётган жойларида бегонага ва бегона жойда муқимга айланди. Энди улар бу фоний дунёда юз ўгирган нарсага у дунёда зор бўлди”.

Пештоқнинг катта равоғи китобасининг камарида кошинбуруш услубида тарих битилган. Матн араб тилида. Ҳарфлари – сариқ, ортидаги исломий нақш зангори ва феруза ранг. Хати – насх/сулс. Диакритик белги (зеру забар)лари доимий равишда қўйилган. Матн ўнг томондаги ён девордан бошланиб, чап томондаги ён деворда якунланади. Матн қисмлари “слеш” (/)лар билан бўлинган.

هذا المرقد الملكة / المعظمة المكرمة شيرين بيك اقا بنت ترغاى نور / الله روحه فى سنة ٧٨٧

Бу – буюк ва улуғ малика, Тарағойнинг  қизи Ширинбека Оқонинг мақбараси. Аллоҳ унинг руҳини мунаввар қилсин! 787 [1385-1386] йил.

Муқарнасли равоқ атрофида Саъдий Шерозий (1185-1262) шеърлари битилган. Бу матндан фақатгина бош қисми (бир мисра) сақланиб қолган эди. Шу асл матн насхи–сулс хатида темурийлар даврига хос услубда жуда нафис ва гўзал ишланган эди. Ёзувнинг ҳарфлари сариқ, ортидаги фони эса очиқ яшил рангларда битилган. Диакритикаси (зеру забарлари) доимий равишда қўйиб чиқилган.

Мазкур таъмирлаш жараёнида (2005 йил) ушбу ёзув тўла тикланган эди. Бироқ афсус билан шуни таъкидлаш лозимки, биринчидан, тикланган ёзув бироз қўпол равишда битилган, ҳарфлари ва таг ранглари асл нақшу нигорлар кўриниши ва рангларидан анча йироқ, иккинчидан, хаттот охирги икки мисрани асоссиз равишда матн охирида қайта такрорлаган. Ваҳоланки, Саъдий китобида бошқа матн келтирилган.

“Жаҳон, эй биродар, ҳеч кишига вафо айламас, //Яратгувчига сен кўнгил боғла, бас! Суянма, жаҳон мулкига, этма саҳв, – // Ки кўпларни сендек туғиб, этди маҳв! Не фарқ айлагай, жон кетар чоғда, // Бўлур тахт ёинки туфроқда? Жаҳон, эй биродар, ҳеч кишига вафо айламас, // Яратгувчига сен кўнгил боғла, бас!”.

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Немцева Н. Шахи Зинда (Альбом). – Т.: 1987.
  2. Эпиграфика мемориального комплекса Шахи-Зинда. (тексты, переводы). Прочитане текстов, переводы. Введение: Б.Бабаджанов, У.Рустамов. – Самарканд: 2015.
ШОВОСИЛ ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …