Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ фаолияти жонли эфирда таҳлил этилди

Марказ фаолияти жонли эфирда таҳлил этилди

 Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2023 йилги фаолият якунлари ва жорий йилдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ҳамда республика ОАВ ходимлари иштирок этди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов Марказнинг 2023 йилда халқаро алоқалар ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасидаги ишлари юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, ўтган 2023 йил давомида халқаро миқёсда алоқаларни ривожлантиришга оид анжуман, семинар, давра суҳбати, Марказ китобларининг хориждаги тақдимотлари, ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланиши, хорижга ташриф ва илмий сафарлар каби жами 100 дан ортиқ амалий тадбирлар ташкил этилди. Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг 5 нафар хорижлик совриндори Марказда малака оширди. Марказ илмий ходимларининг Покистон, Миср Араб Республикаси, Қозоғистон, АҚШ, Туркия ва Ўмон давлатларига илмий сафарлари уюштирилиб, турдош марказ ва нуфузли университетлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Ўтган йилда аҳолидан 9 та қўлёзма ва 20 та тошбосма асар ҳадя сифатида қабул қилиб олинди.

Имом Бухорийнинг 41 та мамлакатдаги 256 та кутубхона фондида сақланаётган 21 номдаги асарларига оид 3301 та қўлёзма нусхасининг давлатлар кесимида реестри тузилди.

Имом Бухорий “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар қўлёзма фондларида сақланаётган 100 та қўлёзма нусхаларининг электрон нусхалари жамланди.

“Саҳиҳул Бухорий” асарининг 200 та қўлёзма нусхаси аннотацияси тайёрланиб, факсимиле нусхасини яратиш мақсадида унинг фиҳристи тайёрланди.

Марказ фондида сақланаётган 300 та қўлёзма асарнинг аннотацияси тайёрланди ва улардан 115 таси Марказ сайтига жойлаштирилди.

Туркия, Япония ва Германия кутубхона фондларидаги 2155 та қўлёзма асар номи, муаллифи, тури, сақланаётган кутубхоналар аниқланди ва маълумотлар асосида рўйхати шакллантирилди.

Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 62 та китоб (101 та асар, жами 10317 варақ)нинг электрон нусхаси тайёрланди.

Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев Марказдаги илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишлар таҳлилини келтирди. Унга кўра улуғ мутафаккирларимиз қаламига мансуб 22 та асар таржима ва таҳрир қилиниб, нашрга тайёрланди. Илмий ходимлар томонидан 300 дан зиёд илмий мақола чоп этилди. 4 нафар илмий ходим мақоласи Scopus номли халқаро рецензияли илмий адабиётларнинг ягона библиографик ва рефератив базасига киритилди.

Ходимлар 300 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирларда маъруза қилиб, турли рукнларда 100 га яқин видеодарс олиб борди. Ҳадисларнинг нотўғри талқин қилинишини олдини олиб, асл мазмунини жамоатчиликка етказиш борасида жамоа томонидан жами 243 та, долзарб мавзуларда раддия шаклида 161 та, Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган диний оқим вакилларининг турли диний маърузаларига қарши 381 та материал эълон қилинди.

Марказнинг янги нашрлари фаолият ютуқларининг асосий мезони сифатида тилга олинди. Имом Бухорийнинг яқинда илк бор ўзбек тилига таржима қилинган “Ат-Тариху-с-сағир” ва “Биррул волидайн” асарларининг бугунги кундаги нодир илмий қиймати ҳамда юксак тарбиявий аҳамияти таъкидланиб, айни пайтда тадқиқ этилаётган асарлар хусусида ҳам маълумот берилди.

Марказ бўлим бошлиғи Барот Амонов Марказнинг жорий йил иккинчи ярмидаги истиқболли режа ва йирик лойиҳаларини тавсифлаб берди.

Матбуот анжумани UzReport TV телеканали ва унинг Youtube ва Facebookдаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Бу билан интернет фойдаланувчилари  ҳам тадбирда онлайн иштирок этиш имконига эга бўлди.

Анжуман давомида онлайн кузатувчилар, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва матбуот соҳаси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …