Home / КУН ҲАДИСИ / КИШИЛАРГА ОЗОР БЕРМАСЛИК (бир ҳадис шарҳи)

КИШИЛАРГА ОЗОР БЕРМАСЛИК (бир ҳадис шарҳи)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”, дедилар.

 

* * *

Ҳадисда одамларга озор беришдан сақланиш исломнинг энг муҳим шўъбаларидан экани айтилмоқда.

Уламолар айтадики, бу ерда мусулмонлар сўзи ғолиб эътибордан айтилган. Бу гап мусулмонлар юртида, мусулмонлар жамоаси ичида айтилган. Бу дегани мусулмонлардан бошқаларга озор берса бўлади дегани эмас. Демак, мусулмон бўлмаганлар ҳам мусулмондан озор кўрмасин, дейилмоқда.

Ғайримусулмонлар ҳам мусулмондан озор чекмасин дейилган. Мусулмон бўлмаган киши ҳам бир инсон, шариатда ҳатто ҳайвонга ҳам озор бермаслик буюрилган.

Нима учун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озор бермаслик аъзолари сифатида фақат кишининг тили ва қўлини зикр этдилар? Чунки инсон кўпинча тили ёки қўли билан озор етказади. Тил билан бошқани қалбини синдиради, сўкади, таънаю дашном қилади, ғийбат қилади. Қўл билан уради, устидан ёзиб озор беради. Демак, одатда озор етказиладиган аъзолар зикр этилган. Мақсад саломатликни шу иккисигагина чеклаш эмас, балки мутлақ зарар етказишдан қайтарилган.

Бу ҳадис исломий ҳаётнинг асоси ҳисобланадиган ҳадислардан биридир. Гўё исломий муошарат аҳкомлари шундан шохлаб чиқади. Масалан, жамоат билан намоз ўқишнинг фазилати ва унинг савоби зиёда бўлиши ҳадисларда айтилган. Лекин бир одамнинг жисмидан доим йиринг оқиб туради. Бу одам жамоатга борса, одамлар азиятланади. Бундай инсоннинг жамоатга бориши жоиз эмас. У уйида намоз ўқиши керак. Бошқаларга озор беришдан сақланиши керак.

Ҳажарул асвадни ўпиш жуда ҳам фазилатли амал. Ҳадисда ким ҳажарул асвадни ўпадиган бўлса, гўё у Аллоҳ таоло билан кўришгандай бўлади дейилган. Унинг ҳамма гуноҳи афв қилинади. Бундан ортиқ қандай фазилат бўлиши мумкин?! Ҳамма шу фазилатга эга бўлишга интилади. Лекин ҳамма Ҳажарул асвадга ўзини урадиган бўлса, тиқилинч ва издиҳом бўлади. Мана шундай вақтда Ҳажарул асвадни ўпишга буюрилмайди. Бошқага озор бериб Ҳажарул асвадни ўпишдан қайтарилади. Ҳажарул асвадни ўпиб савоб оламан деган одам бошқаларга озор бериб, гуноҳкор бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Демак, шариат ҳамма соҳада зарарни эътиборга олган. Ҳеч қачон мусулмон киши тарафидан бошқаларга озор етмасин. Яъни бировга озор етказмаслик диннинг асли моҳиятидар.

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Мусулмон –мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир” деганда – “Комил мусулмон бошқага озор етказмайди”, дея тушуниш лозим. Гарчи муфтий мусулмонга озор етказган одамни куфрга ҳукм қилмаса ҳам, лекин бундай кишининг одамгарчилиги йўқ, дин-диёнати – исломи йўқдек экан”.

Ҳозир ўзимизнинг ҳолимизга бир қарайлик: ўзи саҳиҳ мусулмонмизми ёки ундай эмасми?! Биз бошқага озор бермасликни одатимиз ва хулқимиздан ҳам чиқариб юбордик. Уни диннинг ҳиссаси деб тушунмайдиган бўлиб қолдик. Нохуш нарсаларни кўчаларга ташлаймиз, инсонларга бундан озор етади. Масжидга бориб шундай жойда туриб намоз ўқиймизки, олдимиздан бошқа одам ўта олмайди. Шунда ўтувчи гуноҳкор бўлмайди, аксинча йўлни тўсиб олиб намоз ўқиган гуноҳкор бўлади. Чунки бир чеккада намоз ўқиб бошқага озор бермасликка имконияти бор эди.

Ҳожатхоналарда сувни оқизишга ҳам эътиборсизлик қиламиз. Бошқа одам ортимиздан кириб азиятланади. Бу – кабира гуноҳ, сағира эмас. Бу ерда озор бериш бор. Буларни диний ҳаётимиздан ташқари нарса деб тушуниб қолдик.

Хулоса шуки, мусулмон тили ва қўли билан бирон инсонга озор етказса, Исломга муносиб бўлмаган ишни қилган бўлади.

“Саҳиҳи Бухорий” шарҳи (2-жилд) китоби асосида тайёрланди
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …