Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ғоялари асосида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутиши билан ўзига хос аҳамиятга эга.
6 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази конференциялар залида Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” Туризм халқаро университети Туризм менежменти факултети декани А. Амиров, декан ўринбосари М. Ҳожиев ва “Ёшлар иттифоқи” университет кенгаши етакчиси С. Ҳайдаров ҳамда университет талабалари билан Марказ илмий ходимлари иштирокида “Аждодларга муносиб авлод бўлайлик” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир илмий ходимлар ва талаба ёшлар ўртасида савол-жавобларга бой, қизғин давра суҳбати тарзида бўлиб ўтди. Талабалар томонидан берилган саволлардан, уларнинг аждодларимиз ҳаёти ва илмий меросига қизиққанлигини ва илмга бўлган меҳрини ҳис қилишимиз мумкин. Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи Й. Исаев марказ илмий ходимлари томонидан нашр қилинган китоблар тўғрисида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берди.
Тадбир асносида диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими З. Юсупов талаба-ёшларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси тўғрисида маълумотлар берди.
Шундан сўнг музей илмий ходими С. Эргашев талабаларга музейда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспонатлар, Марказ фаолияти ҳақида ахборот берувчи замонавий воситалар тўғрисида маълумотлар бериб, Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратлар буюк муҳаддис бобомизнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади.
Ёш авлодни мана шундай маънавият ва маърифат масканларига саёҳатини уюштириб, илмий-тарбиявий мавзуларда давра суҳбатларини ташкил этиш, талаба-ёшларимизни китоб ўқишга, илмга бўлган меҳрини оширишга, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва буюк боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундайди.