Қози сўзи араб тилидаги “қазо”дан олинган бўлиб, луғавий маъноси “кесиш”, “ажратиш” ва “ҳукм қилиш” маъноларини англатади. Ҳанафий уламолар таърифига кўра, ўзига хос йўл билан хусуматларни ажратиш ва низоларни кесиш “қазо” деб юритилган. Ислом динининг кириб келиши, жамият ҳаётининг барча соҳаларининг шариат қоидалари асосида тартибга солиниши Ўрта Осиё ҳудудида ҳам қозилик маҳкамалари пайдо бўлишига олиб келди. Улар жамиятда адолатни қарор топтиришнинг ҳуқуқий кафолатига айланди. Ўтган ўн икки аср давомида қозилар фаолият юритадиган маскан – “қозихона”лар “дорул қуззот”, яъни адолат даргоҳи сифатида ном қозонди [21].
Самарқандда ҳам бу даврда қозихоналар фаолият олиб борди. Бундай қозихоналарга раҳбарлик қилиш ва унинг мунтазам фаолиятини йўлга қўйишда ўша даврнинг нуфузли ва илмли шахслари катта роль ўйнаган. Бундай шахслар фаолияти натижасида юртда адолат таъминланган. Шу сабабдан Самарқанд вилояти ҳудудида иш олиб борган қозилар фаолиятини тадқиқ этиш юртимиз тарихини янада мукаммал ўрганиш имконини беради.
Мазкур мавзу юзасидан бир қанча манба ва адабиётлардан маълумот олиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архиви маълумотлари, турли йилларда нашр қилинган Самарқанд вилояти ахборот китоби (Справочная книжка Самаркандской области), шунингдек, дала тадқиқот манбалари сифатида Фазлиддин домла Бадиров томонидан айтилган ўша даврга оид ҳикоялар шулар жумласидандир. Бунда айниқса, Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архивида сақланаётган “Жумабозор қозилик ҳужжатлари” муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур ҳужжатлар “Жумабозор волости”да қозилар фаолияти тўғрисидаги муҳим манба бўлиб, у жами 75 жилдга [12] жамланган.
Самарқанд вилояти ахборот китобида эса, XIX аср охири ва XX аср бошларида Самарқанд вилоятининг турли соҳалари ҳақида маълумот берилган. Мазкур китоб турли йилларда, кетма-кет нашр этилган ва ундаги маълумотлар тўлдириб борилган. Бундан ташқари, мазкур мақолани тайёрлашда Фазлиддин Бадиров томонидан берилган маълумотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар ўша даврда қози сифатида иш олиб борган Мулло Мирсодиқ мулло Мирмаъсум ўғли фаолияти билан яқиндан танишиш имконини беради. Шу билан бирга Самарқанд вилояти қозихоналарида фаолият юритган қозилар ҳақида бошқа адабиётларда ҳам қисман маълумотлар берилган. Бундай адабиётлар мавзунинг у ёки бу қисмини ёритишга ёрдам беради.
Самарқанд вилоятида қози сифатида фаолият юритган шахслардан бири Қози Саййид Баҳодирхон ибн Саййид Иброҳимхўжа бўлиб, у ҳам бу борада катта ишларни амалга оширган. Саййид Баҳодирхон 1860 йилда ҳозирги Иштихон туманидаги Сафохўжа қишлоғида туғилган. Бу маскан ўша даврда оилавий анъанага кўра, Саййид Эшонхўжа наслининг тарихий жойи эди. Унинг ота-боболаридан бири Саййид Қарохўжа Бухорий акаси Саййид Абдураҳмонхўжа Бухорий ва куёви Муҳаммад Сафохўжа (мударрис) билан ушбу қишлоққа асос солган эди.
Ушбу авлод – саййид-хўжаларнинг қадимий авлодларидан бири бўлиб, шажара дафтарида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан Саййид Баҳодирхоннинг аждодларидан 38 та авлод маълум бўлган. У отаси томонидан Солиҳ Ато (Ота) ибн Амир Ҳасан ибн Бурҳониддин Сулаймон ал-Қодирий ал-Бухорий авлоди ҳисобланади. Қози Баҳодирхон авлодларида сақланаётган “Насабномаи шариф” қўлёзмасида оиланинг шажараси ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган.
Отаси Саййид Иброҳимхўжа ҳунарманд, ислом илмидан мутахассис, шариат муаллими бўлган. У ўғлига болалигидан ислом динини ўргатган. Саййид Баҳодирхоннинг бобоси ва отаси дин илми ва аждодлари тарихи бўйича кенг билимга эга бўлган. Уларнинг уйида кечалари “Саҳиҳул Бухорий”дан турли ҳадислар айтилган.
Саййид Баҳодирхон 12 ёшида Қуръонни ёддан билган. У бошланғич таълимни ота-боболарининг қишлоқ мадрасасида олади. Мадрасадаги барча китобларни қайта ўқийди, уйда бўлган ҳамма нарсани – ота-боболарининг араб, форс ва туркий тилларда ёзилган китобларини ўрганади. Ўқишни Бухородаги Ўрта Осиёнинг машҳур мадрасаси Мир Араб мадрасасида давом эттирди. Бу ерда Саййид Баҳодирхон араб ва форс тилларини мукаммал эгаллайди. Ислом, тарих, фалсафа ва фиқҳни ўрганади, Арасту, Суқрот асарлари билан танишади. Нақшбандий, Яссавий, Кубровий, Ибн Сино каби донишмандлар ижодини ўрганади, шеъриятини ўзлаштиради.
Бундан ташқари, Навоий, Шерозий ва бошқа кўплаб буюк шоир ва файласуфларни ҳам ўрганади. У ўша пайтда машҳур бўлган Мир Араб мадрасасида ўқиб, мударрис бош муаллими бўлади. Ажойиб билим, кучли илмий салоҳият Саййид Баҳодирхонга 1895 йилда Иштихон тумани қозилик лавозимини эгаллаш имконини берди. Мир Араб мадрасаси ва Сафохўжа қишлоғида жойлашган қишлоқ мадрасасида ҳам дарс берган.
ХIХ аср охирига келиб ҳанафий мазҳаби тарафдори Эшон Баҳодирхон Самарқанд вилоятидаги нуфузли олимлардан бирига айланди. У ислом, шариат, фиқҳ ва нақшбандия таълимотини тарғиб қилишда фаол иштирок этган. 1911 йилда ўз жамғармасига Иштихон марказида шаҳар бозорининг шарқий томонида катта хонақоҳ қурдирди. Хонақоҳда намоз ўқиш, йиғинлар ва зикр каби амаллар учун фойдаланадиган масжид, кутубхона ва зикрхоналар бўлган. Ҳужралар зикрхона атрофида жойлашган эди. Айни пайтда хонақоҳ ўрнида “Иштихон деҳқон бозори” марказий шаҳар бозори жойлашган.
Қози Саййид Баҳодирхон 1916 йил вафотигача қозилик қилди. Умрининг сўнгги йилларида ўзи туғилиб ўсган Иштихон туманидаги Сафохўжа қишлоғида яшаб, Сафохўжа қабристонига дафн этилган.
Россия империяси ўлкани забт этгач, бу ерда ўзининг бошқарув услубини жорий қилди. Самарқандда ҳам бундай ишлар амалга оширилди. Хусусан, бу ерда Самарқанд уезди ташкил этилиб, Жумабозор волостга айлантирилди. Аммо бу даврда бир қанча сабаблар туфайли бу даврда волост бошқарувида қозилик лавозими сақланиб қолди. Бутун ўлкада бўлгани сингари Жумабозор волостида ҳам бу даврда қозилик лавозими фаолият кўрсатди. М.Вирский ва В.Вяткин берган маълумотларга кўра, волост таркибида Элпак, Талли ота, Боғизағон, Сари Осиё, Пайшанбасиёб [9:44-45], Работ, Дарғом, Узун [10:302], Ястепа, Навзандак, Шохкаш, Шопўлот ва Адас [11:50] каби қишлоқлар мавжуд эди. Мазкур қишлоқлар волост қозилик маҳкамасининг фаолият ҳудуди ҳисобланган.
Жумабозор волост сифатида ташкил этилгандан бошлаб қисқа танаффус билан (1884 йил ўрталаридан 1887 йил августга қадар мулло Муҳаммад Вали хожа ибн Офтоб хожа қозилик қилган) ҳижрий 1306/1888 йил охирларигача мулло Қозихожа ибн Қози Муллохожа қози сифатида фаолият кўрсатади. У ўз фаолияти даврида халқ манфаати учун кўплаб ишларни амалга оширган. Бу эса ҳудуд аҳолиси орасида адолатни таъминлаш ишларида муҳим аҳамиятга эга бўлган.
1888-1889 йилдан мазкур волостда қози лавозимида фаолият кўрсатган мулло Мир Маъсум ибн Халифа Муҳаммад даврида ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилди. Жумладан, бу даврда халқ томонидан билдирилаётган шикоят ва эътирозларни ўрганиш ва уларга адолатли ечим топиш ишлари қаттиқ назоратга олинади. Ҳар бир ишда шариат кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш талаб қилинади. Россия империяси ҳукмронлиги шароитида мустамлакачилик зулмидан азият чекаётган аҳоли учун бундай ишларни амалга ошириш албатта катта жасоратни талаб қилар эди.
Россия империяси мустамлакачилари қуйи бошқарув органларига маҳаллий миллат вакилларини тайинлаган. Бу билан улар маҳаллий халқни уларнинг қўли билан идора қилишни мақсад қилган. Жумабозор волостида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Хусусан, волостни 1894 йилда мулло Султон Ғоипов бошқарган бўлса, мулло Бузруг хожа Авлиё Хожа Мираконий эса бу даврда қози сифатида фаолият юритган [7:8-9]. 1903-1904 йилларда Раҳмонқулибек Ҳайдарбеков, 1904 ва 1907 йилларда Маҳмуд Абдужабборов [5:18], 1905 йилда Аҳмад Худойназаров [4] ва бошқалар ҳам волост бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Юқорида таъкидланганидек, қози лавозими ҳам бу даврда муҳим ҳисобланган ва ушбу мансабга мустамлакачи маъмурлар маҳаллий халқ вакилларини тайинлашга мажбур бўлган. Хусусан, бу даврда Жумабозор волости халқ судяси (қози) лавозимида аввал мулло Мир Муқаддас ибн мулло Мир Саидғани (1897, 1903 – 1908) [8:99-103] ва сўнгра мулло Мирсодиқ ибн мулло Мирмаъсум (1909) [6:82] каби қозилар суд ва адлия ишларини юритган. Бу хақда ЎзМДА фондида сақланаётган “Жумабозор қозилик ҳужжатлари” [20:171] да батафсил маълумот бериб ўтилган. Ушбу ҳужжатда Жумабозор, унинг атрофидаги қишлоқ ва шаҳарларнинг қадимий жойлашган ўрни, иқтисодий салоҳияти, ўзаро савдо ва мулкчилик муносабатлари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Қуйида келтирилган қозилик ҳужжатларида мавжуд ёзишма намуналари қозилик фаолияти ҳақида янада кенгроқ маълумот олиш имконини беради.
- “Сана (ҳижрий) 1306/1888 йил 7-раббиус соний/ 22 ноябр ойи душанба кунида Жумабозор волостини Қармиш қишлоғидан Бой қассоб (57 ёш) Давлат Муҳаммад ўғли дорул қозиға келиб, мазкур қишлоқдаги 5 таноб ернинг чор-як танобини, қибласи Абул Фатҳ Махдум, шимоли Менглибой Мирзоқул ўғлини ери, Шарқ тараф шимоли Вали, жануби Бой қассобни(нг) ери. Ушбу ҳудудни Хўжамурод Бадалбий ўғлиға маблағ 80 сўм бадалиға байъ қатъий билан сотганлиги сабаби шариат бўйинча дуруст, деб васиқа ёзиб, Жумабозор қозиси Қози Мулло Қозихожа Муллохожа ўғли қўлум қўйдум, деб “Қози Мулло Қозихожа” ёзувли муҳр урилган, “Мифтоҳиддин хўжа, Собирбой Алим ўғли” [19:21] гувоҳлиги келтирилган.
- “Сана (ҳижрий) 1305/1888 йил шаъбон/ 19 апрел ойинда Хўжақишлоқ Ургутдан Акобирхўжа ва Муҳаммад Сиддиқхўжа Абдураззоқхўжа болалари дорулқозиға ҳозир келиб, Жумабозор волосини Қармиш қишлоғидан ўн таноб ерларини Жумабозорға турувчи Мирзо Абул Фатҳ ибн Мирзо Абул Ҳасан ўғлиға маблағ 90 сўмни бадалиға байъ қатъий билан сотганлари сабаби шариатға мувофиқ, деб, васиқа ёзиб, Жумабозор қозиси қўлум қўйдим, деб “Қози Мулло Қозихожа” ёзувли муҳр урилган, “Мусаввар хўжа, Мифтоҳиддин хўжа Абдуллоҳ хўжа ўғли” [19:43] гувоҳлиги келтирилган.
- “…Жумабозор қишлоғидан Нормуҳаммад, Хўжамдод, Ойимбиби Ҳолмуҳаммадбой авлодлари 2 таноб ерни Рустамбой Эгамберди ўғлиға 70 тангани бадалиға қатъий қилиб сотган…” [14:55]
- “…Назарбой усто Каримберди ўғли ҳовлисини 130 тангаға Худойназарбой Бекмуродбой ўғлиға сотган…” [14:55]
- “…Бобоёр валади Эрназарбекка Мир Зоҳир амин этиб тайинланди…” [16:107].
- “…Йўлдошбой Турсунбой ўғли ўзининг 3 таноб боғини Турсунбой Паҳлавон Худойназар Паҳлавон ўғлиға 26 сўм бадалиға муддат ўн ойғача сотган…” [17:80].
- “…Жўрабий Раҳим эшон ўғли ҳовлисини Турсунбой Паҳлавон Худойназар Паҳлавон ўғлиға 26 сўм бадалиға ўн ойғача сотган…” [17:73].
- “…Тўхтамишбий Эшмуҳаммад Сўфи ўғли Абдухалил Абдужамил ўғлидан қарз олгани ҳақида…” [17:23].
- “…Жумабозор волостиға қарағон Хўжақишлоқдан Шарифхўжа Муҳаммад Латифхўжа ўғли 260 тангани бадалиға 5 таноб ерни Абдуллоҳга сотди…” [15:400].
- “…Навқаслик саодатпаноҳ Мусохожа муфтий эшон Ширинхожа ўғли 5,5 таноб ерни Мир Саид Амин Муҳаммад Шокир ўғлиға 164 сўм бадалиға сотган…” [18:397].
- “…Муҳаммад Солиҳбий Эшбий оқсоқол ўғли 24 таноб ерни Бобожонбий Қўчқорбий ўғлиға 180 сўм бадалиға сотган…” [17:79].
Ушбу қозилик ҳужжатларида юқорида берилган иқтисодий-мулкий муносабатларга оид ишлардан ташқари, ижтимоий масалалар ҳам кўриб чиқилган. Бу эса, қозилик маҳкамаси фаолиятининг қамрови кенг бўлганидан далолат беради.
Шу ўринда юқорида номлари зикр этилган қозилар, уларнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида ҳам маълумот бериш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, мулло Қозихожа ибн қози Муллохожа ўз замонасининг етук илм соҳибларидан бири бўлган, қозилик лавозимида ишлаб, шаръий фатволар берган. Бундан унинг “Муфтий” бўлганини ҳам тушуниш мумкин. Ушбу маълумотни нафақат маҳаллий аҳоли, балки тарихий ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди [2:380-381]. Фузалои уламо, мударрис, қози мулло Қозихўжа ибн Муллохўжа Самарқандий 1328 (1909) йил бошларида[1] вафот этган. Бу инсон машҳур “Имом” қабристонида, яъни “Имом Фахриддин” мозорига дафн этилган[2].
Бу даврда қозилик лавозимида фаолият юритган Мулло Мир Муқаддас ибн мулло Мир Саидғани эса қозилик фаолияти билан бирга муфтийлик лавозимида ҳам иш олиб борган. Чунки унинг муҳрида “Мулло Муқаддас муфтий ибн қози мулло Сайид Ғани муфтий” деб кўрсатилган. Ушбу “муҳр” бир неча фатво ҳужжатларига урилган бўлиб, улар ҳозирги кунда Самарқанд музей-қўриқхонасида сақланмоқда [2:380-381].
Шу ўринда Мулло Мирсодиқ мулло Мирмаъсум ўғли ҳақида ҳам маълумот бериш жоиз. Бу инсон 1867 йил [3:1]да ҳозирги Айни туманига қарашли Тумин қишлоғида дунёга келган бўлиб, отаси Мулло Мирмаъсум ибн Халифа Муҳаммад мадраса таълимини олган ва бир неча йил қозилик лавозимида ҳам фаолият кўрсатган илм аҳлидан эди. Ёш Мирсодиқ Самарқанд мадрасаларида мулло Шариф мулло Раҳмат ўғли, мулло Аҳмад мулло Раҳим ўғли билан бирга таҳсил олади [3:2].
Унинг мулло Умар [1:16] исмли укаси (унинг ўғли Бурхон, унинг ўғли Сайфиддин (унинг ўғиллари Шаҳобиддин, Шавкат, Шокир, Шерзод), Қамариддин (унинг ўғли Нурали, Самариддин, Нурилло, Ўлмас), Шамсиддин (унинг ўғли Исомиддин ва Улуғбек) ва Мирҳомид исмли амакиваччаси (унинг ўғли қози Амин, унинг ўғли мулло Сирожиддинлар) бўлган.
Қози Мирсодиқнинг Мунаввар исмли қизи ва Бадирхон (унинг ўғли Фазлиддин, унинг ўғиллари Фирдавс ва Шаҳобиддин) исмли ўғли бўлган. Кейинчалик қози Мирсодиқ Чор империяси тазйиқига учраб, яқин дўст ва биродарлари таклифига кўра, 1914 йилда Шаҳрисабзга кетган. У ерда дастлаб масжидга имом, сўнгра мадрасада илми нужум – фалакиётдан дарс беради ва ўша ерда 1918 йилда вафот этади. Юқоридаги маълумотлардан шу нарса аён бўладики, Самарқанд вилояти ҳудудида, хусусан, Жумабозор волостида фаолият юритган қозиларнинг юртда обрўси баланд бўлиб, ҳудуд ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта ўрин тутган.
Юқорида келтирилган маълумотлардан хулоса қилганда, Самарқанд ҳудудида қозилик ва қозихоналар шариат кўрсатмалари асосида фаолият олиб борар эди. Ислом дини асослари билан уйғунлашган бундай маҳкамаларда аҳоли шикоятлари қабул қилинар ва ҳар бир иш бўйича тегишли ҳукм чиқарилар эди. Қозихоналар фаолиятининг самарали бўлиши ва адолатнинг таъминланишида ўша маҳкамада фаолият юритувчи қозиларнинг билими, илмий салоҳияти катта роль ўйнаган. Самарқандда фаолият юритган Қози Саййид Баҳодирхон, Қози мулло Қозихўжа ибн Муллохўжа Самарқандий ва бошқа ўз даврининг етук қозилари бу борада катта ишларни амалга оширган ва халқ ҳурматига сазовор бўлган.
- Амонов М. Жумабозор. – Т., 2014.
- A Catalogue of arabic-script documents from the Samarqand museum. Under the direction of Jurgen Paul, Shahun Mustafoyev and Bahrom Abduhalimov. – Samarqand-Istanbul.,
- Дала тадқиқот манбалари. Респондент Фазлиддин домла Бадиров (87 ёшда). 2013 йил. 1-варақ 1-бет) Мазкур авлод вакили Фазлиддин домла 1865 йил деб қайд этган. Аммо ЎзМДА фондида И-20, 1-рўйхат, 6-ишда 1893 йилги Самарқанд имом ва муллолари рўйхати келтирилган. Ҳужжатда мулло Мирсодиқ 26 ёшда экани қайд этилган. Мана шу асосида мазкур сана қайд этилди.
- Мусаввада. Қўл. Ўзбекча. Эсанов Муҳаммад Қосим. 1972. 2 саҳифа. М.ш.к.
- Справочная адреса календар Самаркандской области. 1904.
- Справочная адреса календар Самаркандской области. Вып. IX. 1909.
- Справочная книжка Самаркандской области. Вып. I. 1893. 10 стр., Вып. II. 1894.
- Справочная книжка Самаркандской области. Вып. V. 1903.
- Справочныя и Статистическия свединия Самаркандской област. Справочная книжка Самаркандской области. Вып. II. 1894.
- Справочныя и Статистическия свединия Самаркандской област. Справочная книжка Самаркандской области. Вып. VI. 1896.
- Справочныя и Статистическия свединия Самаркандской област. Справочная книжка Самаркандской области. Вып. IX. 1907.
- Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архиви (бундан кейин – ЎзМДА) Фонд-377, рўйхат-1, иш – 1-75. Книги для записи решений казня ДЖумабзарского участка Самаркандского уезда и области. 1878-1916 г.
- ЎзМДА фонди И-20, 1-рўйхат, 6-иш. Самарқанд имом ва муллолари рўйхати. 282-бет, яна Мирсодиқ авлодидан бўлган Фазлиддин домла бизга ёзиб берган маълумотига кўра Бухорода Садриддин Айний ва Эшони Тўғрал Нақибхонлар билан ҳам 6 йил мобайнида илм олганлиги таъкидланади (Эшони Тўғрал Нақибхон қози Мирсодиқнинг бобоси халифа Муҳаммад набирасига, яъни Эшони Кўчалнинг синглисига уйланган). Шунингдек, Мирсодиқ ва мулла Шариф 1914 йилда Шердор мадрасасида таълим олганлиги айтилади. Аммо манбаларда бу анча йил олдин эканлиги кўриб ўтилди. Дала тадқиқот манбалари. Респондент Фазлиддин домла Бадиров (87 ёшда). 2013 йил. 1-варақ 2-бет.
- ЎзМДА Фонд-377, 1-рўйхат, 2-иш.
- ЎзМДА Фонд-377, 1-рўйхат, 5-иш.
- ЎзМДА Фонд-377, 1-рўйхат, 9-иш.
- ЎзМДА Фонд-377, 1-рўйхат, 13-иш.
- ЎзМДА Фонд-377, 1-рўйхат, 14-иш.
- ЎзМДА Фонд-377, 1-рўйхат, 18-иш.
- ЎзМДА. Фонд-377, 1-рўйхат, 25-иш.
- https://yuz.uz/news/buxoroning-qadimiy-qozixonalari-qayta-tiklanmoqda